Замонавий адабиётда Бобур сиймоси

Бугунги ва келгуси авлод буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини улуғ шоир ва давлат арбоби, қомусий асар муаллифининг “Бобурнома” китоби билан бир қаторда атоқли адиблар Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи, Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романи каби қатор бадиий, илмий-оммабоп асарлар орқали ёрқин тасаввур этадилар. Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университети тадқиқотчиси, филолог олима Юлдуз Каримованинг “Бобур образининг лиро-эпик ва эпик талқини” деб номланган монографиясини мутолаа қилган ўқувчи буюк аждодимизнинг ўзига хос янги қирраларини кашф этади.
Монографияда қайд этилганидек, жаҳон адабий-назарий тафаккурида якдил эътироф этилган бадиий адабиётнинг оммавийлик характери ҳар бир миллат тарихини бадиий ифода этиш асносида ўтмишда яшаб ўтган буюк инсонларнинг ҳаётини китобхонларнинг катта аудиториясига яқинлаштирмоқда, ёрқинроқ таништирмоқда. Дунё адабиётшунослигида буюк тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолияти акс этган бадиий асарларда устувор мезон сифатида илмий-эстетик концепция ва умумбашарий қадриятлар талқини поэтик аспектда ўрганилмоқда. Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки дамларидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий-ижодий меросини, давлатчилик ва саркардалик фаолиятини кенг ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Зотан, ноёб истеъдод соҳиби бўлган, мумтоз тарихий сиймо сифатида умумжаҳон эътирофига сазовор бўлган Бобур мирзо образини бадиий талқин этиш, бу дилбар шахс бадиий образининг даврлар, адабий жанрлар кесимида илмий таҳлил этилиши эътиборга моликдир. Зеро, ўтган аср адабиётига назар ташласак, Бобур мирзо адабий меросига, шахсиятига мурожаат қилиш жадид боболардан Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат ижодида ҳам кузатилади. XX асрнинг иккинчи ярмида атоқли адиблар Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи ва Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романи, “Саодат соҳили” қиссаси улкан воқелик бўлганини кенг китобхонлар оммаси бирдек эътироф этмоқдалар.
Мазкур илмий тадқиқотнинг мақсади — ўзбек адабиётида Бобур мирзо образи бадиий талқинини тадрижий изчилликда очиб бериш, даврлар силсиласида шоҳ ва шоир Бобур мирзо шахсига ёндашувдаги етакчи тенденцияларни аниқлаш ҳамда уларнинг талқинга таъсирини кўрсатиб беришга қаратилган.
Адабиёт ихлосмандларига яхши маълумки, таниқли адиб Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили” қиссасида трагик моҳият асар бадииятини, образ ҳаққониятини таъминлагани сезилиб турибди. Тадқиқотчи ўз илмий ишида муаллиф танлаган йўлни теран илмий таҳлил этишга ҳаракат қилади. Шу аснода илмий ишда биографик, қиёсий-тарихий, социологик, психологик таҳлил усулларидан етарли даражада фойдаланилган.
Монографияда “Саодат соҳили” қиссаси бадиий трагизм муаммоси нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Унда қаҳрамон, давр, муаллиф трагизми қаторида “трагик рецепция” назарий тушунчасига илмий нуқтаи назардан теран ва холис баҳо берилади. Бобур мирзонинг трагик қаҳрамон сифатидаги маънавий-руҳоний қиёфаси аниқлангани эътироф этилади. Унда Бобур мирзо образи яратилган асарларда ҳар бир даврга хос тамойиллар теран таҳлил этилган. “Бобурнома”да муаллиф образи ҳамда унинг зоҳирий ва ботиний қатламларининг асосланиши илмий ишнинг ўзига хос ютуғи ҳисобланади.
Муаллиф Бобур мирзонинг “Бобурнома” асарида автобиографик мемуар талқин қай даражада намоён бўлганига алоҳида эътибор қаратади. Унда тарихий фактлар поэтик руҳ ила тасвирлангани таҳлил этилади. Бобур мирзо сиймосининг эпик тасвирини ўрганишда “Бобурнома” ва “Юлдузли тунлар” асарлари қиёс ва талқин этилиб, “Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили” қиссасида трагик қаҳрамон — Бобур мирзо руҳияти тадқиқ қилинади.
Шу ўринда айтиш жоизки, “Юлдузли тунлар” ва “Бобурнома” асарлари қиёсий таҳлилига оид илмий ва илмий-оммабоп мақолалар кўп ёритилган. Юлдуз Каримова бу мавзуни анча чуқур ва теран очиб бергани эътиборга моликдир. Муаллиф адиб Хайриддин Султон ижодида Бобур мирзо образи муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратар экан, таниқли адибнинг “Йўлбарснинг туғилиши”, “Ой ботган паллада”, “Паноҳ”, “Тавба” каби ҳикоялари, “Бобурнинг тушлари” бадиҳаси, “Саодат соҳили” қиссаси, “Бобурийнома” маърифий тарихий-биографик романи Бобур мирзо мавзуси ёзувчи ижодида ғоят муҳим ўрин тутишини кўрсатиб беради. “Саодат соҳили” қиссасида Бобур мирзо умрининг сўнгги йиллари қаламга олинганлиги учун ҳам трагик моҳият асар бадиийлигини, образ ҳаққонийлигини таъминлайдиган мақбул йўл эканлигини билган муаллиф адашмаган, деган хулосага келинади. Дарҳақиқат, “Саодат соҳили” қиссасида Бобур мирзо образи муваффақиятини таъминлаган жиҳат — бу трагик пафосдир. Ушбу қиссада ўзининг бадиий салмоғига кўра Бобур мирзо образи билан тенг турадиган Ҳофиз Кўйкий образи бор. Ой Қуёшдан нур олиб, равшан тортиб тиниқлашгандек, Ҳофиз Кўйкий Мирзо Бобур кўнгил олами, инсоний ва ижодий даҳосига мос тушадиган тафаккури, фаҳми билан унга шуъла ташлайди, бошдан-оёқ ёритади, дея пурмаъно хулоса қилади тадқиқотчи. Унинг фикрича, қиссадаги пейзаж тасвири, табиат манзараси, психологик портрет ҳам қаҳрамон трагизми ифодасига, трагик тасвирга хизмат қилган: “туйқус шивирлади”, “паришон ўлтирарди”, “оғир тин олди”, “ҳасратли товуш билан сўзларди” каби қаҳрамоннинг ўта драматик ҳолатини ифодаловчи сўзлар Бобур мирзонинг руҳониятида кечаётган зиддиятли оғриқлар, сўнгсиз изтироблар, курашларнинг сийратдан суратга кўчган ифодасидир. Илмий тадқиқотда ёзувчи Хайриддин Султоннинг асар тили борасидаги маҳоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Монографияда эътироф этилишича, “матндаги ҳар бир сўз ва сўз бирикмаси бир-бирига моҳирона пайвандланган. Мухтасарлиги, мўътабарлиги, мартабасига кўра ўз ўрнида ишлатилган бу сўз ва сўз бирикмаларини матндан ажратиб олсак, улар шу туришда ҳам Бобур мирзо руҳониятига ва ёзувчининг бадиий ниятига очқич вазифасини ўташига гувоҳ бўламиз”.
Монографияда қайд этилганидек, “Саодат соҳили”да трагик қаҳрамон — Бобур мирзо руҳониятининг инкишофи қуйидаги муҳим хулосаларга таянади: “Саодат соҳили”да истифода этилган “беш кунлик гуноҳкор умр” ибораси ёзувчининг шунчаки бадиий топилмаси эмас, балки бу ибора Бобур мирзонинг ҳаётий қарашлари, умр фалсафасининг талқинидир.
Тадқиқотчи ўз илмий таҳлилида адиб Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили” асарида нафс, кибр, мунофиқликни инсоний камолотнинг залолати, “Тенгри қошида осий” қолишнинг сабаби деб билган Бобур мирзонинг ботиний дунёсини ўқувчига ёрқинроқ кўрсатиш учун Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асаридан фойдаланганини теран ифодалаб беради. Инчунин, “Саодат соҳили” қиссасида Бобур мирзо фожеийлигини ичдан ёритиб турган яна бир сиймо Бобоқул — Бахшитурк образи эканлиги таҳлил этилиб, адиб асарда Бобоқул — Бахшитуркнинг руҳий ҳолатини, ғайришуурий хатти-ҳаракатларини ҳам Ҳофиз Кўйкий назаридан ўтказиб, унинг ақл-тафаккур тарозисига қўйиб, ўқувчига тақдим қилади, деган хулосага келинади.
Муаллиф таҳлилига кўра, адиб Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили” қиссасида Бобур мирзо умрининг сўнгги йиллари қаламга олинганлиги учун ҳам трагик пафос асар бадиийлигини, образ ҳаққонийлигини таъминлашга тўлиқ хизмат қилган. Қисса бадиий концепцияси, асосан, Бобур мирзо ва Ҳофиз Кўйкийнинг одам ва олам ҳақидаги фалсафий, маънавий, диний ва дунёвий суҳбатлари мағзида очилади. Бобур мирзо шахсининг фожелиги ва айни пайтда улуғворлиги ҳам аксарият шу суҳбатлар фонида намоён бўлади.
“Бобур образининг лиро-эпик ва эпик талқини” монографиясида қайд этилганидек, беш асрдан зиёд вақт ўтибдики, маърифатли дунё Бобур мирзони бир зум бўлса ҳам унутгани йўқ, аксинча, уни билиб, ўрганиб, англаб, каломидан камол топиб, маънавият пиллапояларидан юқорилаб бормоқда.
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика ва ўзбек филологияси факультети доценти, филология фанлари номзоди.