Ҳалоллик — умр безаги

Ҳалол бўлиш, ҳалол яшаш ҳамиша ноёб ва ибратли ҳодиса бўлган. “Ҳалол” деб ёзаяпман-у, лекин бу муқаддас сўзнинг замирида қанчалар машаққат, азоб-уқубат борлигини яхши англайман.

Ҳалол инсон бўлиш — жасорат. Ҳалолликда тимсолга айланиш эса қаҳрамонлик.

Ҳеч қачон ҳалоллик чала ёки кемтик бўлмайди. Айтайлик, ўзини ҳалол, деб кўрсатиб, зимдан пасткаш ишларни қилиб юрганларни ҳалоллар сафига қўшиб бўлмайди. Бундайлар кундузи масжидга бориб, тунда ўғрилик қиладиган тоифани эсга солади. Машҳур француз адиби Жорж Санд ёзганидек: “Ҳалолликнинг сотилгани — ўлгани”.

Ҳалоллик ҳақиқий ибрат билан намоён бўлади. Ҳалолликнинг ана шундай ёруғ ва фахрли йўлини танлаган, ўзини ва ўзлигини намоён қилиб келаётган шахслардан бири — таниқли олим, самимий ва етук зиёли, фалсафа фанлари доктори, профессор Саъдулла Отамуродовдир.

Саъдулла ака буюк олимлар ва ижодкорларга муқаддас макон бўлган Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида дунёга келган. У киши ўрта мактабни тугатиб, ТошДУ — ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг тарих факультетида таҳсил олиб, шу факультетда ўқитувчилик фаолиятини бошлаган.

Бўлажак олим 1978 йилда “Миллий маънавиятларнинг байналмилаллашуви” мавзусида номзодлик, 1992 йилда “Жамиятни янгилаш жараёнида миллий маънавият ва миллий ўзликни англаш” мавзусида докторлик илмий ишларини ҳимоя қилди.

Профессор Саъдулла Отамуродов 1991 йилдан буён Тошкент кимё-технология институтининг “Политология ва иқтисодиёт назарияси” кафедрасида самарали ва қизғин фаолият кўрсатиб келаётир. Бу серқирра педагогик фаолиятига ҳам ярим аср бўлди.

Шу кунларда ўзининг муборак 80 ёшини нишонлаётган Саъдулла Отамуродов аллақачон атоқли олимлар сафидан ўрин олган. Устоз олим шу кунга қадар 6 нафар фан доктори, 14 нафар фан номзодига илмий раҳбар бўлди. Уларнинг сафлари кўпайиб бораётир. Ҳадемай навбатда турган янги шогирдлар илмий ишларини ҳимоя қилишни бошлайди. Саъдулла ака ҳар сафар ҳимоядан сўнг гўё ўз фарзанди илмий даражага эга бўлган отадай бениҳоя қувонади. Ҳеч иккиланмай у кишини ниҳоятда талабчан, самимий ва меҳрибон шогирдсевар, ашаддий шогирдпарвар устоз, десак, муболаға бўлмайди.

Олимнинг ўнлаб китоблари, қўлланма ва дарсликлари чоп этилган. Масалан, “Миллий ривожланиш фалсафаси (сиёсий-фалсафий қирралари)” (2005), “Глобаллашув ва миллат” (2008), “Глобаллашув ва миллий-маънавий хавфсизлик” (2015), “Глобаллашув: миллатни асраш масъулияти” (2023) сингари китоблари, миллий маънавият, ўзлик, давлат мафкураси, миллий онг, миллий давлатчилик, шахс маънавияти мезонлари, политология асослари, миллий маънавий тикланиш мавзуларида кўплаб ўқув қўлланмалари, рисолалари ва юзлаб мақолалари эълон қилинган. Жумладан, у “Қачон миллат бўламиз?” номли мақоласида куюниб шундай ёзган: “Назаримизда, миллий ўзлигимизни англаш аҳволи ўтган асрнинг 90-йиллар охиригача бўлган даражадан дуруст эмас. Ҳолбуки, у даврда жамиятда моддий етишмовчиликлар кўп эди. Шунга қарамай, халқ озодликка эришиш ва уни мустаҳкамлашни асосий мақсад, бош аъмол деб билган эди. Миллат руҳи ва онгини юксалтириш ҳақида қайғурмасак бўлмайди. Негаки, миллий ўзликни англаш орқалигина чинакам миллат бўлиб шаклланамиз”. Бу фикрини қатъийлаштириб, шундай хулосага келади: “Ягона шарт — одамнинг миллий ўзлигини англашдир”.

Устоз олим Саъдулла Отамуродовнинг ўзи буюк аллома Маҳмуд Замахшарийнинг машҳур китоби — “Олтин шодалар”ида битилган қуйидаги ҳикматга ҳамиша амал қилиб яшайди: “Ҳар бир қадамингда дунё ва дунёдорлар сенда ҳавас уйғотади. Ёмон ниятли одамлар гоҳо сенга ўзларини яхши кўрсатадилар. Ўзингни уларга таслим этмаки, охири яхшилик келтирмас. Бу мол-дунёлар ўткинчи эканлигини унутма. Замон ҳодисалари остида эзилма. Аксинча, сен номашруъ, нопок ишларни эзиб, янчиб ташла. Бу йўлда мужодала, курашдан чарчама, тўғри, ҳалол яшашда сабр-матонат кўрсат”.

Бизга ҳалоллик — умр безаги эканлигини намоён этиб келаётган муҳтарам олимимизга ҳамиша ҳалол бўлишда, мудом ҳалол яшашда сабр-матонат кўрсатиб келишларида Аллоҳ ҳар доим мададкор бўлсин.

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =