Китоб кўтарган қиз

Агар мусаввир бўлганимда, Лола Норованинг қўлида китоб қўлтиқлаган ҳолдаги суратини чизган бўлардим. Нега шундай дейсизми? У киши нафақат китобхон, балки китобларнинг ашаддий тарғиботчиси ҳамдир. Балки, бу ҳол танлаган касби билан ҳам боғлиқдир.

Лола Норова Гулистон давлат университетининг педагогика факультетини тугатган. Психология йўналишида магистрлик сабоғини олган. Айни пайтда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда “Бешикдан қабргача илм изла”, ҳикматига амал қилиб, Нукус давлат университетининг юридик факультетида ўқимоқда. Иш жойи таълим соҳаси билан боғлиқ. Гулистон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг дарсликлар бўйича методисти лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Атоқли рус адиби Максим Горькийнинг: “Ҳар қандай инсон ҳақида китоб ёзса бўлади”, деган ҳикмати бор. Биз, журналистлар гоҳида мақолаларимизга қаҳрамон қидириб тенгсалиб қоламиз. Ваҳоланки, улар ён-атрофимизда бўлади. Лолахонни шундай фидойи инсонлар сирасига киритса бўлади. У кишининг китобга ошуфталигини кўриб, туғилганида доялар танглайини китоб билан кўтаришганмикин, дея ўйлаб қоласиз. Талабалик йилларидаёқ севимли адибларини йўқлаб бориб гурунгларини олгани, китобларига дастхатлар ёздиргани Лоланинг кўнгил ишига айланган эди. Қаҳрамонимиз 2016 йил ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод боғида Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов хонадонида меҳмон бўлганини ҳали-ҳамон эсидан чиқармайди. Сирдарёдан ташриф буюрган соддагина, лекин зукко қизгинанинг адабиёт ва китоб ҳақидаги теран мулоҳазаларини тинглаган ҳассос шоир “Туташ дунёлар” шеърий китобчасига “Жасур фикрли Лола қизга”, дея имзо чекиб дастхат қўйиб берганди.

— Ўшанда Абдулла оғам билан суратга тушмаганимга ҳалигача афсусланаман, – деди у.

Талабалик йилларида Лола Норованинг иккита китоби босмадан чиққан. 2018 йилда чоп этилган “Гул ифори” китобидан Лола Норованинг шеър ва афоризмлари жой олган. Ўша йили у фалсафа фанлари доктори, профессор Виктор Алимасов билан танишди. Катта олимдан афоризмлари ҳақида билдирган фикрларни жон қулоғи билан тинглади. Шу-шу олим ва шогирд ўртасида сим орқали маърифий суҳбатлар йўлга қўйилди.

Китобга чексиз муҳаббат Лола Норовага 2021 йилда Гулистон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига методист бўлиб ишга ўтганида жуда-жуда асқотди. У мактаб кутубхоналари фондини бадиий китоблар билан бойитиш, ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарни китобхонликка жалб этиш бўйича турли-туман лойиҳаларни ҳаётга жорий қилди. Ҳар йили шаҳардаги 18 та умумтаълим мактабида икки марта — кузги-қишки ва баҳорги-ёзги мавсумларда китоб ярмаркалари ташкил этишга бош бўлди. Бу юмушни рисоладагидек амалга ошириш учун тадбиркор Лола Ибрагимова билан шартнома боғлади. Унинг шартлари ҳам ажойиб: ярмаркага олиб келинган китоблар бозор нархларидан арзон ва адабий давраларда тан олинган сара асарлар бўлиши, болаларнинг ёшига муносиб келиши рақам этилган. Боз устига, тадбиркор савдодан тушган тушумнинг 10 фоизига мактаб кутубхоналарига текин китоблар совға қилишига келишилганди. Ана шу тариқа тўрт йилдирки, мактаб кутубхоналари китоб ярмаркаларидан тушган 3600 жилддан иборат бадиий адабиётлар ҳисобига бойиб бормоқда.

— Китоб ярмаркаларида ота-оналарнинг ҳам фаол иштирок этишига алоҳида аҳамият бераяпмиз, – деди Лола Норова. — Оилада ота-она китоб ўқисагина фарзандлари ҳам уларга таассуб қилиб мутолаага ёпишади. Ярмаркалар боис оилаларда ҳам мўъжазгина кутубхоналар пайдо бўлишига ҳисса қўшаяпмиз.

Мактаб кутубхоналарини бадиий китоблар билан бойитиш ўз йўлига, бироқ уларнинг ўқилишини таъминлаш катта меҳнатни талаб қилади. Ҳассос адибимиз Асқад Мухторнинг бир пурмаъно ҳикмати бор: “Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”. Лола мактабларда китобхонликни изчил йўлга қўйиш мақсадида қатор лойиҳаларни ишлаб чиққан. “Заковатли китобхон” лойиҳаси шулар сирасига киради. Бунда мактаб жамоалари раҳбарлар ва китобхон ўқувчилар бир гуруҳ бўлиб ўзаро баҳсга киришадилар. Ютган мактаб бошқа ғолиб жамоа билан беллашади. Энг охирида китобхон мактаб номи аниқланади. Бундан ташқари, “Энг китобхон мактаб директори”, “Энг китобхон маънавиятчи”, “Энг китобхон кутубхоначи” каби танловлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Албатта, бундай танловларни ўтказиш учун ғолиб жамоаларни тақдирлашга совғалар керак. Бу маблағ билан боғлиқ масала. Зеро, бозор иқтисодиёти даврида мушук ҳам бекорга офтобга чиқмайди. Лола Норова елиб-югуради. Каттани ака, кичикни ука, деб кўнглига қўл солади, образли қилиб айтганда, муаммо ечимининг жигини топади. Баъзан раҳбарларга сўровлар билан мурожаат қилади. Охири мақсад-муродига эришади. Биргина мисол. Қаҳрамонимиз шаҳар ҳокимининг навбатдаги қабулига ёзилади. Қабул куни зал тўла аризачилар ҳокимга дардини дастурхон қилишади. Навбат Лола Норовага келганда, ҳоким:

— Сизнинг нима шикоятингиз бор? – дея юзланди.

— Менинг ҳеч қандай шикоятим йўқ. Бир илтимосим бор, холос. “Китобхон ўқувчи” танловини ўтказаётгандим. Шунга китобдан ёрдам бериб юборсангиз, – деди у.

Ҳокимнинг чеҳраси очилиб кетди. Танловга 40 жилд бадиий китоб ҳадя қилди… Бундай мисоллар Лола Норованинг фаолиятида кўп бўлган.

Китобхонликнинг сифатини ошириш мақсадида Лола Норова ўтган йили ижодий таътил олиб, “Китобсевар мактаб” деган методик қўлланма ёзди. Мазкур тўплам яқинда “Зиё” нашриётида босилиб чиқди. Китоб анчагина катта — 8,75 босма табоқ. Бир неча боблардан иборат. Ўқувчиларнинг қишки таътили пайтида мана шу методик китобнинг бир боби бўйича онлайн танлов ташкил этилди. Танлов низомига кўра, ҳар бир мактаб бирорта бадиий асар ҳамда ўзлари танлаган китобдан мухтасар саҳна кўриниши асосида 2 дақиқалик видеоролик тайёрлаши керак эди. Танлов қизғин курашларга бой ўтди. Пировардида мактаб жамоаларидан 61 та видеоролик келиб тушди. 20 дан зиёд ўзбек, қардош халқлар ва жаҳон адабиётининг сара намуналаридан кўринишлар тайёрланди. Барча роликлар шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг “Таълим ва китоб” каналига жойлаштириб борилди. Энг асосийси, мазкур танловда ўқувчилар билан бирга мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар, ҳатто ота-оналар иштирок этишди. Биринчи ўринни олган 16-умумтаълим мактаби кутубхонасига 100 жилд бадиий асарлар совға қилинди.

— Бу жуда катта лойиҳа, – деди Лола Норова. — Уни фақат ўқувчиларнинг кузги, қишки, баҳорги ва ёзги таътилларида амалга оширамиз. Мақсадимиз ўқувчиларнинг бекор юрмаслиги, китобга ошно бўлишларини таъминлашдир.

Лола Норова билан турли танловлар, тадбирларда рўбарў келамиз. Доим қўлида қандайдир китоб бўлади. Суҳбатлашиб қолгудек бўлсак, гап орасида, албатта, янги чоп этилган китоблардан сўз очади. Унинг тиниқ, теран фикрларини эшитарканман, қулоқларим остида Президентимизнинг ёшлар китобхонлиги ҳақидаги пурмаъно фикрлари жаранглагандай бўлади: “Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”. Бундай вазифани реалликка айлантиришда Лола Норова каби ёш, ташаббускор фидойиларнинг алоҳида ўрни бор.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 5 =