Бугуннинг Тўмариси

Пойтахтимизнинг 16-сон шаҳар касалхонаси. Жарроҳлик столида ётибман. Дўхтирлар жонлантириш бўлимига олишди. Касалларнинг кўплиги, одамларнинг қийналаётганидан юрагим эзилди. Лекин шифокорларнинг уларга кўрсатаётган тезкор тиббий хизматларидан хотиржам бўлардим.
Дардим бироз енгиллашгач, бошқа шифохонага ётдим. Палатага кирганимда, 45-50 ёшлар чамасидаги аёл бор эди. Унинг жони озор чекаётгани юзларидан сезилиб турарди. Унга томчилатиб дори қўйишарди. Бироз кўнгли ёришди чоғи, телефонда кимларгадир топшириқ беришга тушди. Алланарсаларни сўраб-суриштирди. Ўқиш учун олган “Шарифа Салимова ва замондошлар” номли китобни сумкамдан чиқариб қўйдим. Камина китобдан “Тўмарис мутолаасидан сўнг” мақоласини ўқий бошладим: “Эрон шоҳи Кир ҳам, массагетлар маликаси Тўмарис ҳам ҳукмдор сифатида кўрсатилади. Тўмарисни оналик ҳисси қанча қийнамасин, у эл-юрт манфаатини шахсий истакларидан устун қўяди…” Ўқияпман-у, ёнимдаги аёлни кузатяпман. Шифохонада бемор ҳолида бўлса-да, одамлар учун қайғуряпти.
Орзулари ойдин Озода
Навоий шаҳри. 1978 йил, 19 май. Тоғ-кон металлургия комбинати ҳайдовчисига хушхабар келди. Рафиқаси Маликахоннинг кўзи ёрибди. Биринчи фарзанд — қиз кўришибди. Эр-хотин ўзида йўқ хурсанд. Унга Озода деб исм қўйишди. Йиллар ўтди. Маликахон шифокор. Гўдагини оқ ювиб, оқ тараб парвариш қилди. Ўрта мактабни тугатган Озода олий ўқув юртига ҳужжат топширди, омади чопмади. Онаси ишлайдиган шифохонага оддий ходим бўлиб ишга кирди. Ғайрати, ички ҳиссиёт, истак унга тинчлик бермади. Тиббиёт техникумига ўқишга кирди. Ўқиш жараёнида ўзи ишлаётган шифохонанинг жонлантириш бўлимида фаолиятини давом эттирди. Энди у назария билан амалиётни бирга олиб борар, одамларнинг меҳрини қозонарди.
…Озодага совчи келди. Қўшниси Зафаржондан. Юлдузи юлдузига тўғри келиб турмуш қуришди. Бир йил ўтгач ўғилли бўлишди. Жаҳонгир деб исм қўйдилар. Янги меҳмон оилага қувонч, барака олиб келди. Озода янги очилган туғуруқхона мажмуасига ишга ўтиб, кадрлар бўлимини бошқарди. Озодахон меҳрибон, қўли енгил тиббиёт ходими бўлганлиги боис бувисига жуда ёқарди. Робияжон бувисининг кўзи ожиз бўлгани учун неварасидан бағоят хурсанд бўлиб дуо қиларди. “Бахтли-тахтли бўлгин, юрт корига ярагин”, деб.
Иккинчи фарзанд — Жавлонбек туғилди. Истаган имкон топади. Озода ишни ҳам, рўзғорни ҳам қойилмақом уддалади. Аллоҳ яна ўғил неъматини берди. Жўрабек деб исм бердилар. Бола тарбияси билан шуғулланиш учун уйда бекалик қилди.
Улар яшаётган кўп қаватли уйга Тошпўлат ака деган инсон раҳбарлигидаги ширкат хизмат кўрсатар эди. Аҳоли унинг устидан шикоятлар ёзишарди. Бир куни шаҳар ҳокими келиб, йиғилиш ўтказди. Унда қатнашаётган Озода ширкат раҳбарлиги қийин, масъулиятли вазифа эканини айтди. Ишни тўғри йўлга қўйиш учун кўплашиб, биргалашиб иш тутиш лозимлиги, ҳомийлар қидириш, маблағ топиш зарурлигини таъкидлади. Бу гаплар ҳокимга маъқул келди.
Кўп нарсани тушунар экансиз. Ўн кун Тошпўлатнинг ўрнида ишлаб туринг, — деди шаҳар ҳокими.
Озода ёш боласини онасига қолдириб, ишга тушди. Ўйлаб-ўйлаб ўша вақтда Навоий вилояти ҳокими бўлган Эркин Турдимовнинг қабулига борди. Вилоят раҳбарига аҳволни тушунтирди: хонадонлар яхши исимайди; канализация яхшимас; ертўлалар бир аҳволда…
Ҳоким муаммоларни эшитиб бўлгач, ҳеч қандай ваъда бермади. Озода ҳафсаласи пир бўлгандек вилоят мутасаддиси қабулидан чиқиб кетди. Орадан тўрт-беш кун ўтиб масалага алоқадор барча масъуллар билан бирга вилоят ҳокимининг ўзи ҳам келди. Улар орасида тоғ-кон металлургия комбинати директори каби катта ташкилот раҳбарлари ҳам бор эди. Эркин Турдимов уларга ширкатни моддий қўллаб-қувватлаш зарурлиги тўғрисида таклиф берди.
— Маблағ берамиз, лекин барча ишни ўзингиз қиласиз, — деди ҳоким унга ишониб.
Озода ишга киришди. Дастлаб 40 метр баландликдаги 300 кублик минора қурдирилди, иситиш қозони ўрнатилди. Кўп қаватли уйда умумий 72 хонадон бўлиб, 420 нафар аҳоли яшарди. Оқова сув ариққа тушарди, 300 кублик чуқур қазилгач, оқава сувлар ўша чуқурга оқизилди. Ертўлалар тозаланди, ноқонуний қурилган товуқхона, қўйхоналар бузилди. Ўрнига кўчат экиб, боғ яратилди. Аҳолига ер берилди. Суғориш тизими барпо этилди. Уйнинг томи, йўлаклар таъмирланди. Йўлак эшиклари янгиланди, чироқ ўтказилди. Болалар майдончаси бунёд этилди. Буларни кўрган вокзалдаги икки қаватли 4 та уй ҳам ширкатга қўшилди. Улар ҳам хароб эди. Озода тез орада уларни ҳам таъмирлатиб, гулдек яшнатиб қўйди. Хурсанд бўлган аҳоли коммунал тўловларни ўз хоҳишлари билан тўлай бошлашди. У чинакамига халқ ишончига кирди. Бошқа кўп қаватли уйлар ҳам қўшилиб, сони 30 тага етди. Ширкатлар ўртасида ўтказилган тендерда ютгач, яна 6 та ширкат қўшилди, шунинг ҳисобига энди у бошқарадиган кўп қаватли уйлар 150 тага етди.
Халқнинг меҳри тиниб-тинчимас раҳбарга куч бағишларкан. Ертўлаларни таъмирлаб, тадбиркорларга берди. 150 дан ортиқ ишчи ўрни яратилди. Ортиб қолган маблағларга зарур жиҳоз, техникалар сотиб олди. Хизмат сифатини яхшилаш учун кичик электромобиллар сотиб олди. Ҳатто чиқиндиларни ҳам вақтида олиб чиқиш учун ахлат ташийдиган иккита машина харид қилди. Шу зайл 30 дан зиёд сервис хизмати ташкил қилинди. Айниқса, коронавирус пандемияси пайтида 150 нафар ходим аҳолига хизмат кўрсатди. Дори-дармон, егулик маҳсулоти етказиб берилди. Ҳатто машиналарни ювиш хизмати кўрсатилди. Аҳолининг розилиги ва олқиши янги-янги лойиҳалар сари йўл очди.
Кунларнинг бирида Навоийга коммунал соҳасини ўрганиш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари келди. Бошқа компаниялардан одамларнинг шикоятини эшитди. Аммо Озода Жўраева раҳбарлик қилаётган “Ҳумо уйлари” компанияси хизмат қиладиган уйларда истиқомат қилувчилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, ўз миннатдорчилигини билдиришди. Бу хизматлар учун фидойи раҳбар Озода Жўраева ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов ҳам “Ҳумо уйлари” компанияси фаолиятидан кўнгли тўлиб, Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат Навоийда ўз аксини топгани хусусида гапиргач, селектор йиғилишида Озодахон Жўраевага сўз берилди. У бажарган ишлари ҳақида батафсил ва дадил, фахр билан сўзлади. 2023 йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида уни Тошкентга – байрам тантанасига таклиф этишди. Байрам тадбирида Президентимиз фармонига кўра Озода Жўраева Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари этиб тайинлангани эълон қилинди.
Унга “Дўстлик” ордени тантанали тарзда топширилди.
Дил туғёни
Уни кузатиб турибману, шу жуссага шунча ақл, ғайрат, шижоат, матонат қандай сиққан экан деб ҳайратланаман. Республикадаги 43 мингта уй бирлашган ширкатларни бошқаришини тасаввур қиламан. Меҳнат фаолиятидаги натижалари эса сизни янада ҳайратга солади.
2024 йилда давлат бюджетидан пул олмасдан, бошқарув сервис компаниялари томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
2023 йилги тушумлар 461 миллиард сўм бўлса, 2024 йилда 799 миллиардга ошибди.
У ҳар куни эрталаб 2-3 соат томчи дори қабул қиларди. Кечга яқин эса ҳатто 5-6 соатлаб томчидонда ётарди. Тасаввур қилинг-а, бирор дақиқа тинчимасди. Худди иш кабинетида ўтиргандек ишини ўйларди. Барча вилоятларга алоқага чиқар, жойларда ишлар қай даражада эканлиги билан, таъмирлаш ишлари-ю, аҳоли томонидан шикоят бор-йўқлиги билан қизиқарди.
Озодадан одамлар ишончини қозониш ҳақида сўрадим.
— Ҳеч қачон одамларни алдамаслик керак. Аҳолини эшита билиш зарур. Раҳбар доим ўз сўзининг устидан чиқиши, айтганини бажариши лозим, – деди у.
Унинг сўзларини тинглаб туриб, китобдаги туркий қавмлар ўтмишда ҳам ҳамиша хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳамма нарсадан устун қўйгани, жамият ҳаётида, уни бошқаришда аёллар ҳам эркаклар билан баб-баравар иштирок этгани, босқинчиларнинг додини берган Тўмариснинг шижоати ва жасорати ҳақидаги ҳикоялар ёдимга тушди. Озоданинг хатти-ҳаракати довюрак Тўмарис момомизнинг шижоатига ўхшаб кетаётгандек туйилади. Озода уч ўғлига ҳам муносиб тарбия берди. Тўнғичи Жаҳонгир онаси йўлга қўйган “Ҳумо уйлари” компаниясини бошқармоқда. Келини Кумушой педагогика университетининг мактабгача таълим йўналишини тугатган, дарс беради.
Жавлон — тадбиркор. Келини Рушанахон Тошкентдаги фармацевтика институти талабаси. Ҳар иккала келинлари Озодага қизларидек сирдош ва маслаҳатгўй…
Кенжатойи Жўрабек аъло ўқиши, одоби билан ота-онасига раҳмат олиб келаётир.
Озода ота-онаси билан ҳар куни бир неча бор телефонда гаплашиб туради.
Фидойилик…
Тарихий китобларда кўп ёзилган. Тўмарис эл-юртга садоқатни нафақат жанг майдонида исботлаган, балки эл-юрт манфаатини устун билган, одамларга иззат-икром кўрсатишни ватанпарварлик деб билган.
Озодахон ҳам шундай аёл! Қаҳрамонимизнинг ташаббуси билан 2022-2024 йиллар оралиғида республикада мавжуд 11428 та лифтдан 1680 таси янгисига алмаштирилди. 2025 йилда яна 528 та лифт янгиланади.
Навоийда “Ҳумо уйлари” компанияси ҳам тобора эътибор топяпти, ривож топяпти.
Кечқурун Озодахонга қўнғироқ бўлди.
— Хўп бўлади, бораман. Тушундим, — сўнг менга қараб, — Эрталаб Бухорога учар эканман. Топшириқ бўлди, — деди.
— Муолажангиз тугамади-ку. Овқат ҳам яхши емаяпсиз. Бормасангиз бўлмайдими? — дедим.
— Опажон, иш кўп, нима ҳам қилардик, вазифамиз, — дея жавоб қилди. Тонгда соат олти яримда самолётга чиқишини ҳайдовчисига тайинлади.
— Тўғрисини айтсам, қомат, чирой ҳам, жасоратли ишларингиз ҳам, вужудингиз ҳам қаҳрамоннинг ўзгинаси.
— Аввало, халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Нимагаки эришаётган бўлсам, бувимдан олган беқиёс дуоларим туфайли деб ўйлайман, — деди Озодахон қаттиқ оҳангда.
Ҳа, дуо олсангиз, қўлларингизга дур тўкилгай, деган эди шоир. “Парвозингиз янада баланд бўлсин, саломат бўлинг, Аллоҳ сизни паноҳида асрасин, бугуннинг Тўмариси!”.
Республикамиздаги “Топ-35” (энг кучли хотин-қизлар рўйхати)дан жой олган Озода Жўраевани чиндан ҳам бугуннинг Тўмариси дегим келди…
Муқаддас АБДУСАМАТОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими.