Ибратли ҳаёт соҳиби
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз банк тизимида чуқур билимли, юқори салоҳиятли, яхши ташкилотчи бир қатор банк раҳбарлари етишиб чиқди. Уларнинг ичида бу тизимнинг туман, вилоят ва республика даражаларида фидокорона ва ҳалол меҳнати билан кўпчиликнинг ҳурматини қозонган Латифжон Набиевич Набиев ҳам бор.
Латифжон ака 1956 йил 19 ноябрь куни Андижоннинг Эски Ҳаққулобод қишлоғида бутун умрларини маорифга бағишлаган, мактаб ва мактаб-интернатларда ўқитувчи ҳамда раҳбар бўлиб ишлаган фидойи Мамадалиев Абдунаби домла ва Суйдихон ҳожи оналар оиласида дунёга келган. Абдунаби домланинг 40 йиллик фидокорона ва ҳалол меҳнатлари инобатга олиниб, мактабга у кишининг номлари берилган, билим маскани олдига ҳайкаллари ўрнатилган.
Домланинг ҳайкаллари пойида мактаб ўқувчиларининг умумий ва тантанали йиғилишларини ўтказиш аллақачон ибратли бир удумга айланган.
У ёғини сўрасангиз, ўзбек санъатининг буюк намояндаси, беназир ва олтин овоз соҳиби, мумтоз қўшиқларнинг атоқли ижрочиси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фаттоҳхон Мамадалиев Абдунаби домланинг укалари бўлади. Латифжон акага ҳам Аллоҳ ажойиб овоз ато этган. У киши амакилари Фаттоҳхон ҳофиз яратган ва ижро этган қўшиқларнинг аксариятини баланд пардада ҳамда қиёмига етказиб куйлай олади.
…Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент политехника институтини муваффақиятли битирган ёш Латифжон меҳнат фаолиятини собиқ СССР Қурилиш банки (кейинчалик Саноат-қурилиш банки) Андижон вилояти филиалида оддий мутахассисликдан бошлади. Ишда катта муваффақиятларга эришган истиқболли кадрни 1992 йили мустақил Ўзбекистонда янги ташкил этилган “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Асака филиали бошқаруви раҳбарлигига тайинлашди. У Асака халқи, маҳаллий ҳокимият, ташкилот раҳбарлари ва мижозлар ўртасида обрў-эътиборга сазовор бўлди ҳамда 1994 йили Асака шаҳар кенгашига депутат этиб сайланди. Бу орада Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳам ўқиди.
Асакада ишлаш жараёнида Латифжон Набиевич мамлакатимиз саноати тарихида улкан воқеа ҳисобланган Ўзбекистон автомобилсозлик тармоғини яратишда, унинг биринчи ва асосий заводи бўлган “UzDaewooAuto” Ўзбекистон — Корея қўшма корхонаси (айни пайтда “UzAuto Motors”) қурилишининг ҳисоб-китобларини ташкил қилиш ва молиялаштириш жараёнларида фаол иштирок этди. Жумладан, бутловчи қисмлар етказиб бериш бўйича унинг хорижий заводлар билан банк операцияларини йўлга қўйди.
Янги корхонани барпо этишнинг молия-кредит таъминоти масалалари ва шу соҳада банк хизмати кўрсатишнинг юксак даражасини ташкил эта олган 39 ёшли Латифжон Набиевични 1995 йили “Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимига кўтаришди. Ёш раҳбар мазкур лавозимда ишлаган пайтида банк фаолиятига халқаро стандартларни жорий этиш, ҳисоб-китобларни амалга оширишда “SWIFT” тизимига ўтиш, мамлакатимиз саноат корхоналарини модернизация қилиш учун ажратилаётган йирик хорижий кредитларни оқилона тақсимлаш ва ишлатиш борасида жонбозлик кўрсатди.
Кейин “ТУРОН” акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари ва раиси, Ўзбекистон Республикаси “Бизнес-фонди” бошқарув раисининг ўринбосари, “Ўзуйжойжамғармабанк”, “SIBNUR” қўшма корхонаси, “ALSKOM” суғурта компанияси, “ТОW Ko LTD” қўшма корхонаси каби ташкилотларда масъулиятли лавозимларда самарали меҳнат қилди. Айни пайтда мамлакатимизга экскаватор, юклагич каби техникалар импорти билан шуғулланадиган “POWER EQUIPMENT” хорижий компаниясида меҳнат қилмоқда.
Бир пайтнинг ўзида тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида “ТIB” ва “TIB DARMON” масъулияти чекланган жамиятларини таъсис этди ва улар ҳозирда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
У кишининг ота-онага, ини-сингилларга, қариндош-уруғларга бўлган юксак силаи раҳимига жуда кўпчилик ҳавас қилади. Ота-оналарига алоҳида эҳтиром кўрсатиб, ҳамиша уларнинг дуоларини олишга ҳаракат қилган. Жумладан, оталари вафотидан кейин оналари Суйдихон ҳожи аяни еру кўкка ишонмай, таъбир жоиз бўлса, бошларига кўтариб юрдилар, мамлакатимизнинг барча вилоятларига, зиёратгоҳларига саёҳатларга олиб бордилар, энг яхши касалхона ва санаторийларда дам олишига шароит яратиб бердилар. Натижада ҳожи она узоқ умр кўрдилар ва умрларининг охиригача соғлом ҳаёт кечирдилар.
Абдунаби домла сулоласида Латифжон аканинг алоҳида ўрни бор. У киши сингиллар, укалар, неваралар, жиянлар ва бошқа қариндошларнинг барча қувончу ташвишларидан ҳамиша хабардор. Зарур бўлса, ҳамма ишларини ташлаб, дарҳол қариндошлар ташвишини ҳал қилиш билан шуғулланади ва ёрдам қўлини чўзади.
Латифжон ака ўз номига жуда муносиб, ҳақиқатан ҳам латиф, ҳамиша чеҳраси очиқ ва дилбар инсон. Дўстлар ва улфатлар даврасида алоҳида ўрни бор, ишончли ва оқибатли дўст. Биров билан дўстлашган бўлса, у билан, ҳатто унинг фарзандлари билан ҳам доимо яқин алоқада бўлади. Яқинларининг бошига бирор ташвиш тушса, биринчи бўлиб етиб келади ва зарур бўлса, улардан ёрдамини ҳеч қачон аямайди.
Латифжон ҳожи ака ибратли оила соҳиби. Хонадоннинг фарзандлари, неваралари ақлли, одобли, тарбияли, аълочи бўлиб, уларга кўпчиликнинг ҳаваси келади. Катта фарзанди Ҳусанжон — тадбиркор, “OIL Gaz Equipment service” МЧЖда катта менежер бўлиб ишлайди. Иккинчи ўғли Хуршидбек “Ўзмиллийбанк”да департамент директори, қизи Зарнигор “AURUM MED” МЧЖ директори бўлиб меҳнат қилмоқда. Биродаримизга 2019 йили муқаддас Ҳаж зиёратини адо этиш ҳам насиб этди.
Аллоҳ Латифжон ҳожи акага 10 та невара ато этган. Уларнинг олди университетда, қолганлари мактаб ва боғчаларда таълим олмоқда ва тарбияланмоқда.
Биродаримиз ҳаётда кўп нарсаларга эришган, обрўли, катта-катта лавозимларда ишлаган бўлишига қарамасдан, камтарлиги, хушмуомалалиги ва самимияти билан кўпчиликнинг ҳавасини келтирадиган инсон. Манманлик, кибр у кишининг табиатига ёт, каттаю кичик — ҳамма билан бир хил муомала қилади.
Айни кунларда Латифжон ака муборак 70 ёшга кирмоқдалар. Лекин у кишининг кўринишларига, ғайрат-шижоатларига қараб, бунга ишонгинг келмайди. Кулиб турган, яшнаб юрган, очиқ, хушфеъл инсон, таъблари келиб қолганда мумтоз қўшиқларни маромига етказиб айтадилар ҳам.
Латифжон акамизни қутлуғ ёшлари билан муборакбод этамиз ва Аллоҳдан у кишининг умрларига, ризқларига, касб-корларига баракалар ато этишини сўраймиз.
Аҳмад АҳрорОВ.
