Биз қайси мамлакатдамиз?

Тошкент шаҳар ҳокими диққатига!

ТАҲРИРИЯТДАН:

Очиғи, бу ҳақда жуда кўп ёзилади, жуда кўп фикрлар, мулоҳазалар ўртага ташланади. Она тилимизнинг софлиги, мусаффолиги учун қайғуриб ёзилган мақолаларга, танқидий чиқишларга кун-кунора матбуотда, ОАВда кўзимиз тушади. Хусусан, ўтган йиллар давомида “Hurriyat” саҳифаларида ҳам пойтахтимиз Тошкент ва бошқа шаҳар-туманларда атамаларнинг тобора ажнабийлашиб бораётгани хусусида кўплаб танқидий-таҳлилий чиқишлар қилинди. Аммо минг афсуски, мутасаддиларнинг бу чиқишларга муносабати деярли йўқ ҳисоби.

“Чиқмаган жондан умид”, деганларидек, Ватанимиз пойтахтида ўзбек тилига бўлган эътиборнинг ғоятда ғариблиги ҳақида яна бир бор шаҳар ҳокими эътиборига қуйидаги мақола ҳавола этилмоқда.

Тунги Тошкент кўчаларини айлансангиз, турли дўкон, сартарошхона ва емакхоналар пештоқларида ял-ял ёнаётган хорижий тиллардаги ёзувларга кўзингиз тушади: “Mondo family”, “Evos”, “Magnum”, “Green apple market”, “Hookah house”, “Korzinka”…

Интернетдан кийим-бош дўконларини излайсиз. “Brusko”, “Kids Land”, “Podium boutique”, “Gloss”, “Brandroom”, “Edelvace”, “Li Ning”, “Verda premium”…

Сартарошхона-салонларнинг номлари ундан-да ғаройиб: “Krom professional”, “Kimmy lab”, “Jane Air”, “Chocolate”. Уларни номидан топиб олишингиз амримаҳол. Бунда баннерлардаги расмларгина ёрдам беради. Агар чет тиллардан хабарингиз бўлмаса, кентда адашиб қолишингиз ҳеч гапмас. Худди мутафаккир Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз” деган ҳикмати замонамизга мос тушгандай.

Хориж брендлари бўйича очилган тармоқ емакхона ва дўконларни тушунса бўлади. Бу тармоқлар чет эл фирмаларидан рухсат олиб, маълум тўловлар амалга оширилгач, ташкил этилган. Масалан, “MaxWay”, “McDonald’s”, “KFC” кафелари шулар жумласидандир.

Бироқ қатор емакхоналар борки, уларнинг номларидан бу ўзимизникими ёки чет элники, деган хаёлга борасиз. “Bon! Boulangerie”, “Gloria jean’s”, “Coffees Uzbekistan”, “Book cafe”, “Pie Republic”, “Multi mafe” кафеларининг нечун инглизча, французча номланиши ажабланарли.

Озиқ-овқат дўконларининг ҳам кўпчилиги ажнабий тилда. “Magnum”, “Green apple market” ва ҳоказо. Дўкон бошқарувчилари билан суҳбатлашсангиз, жавобларидан ҳайратингиз ошади: “Хорижий сўзлар одамларни ўзига жалб этади. Харидорларнинг қизиқишига сабаб бўлади”.

Турли хизматлар кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган фирмаларнинг номлари ҳам, асосан, инглиз тилидан сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф кўчирилган: “Aramex”, “Asmus”, “Akfa build”, “Alpha security services”, “Al sage pharm” ва ҳоказо. Бундай фирма номларини юзлаб келтириш мумкин. Миллий фирмаларнинг бундай аталиши чет элга меҳр кўйганимизданми ёки ўз она тилимизга ҳурматсизликдан?!

Мазкур ҳолатни пойтахтнинг марказий кўчаларида такрор-такрор учратиш мумкин. Айниқса, Шота Руставели кўчасининг бир-бирига туташган бинолар пештоқида катта-катта ҳарфлар билан битилган ажнабий сўзларни йўл-йўлакай тушуниб-тушунмай ўқиб кетасиз.

Тошкент ресторанлари картографиясига юзланамиз: “Actor restaurant”, “Beer & wine”, “MEATme Grill & Bar”. Шундай ресторанлар борки, улар бирорта мамлакатнинг миллий таомларини тайёрлашга ихтисослашган. “Resto Forn Lebnen & Chillax” (Ливан ресторани), “Ember & Embar” (Осиё ресторани), “Kaizen” (япон ресторани) каби. Турк тилидаги юзлаб ресторан ва кафеларни санаса бўлади.

Савдо ва кўнгилочар марказларининг аксарияти ажнабий тилларда номланган. Масалан, “Compass Mall”, “Yangiobod Weekend flea market”, “Mega planet”, “Vega centre” каби. Булар қаторида “Чорсу”, “Пойтахт”, “Самарқанд” савдо марказларининг борлигидан кўнгил бир оз таскин топади.

Ўз она тилига ҳурмати баланд мамлакатлардан бири Туркияда йўл кўрсаткичлари, эълонлар аввало турк тилида, сўнгра инглиз тилидаги таржимаси билан берилади. Ҳатто йўл белгиси бўлган халқаро “STOP” сўзи “DUR” дея туркча ёзилган. Дўкон ва емакхоналарнинг номлари, асосан, турк тилида битилган. Масалан, “Kapalıçarşı” (Капали Чарши) савдо маркази, “Gizia” (қизлар) аёллар дўкони, шунингдек, “Osmanli”, “Tawook” грилл-кафе, энг машҳур ресторанлардан бири эса “Turk Fatih Tutak” (Турк Фотиҳ Тутак) дея номланади. Она тилига бундай эътибор ва меҳр кишида ҳавас уйғотади.

Қўшни мамлакатлардан Туркманистонда йирик савдо марказларининг номлари “Берқарор”, “Ашхобод”, “Гул замин”, “Пойтахт”, “Чарвадор”, “Бахтиёрлик” бўлса, машҳур ресторанлари “Сафгон”, “Аммор”, “Талхар” дея аталган.

Қирғизистон Республикаси машҳур кафе-ресторанларни ўз лаҳжасида “Барсок”, “Нарвана”, “Узум”, “Нават”, “Борсак”, “Ош орда” “Атабек” дея номлашган. Энг йирик дам олиш ва савдо марказлари “Рамазон”, “Ак кема”, “Таатан”, “Тинчтик” дея ўз она тилида фахр билан тилга олинади.

Она тилига меҳри баланд тадбиркор юртдошларимиз бор эканки, сўнгги пайтларда “Беш қозон”, “Чирс-чирс сомса”, “Миллий таомлар” тармоқ овқатланиш корхоналари, шунингдек, “Олма”, “Ишонч”, “Ҳавас” савдо белгили дўконлар очилиб, ўзбек эканимизни эслатгандек бўлди. “Афсона”, “Навват”, “Ялпиз”, “Райҳон” номли кафе-ресторанларнинг фаолият юритаётгани ҳам қувонарлидир.

Фирмаларнинг номланиши Адлия вазирлигининг рухсати билан амалга оширилади. Маълумки, 2006 йил 18 сентябрда “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.

“Амалдаги қонуннинг 4-моддаси бўйича фирмаларга ном берилиши амалга оширилади, — дейди Адлия вазирлиги тизими масъул ходими Азизбек Раҳматов. — Бунда, асосан, фирма номларининг такрорланмаслигига амал қилинади. Республикада иккита фирма битта ном билан юритилмаслиги керак. Масалан, “Нодир МЧЖ” иккита фирма номи бўлолмайди”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан “2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” тасдиқланиб, унда “мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш” таъминланиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 мартдаги “Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази объектларга давлат тилида ном бериш (нейминг) хизматини кўрсатиш белгиланган. Унга кўра, марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ келадиган, миллий қадриятларга мос ҳамда объектларга қўйиш тавсия этиладиган номлар захирасини онлайн режимда шакллантириш ҳамда уни доимий янгилаб бориш; ташқи ёзув, пешлавҳа, реклама ва эълонлар матнини тайёрлаш, шунингдек, уларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлиги, номларнинг бир хил ёки ўхшашлик даражаси юзасидан лингвистик экспертиза ўтказиш; номлаш, ном яратиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилиш, уларга маслаҳат ёрдамлари кўрсатиш; жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига кўра объектлар учун давлат тили қоида ва меъёрларига, қонунчилик ҳужжатларига ва миллий қадриятларга мос бўлган давлат тилида номлар яратиш ва танлаш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш вазифаси юклатилган. Амалда-чи… Қонун ҳужжатлари бир ёнда, кўча ёзувлари бир ёнда.

Ўзбек тилининг мақоми ва нуфузини оширишда ўзининг хизматлари, иқтидорини аямаган фидойи олимлардан профессор Ғайбуллоҳ ас-Салом ўз асарларида она тилининг аҳамиятини шундай белгилайди: “…тил — руҳий ғизо, инсоннинг инсонлиги, унинг моҳияти-ку!”. “Тилнинг ғариблиги — тафаккурнинг қашшоқлигидан” дея бонг урган олим она тили, она юртига муҳаббатидан куйиниб ёзган: “Ўз тилида хиргойи қилиш нималигини билмайдиган, ўз тилида ўз дилбандига алла айтолмайдиган, ўз тилида дуойи хайр, дуойи бад айтолмайдиган, муножот, нидо қилолмайдиган ва ҳатто ўз тилида… туш кўролмайдиган бир талай одамлар пайдо бўлди!..”

Шаҳар кўчаларини кезиб, оддий кишилар учун тушунарсиз бўлган ёзувларга кўзингиз тушар экан, Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг фикрлари миянгизда чарх уради: “Тил — жамиятнинг асосий таянчи, инсоний мулоқот-муносабатларнинг бирламчи воситаси, миллат руҳи ва давлатчилик тақдиридир”.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 10 =