Янги ва яхши китоб ўқиш қувончи

Меванинг эртакиси бошқача бўлади. Қаҳратон қишдан кейин “интизорлик торта-торта” етишган неъматни қўлга олганлар “омонлик-сомонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик”, деб кўзга суради. “Тилда, фикрда, ишда бирлик!” тўплами ҳам “Jadid” газетасининг матбуотимиздаги “эрта пишар нав” эканини кўрсатиб берди.

Бир йиллик ижод маҳсулининг қаймоғи йиғилган китоб рангли, безакли, сифатли ҳолда нашр этилган. Ҳам қоғознинг, ҳам сўзнинг салмоғи бор. Таниқли ижодкор Икром Бўрибоев таъбири билан айтганда, яқин одамингизга ҳадя сифатида берсангиз арзийдиган муҳташам тўплам. Аммо шундай китобни қўшқўллаб бериб юборадиган мард борми? Бор экан.

Керак пайтда керакли жойда бўлишнинг ҳикмати кўп. Бахтли тасодиф туфайли камина “Jadid” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг хонасида шундай вақтда пайдо бўлдимки, ҳурматли ижодкоримиз олтин ёмбисидек тахлаб қўйилган китоблардан бирини ҳадя қилди.

Китобни пойтахти азим кўча­ларида, метрода, университетда намойишкорона олиб юрдим. Кўрганлар ҳавас ва ҳайрат билан қаради. Ўзимча ўйладим: буям бир тарғибот-да.

* * *

Одатда бу каби нашрлар ташаббускор ва ҳомийларга мин­натдорлигу мақтов руҳидаги муқаддимадан бошланади. Йўли шундай бўлса керак, ҳар ҳолда одамларга шукур қилмаган, Яратганга ҳам шукур қилмайди, деган ҳикмат бежиз эмасдир. Бандага шукур эса миннатдорлик кўринишида бўлади.

Ушбу китоб эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг газета таҳририятига йўллаган табриги билан очилган. Гўё Давлатимиз раҳбари янги газета ва у орқали зиёлиларимизга ишонч ёрлиғини топширгандай.

Шунингдек, “Jadid”нинг ташкил этилиши Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровдек устоз қаторида Султон Раев сингари халқаро миқёсдаги арбобларнинг қувончига сабаб бўлгани ўзгача ифтихор ҳиссини бағишлади.

Аксар ўқувчилар каби, аввало, дизайн эътиборимни тортди. Суратлар жуда сифатли, сунъий интеллект ёрдамида чизилган расмлар ҳам ўзгача чирой бағишлаган. Замон билан ҳамнафас ижод. Хусусан, Абдулла Аъзам, Ҳалима Худойбердиева, Султон Раевларнинг суратларида ажиб бир маҳобат кўрдим.

* * *

Матнлар ҳам бегона эмас: 2024 йилда ўқиганимиз мақолалар, тадқиқотлар, шарҳлар, суҳбатлар, репортажлар, тақризлар, эсселар, нутқлар ва бошқалар.

Модомики, барчаси вақтли матбуотда, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда эълон қилинган экан, уларни бир муқова остига жамлаш эҳтиёжи бормиди? Ҳа, бор экан! Шиддатли асримизда газетанинг йиллик тўпламини кўтариб юришни тасаввур қила оласизми? Мабодо, бирон материал зарур бўлса 52 та сонни варақлаб чиқишни-чи? Интернетдан қидириш учун ҳам ҳеч бўлмаганда сарлавҳа ё муаллифни эслаб қолиш керак. Таҳририятдан ҳам сўраса бўлади, аммо у ердагиларнинг вазифаси беминнат хизмат кўрсатиш бюроси ходимлариникидан фарқ қилади…

Агар юқоридаги сабаблар бўл­маганда ҳам барибир, янги ва яхши китобнинг чоп этилиши ижобий ҳодисадир. Айниқса, ёшлар учун тайёр қомус, ижодкорлар учун маҳорат дарслиги. Мисол учун айтаман-да.

Мутолаадан сўнг китоб мун­дарижасидан баъзи саҳифаларни белгилаб қўйдим:

  1. Абдулла Аъзам. “Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл…”
  2. Абдуқаюм Йўлдошев. Ҳалима ҳам ўтиб кетди, билмадик.
  3. Оқил Салимов. Сизга берилган имкониятни асранг!
  4. Муяссар Иброҳимова. Мате­матика масалани ҳаётдан олади.
  5. Назир Муҳаммад Айяд. Гло­баллашув жараёнида Ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик.
  6. Баҳодир Искандаров. Бас қилинг, эй “меҳри дарё” оналар!
  7. Зарнигор Иброҳимова. “Бо­бурнома” Данте диёрида.
  8. Икром Бўрибоев. Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!

Қисқа рўйхатнинг ўзида кимлар йўқ дейсиз? Академик, ёзувчи, шоир, журналист, ижтимоий тармоқ фаоли… Турли ёш вакиллари. Шунинг ўзи ҳам китобнинг ранг-баранглигини, мақолалар холис танланганини билдиради.

* * *

Баъзилар насрий ва назмий асар­ларга меҳр кўп кўргузган ҳолда публицистик китобларга андак нопи­санд қарайди. Худди мақолаларда эслаб қолишга, тагига чизиб қўйишга лойиқ гаплар бўлмайдигандай. Дарвоқе, кўп қатори китоблардаги ўзимга ёққан сатрларнинг тагига чизиб, бошқаларга ҳам улашаман.

“Тилда, фикрда, ишда бирлик!” тўпламида ҳам ана шундай парчаларга дуч келдим. Номининг ўзи бутун ҳикмат!  Қуйида ён дафтарга кўчириб қўйганларимдан айримлари:

Хайриддин СУЛТОН,

ёзувчи:

“Шу аснода беихтиёр бир савол туғилади: биз нега енгил-елпи томошаларни сақич чайнаб, бодроқ кавшаб кўриладиган концерту фильмларни хуш кўрамиз? Сабаби оддий — улар бизни ўйлаш, фикрлаш деган ташвишдан халос қилади.

Мумтоз санъат эса бунинг аксидир. У шунчаки ҳордиқ чиқариш воситаси эмас, аввало, қалб сўроғи, виждон қийноғидир.

Мумтоз санъат асарлари одамзотни ҳаёт ҳақида ўйлашга ундайди, охират куни савол-жавоб муқаррар эканини эсга солади. Дунёга келиб ҳалол-пок яшадимми, ота-онам олдидаги қарзимни уздимми, фарзандларимга тўғри тарбия бердимми, халқ, миллат, Ватан олдидаги бурчимни адо эта олдимми, деган оғир-оғир саволларни ўртага ташлайди. Xoҳласак-хоҳ­ла­масак, бизни шу ҳақда мулоҳаза ва мушоҳада юритишга, инсонлик мақомига қайтишга мажбур қилади…” (Икром Искандар. “Ўзбек миллий руҳи завол билмагай”).

Шавкат АЮПОВ,

академик:

“Математика масалани ҳаётдан олади ва уни математик усуллар билан ечиб, амалий равишда ҳаётга қайтаради.

…Мен доим математикани ўрга­нишда ўқитувчининг, айниқса, мактаб ўқитувчисининг ўрни жуда катта эканлигини таъкидлайман. Чунки бу фаннинг амалий аҳамияти тушунтириб берилса, ўзлаштириши паст болалар ҳам қизиқиб қолади. Аксинча, мураббий қолипга тушиб, фақат қоида ва теорема ёдлатиб, ўқувчиларнинг тушунмаган саволларига жавоб бермай дарс соатини ўтказса, қарабсизки, икки-уч дарсдан сўнг болаларда “Математика умуман тушуниб бўлмас фан экан”, деган нотўғри тасаввур ҳосил бўлади.

…Аслида математика кишини мантиқий фикрлашга ўргатади. Кўп­чилик бу фанни фақат ҳисоб-китоб машқи деб тушунади.  Аммо теоремани ёдлаб гапириб беришнинг ўзи етарли эмас. Аксинча, ҳар бир қоидани тушуниш, унинг исботини билиш зарур. Шундагина формулалар эсда қолади.

…Мактабда ўқитувчининг роли беқиёслиги шундаки, у математик муаммони ечгач, амалиётда бу нимага кераклиги, қаерда қўлланилишини тушунтириб бериши зарур” (Муяссар Иброҳимова. “Математика масалани ҳаётдан олади”).

* * *

Китобни хатм қилгач, яна муқовага қайтдим. Пастки ўнг бурчакка “1” ёзиб қўйилган. Демак, бу ҳали бошланиши, серия давом этажак. Ҳаракат қилиб яхши мақолалар ёзсак, ажабмас, кейинги тўпламларга биз каби каминаи камтаринлар ҳам кириб қолсак. Шунақа, зебо китобда исминг чиқса ана натижа-ю, қандай зўр рағбат! Насиб этсин.

Ҳақиқатан ҳам китоб “Jadid”­чиларнинг халқ ва давлат олдидаги илк катта ҳисоботи бўлди. “Сўзумни ўқуб англағайсен ўзумни”, деб ёзади ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад  Бобур. Шу маънода тўплам билан танишиб чиққанларда газетага баҳо бериш имкони туғилади.

Юртдошларимизни, юртимиз зиё­ли­ларини ҳақли равишда “Jadid”газетаси кутубхонаси” сериясининг бошланиши, илк китобнинг чоп эти­лиши ҳамда катта тақдимот билан чин юракдан қутласак арзийди. Ахир, “ҳамкасб ютуғидан қувонмоқ ҳам бахт” (Омон Матжон). Китоб устида меҳнат қилган барчага ташаккур!

Отабек БАКИРОВ,

“Yoshlar kundaligi” журнали муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − 1 =