Ойбек абадияти

Адиб таваллудининг 120 йиллиги

Шу кунларда мамлакатимиз адабий жамоатчилиги улуғ ўзбек адиби, академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 120 йиллигини кенг нишонламоқда. Сана муносабати билан ёзувчининг невараси, Тошкентдаги Ойбек давлат мемориал уй-музейи директори Ойнур Тошмуҳаммедова билан мулоқотда бўлдик.

— Ойнур опа, мазкур музейнинг ташкил этилишида кимлар бош-қош бўлишган?

— Ойбек уй-музейи 1985 йилда адибнинг 80 йиллиги муносабати билан очилган. Музейнинг ташкил этилишида ёзувчининг турмуш ўртоғи, кимёгар олима Зарифа Саидносирова катта хизмат қилганлар. Бу даргоҳда 1940 йилдан 1968 йилгача, яъни ҳаётининг сўнгги дақиқаларига қадар буюк ўзбек адиби ва жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб, ижод қилганлар. Ойбек ҳали ҳаёт чоғидаёқ эл-юрт ўртасида нафақат буюк адиб, балки буюк инсон сифатида машҳур бўлгани учун ҳам, халқона ибора билан айтганда, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган тошкентликлар, пойтахтимизга яқин ва олис юртлардан келган адабиёт мухлислари шу хонадонга келиб, ўзбек адабиётининг бу порлоқ сиймосини зиёрат қилишни ўзлари учун фахр деб ҳисоблаганлар. Москва ва Киев, Тбилиси ва Боку, Олмаота ва Ашхобод сингари шаҳарлардан келган атоқли ёзувчилар, таржимонлар ва адабиётшунос олимлар эса бу хонадонда Ойбек билан бўлиб ўтган суҳбатларни ҳаётларининг унутилмас дақиқалари сифатида ёд этишган.

— Адиб, аслида, бу ерда туғилмаган шекилли, шундайми?

— Ҳа, шундай. Аслида, Ойбек 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрининг Гавкуш маҳалласида дунёга келган. Бу маҳалла ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрининг биноси ўрнида жойлашган эди. Бўлажак адиб тор ва илон изи янглиғ эгри-бугри кўчалардан иборат маҳалладаги ғариб бир оилада туғилганлиги учун таълим ва тарбия техникумининг ётоқхонасида яшаб ўқиган. Оила қурганидан кейин эса Тошкентнинг тўртинчи даҳасида, ижара уйларда умр кечирган. Ниҳоят, 1940 йили давлат фан ва маданият ходимларига ҳам ер тақсимлаб бера бошлаганида, унга-да 600 квадрат метрлик ер олиш насиб этган. Уй қад кўтарган машаққатли йилларда ҳали ҳамма иморатлар қурилиб, йўлу йўлаклар аниқ қиёфа касб этмаган эди. Шу туфайли кўча “Проектная” — “Лойиҳа” кўчаси деб аталган. Ҳозир шу кўчага “Ифтихор-1” номи берилган. Агар шу кўча бўйлаб уч-тўрт дақиқа юрсангиз, 26-уй келади. Катта дарвозанинг сўл тарафидаги деворга буюк ўзбек адиби Ойбекнинг 1940-1968 йилларда шу уйда истиқомат қилганлиги ҳақида лавҳа осилган.

— Келинг, энди бизни музей ҳақидаги айрим маълумотлар билан таништирсангиз.

— 1940-1941 йилларда қурилган 5 хонали бинодан адибнинг ҳаёт ва ижод йўлини акс эттирувчи экспозиция ўрин олган. Ташриф буюрувчилар катта дарвозадан ўтиб, ичкарига кирганларидан сўнг, сўл томондаги бир замонлар айвон бўлиб хизмат қилган хонада Ойбек уй-музейининг экспозицияси билан танишадилар. 5 хонадан иборат бу қисмга кираверишда, ўнг томонда мўъжазгина бир хона бор. У адибнинг рафиқаси, биринчи ўзбек рассом қизи ва биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ва унинг отаси — машҳур маърифатпарвар ва тадбиркор Саидносир Миржалиловга бағишланган. Бу хонадан чиққанингиздан кейин, назаримизда, Зарифахоним сизни Ойбекнинг болалик ва ёшлик даври билан таништирувчи хонага бошлагандек бўлади. Мана, ХХ аср бошларидаги Тошкент кўриниши, адибнинг ўша даврга оид суратлари, у таҳсил олган билим юртининг домла ва талабалари, илк шеърларининг қўлёзма ва босма нусхалари; Ойбек ижодининг шаклланишига таъсир кўрсатган шоирлар ва уларнинг китоблари. Хона деразасидаги витраждан эса Ойбекнинг илҳом париси Ой Тошкент осмонидан мўралаб туради.

— Ойбекни нима учун қоралашган, ишдан ҳайдашган?

— Бу саволингизга музейнинг иккинчи хонасидан жавоб топасиз. Чунки у сизни Ойбекнинг 30-40 йиллардаги ҳаёти ва ижоди билан ошно этади. У шу йилларда Навоий ва Пушкин ижод булоқларидан ҳовучлаб сув ичди. Навоийга бағишлаб шеър ва илмий мақолалар ёзди, Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини биринчи бўлиб Ўрта Осиё халқларидан бирининг тилига таржима қилди. 1937 йилнинг даҳшатли қатағон бўрони гурлаганда, у Туркистон Мухторияти ҳукуматининг хазиначиси С.Миржалиловнинг куёви сифатида қораланиб, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам, Тил ва адабиёт институтидан ҳам ҳайдалди. Шундай хатарли замонда, оиласи билан гоҳо-гоҳо бир бурда нонга зор бўлиб яшаганига қарамай, “Қутлуғ қон” романини яратди.

— Бу ерда адибга совға қилинган суратлар, китоблар ҳам бор экан…

— Дарҳақиқат, шундай. Мана, мисол учун, девордаги расмлардан биридан ўзбек снайпери сизга қараб туради. Бу рангли расмни жангчи рассом ишлаган. Ойбек 1942 йил охири — 1943 йил бошларида Москва бўсағаларида жон олиб, жон бераётган ўзбек жангчилари ҳузурига борганида, бу суратни унга 96 нафар немисни ер тишлатган азамат ўзбек йигити совға қилган. Снайперлик милтиғига “100” рақамини ёзишга улгурмай ҳалок бўлган бу жангчи адибнинг “Қуёш қораймас” романидаги Бектемир образини яратишига туртки берган. Оиласини хавотирга солиб, фронт сўқмоқларида бехат-бенишон қолиб кетган адиб 1943 йил мартининг сўнгги кунларида ярим кечаси озиб-тўзиб келганида, “Бемаҳалда болаларимни уйғотиб, безовта қилиб қўймай”, деб шу сурат ёнидаги деразани аста чертган… “Фронт бўйлаб”, “Оловли йўллар” китоблари билан бирга лях тилида ёзилган мана бу шеърлар китоби чехословакиялик шоир Ондра Лисагорскийнинг урушдан кейин Ойбекка миннатдорлик ҳис-туйғуларини изғор қилиб юборган совғаси. Уруш йилларида ўзбек юртидан паноҳ топган Анна Ахматова, Алексей Толстой, Александр Дейч, Соломон Михоэлс, Владимир Луговской сингари ўнлаб рус ёзувчилари ва санъаткорлари қатори, у ҳам Ойбекнинг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлган. Ойбек шу йилларда уларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва уларга бир пиёла чой бериш билан кифояланиб қолмай, Дейч билан бирга Навоий тўғрисида рус тилида китоб ёзди, Михоэлс билан бирга “Маҳмуд Торобий” операсини яратди. Бу операга украин композитори Олесь Чишко мусиқа басталади. Ана шу ижодий ҳамкорлик мевалари ҳам шу хонада ўз бўйини таратиб турибди.

— “Навоий” романининг йиртилган бир нусхасига кўзим тушди. Шу ҳақда икки оғиз…

— Учинчи залдаги экспозиция марказида Навоий мавзуи туради. Ойбекнинг улуғ шоир ҳақидаги ўлмас асари гарчанд уруш йилларида ёзиб тугалланган бўлса-да, унинг халқаро эътибор ва шуҳрат қозониши урушдан кейинги даврга оид. Нуфузли давлат мукофотига сазовор бўлган бу асар турли хорижий тилларга таржима қилиниб, жаҳон халқларининг улуғ ўзбек ёзувчиси билан яқиндан танишишларида муҳим аҳамиятга молик бўлди. Шу хонага кирган ташрифчи “Навоий” романининг тиканли симлар ортида турган йиртилган-ямалган бир нусхасига эътибор бермай қолмайди. Бу — собиқ ўзбек ҳарбий асирларининг Ойбек уй-музейига совғаси. Совет давлати раҳбарларининг қўпол хатоси билан заифлаштирилган қизил армия урушнинг дастлабки йилларида кўплаб шаҳарлар билан бирга бутун бошли дивизияларни ҳам душманга бой берган. Уруш тугаши билан кечаги асирлар энди советлар томонидан қамоққа олиниб, “Ватан хоинлари” деб эълон қилинган. Урушнинг сўнгги кунларида “Навоий” романини ўқиб, уни кўзига суртган собиқ асирлардан бири китобни ўзи билан бирга лагерма-лагерь олиб юрган, назоратчилар китобни отиб-улоқтириб ташлаганларига қарамай, уни дўстлари билан бирга кўз қорачиғидек сақлаган. Ҳаётбахш ғоялар билан суғорилган, ҳар бир лавҳасидан ўзбек диёри шабадалари эсиб турган бу роман уларга руҳий мадад ва куч берган.

— Мазкур асар туфайли улуғ адиб инсультга йўлиққан дейишади. Шу ростми?

— Афсуски, шундай. 50-йиллар аввалида бошланган қатағоннинг янги тўлқини Ойбекни ҳам ўз гирдобига торта бошлади. “Танқидчилар” ҳатто “Навоий” романидан ҳам сиёсий хатоларни излаб топадилар. Экспозициядаги газета мақолалари, суратлар, ҳужжатлар сизга шу ҳақда нақл қилади. Буюк адибнинг оёқлари остидаги замин кундан-кунга ўпирила бошлайди. Шундай изтиробли, азоб-уқубатли кунларнинг бирида у инсульт хасталигига дучор бўлади. Тили сўзлаш, қўли ишлаш қувватини йўқотади. Зарифахоним шу йилларда бутун кучини Ойбекни қайта оёққа қўйишга қаратди. Ойбек Хитойга даволаниш учун борганида мана бу ёғоч қиличларни хитой шифокорлари беришган. У шу қиличлар билан қўл мускулларини ҳаракатга келтиришга уринган. Ойбек 1951 йил апрелидан 1968 йилда вафот этгунига қадар қарийб ўз қўли билан ёза олмади. Аммо у қийналиб бўлса-да, бир оз гапира бошлагач, Зарифахоним ишдан қайтганидан кейин унга айтиб туриш йўли билан “Қуёш қораймас”, “Улуғ йўл” романлари, “Нур қидириб”, “Болалик хотираларим”, “Бола Алишер” қиссаларини, “Даврим жароҳати”, “Гули ва Навоий” ва бошқа достону шеърларини яратди.

— Зарифа Саидносирова кимёгар олима бўлишдан ташқари яхшигина суратлар ҳам чизган эканлар…

— Мана, ниҳоят, “Ойбек абадияти” деб аталган тўртинчи зал. Бу ерда адибнинг ўзбек ва рус тилларидаги кўп жилдлик нашрлари, шунингдек, айрим асарларининг сўнгги йилларда хорижда нашр қилинган нусхаларидан ташқари сиз қизиққан саволга ҳам жавоб бор. Бундан ташқари, адибнинг тасвири туширилган, гўзал мисралари битилган сопол ва чинни идишлар, мисдан ишланган буюмлар… Ойбекка бағишланган бадиий, илмий ва илмий-оммабоп асарлар… Ҳовлининг шимолий тарафидаги бинода эса мемориал хоналар: меҳмонхона, ижодхона (биринчи қаватда), Зарифа Саидносированинг хонаси ва ётоқхона (иккинчи қаватда) жойлашган. Иккинчи қаватга даҳлиздаги ёғоч зиналар оша, деворлардаги А.Циглинцев ишлаган гравюраларни томоша қилиб, чиқилади. Хонанинг бир чеккасида — мольберт. У Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоевдан ёдгорлик. Шу хона деворларидаги мойбўёқ билан ишланган табиат манзараларини Зарифахоним умрининг сўнгги йилларида ўз қўллари билан ишлаганлар. Ойбек адабий меросини ўрганиш ишини янги босқичга кўтариш мақсадида ойбекшунос олимлар ва ёш адабиётшуносларнинг адиб архивида ишлашлари учун бу ерда ҳамма шароит яратилган.

— Мазмунли ва қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош:

Ёрмамат РУСТАМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =