“Ҳаёт йўлимизни яхшилик ёритади”

– дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши раиси, таниқли тадбиркор

Раҳматилло КАМОЛОВ

Раҳматилло акани яқиндан билганимга ўттиз йилча бўлибди.  У Фарғонада фермерлик ҳаракатининг биринчи қалдирғочларидан. Икки минг учинчи йилдан буён Тошлоқ туманидаги “Камолов Раҳматиллоҳ” номли кўп тармоқли наслли чорвачилик фермер хўжалигини бошқариб келмоқда.

Ўрта ёшдан ошган кишилар яхши билишади, мустақилликнинг дастлабки йиллари озиқ-овқат савдоси дўконларининг пештахталари бўм-бўш ҳувуллаб ётарди. Ун, ёғ, шакар каби саккиз турдаги энг зарур истеъмол моллари ҳукумат қарори билан меъёрлаштирилган талонлар орқали сотиларди. Раҳматилло ака ўшанда фермерлик билан  бирга Тошлоқ тумани матлубот савдоси жамиятини ҳам бошқарарди. Ўша йиллари озиқ-овқат тақчиллиги туфайли инсофли ва инсофсиз савдо ходимлари сараланиб қолганди. Эр йигитлар эл бошига машаққат тушганида билинар экан. Ўша йиллари йўқчиликдан қийналиб ётган одамларнинг ризқига кўз олайтириб, меъёрлаштирилган молларнинг нархи устига қўшимча нарх қўйиб, “пештахта остидан” сотган ноинсоф савдо ходимлари ҳам бўлган. Ундайларнинг кўпи ё қамалиб кетди, ё шарманда бўлиб ишдан қувилди. Алалоқибат ундайларнинг бири икки бўлмади. Халқ тили билан айтганда, савдо ходимларининг “дони донга, пучи пучга” ажралди. Ўшандай оғир кунларда Раҳматилло Камоловга ўхшаган инсонгарлар эса ўзлигини йўқотмади. Узоқ юртлардаги ҳамкорлари орқали юртимизга сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи келтириб, эл-юрт дуосини олди. Аслини олганда, бугунги тўкинчилик хамиртуруши Раҳматилло акага ўхшаган баракотли тадбиркорлар қўлида қорилган, десак, бўлаверади.

Шу боисдан бўлса керак, у йигирма йилдирки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгашига етакчилик қилиб келаётир. Ўн йилдан буён халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Раҳматилло ака ҳеч қачон бирор муаммоси бўлса ҳам айримларга ўхшаб овоза қилишга одатланмаган. Аллоҳга таваккал қилиб юрадиган инсон. Қачон қараманг, атрофида муаммоларига ечим қидириб келганларни учратасиз. Гап-сўзларидан, савоб тўла тадбирларидан шуни англаганманки, китобий қилиб ёзар бўлсам, яхшилик қилишни олий саодат деб билгувчи инфоқ-эҳсон эгаси.

— Чорвачиликка меҳр қўйгансиз, бу хислат сизга кимдан ўтган? — деб сўрадим ундан.

— Менинг қалбимга мол-қўйларга меҳрни, қўлимга баракани Аллоҳ берган деб шукур қилиб юраман, — деди Раҳматилло ҳожи. — Ўн ёшимда шаҳарда каталакдай ҳовлида яшардик. Ҳовлимизга ўзимиз зўрға сиғардик. Бир парча жойнинг атрофини тўсиб, тўртта қўзини боқиб, семиртириб сотардим. Дарсда ўтириб: “Оч қолишмадимикан?” деб қўйларимни ўйлардим. Тезроқ ўқиш тугаса-ю, уйга бориб уларга қарасам дердим. Мен боққан қўйлар бошқаларникидан бошқача семириб кетарди. Топганларимни оиламизнинг тирикчилиги харажатларига сарфлардик. Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик. Чиройли турмушим меҳнатим орқасидан. Ҳозир ҳам қуш тинса тинади, бизнинг зурриётларимиз тинмайди. Қўли меҳнатда, ақли зиёси ҳаракатда.

Ҳожи аканинг суҳбатини тинглаб ўтириб, Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг айтганлари ёдимга тушди. У қўй боқиш илми ҳадисини олган бобоси ҳақидаги хотираларини гапириб берганди.

“Қўй ҳар маъраганида Яратган парвардигоримиздан эгасига тўққизта, ўзига битта барака сўрайди, деган ҳикмат бор”, деб айтган экан боболари. Ҳақиқатан, қўйга меҳр қўйганлар қандайин барака топаётганини Раҳматилло ака мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Бир шапалоқ ерда ҳам қўй боқишни уддалаган “ўқувчи бола”нинг бугун 880 бош наслли қорамоллари бор. Ҳар бири кунига 20-25 литрдан сут берадиган зотдор сигирлари, мингга яқин қўйлари, тўқсон бош йилқиси бор. Ўн беш мингта товуқ тухум қилади. Фермер хўжалигида чет эл технологияси асосида бир кеча-кундузда икки тонна сутни қайта ишлашга мўлжалланган мўъжазгина сут заводи бор. Заводда тайёрланган пишлоқ, сметана, сариёғ, йогурт, қатиқ каби маҳсулотлар тумандаги мактабгача таълим муассасалари, касалхона, ошхоналар, ёз мавсумида болалар оромгоҳларига етказиб берилмоқда.

Асли мутахассислиги иқтисодчи бўлган Раҳматилло ака ҳисоб-китобини қилиб иш юритади. Шу боис, пахтадан ҳам, ғалладан ҳам доим фойда олади. Уруғликка эътиборни қаратади, сифатли уруғлик маҳсулотлари етиштириб, кўпроқ даромад қилади.

Бир гектарга яқин майдондаги иссиқхонада лимонзор бор. Тўрт гектар майдондаги узумзори олтиариқлик боғбонларникидан қолишмайди. Икки гектарлик интенсив боғида эса турли хил мевали дарахтлар экилган.

Инсон қадрини улуғлаган раҳбарнинг эл-юрт орасида обрў-эътибори кўтарилиб кетаверади. Раҳматилло аканинг саъй-ҳаракати билан тумандаги якка-ёлғиз боқувчисиз қариялар учун кундузги дам олиш маскани 1995 йилдан буён фермер хўжалигининг оталиғига олинган. Ҳар йили ишчи-хизматчилардан йигирма беш нафари саломатликларини тиклаш учун хўжалик ҳисобидан сиҳатгоҳларга жўнатилади. Қўли калта, касалманд ва моддий муҳтож одамларга кўрсатилаётган саховат ҳисоби юз миллионлар миқдорида бўлаётир.

— Моддий муҳтожликнинг чораси топилар, лекин йил сайин кучайиб бораётган маънавий муҳтожликнинг чораси топилармикан? — дея Раҳматилло ака газакка туз сепгандек бўлди.

— Яқин-яқингача камбағал деб матбуотда ёзиш у ёқда турсин, ўзаро суҳбатларда ҳам бу сўз ўзимизда кам ишлатилар эди. Одамлар еяр-ичарида етишмовчилик бўлса-да, ён қўшнисига ҳам билдиришмаган. Орият қилишган-да. Қадрини баланд тутишган. Томорқасига у-бу нарса экиб, мол-қўй боқиб, тирикчилигини ўтказишган. Борида шукур, йўғида сабр қилишган.

Қанақа қадриятларимиз бор эди-я? Кимдир уй қуришни бошласа, қўни-қўшниларнинг, қариндош-уруғларнинг эркаклари бир-икки кунда ҳашар қилиб битказиб қўйишарди. Яқинларни қўйинг, етти ёт бегоналар орасида ҳам оқибат кучли эди. Кўпчилик силаи раҳм сўзининг маъносини билмаса-да, қариндош-уруғлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, эр-хотинлар бир-бирларига муҳаббатлироқ эдилар…

Отам раҳматли “Қуш уясида кўрганини қилади” деб айтарди. Қобил фарзанд ота изидан бораркан. Қаҳрамонимизнинг ёлғиз ўғли Оятилло муносиб зурриёт бўлди. “Пирим устозим” деб отасининг этагидан маҳкам тутди, камол топди. Эътиборхон ҳожи онасига меҳрибон ўғил, опаларига иззатли ука, синглисига ҳурматли ака. Катта бир нуфузли корхона раҳбари. Ота-онасига раҳмат олиб берадиган ўғилнинг садақаси кетсанг арзийди.

Аввал ҳам Раҳматилло Камолов “Ташаббус-98” кўрик-танловида энг яхши фермер деб топилиб, олтин медаль ва Президент соврини — “Дамас” автомашинаси билан мукофотлангани, “Ўзбекистон Республикаси ижтимоий таъминоти фахрий ходими”, “Халқ таълими ҳомийси” нишонлари олгани ҳақида ёзилган мақолаларни ўқиганмиз. Бугун ҳожи аканинг инсонийлик хислатларидан бир шингил ҳикоя қиляпмиз, холос.

— Ҳаётимиз гўё тарозининг икки палласидек, — деди у. — Яхшилик амалларимиз қўйилган палла оғир бўлсин деб, Яратган Эгам буюрган йўлда юришни мақсад қилганмиз. Эл-юрт назарида юришнинг юки оғир. Ҳаммасига даъво — одамларга яхшилик қилиш, эҳсонли бўлиш. Муқаддас каломларда айтилганидек, “Эҳсоннинг мукофоти эҳсондир”. Ҳаётимда бу ҳикматнинг ижобатини кўриб яшаяпман. Қилган яхшиликларимдан кўра кўпроқ Аллоҳдан яхшилик неъматини олиш бахтига эришиб юрганимизга шукур.

Раҳматилло ака ҳузуридан қайтар чоғимиз шогирдларидан бири Ҳалимжон Раҳмонов шундай деди:

— Устознинг тўғри гапириш, омонатдорлик, ваъдасининг устидан чиқиш, ишларни режалаштириш, саховат қилиш, оилапарварлик, хушчақчақлик, дўстларга содиқлик, оқибатлилик, холислик ва яна энг муҳими, ҳар бир ишда Аллоҳга таваккал қилиш каби хислатларига ҳавасим келади.

Ҳалимжон ука, сиз ҳақ гапни айтдингиз, биз журналистлар ҳам Раҳматилло Камолов сингари кишиларга ҳавасимиз келади. Бундай инсонлар ҳақида мақолалар эмас, катта-катта очерклар, китоблар ёзса арзийди. Чунки “Меҳнат — икки кўздек иссиқ” деган гап бежиз айтилмаган.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =