Нодира Рашидованинг “Усмоннома”си

Ушбу китобни ҳаяжон билан ўқиб чиқдим ва асар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимни баён қилишни истадим. Роман муаллифи Усмон Носирнинг жияни Нодира Рашидова болалар шоири, драматург ва олим Ўткир Рашид оиласида туғилган. Онаси Роҳатхон Усмон Носирнинг туғишган синглиси эди.

Усмон Носир — 1912 йил 13 ноябрда Наманганда таваллуд топади.  Унинг отаси Маматхўжа Наманганга илми билан донғи кетган домла эди. Онаси — Мулла Адҳам Охунднинг қизи Хонима бибини эркалашиб “Холамбиби отинча” деб аташарди. Улар Лутфий, Навоий, Машраб, Бедил, Бобур, Фузулий каби ҳазратларнинг ғазалларини ўқиб тонг оттирардилар. Кўриниб турибдики, Усмон Носир илмлилар оиласида дунёга келган.

“Баҳайбат оппоқ от”

Бола қирқ кун онасини эммади. Холамбиби кўз ёшини ҳеч кимга кўрсатмай, зор-зор йиғларди (сабаби, биринчи фарзанди нобуд бўлган эди).

Шу зайлда қирқ кун ўтиб, чақалоқнинг чилласи чиқди. Қирқ биринчи куни овозини борича биғиллаб йиғлай бошлайди ва онасини эма бошлайди. Бола илк бор онасини тўйиб эмди. Онасининг кўзидан тўкилаётган ёшлар боланинг кўйлакчасига тўкилар эди. “Отинча, кўз ёш қилиб болани эмизманг”, деган танбеҳ эшитди. Гўдак тўйгач, ухлаб қолди. Холамбиби уни кўрпачага ўраб олди ва бағрига босди. Диққат билан эътибор беринг: “Она умрбод шундай ўтиришга тайёр эди”. Ўғлининг юзига термилиб, кўз ёшларини тўхтатолмасди. Бу аламу севинч, армону шукроналикнинг кўз ёшлари эди.

Усмонхон оддий болалар каби ўсди. Кунларнинг бирида бола йўқолиб қолади. Маматхўжа хотини ва яна уч-тўрт киши билан бирга Наманганга кираверишдаги осма кўприк тагига боришди. Не кўз билан кўрсинларки, Усмонхон тупроққа беланиб тамшаниб ўтирар, ёнида эса баҳайбат оппоқ от болани қўриқлаб турарди. Маматхўжанинг дуоси билан от ғойиб бўлади. Холамбиби болани бағрига босганча дағ-дағ титрар, бу сирнинг тагига етолмай васвасага тушган эди. Маматхўжа оғир дардга чалинади ва кўп ўтмай вафот этади. Орадан бир муддат вақт ўтгач, Холамбиби Усмонхонни олиб ота уйига кўчиб ўтди.

“Носиржон ҳожи оиласи”

Никоҳ вақтида Усмонхонни тиззасида олиб ўтиришга рухсат сўрайди.

Носиржон аввал Анорхон исмли аёлга уйланади. 1902 йилги Андижон зилзиласида ҳомиладор Анорхон вафот этади. Носиржон қаттиқ тушкунликка тушади. Шундан сўнг Носиржон муқаддас сафарга кетади. Салкам 14 йил деганда Миср, Эрон, Ироқ, Шом, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон каби давлатларни кезиб, ўз юртига қайтади. Орадан бир оз вақт ўтиб, унга яна уйланишни таклиф қилишади ва Холамбиби отинча, яъни Усмонхоннинг онасини тавсия қилишади. Никоҳ вақтида Усмонхонни тиззасида олиб ўтиришга рухсат сўрайди. Аллоҳнинг қудрати ила улар яна меҳрибон ва зиёлилар хонадони аъзосига айланишди. Усмонхонни Носир ҳожи ўз фамилиясига олди.

Асарда шоирнинг ёшлигидаги фаолияти, қариндош-уруғлар, сингиллар билан муносабатлари ва уларга унинг меҳрибонликлари ҳақида жуда катта эътибор берилган. Айниқса, асарнинг биринчи қисмида 1900 йилларда ўзбек миллатининг қандай яшаганлиги, (большовойлар таърифлагандек) “биров биров”га қул эмаслиги, аксинча, жуда маънавиятли ва маданиятли халқ бўлганлиги, халқ камбағалми, бойми, бир тан-бир жон бўлиб яшаши, мискинлар учун бойлар хонадонида ҳар куни катта қозонларда таом пиширилиши (ҳатто бойлар ҳам шу таомдан еганликлари) бошқа бир асарларда ўқимаган бўлсам керак, менга бошқачароқ туюлди. Шаҳар-қишлоқлардаги айвонлар, чорпоялар, чиройли ва шинам уйлар таърифи, тўғриси, мени лол қолдирди. Ўша даврда яшаган аҳоли (большовойлар таърифлаганидек) оми, саводсиз бўлмасдан, балки жуда катта диний ва дунёвий билимга эга эканликлари асарда кўриниб турибди. Улар Лутфий, Навоий, Фузулий ва алломаларнинг асарларини ёддан билишган ва кейинги авлодга етиб боришида кўприк вазифасини бажарганликлари кўриниб турибди.

1930 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг инон-ихтиёри, яъни жилови тўлалигича хавфсизлик органлари қўлига топширилиб, мавжуд ҳукумат чекистларнинг қўғирчоғига ташкилотига айланиб улгурган эди.

“Айбинг — талантинг, истеъдодинг. Айбинг — Усмон Носирлигинг”

“Начора, тушкунликдан чиқишга интилиб топган бу билимимиз бизга жуда қимматга тушди. Саҳармардонларда отилган юзлаб маҳбуслар, бегуноҳ инсонлар судраб келиб тиқилган зах қамоқхоналар, миллионлаб фарзандларининг мурдаси сасиб ётган Европа тупроғи; буларнинг бари — муносиб ўлишга ўрганиш учун тўланган мудҳиш товондир”. (А.Камьюнинг “Олмон дўстимга мактублар” асаридан).

Эътибор қилинг, “Усмоннома”нинг энг ачинарли қисми шу жойдан бошланади. Асарни мутолаа қилиб борган сари китобхон қалби ларзага туша бошлайди. Ўз-ўзидан асабийлаша бошлайди. “Ишқимнинг энг олий туҳфаси — шеърим” деб ёзган шундай буюк шоир Сталин қатағони қурбони бўлди.

Тўғриси, асарнинг қамоқ қисмини ўқишни анча пайсалга солиб юрдим. Сабабини ўзимча баъзи бир баҳоналарга йўйдим. Аслида эса асарнинг давомини ўқиш учун ўзимда журъат топа олмасдим. Бунинг боиси “Усмоннома” асарини ўқиган китобхонлар билан суҳбатим давомида шунга амин бўлдимки, шоирнинг қамоқхонадаги даврлари китобда жуда ҳам таъсирли қилиб ёзилганини эшитдим. Ҳатто умрининг охирида унинг бармоқлари ҳам қолмаганлиги (бўр билан бетон деворга ўйиб ёзаверганлигидан бўлса керак), таомни фақатгина ҳидлай олганлиги, ейиш учун қуввати қолмаганлиги мени қаттиқ изтиробга солди. Баъзи бир китобхонларнинг фикрича, улар китобни фақат кўз ёш билан ўқишганлигини айтишди. Шундай бўлса-да, асарнинг иккинчи қисмини ўқишга киришдим. Нега? Нега? Нега? Нега? Нима учун? Албатта, бу поёни йўқ саволларга жавоб топиш учун асарни ўқиб чиқиш керак. Асарнинг иккинчи қисми ҳақида гапирмоқчи эмасман. Шоир тортган азоблар, изтироблар, қийноқлар ҳақида гапиришим оғир. Чунки менинг хотирамда асарнинг биринчи қисмида тасвирланган ШОИРнинг қувноқлиги, серғайратлиги, сўзамоллиги, ҳозиржавоблиги қандай тасвирланган бўлса, шундай қолишини истардим.

“Усмоннома” – менинг энг севимли китобларимдан бирига айланди.

Улуғбек ТЎЙЧИЕВ,

Чортоқ туман ахборот-кутубхона

маркази хизмат раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 8 =