“Умидани чақиринг!” Бу нима дегани?

Дунё бўйлаб ҳар куни минглаб зўравонликлар содир этилади. Айниқса, қиз-аёлларга қарши зўравонликлар киши нафратини келтиради.

Зўравонлик ҳақида белги бериш бизнинг жамият учун бегонами? Жабрдийдалар ёрдам сўраш тугул, қўрқиб чорасиз қолганидан атрофдагиларни хабардор қила оладими?

Кўп ҳолларда улар сўзлар билан ёрдам сўролмайди. Акс ҳолда, зўравон янада важоҳат билан ҳаракатланиши, қаршисидаги одамга кўпроқ зарар етказиб қўйиши мумкин.

2020 йилнинг апрелида канадалик фаол аёллар фонди томонидан ёрдам сўраш сигнали тақдим этилди. Ушбу сигнал кўрсатишга қулай, хавфсиз ва осон деб тан олиниб, халқаро миқёсда қўлланила бошланди. Халқаро ёрдам сигнали қўл билан кўрсатилади. Бунинг учун жабрланувчи аввал бош бармоғини, кейин қолган 4 бармоғини кафтига букиш керак. Ушбу ҳаракатлар қўл кафтини ташқи тарафга ўгирган ҳолда, атрофдагиларнинг эътиборини тортгунга қадар, шу билан бирга зўравонга сездирмасдан амалга оширилиши лозим.

Ёрдам сигналидан фойдаланишда қуйидаги муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:

Агар сиз уйдан чиқолмайдиган вазиятда бўлсангиз, сигнални видео-камералар орқали иккинчи томонга етказишингиз мумкин;

Очиқчасига ёрдам сўраш ёки бақириш кўп ҳолларда зўравонни баттар қуюшқондан чиқариши мумкин. Яхшиси, атрофдагиларнинг эътиборини уларни туртиб жалб қилиб, кейин қўллар билан орқадан хавф ҳақида хабар берган маъқул;

Ушбу ишорага кўзингиз тушса, ўша заҳоти ИИВнинг қисқа рақамларига қўнғироқ қилинг. Агар ўзингиз зўравонлик қурбони бўлсангиз, ушбу ҳаракатларни агрессордан яширинча, атрофдагиларга тушунтиринг.

БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ва “Сукут сақлама” зўравонликка қарши курашиш лойиҳасининг муаллифлари иштирокида Тошкентда “Умидани чақиринг” ижтимоий лойиҳаси йўлга қўйилган. Ҳамкорлик қилувчи ташкилот филиалларига лойиҳанинг логотипи қолдирилган. Ўша ҳудуддаги таъқибга учраган аёл-қизлар логотип туширилган жойларда “Умидани чақиринг” калит сўзини айтиб, вақтинчалик ҳимояга эга бўлиши мумкин.

“Умидани чақиринг” лойиҳасининг асосий мақсадларидан бири, кўча таъқиблари, тазйиқлари ва шилқимликларини қабул қилмаслик маданиятини шакллантиришдир. Кейинги ўринларда эса, фуқароларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, қизлар ва аёллар учун хавфсизликни таъминлашдир.

Бу лойиҳанинг оммалашиши учун кўплаб ташкилотлар кўнгилли сифатида қўллаб-қувватлашмоқда. Масалан, “KORZINKA” супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов, “ТESTO by Zamira&Cо” компанияси ҳаммуассиси Замира Раҳманова, “Caravan Group” ресторанлар тармоғи асосчиси Тимур Мусин, “Cyber Arena”нинг ривожланиш бўйича директори Виктор Ли, “ТЕАМ” университети, “Ground Zero” маркази вакиласи — Шаҳноза Усмонова шулар жумласидандир.

Тошкент шаҳрининг ўзида ушбу лойиҳа асосида 300 дан ошиқ хавфсиз жойлар яратилган. “Умидани чақиринг” лойиҳасининг махсус ёрлиғи мавжуд бўлиб, хавфни сезган бирор киши ушбу ёрлиқ ёпиштирилган ташкилотга кириши ва сигнал сўз орқали ёрдам сўраши мумкин. Ушбу хавфсиз жойда жабрланувчилар маълум вақт давомида ўзларига келиб олишлари ва ўзини батамом хавфсиз ҳис қилганда у ердан кетишлари мумкин. Вояга етмаган шахслар эса ёлғиз у ердан чиқиб кетиши тавсия этилмайди. Ушбу ҳолатда ташкилот ишчилари томонидан уларнинг ота-оналари ёки милиция ходимларига мурожаат қилинади.

Аҳолининг бу ишора билан қанчалик таниш эканини билиш учун тармоқларда сўровнома ўтказилганда, бу белги ҳақида кўпчилик маълумотга эга эмаслиги аён бўлди. Биладиганлар эса ижтимоий тармоқларда қисқа видеолар кўриб эслаб қолган. Чекланган доирада ўтказилган сўровнома асл вазиятни баҳолаш учун, албатта, етарли эмас. Қолаверса, унда, асосан, ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчилари ўз фикрини билдирган. Аммо бизда интернетдан фойдаланмайдиган аҳоли қанча?! Улар бу белги бўйича қандай маълумотга эга бўлсин?! Муаммолар, уларнинг ортидан пайдо бўладиган саволлар ҳам етарлича…

Ушбу ишора яратилган-у, лекин бу ҳақида аҳолида тушунча бўлмаса, жабрланувчи ишора қилган тақдирда ҳам, эътибордан четда қолиши мумкин. Аввало, бу ишорани қўллаш тартиби ҳақида барчада етарлича кўникма бўлиши зарур. Нафақат пойтахтда, балки мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам хавфсиз, вақтинчалик бошпаналар яратилиши, бу лойиҳа ишлаши бутун мамлакатни қамраб олиши зарур. Оилада ёрдам сигнали ишорасини ўргатиб, унинг қандай вазиятларда қўлланиши бўйича маълумот бериш керак.

Зўравонликка учраган одам қандай йўл тутиши кераклиги ва хавфсиз ёрдам сўраш усуллари бўйича барча таълим муассасаларида, ижтимоий роликларда, оммавий ахборот воситалари ва кўчалардаги ташқи рекламаларда ташвиқот қилиниши келгусида хавф-хатарларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − two =