Яхшилик шарофати

Улуғнор туманида “Бобуршоҳ” фермер хўжалиги раҳбари Қодиржон ота Қўзиевни ўқувчилар жуда яхши танийди. Ота деб ҳурмат қилишади. Узоқроқ кўрмасалар, соғиниб қолишади. Қодиржон ота эса уларни набираларим деб эъзозлайди. Тез-тез мактабга болажонларни излаб боради. Нега дейсизми?

Қодир ота болажон инсон. Яна китоб мутолаасини яхши кўради. Ўқиётганда учраган ҳикматли ибораларни, тарбияга молик шеърларни катта бир дафтарига ёзиб боради. “Набирамга насиҳатлар” дастури бўйича ўқувчилар билан учрашганда бу ҳикматлар асқатади.

У савобли ишни тумандаги 21-сонли умумтаълим мактабидан бошлади. “Набирамга насиҳатлар” деб номланган рангли тахлама (буклет)ни директорга кўрсатди. Донишмандларнинг илм, меҳнат, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятга молик дурдоналари жамланган бу иборалар хусусида анча гапирди.

— Бир кунни белгилаб берсангиз, “Набирамга насиҳатлар” дарсини ўтардим. Синфдаги энг аълочи ўқувчиларга совғаларимни берсам-у, йил давомида аълочиларнинг беш нафарига фермер хўжалиги номидан стипендия ажратсам?

Нуронийнинг бу таклифидан директор мамнун бўлди.

— Нима дердим? Зўр бўлади, ота. Таклифингиздан… гапнинг рости, қувониб шошиб қолдим. Бир соат эмас, имкон топиб, кўпроқ вақт ажратамиз.

Тайёрлаб боргани — рангли тахлама буклетларни болаларга тарқатди. Кўрган-кечирган воқеалардан сўзлади. Ҳикматларни шарҳлади. Ким илмга, ким ҳунарга қизиқишини билиб олди. Ўзи ҳақида маълумотлар берди.

Янгилик бошқа мактабларга ҳам тарқади. Отанинг муддаоси ҳам шу эди.

Режалари амалга ошаётганини турмуш йўлдоши, унга ҳамиша елкадош, хайрихоҳ Маҳфузахон аяга айтди.

— Яхши ўйлабсиз, дадаси. Энди режани кенгайтирайлик. Бошқа мактабдаги набираларингиз ҳам қолиб кетмасин.

Эр-хотиннинг юзларида нур балқди. “Набирамга насиҳатлар” доимийга кўчди.

— Болалардаги ўзгаришлар сезилди, – деди 21-мактаб директори Мадина Алимқулова. — Қодир ота мактабимизнинг энг яқин одамига айланиб қолди. Тумандаги барча мактабларнинг “ёшларни оилага тайёрлаш” сабоқлари ўтиладиган синф хоналарига турли пишириқлар тайёрлаш учун энг замонавий электр анжоми совға қилди.

— Ҳатто ўзи туғилиб ўсган Балиқчи туманидаги мактаб болалари ҳам отанинг набираларига айланган.

Қодир ота Қўзиевнинг “Набирамга насиҳатлар” дарси асосидаги қатор учрашувлар туман, вилоят, ундан ошиб республикага ҳам тарқалди. Гоҳ “ойнаи жаҳон”да, гоҳ радиода, гоҳ оммавий ахборот воситаларида Қодир отанинг чиқишлари уюштирилди. Хусусан, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида нуроний Нарзулла Муҳамматов, Қашқадарё вилояти Қарши туманидан нуроний Абдужалил Эшонқуловлар Қодир ота билан алоқа боғлаб, унга ҳавас қилганларини, агар ота тайёрлаган дастур ва рангли тахлама (буклетлар)нинг электрон вариантларини олишса, ўзлари кўпайтириб, ўқувчиларга тарқатиб, шу асосда улар ҳам “Набирамга насиҳатлар” мавзусида “уч авлод учрашувлари”ни ўтказишларини айтишди.

Яхшининг шарофати деб шуни айтадилар-да, Қодир отанинг ташаббуси энди уч вилоят ўқувчи ёшларига зиё, таълим-тарбия бериб қанот ёза бошлади.

Қодир ота 45 йил аввал чўлни ўзлаштириш учун Балиқчидан кўнгилли  бўлиб келган 2006 йилдан буён “Бобуршоҳ” деҳқон фермер хўжалигини бошқаради.

Улуғнор Андижоннинг деҳқончилиги мушкулроқ чўл зонаси ҳисобланади. Ерларидан зўрға 15-18 центнер пахта олинади. Инсондан чекинмаган чўл борми?! Фермер ўтган йили гектаридан 30 центнердан сифатли пахта хом-ашёси олди.

Бугун “Бобуршоҳ” фермер хўжалиги ерларида гул гиёҳи гуркираган, дарахтлари соя бера бошлаган. Бободеҳқонлар даромади кўпайган.

Қодир отанинг яна бир эрмаги — дарахту гул экиб кўкартиришни яхши кўради. Ҳар йили фермер хўжалиги маблағидан 50 туп, баъзан ундан ҳам кўпроқ кўчатлари билан учта-тўртта мактабга нуроний дўстлари билан бориб кўчат экиш тадбирини ўтказади. Болаларга табиат, атроф-муҳит тозалиги ва бу тозаликнинг инсонлар саломатлиги учун зарурлиги ҳақида тўплаган ҳикматли ибораларидан айтиб, мазмунини шарҳлаб ҳам беради.

Энг муҳими, дарахтларни экади-ю, шу бўйи “иш тамом” демайди. Дарахтлардан хабар олади.

Эккан мевали дарахтлари ҳосилга кирганда ҳосил олдидан мактаб аҳли Қодир отага илинадилар.

— Мактабдаги набираларим ўзи эккан дарахтидан фахрланиб мева кўтариб келганларидан хурсанд бўлдим, — дея севинади отахон.

Қодиржон ота юртимизда бу йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб номлангани шарафига ҳар йилгидан кўпроқ кўчат тайёрлаб, ташкилотлар, мактаблар, болалар боғчаларига улашди. Нуроний дўстларини ёнига олиб, кўчат экиш тадбирларини ўтказди.

Қодиржон Қўзиев каби саховатли нуронийлар дуогўйлар бор бўлсин! Уларнинг ҳаёти  ибрат мактабидир.

Замира РЎЗИЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 20 =