Биз кутган кунлар

(Юракларни соғинтирган ҳаёт)

Ҳар оиланинг ўз тутуми, одат-кўникмалари, йўл-йўриғи бор. Бу ўзига хослик эл-юрт турмуши, қадриятлари, урф-одатларидан сайқалланади, кўрку тароват касб этади. Бизнинг оиламизда ҳам мен ҳали бола пайтимда, балки ундан-да аввалроқ пайдо бўлган удум мавжуд. Бу нафақат ўткинчи удум, балки доимий анъанага айланган.

Ҳали мактаб ўқувчиси экан чоғларимданоқ, галдаги ўқув йили якун топиб, ёзги таътилга навбат етиши билан қишлоққа, бобом билан момомнинг уйига отланамиз. Бу тараддуд шундан иборат бўладики, биз қарийб бир ой олдиндан йўл тадоригини кўрамиз. Иссиқ ёз бўйи етадиган бир неча сидра уст-бош, бош кийим, оёқ кийимлар, бобомларнинг уйи олдидан ўтган, лойқа сув оқадиган ариқда чўмилиш учун алоҳида мос кийимларни олволамиз.

Мана, бу йил ҳам қадрдон қишлоққа қараб йўлга тушдик. Тонг. Ҳамма ёқ бошқача… Ёп-ёруғ. Йўл юрганимиз сари ёз куни ўз кучи – иссиғини аён эта боради.  Ҳадемай жазирама бошланади.

Узоқ сафар олдидан —  олисдаги манзилга эсон-омон етишни ният қилиб дуо ўқилди: “…Йўлимиз оқ, ҳамроҳимиз ҳақ бўлсин!..” Машинада отам, онам, мен ва турмуш ўртоғим, яна ота-онамнинг суюкли набиралари — қизим Мубинахон ҳамда ўғлим Усмонбой.

Кенг, катта йўлда машина қанот чиқаргандек елиб боради. Ён-атрофда гоҳ олмазор, ўрикзор, шафтолизор боғлар, гоҳ пахтазор, ғаллазор ёки бошқа манзаралар кино тасмаси каби липиллаб ўтаверади. Машинада хушчақчақ, кўтаринки кайфият ҳукмрон. Болалик, ёшликдаги воқеалар эсга олинади. Хотиралар ҳангомаларга уланади.

— Дада, эсингиздами, кичиклигимизда — бола пайтимизда қишлоққа бориб келгунимизча, шу ерда бир оёқ илиб, дам олиб кетардик, — дейман қуюқ дарахтзорни кўрсатиб. Қир этагидаги манзарали дарахтлар ўрмон каби гувиллайди. Шох-шабба-ю барглари қуюқлигидан тагига тангадек ҳам қуёш нури тушмайди.

Дадам гапимни тасдиқлайди. Бу гал ҳам шу ерда бир зумга тўхтадик. Машинадан тушиб, салқин шабададан тўйиб-тўйиб нафас оламиз. Гўёки бутун вужудимиз тоза ҳаводан тўйинади. Ёз бўлса-да қуюқ дарахт соясида қарғалар, майна қушлар қағиллаб учиб-қўнади, майсалар орасини тез-тез чўқилаб титкилайди.

Яна йўлда давом этамиз. Йўл четида дарахтзорлар дарахтзорга уланиб кетган. Боғларда гилос, ўрик, олча, олма ялтираб товланади. Ҳозир шу меваларнинг ғарқ пишган пайти. Кўрган кишининг баҳри-дили очилиб, кўнгли кўтарилади.

Ана-мана дегунча Сирдарёдан ўтиб, Жиззахга кириб бордик. Замонавий машиналар довондан ғизиллаб ўтиб боради. Ана, яқинлашдик ўша жойга, ўрганиб қолганмиз, доим ҳавас билан кўриб ўтамиз — йўл четида қатор-қатор яшикларда ял-ял товланган чўғдек қип-қизил олмалар, банкаларга кўримли этиб жойланган асал, болга дуч келамиз. Шунда дадам:

— Онаси, олмалардан оламизми? — дейди.

— Ҳа, ҳар бири икки килодан, уч пакет олишимиз керак, — дея жавоб қайтаради ойим.

Шунда қизим Мубина банка – шиша идишдаги қурутни кўриб:

— Бувижон, қурут ейман, укамга ҳам олайлик, — дейди.

Шубҳасизки, суюкли набиранинг илтимоси бажарилди. Яна манзил томон кетаяпмиз-у, барчамизнинг юрагимизни ҳис-ҳаяжон қуршаб олган. Сабаби, туғилган юртга бораяпмиз-да!

Машинадаги ҳангомалар қизғин давом этади. Бир неча дақиқадан сўнг йўл четидаги ошхоналарнинг бирида тамадди қилишни режалаштирганмиз. Кўнглимизга ёққан, кўринишидан озода ва саришта ошхонага тўхтадик. Сувлар сепилган шинамгина ошхона экан. Бизни кутиб олган йигит бўш тапчанни кўрсатди. Қўлларни ювдик-да, бирин-кетин жойлашдик. Бизга қараган хизматчи таомномани олиб келди.

— Ким нима хоҳлайди, танланглар? — деди дадам.

Ҳаммамиз ҳовури чиқиб турган, бу ерларнинг “обрўли” емаги “жиз”ни маъқул топдик. Килоси — тўқсон минг сўм. Биз икки килограмм буюртма қилдик. Иссиқ чой ва шу таомга мос турли хил шакароб-салатлар айтилди. Азалдан ёш бола ширинликларга, газли ва рангли ичимликларга ўч бўлади. Қизим ошхонада қатор териб қўйилган ярим литрлик “Coca-сola”ни ушлади ва “олиб беринглар”, деб илтимос оҳангида мўлтираб қаради. Шунда отам ва онам бу ҳолатга кулишди. Қизим эса ўйлаган нияти амалга ошганидан хурсанд. Яхши таом безаган яхши дастурхон атрофида, табиийки, суҳбат ҳам ширин бўлади.

Биз яна йўлни давом эттирдик.

Кетаяпмиз. Соат учларга яқинлашганда Самарқандга етдик. Самарқанд — боқий ва муқаддас маскан. Ҳар ўтган-қайтганда Самарқанднинг маълум ва машҳур нонларидан олиш биз учун одатга айланган. Мана, ҳозир ҳам шу урф, шу анъанага содиқ қолган ҳолда қариндошларга ҳар хил — катта-кичик бўрсилдоқ, оғир нонлардан танлаб оламиз…

Ҳамма чарчаган, кимдир ухлаб келаяпти, яна кимдир атрофни томоша қилмоқда. Шунда қизим:

— Дадажон, “узоқ момом”нинг уйига боряпмиз, — дея ўзига сиғмай хурсанд бўлади, дам-бадам кулади.

“Узоқ момо” деб ойисининг онасини айтади. Ёшлигидан шундай деб катта бўлган. “Узоқ момо — узоқдаги момо”.

Соат кечки олтига яқинлашди. Чироқчи йўлларидан ўтаяпмиз. Болаларнинг кўнгли роса ҳам қишлоқ томон ошиқади. Бир неча дақиқалардан сўнг олисда қишлоқ кўринди. Яна йўл таноби тортилавергач, узоқдан яқин келаётган — биз яқинлашиб бораётган уй олдида таниш чеҳраларни кўрдик. Телефонда хабар топиб, бизни кутиб олишга чиқишган. Дарвоза олдида турган аёлни таниб:

— Узоқ момом… — деб қизалоғим бақириб юборди.

Ҳол-аҳвол сўрашишлар узоқ давом этади.

Қадрдон қишлоқда кечган етти кун мазмунли ва мароқли ўтади. У ердаги қизиқарли ҳангомалар, мароқли суҳбатларни ёзсак, ўзи бир катта достон.

Туғилиб ўсган юрт, хешу ақраболар билан кўришиш ана шундай файзли, унутилмас бўлади ҳамиша. Ҳа, дийдорга не етсин!

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + two =