Тадбиркорлик тафаккури қайта уйғотилди

Маълумки, халқимиз азал-азалдан ўзининг юксак ишбилармонлик салоҳияти билан оламни ҳайратга солган. Аммо шундай даврлар бўлдики, бу хислатлар деярли йўқотилди. Уни Президент Шавкат Мирзиёев қайта уйғотди. Натижада бугун тадбиркорлар Янги Ўзбекистон иқтисодий асосини яратишнинг энг фаол иштирокчиларига айланди!
Халқ бойиши мумкин эмасди…
Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг илк дастурий ҳужжати бўлган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегияси”да “хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, унга тўлиқ эркинлик бериш, “Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва кучли бўлади”, деган тамойилни амалга ошириш” вазифаси ҳам қўйилди.
Тан олиш керакки, Юртбошимиз томонидан мазкур ғояни олдинга суриш ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда инқилобий характерга эга бўлди. Негаки, узоқ вақтлар бутунлай тескари бўлган сиёсат мавжуд эди. Яъни “давлат бой бўлсин, лекин халқ бойиши мумкин эмас”ди.
Ҳолбуки, халқимиз қадим-қадимдан ўзининг тадбиркорлик тафаккури ва салоҳияти юксаклиги билан дунёга машҳур бўлган. “Буюк ипак йўли”нинг катта қисми юртимиз ҳудудидан ўтган, бу йўлларни бизнинг амиру султонларимиз назорат қилишган ва бошқаришган. Европа ва Осиё давлатлари ўртасида қатнаган карвонларнинг катта қисми ўзбек бойларига тегишли бўлган. Юрт эгалари ўзбек савдогарларига бошқа ўлкаларга бориб келишлари учун зарур шароитлар яратиб беришган, қўшни юртлардан келаётган савдо аҳлига имтиёзлар тақдим этишган ва ўз ҳимояларига олишган.
Ҳатто юртимизни чор Россияси босиб олиши ҳам халқимизнинг юксак ишбилармонлик салоҳиятини пасайтира олмаган. Аксинча, Миркомилбой, Мирҳосилбой, Сайидазимбой каби қатор бойлар “заводчи” ва “пахтачи” бойлар деган номлар билан аталиб, наинки ўз юртимиз, балки Россия империясининг ҳам машҳур бойлари даражасига чиқа олишган.
Масалан, андижонлик Миркомилбойнинг бойлиги XX аср бошларида 13-15 миллион рубл (сўм) ни ташкил этган. Бу ўз вақтида жуда катта миқдор эди. Эътибор беринг, ўша пайтларда Қўқон бозорида битта қўй катта-кичиклигига қараб 1,5-4 сўм, бир пуд буғдой — 20-30 тийин, ўртача сигир 2,5 тилла, новвос 4-6 тиллага тенг бўлган. Демак, Миркомилбойга тегишли маблағга ўша пайтларда 4 миллион бошдан кўпроқ қўй сотиб олиш мумкин бўлган. Бугун эса 4 миллион бош қўйнинг биттасини 100 доллардан олганимизда ҳам, Миркомилбойнинг ўша пайтдаги 13 миллион пули энг камида 400 миллион АҚШ долларига тенг бўлади.
1914 йилнинг 1 январь ҳолатига Туркистон ўлкасида 706 та саноат корхонаси, жумладан, 197 та пахта тозалаш, 46 та совун, 40 та минерал сув, 20 та ғишт, 20 та ёғ, 9 та вино, 9 та ун заводи ва 7 та тамаки фабрикаси фаолият кўрсатиб, уларнинг кўпчилиги ўзбек бойларининг мулки эди.
Лекин ҳамма соҳада бўлгани каби шўролар ота-боболаримизнинг тадбиркорлик тафаккури ва салоҳиятини ҳам йўқ қилиш йўлини тутди, йирик бойларимизнинг барча моддий бойлигини тортиб олиб, ўзларини жисмонан маҳв этди. Бойларнинг кичик бир қисми хорижга қочиб кета олди, холос. Ўртаҳол деҳқон ва ҳунармандларнинг ҳам молу мулкларини олиб қўйиб, ўзларини узоқ ўлкаларга сургун қилишди. Хуллас, асрлар давомида тадбиркорлик даражаси юксаклиги билан оламни ҳайратга солиб келган халқимизнинг бу хислатини шўролар йўқ қилиш йўлини тутишди.
Тўғри, мустақилликнинг илк даврида бу борада бирмунча ижобий ишлар қилинди. Лекин халқимизга тадбиркорлик салоҳиятини тўла намоён этишга йўл берилмади.
Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг бутунлай янги механизми яратилди
Ана шунинг учун ҳам Юртбошимизнинг “Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган ғоясининг аҳамиятини дунёқарашимизда инқилоб қила оладиган даражада юқори, деб ҳисоблаш мумкин. Президентимиз бу шиорни олға суриш билангина чекланиб қолмасдан, халқимизнинг тадбиркорлик тафаккурини қайтадан тиклаш ва салоҳиятини ошириш борасида улкан амалий чора ва тадбирларни ҳаётга татбиқ этмоқда.
Бунинг учун, энг аввало, тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва улар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг бутунлай янги ва замонавий талабларга жавоб берадиган механизми яратилди. Шу мақсадда янги қонунлар ва тартиблар ишлаб чиқилди, мавжудларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома олиш тизими соддалаштирилди, унинг кўп турларига лицензия олиш умуман бекор қилинди. Авваллари тадбиркорликни бошлаш учун ўнлаб ташкилотлардан бир неча ой муддат сарфлаб йиғиладиган ҳужжатларни битта жойдан — Давлат хизматлари агентлигидан “битта дарча” тамойили асосида қисқа муддатда олиш имконияти яратилди.
Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш тизими яратилди. Тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди.
Жойларда бизнеснинг ривожи кўп жиҳатдан вазирлик ва ҳокимликлар салоҳияти, раҳбарлик даражаси ва уларнинг тадбиркорликка муносабатига боғлиқ. Давлатимиз раҳбари барча даражадаги йиғилишларда вазирликлар ва ҳокимликлар иш вақтининг камида 50 фоизи тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ёрдам беришга сарфланиши лозимлиги, улар фаолиятини баҳолашда тадбиркорликни ривожлантириш ҳолатига алоҳида эътибор берилишини давлат сиёсати даражасига чиқариши жуда катта аҳамият касб этди.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилиши ҳам соҳа ривожида катта аҳамиятга эга бўлди. Кенгаш давлат ва тадбиркорлар ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда, уларни қийнаётган муаммоларни раҳбариятга етказмоқда ва ечимини биргаликда топмоқда.
Яхши тадбиркор бўлиш учун замонавий билимли бўлиш керак
Замон шиддатли суратларда ривожланаётган, ҳар куни янги ва янги техника ва технологиялар ҳаётимизга кириб келаётган шароитда етарли билим олмасдан яхши тадбиркор бўлиш қийин. Шу боис Давлатимиз раҳбари юртимизда таълимнинг барча бўғинлари сифати ва таълим билан қамраб олиш даражасини кескин ошириш йўлини тутди.
Мактабгача тарбия, ўрта ва олий таълим тизимлари, жумладан, уларни бошқариш органлари тубдан ўзгартирилди. Боғча қураётган тадбиркорларга ер ажратиш ва кредит беришда катта имтиёзлар тақдим этилмоқда. 2016-2024 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида ва оилавий минглаб янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилди. Сўнгги йилларда болалар боғчалари сони 8 баравар ошиб, 38 мингтага, қамров эса 2016 йилдаги 23,8 фоиздан 76 фоизга етказилди.
Мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда, 2024 йилда 608 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Ёшларга иккинчи хорижий тил ва касб ўргатиш кенгайтирилди. 530 та мактабда инклюзив таълим йўлга қўйилди.
Олий таълим тизимида чуқур ислоҳотлар ўтказилди. Олий таълим муассасалари сони 200 дан оширилди. Дунёнинг нуфузли университетлари Ўзбекистонда ўз олий ўқув юртларини ташкил этишди ва бу жараён давом этмоқда.
ОЎЮларига қабул квоталари кескин оширилиб, олий таълим билан таъминлаш 2016 йилги 9 фоиздан 2024 йилда 43 фоизга етказилди. Яқин келгуси даврда битирувчиларнинг 50 фоизига олий ўқув юртига кириш имконияти яратилади. Барча вилоятларда “Президент мактаблари”, атоқли олим ва шоирларимиз номларида ижод мактаблари ташкил этилди.
Фанга, илмий-тадқиқот тизимига эътибор кучайтирилди. Қатор янги илмий-тадқиқот институтлари очилди, олдинроқ тугатилганлари қайта тикланди. Уларга ажратилаётган молиявий ресурслар миқдори кескин оширилди. Олимлар муносиб иш ҳақи ола бошлашди.
Бугунги тадбиркорлик фаолиятини инновация ва рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис мамлакатимизда инновациялар ва рақамли технологиялар шиддатли суратлар билан ривожланиши учун пухта замин яратилди.
Пухта ва замонавий билимли инсондангина яхши тадбиркор чиқиши мумкинлиги учун “боғча-мактаб-университет” тизимида шунча туб ўзгаришлар амалга оширилди, уларда ўқувчиларни касбга эрта йўналтириш сиёсати амалга оширила бошланди.
Тадбиркорлик тафаккурини уйғотиш учун амалга оширилган чора-тадбирлар
Илми бўлса, замонавий технологияларни билса, тадбиркорлик тафаккури бойиши мумкин. Лекин одамларимизнинг катта қисмига тадбиркорлик соҳасида амалий тажриба етишмасди. Президентимиз бунинг ҳам йўлини топди.
2016 йилдан бошлаб юртимизнинг барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларида аҳолини тадбиркорликка ўқитиш кенг қулоч ёйди. Ўз бизнесини бошлашни ўргатадиган турли усуллар ва воситалар амалиётга жорий этила бошланди. Масалан, “Ҳар бир оила — тадбиркор” шиори олға сурилди, бизнеснинг турлари кенгайтирилди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлганларга кенг имкониятлар яратилди, имтиёзли кредитлар ажратилди, тикув машиналари, товуқ, қорамоллар берилди. Илгари банкдан кредит олиш ўта мушкул иш эди, Янги Ўзбекистонда эса кредитни банк ходимлари уйма-уй юриб тарқата бошлашди. Бу дастурларни амалиётга жорий этиш натижасида минг-минглаб одамлар тадбиркорларга айланишди.
Тадбиркорликнинг халқимиз учун анъанавий бўлган ва асрлар давомида сайқалланган касаначилик ва ҳунармандчиликни рағбатлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. 2019 йилдан Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ташкил этила бошланди ва бу анжуман ҳар икки йили ўтказиладиган анъанага айлантирилди. Унда жаҳоннинг 70 дан ортиқ давлатидан юзлаб таниқли ҳунармандлар иштирок этмоқда. Дастлабки фестивалдан кейин юртимизнинг ҳунармандчилик ривожланган шаҳар ва туманларида “Ҳунармандчилик марказлари” барпо этилди. Уларда ўнг минглаб янги иш ўринлари яратилди. Ҳунармандларимизнинг ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорларига чиқиш имкониятлари кенгайди.
Аҳолининг кенг қатламларида тадбиркорлик тафаккурини шакллантирган ва ривожлантирган умумдавлат тадбирларидан бири юртимизда “Темир дафтар” тизимининг яратилиши бўлди. Тегишли идораларнинг вакиллари маҳалллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юришиб, вазиятни жойида ўрганиб, кам таъминланган, ишсиз, камбағал оилалар, аёллар, ёшлар рўйхатини тузишди ва улар учун мос равишда алоҳида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” яратишди.
Мана шу дастурлар ёрдамида камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2024 йилда 9,4 фоизга туширилди ва бир пайтнинг ўзида кечаги эҳтиёжманд аҳолининг сезиларли қисми тадбиркорликни бошлади.
2022 йили мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилди ва унга биноан барча “дафтарлар” ижтимоий ҳимоя ягона реестрига бирлаштирилди.
Аҳолига ер ажратиш ҳам жуда катта аҳамият касб этди. Сўнгги йилларда қишлоқ жойларда яшайдиган аҳолининг ишсиз, кам таъминланган ва камбағал қатламларига бепул ер ажратиш ва ундан самарали фойдаланишларини ташкил этиш амалиёти жорий этилганлиги туфайли улар ичидан ҳам минглаб тадбиркорлар ўсиб чиқди.
Юртбошимизнинг вилоятларга ташрифлари натижасида юзлаб, минглаб хонадонларга кичик ҳажмли иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Жойларда ҳар бири бир сотихлик минглаб иссиқхоналар қурилди ва аҳолига тарқатилди.
Ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган шахсларга ер ажратиш тартиби соддалаштирилди, бўш ётган бинолар ноль қиймати билан берилди, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари сони кескин кўпайтирилиб, у ерларда ҳамма коммуникация давлат ҳисобига қурилиб, катта имтиёзлар яратилди.
Бу тадбирлар туфайли юз минглаб аҳоли тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади.
2024 йилнинг 16 декабрь куни банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган йиғилишда яна бир янги тадбир бошланди. Яъни маҳаллалар даражасида ҳокимлар банклар билан ҳамкорликда одамлар даромадини ошириш бўйича биргаликда ишлаш тизими яратилади.
Бунда туман банклари тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашади, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этади, туман ҳокимлари эса лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олади. Маҳалла банкирлари маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолини кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш, маҳсулотини сотишга ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.
2025 йилда 5 миллион 200 минг нафар, жумладан, банклар томонидан 3 миллиондан кўпроқ аҳолини иш билан таъминлаш режалаштирилди. Ҳар бир маҳалла бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган “маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида ажратиладиган 1 миллиард доллар кредит ресурслари банклар ва ҳудудлар кесимида тақсимланди. Лойиҳа ишлаб чиқиш, кредит ажратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича туман банки раҳбарига ойма-ой самарадорлик кўрсаткичи қўйилди.
Мазкур тадбир ҳам минг-минглаб янги тадбиркорлар пайдо бўлишига ёрдам бериши кўриниб турибди.
Президент тадбиркорлар билан бевосита очиқ мулоқотни йўлга қўйди
2021 йил 20 августда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш тарихида янги саҳифа очилди. Ҳар йили шу куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ўтказишга қарор қилинди. Унда бевосита ва онлайн шаклда ўнг мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирок эта бошлашди.
Мазкур мулоқотлар олдидан мутасаддилар тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни йиғиш тартиби жорий этилди. Тадбиркорлардан 10-15 минглаб мурожаатлар тушиб, уларнинг аксарияти ўша заҳоти ҳал қилина бошланди. Кўтарилаётган муаммоларнинг энг қийинларини эса махсус қонун, фармон ва қарорлар ёрдамида ҳал қилиш оддий ҳолга айланди.
Шу йўл билан юзлаб лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, ўнлаб фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди.
Бевосита очиқ мулоқот пайтида ҳам тадбиркорлар энг оғир муаммолардан Президентни хабардор қилишмоқда ва ўша заҳоти уларнинг ечими топилмоқда ёки мутасаддиларга бу ҳақда тегишли топшириқлар берилмоқда.
Мазкур йиғилишларда Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, уларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим ташаббусларни олға сура бошлади.
“Чемпион” тадбиркорлар ўсиб чиқди
Давлат раҳбари тадбиркорлар билан, аслида, йил давомида бир марта эмас, балки яна бир неча бор учрашмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири 2024 йилнинг 20 декабрь куни ўтказилди. Ўша куни 5 мингдан зиёд ишчиси бор, йиллик даромади 1 триллион сўмдан ошган, камида 100 миллиард сўм солиқ тўлаётган 142 нафар етакчи тадбиркорлар билан тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ташкил этилди.
Эътибор беринг, Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли қисқа муддатда юртимизда юзлаб ўта бой бизнесменлар пайдо бўлди.
Тадбиркорликни ривожлантириш учун янада катта марралар белгиланмоқда. Жумладан, келгуси беш йилда иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун 5 мингдан зиёд кўчмас мулк объектини тўла сотиш, 2 мингта корхонада эса давлат улушини сотиш мўлжалланмоқда. Хусусий шериклик лойиҳаларининг умумий ҳажми 30 миллиард долларга етказилади.
Бундан ташқари, 2024 йили тадбиркорлар 11,5 триллион сўмлик 3 мингта давлат мулки ва 4 минг гектар ерни сотиб олиб, бизнесини бошлаган бўлса, 2025 йилда уларга яна 4,5 мингта бино ва 6 минг гектар ер таклиф этиладиган бўлди. Узоқ йиллардан бери давлат монополиясида бўлган йўлларни таъмирлаш ва сақлашга хусусий секторни жалб қилиш ишлари кенгайтирилади. 2024 йил 260 километр йўлларни сақлаш ишлари тадбиркорларга берилди. Бу йил бу 3 минг километрга етказилади.
2024 йили “ташаббусли бюджет” доирасида йўлларни таъмирлаш ишларининг 92 фоизи хусусий пудратчилар томонидан амалга оширилди. 2025 йилда бу кўрсаткич 100 фоизга етказилади. 2025 йилда Юртбошимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” номли яна бир ташаббуси янада кенгайтирилади ва 1 миллион 200 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилиши мақсад қилинган.
Бу чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлар сафига юз минглаб янги одамларнинг кириб келишига, мавжуд тадбиркорларнинг фаолияти кескин кенгайишига ва пировард натижада тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги аҳамияти янада ортишига пухта замин яратилади.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, “тадбиркорликни ривожлантириш — биз учун стратегик вазифа. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача — барча раҳбарларнинг кундалик иши бўлиши шарт”.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида тадбиркорлик тафаккури қайта уйғотилди. Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми ўз тадбиркорлигини бошлади. Давлат амалга ошираётган ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш туфайли минглаб ишбилармонлар пайдо бўлди. Жамиятимизда Давлатимиз раҳбарининг “тадбиркор қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади” ғояси тўла амал қила бошлади.
Натижада Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта оқимга, кенг маънода олсак, Янги Ўзбекистон иқтисодиётини барпо этиш йўлидаги ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.
Одил ОЛИМЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор