Фейк хабарлар қандай мақсадда тарқатилмоқда?

Human hands holding the words Fake and Real. Making decision concept.

Замонавий ахборот асрида маълумотлар билан тўла ҳаёт тарзи инсонлар учун маълум бир қулайликларни яратган бўлса-да, шу билан биргаликда янги муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Медиа оламида хабарлар оқими кучайгани сари ишончли ва тўғри манбаларни аниқлаш долзарблашмоқда. Табиийки, турли хабарлар оқими кучайгани сари ишончли ва тўғри манбаларни аниқлаш долзарблашмоқда. Шулардан бири — фейк хабарлар тарқалиши муаммосидир. Бугунги кунда фейк янгиликлар нафақат шахслар, балки жамият ва давлат даражасида ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фейк хабар нима?

Фейк хабар — ҳақиқатга асосланмаган, нотўғри ёки чалғитувчи маълумотлар бўлиб, улар муайян мақсадга эришиш учун тарқатилади. Бундай хабарлар турли шаклларда бўлиши мумкин: ижтимоий тармоқлардаги сохта постлар, манипулятив мақолалар, сохта расмлар ёки видеолар.

Тарқалиш сабаблари

– Мақсадли манипуляция:

Айрим ҳолларда фейк янгиликлар бирор сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий мақсадга эришиш учун атайлаб тарқатилади. Масалан, сайловлар даврида рақобатчиларни обрўсизлантириш учун нотўғри маълумотлар тарқатилиши мумкин. Бу хабарлар жамиятдаги қарашларни ўзгартириш, одамларнинг фикрини чалғитишга ёки муайян бир гуруҳнинг манфаатларини илгари суришга қаратилган бўлади.

– Молиявий манфаат:

Ахборот истеъмолининг ортиши билан реклама орқали пул ишлаб топиш анча кенг тарқалган. Айримлар диққатни жалб қилиш учун ҳаяжонли ва шов-шувли мавзуларни чўқилатишади. “Кликбейт” янгиликлар – бунга яққол мисол. Нотўғри маълумот орқали веб-саҳифага кирувчилар сони кўпаяди, натижада реклама тушумлари ортади.

Шунингдек, ҳаяжонли ва шов-шувли маълумотлар кўплаб аудитория жалб қилади, бу эса реклама орқали даромад келтиради. Айрим сайтлар фойда олиш учун янгиликларни бурмалаш ёки сохта маълумот тарқатишдан қайтишмайди.

– Ахборот тақчиллиги:

Одамлар тез хабар тарқатишга ҳаракат қилаётган пайтда маълумотни текширишга вақт сарфламайди. Натижада тасдиқланмаган маълумотлар оммавий равишда тарқалади. Ўз навбатида салбий ва ёлғон хабарлар одамлар ўртасида норозилик, ишончсизлик ёки қўрқув уйғотиш мақсадида ҳам сиздирилади. Бу кўпроқ ижтимоий тармоқларда тез тарқалмоқда ва жамоат фикрини босим остида қолдириши мумкин.

– Ижтимоий тармоқлар таъсири:

Ижтимоий тармоқлар фейк хабарларнинг ҳам энг тез тарқалувчи майдонига айланмоқда. Улар орқали хабарлар кенг аудиторияга етади, чунки кўпчилик уларни текширмасдан ўртоқлашади.

Жамиятга таъсири

Ишончнинг сусайиши: оммавий ахборот воситаларига ва расмий манбаларга бўлган ишонч пасаяди.

Жамиятда қўрқув уйғотиш: нотўғри маълумотлар орқали одамлар ўртасида турли қўрқув ва шубҳалар пайдо бўлади.

Иқтисодий зарар: айрим фейк янгиликлар маҳсулотларга ёки компанияларга зарар етказиб, иқтисодий муаммоларга сабаб бўлади.

Ижтимоий низолар: бундай янгиликлар жамиятда келишмовчиликларга ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлиши мумкин.

Қандай курашиш мумкин?

– Ахборотни текшириш: аввало, ҳар қандай маълумотни қабул қилишдан олдин унинг манбасини текшириш муҳим.

– Расмий манбаларни ўқиш: хабарнинг тафсилотларини бошқа манбалар билан солиштириш. Ахборот ёки ҳар қандай маълумотни тарқатган манбанинг ишончлилигини ўрганиш.

– Аҳолини хабардор қилиш: фейк хабарларнинг ёлғон ёки ҳақиқатлигини ажрата олиш ва уларга қарши туриш учун билим ва кўникмалар зарур. Ахборот саводхонлигини ошириш жамиятнинг ёлғон маълумотларга қарши иммунитетини кучайтиради.

– Қонунчилик асосида чора кўриш: айрим давлатларда фейк хабарларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган. Масалан: 2018 йилда Малайзияда сохта ва ёлғон ахборотнинг муаллифи, шунингдек, бу ахборотни тарқатган, репост қилганларга ҳам қарши жазо қўллаш ҳақида қонун қабул қилинган. Кенияда фейк хабарларни тарқатиш жиноят билан тенглаштирилган. Қатарда 2014 йилда қабул қилинган қонунга асосан давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид қилувчи сохта ахборотларни тарқатиш ҳолатларига 3 йиллик қамоқ жазоси ёки 137 минг АҚШ доллари миқдорида жарима белгиланган. Францияда ҳам сайлов ва сайловолди кампанияси даврида фейк ахборотни тарқатишни тақиқловчи қонун ҳужжати ишлайди. Германия Парламенти қабул қилган қонунга кўра, 2 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган ижтимоий тармоқлар контентда пайдо бўлган сохта ахборотни бир сутка ичида ўчириб ташлаши шарт.

Хўш, бизда-чи? Ёлғон (фейк) ва нохолис ахборотларни тарқатганлик учун қонунчиликда қандай жазолар белгиланган? Адлия вазирлиги масъули Севара Ўринбоеванинг маълум қилишича, бу борада қонунчилигимизда бир қатор жавобгарликлар бор:

ижтимоий тармоқлар орқали ишлаб чиқарувчи ёки рақобатчини обрўсизлантириш ёхуд иқтисодий зарба бериш мақсадида асосланмаган, ёлғон овозли, фото ва видеохабарларни тарқатиш Жиноят кодексининг 192-моддасида белгиланган жавобгарлик билан жазоланади;

туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида жавобгарлик белгиланган;

яна бир муҳим эслатма шуки, ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 102(1)-моддасида шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли маънавий зарар етказилган бўлса, етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган;

ёлғон хабарлар тарқалишининг олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган ЎРҚ 658-сон Қонуни билан ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202(2)-моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 (18 млн 750 минг сўм) бараваридан 100 (37 млн 500 минг сўм) бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (75 млн сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Албатта, бундай чоралар ушбу муаммони қисман бўлса-да камайтиришга ёрдам беради.

Юқорида таъкидланганидек, фейк, ёлғон-яшиқ ва туҳмат ахборотлар тарқатиш турли мақсадларга қаратилган бўлиши мумкин – иқтисодий манфаатлардан тортиб, сиёсий мақсадларга қадар. Бундай хабарларнинг тез тарқалиши эса инсонлар табиати ва ижтимоий тармоқларнинг хосияти билан боғлиқ. Жамият бундай маълумотларга қарши курашиш учун маълумот манбаларини танқидий баҳолаш ва ёлғон хабарларнинг оқибатларини тушуниш қобилиятини ривожлантириш лозим. Негаки, ахборот билан онгли муомала қилиш ҳар қандай жамиятнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги учун муҳимдир.

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 3 =