Умр ибрати
Эл назаридаги фидойи инсон Ботирали ҲАКИМОВ ҳақида сўз
Яратганга шукрки, аҳли Наманганда оқибатли дўстларим кўп. Уларнинг қаторида Ҳасанбой Қосимов ҳам бор. У киши билан бир даврада суҳбатлашганда замона воқеликларини, ҳаётимиз довонларидаги хотираларимизни тинглаб, бир-бирларимизга меҳримиз уйғонган эди. Ҳуқуқ-тартибот идораларида узоқ йиллар ишлаган, маърифати кенг, холис ва адолатли фикрлайдиган, камтарин ва самимий инсон экан.
Табиатим шундай, очиқ чеҳралилардан яхшиликлар кутавераман. Улар билан кўришиб, суҳбатлашишга ошиқавераман. Ҳасанбой Қосимовни йўқлаб у мудирлик қилаётган Халқ қабулхонаси Наманган шаҳар бўлимига бордим.
Хол-аҳвол сўрашдик.
— Кўришганимиз яхши бўлди, сизга бир таклифим бор эди, — деди у. — Агар Ботирали Ҳакимов ҳақида ёзсангиз, савобли иш бўларди. Ҳозир у Чортоқдаги ҳовлисида яшайди.
Ботирали Ҳакимов ҳақида кўпчиликдан эшитгандим. “Нуроний” жамғармаси Чортоқ тумани бўлими раиси Умрзоқ ака Сатторовга қўнғироқ қилиб, ниятимни айтдим.
Умрзоқ ака: “Хайрли ният қилибсиз, Ботирали ака менинг ҳам устозим бўлади”, деб хурсанд бўлдилар.
Хулласи калом, туман оқсоқоли бизни Чортоққа кираверишда кутиб олиб, Ботирали ака билан таништиргач, ижодий суҳбатларингиз эркин бўлсин, дея устозидан изн сўраб идорасига қайтди.
— Қишчилик, битта хонани иситиб ўтирибмиз, — дея қаҳрамонимиз уйига таклиф қилди.
Мўъжазгина хона тўридаги деворга отаси, онаси ва ҳарбий кийимдаги йигитнинг суратлари илиб қўйилибди.
Агар қайсики суҳбатдошим ота-онаси тўғрисида гап очса бўлди, шу одамга меҳрим тошиб кетаверади. Ботирали ака девордаги суратларга қараб турганимни кўриб, мени ўтиришга таклиф этди. “Тинчлик-хотиржамлик бўлсин” деб дуо қилиб, сўнг отаси ҳақида сўз бошлади.
— Жўрабой отам раҳматли ўтган асрнинг қирқинчи йилларидан бошлаб ўттиз йил бригадир бўлиб ишлаган, умрини қишлоқ хўжалигига бағишлаган ҳалол ва заҳматкаш одам эди. Ҳаётда энг катта устозим ҳам отам бўлган. Умрим давомида қайси жабҳада, қандай лавозимларда ишлаган бўлсам ҳам, доимо отамда кўрганларимга ва ундан эшитганларимга амал қилдим. Халқпарварлик ва меҳнаткашлик, тўғрисўзлик ва холислик, оқибатлилик ва ҳақиқатпарварлик, дили билан тили бирлик менга отамдан мерос қолган. Ҳамма вақт отамга ўхшасам деб яшаганман.
Отага итоат қилган, онага меҳрибон бўлган фарзанд асло кам бўлмагай, Аллоҳ бундай фарзандларнинг бошини асло хам қилмагай, дедим юракдан.
— Ўртадаги расмда Тўрахон акам. У 1943 йили ўн саккиз ёшида урушга кетган экан, — деб Ботирали ака ғамгин ҳикоясини бошлади. — Орадан уч ой ўтиб, ундан қора хат келди. Ота-онам раҳматлининг ўша машъум кундаги аҳволини тасаввур қилсам, ҳалиям бошқача бўлиб кетавераман.
Илоҳо, жойлари жаннатда бўлсин, Турсуной онам уй бекаси бўлган, баҳорда пилла қурти боқарди, йилнинг қолган пайтлари отамнинг хизматларини қиларди. Оила бошлиғининг гапини икки қилмаган солиҳа аёл эди. Намоз ўқирди. Рўза тутарди. Бир кунда иккита ўғилчасидан айрилиб, фарзандлари доғида қон қақшаган ҳам менинг бағритилим онам эди. Ислом дини ва диндорларга қарши ашаддий курашилган даврларда Наманганнинг минглаб оналари каби онамнинг ҳам эътиқоди мустаҳкам бўлган. Унинг инсоний амаллари бизларга ибрат бўлиб қолаверади…
Оғир-вазмин, синчков нигоҳли ва мулоҳаза билан фикр билдираётган Ботирали Ҳакимов саксон тўрт ёшдан ўтган бўлса-да, навқирон кўринади.
— Минг ойдан кўп яшабсиз, шунча умр кўрган киши, улуғларнинг таъбирича, онадан туғилган чақалоқдай бегуноҳ бўлиб қолар экан, — дейман суҳбатга қўр ташлаб.
— Аллоҳга шукур, шундай ёшга етиб, иззат-икромда яшаяпман, — деди у.
Шу сўзни айтиб турувди ҳамки, хона эшиги тақиллаб, ёши ўттизлар чамасидаги йигит кириб келди. У вилоят ҳокимидан олиб келган таклифномани бериб кетди.
Ботирали ака таклиф қоғозини ўқигач: “Ҳосил байрами муносабати билан ўтказилаётган тантанага таклиф қилишибди, барака топишсин”, деб хурсанд бўлди.
— Ўтганларнинг ҳақига дуо қилиб, уларнинг номини эслаш тирикларга ҳадя бериш билан баробардир, деган ҳикмат бор. Ўтган устозларингиз ҳақида гапириб берсангиз, — дедим.
— Энг катта устозим, албатта, отам бўлса, ундан кейингиси Шароф Рашидов (Аллоҳ раҳмат қилсин) эди. Устоз Шароф акага унинг китобларини ўқиб меҳрим тушган. “Ғолиблар” романини ўқиганимда болалигимдаги Чортоқ манзаралари эсимга тушиб кетади. 1974 йилдан 1983 йилгача Шароф ака Чортоққа ўн мартача келганини худди бугунгидай эслайман. Яхши биласиз, у пайтларда туман раҳбари райкомнинг биринчи секретари деб аталарди. Райижроком раиси ҳам тумандаги иккинчи раҳбар ҳисобланарди. Мен шу икки лавозимда ишлаганимда Шароф Рашидовнинг қимматли йўл-йўриқлари билан иш юритиб, эл назарига тушганман. У “Чортоқ” санаториясига собиқ иттифоқ ҳудудларидан даволанувчилар келишини ҳисобга олиб, унинг атрофига кичик шаҳарча (у пайтлари номи ўрисча “посёлка” дейиларди) қуриш таклифини айтиб, ижросини ўз назоратига олган. Пишиқ ғиштдан сифатли қилиб замонавий уй-жойлар, равон йўллар, мустаҳкам кўприклар қурилганди.
Ҳудуддаги Ҳамид Олимжон номи билан аталган давлат хўжалигида 1983 йил 21 июлда таниқли шоир Ҳамид Олимжоннинг бюстини ўрнатдик ва шу хотира майдончасининг очилиш маросимига Шароф Рашидовни таклиф қилдик. Савобли ишлар савобли ишларга сабабчи бўлар экан. Тантанали тадбирга тайёргарлик жараёнида Чортоқсой ва Кўшан ариқларига замонавий кўприк қурдик. Шу тадбирда жажжигина мактаб ўқувчиси Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон” шеърини ифодали ўқиётганида республикамизнинг ўша пайтдаги раҳбари бўлган Шароф Рашидовнинг кўзига ёш келганини ҳали-ҳануз эслайман. Ўзбекистонни шу қадар севган инсон билан елкама-елка туриб ишлаш насиб этгани учун Аллоҳга шукур дейман. Ўша куни Шароф Рашидов мен билан хайрлашаётиб: “Ишингизга омад, ўзингизни асранг, режаларни бажариб юринг”, деганди. Бу Шароф Рашидов билан сўнгги учрашувимиз бўлган экан…
Ҳа, омадли эканман. Улуғ инсонлар назарига тушганман. 1957 йили Тошкент ирригация ва мелиорация институти талабалари сафида Сирдарёнинг “Боёвут-3” совхозига пахта теришга борувдик. Космосга иккита ит учирилгани муносабати билан сиёсий дарс эшитиш учун йиғилдик. Ўша пайтда совхоз директори Усмон Юсупов экан. Йиғилиш тугагач, кўп пахта терган талабалар қаторида мениям номимни айтиб ўртага чақиришди. Усмон Юсупов: “Барака топ, ўғлим!” деб бошимни силаганди.
Устозлар ҳақида ўйласам, Янгиқўрғон туманида раҳбар бўлган Собир Қорабоев ҳам ёдимга тушади. У билимли ва маданиятли бўлиб, илмли одамни жуда яхши кўрарди, виждонан ишлайдиган мутахассисларни руҳлантириб, кўнглини кўтариб, осмонга олиб чиқиб қўядиган маҳоратли раҳбар эди.
Раҳматли Аҳмаджон ака Тиллабоев, Асатилло Хўжаев каби устозлардан ўрганганларим ҳақида унутилмас ҳаёт хотираларим бор. Саксон ёшлигимни нишонлаш арафасида атайлаб Тошкентга бордим. “Чиғатой” қабристонига кириб Шароф Рашидов, Асатилло Хўжаев каби устозларим, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа бир қанча эл фидойиларининг қабрларини зиёрат қилдим.
Ботирали ака Шароф Рашидов номини тилга олганда, унинг меҳрли нигоҳидан, устозига бўлган муҳаббатли сўзларидан таъсирланиб кетдим. Яна бир бор англаганим шу бўлдики, пири комил устозим, таниқли адиб, Ўзбекистон журналистикаси дарғаларидан бири раҳматли Мақсуд Қориев ҳам умрининг сўнгги дамларигача Шароф Рашидов номини улуғлаб ўтгани бежиз эмас экан.
Ботирали ака китобсевар инсон экан. Суҳбатимиз давомида ўқиган асарларидан парчалар айтди, шеъру ғазаллар ўқиди. Айниқса, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимовлар билан боғлиқ бир-биридан қизиқ хотираларини эслади. Ҳабиб Саъдулла билан бўлган ажабтовур воқеаларни ёдга олди.
Суҳбатдошимдан содиқ дўстлари ҳақида сўрадим. У қишлоқ хўжалиги соҳасининг пирларидан бири бўлган оқибатли дўсти Носир Отахонов ҳақидаги ибратли воқеалардан сўзлаб берди.
— Инсон бошидан қандай кунлар ўтганини ўзи ва ёлғиз Аллоҳ билади, — деб сўзини давом эттирди. — Қирқ ёшимда отамдан айрилдим. Мустақилликнинг дастлабки йиллари Наманганга оғир келди. Алғовли-далғовли кунларда вилоятни бошқардим. Иккита вазирлик мақомидаги республика ташкилотига раҳбарлик қилдим. 1992 йил кузда биринчи марта инфаркт бўлдим. 2003 йили онам оламдан ўтди.
2008 йили юрагим яна хуруж қилди. Юрак дарди — жуда оғир дард. У билан курашишнинг ўзи бўлмайди. Яратганнинг синовлари кўп экан. Икки минг ўн иккинчи йили эллик йилга яқин бир ёстиққа бош қўйган аёлим Тилобатхон аянгиз оламдан ўтиб қолди.
Айтишим ҳам оғир. Лекин начора, бу ҳаёт синовлари экан. Икки минг ўн олтинчи йили оиламизга яна мусибатли йил бўлди, қирқ беш ёшида кенжа ўғлим Асқаржон кутилмаганда оламдан ўтди. Бошимга тоғлар қуласа яхшироқ эди. Фарзанд доғини фарзандидан айрилганлар билади. Асқаржон моҳир чавандоз эди. Унинг отларга меҳри бошқача эди. Минганида отларга ярашиб турадиган ўғлим бор деб суюниб юрардим. Аллоҳнинг қазосига рози бўлиб, мусибатли кунларда сабр қилдим. Гоҳида бошимдаги ўй-фикрлар билан тонглар отиб кетади. Кексалик тақдири шу экан — имкониятлар ҳам чегараланиб боравераркан.
Ўртага тушган жимликни телефон қўнғироғи бузди. Овози очиб қўйилган экан, жажжи қизчанинг: “Ассалому алайкум, бобожон, бугун бешта беш баҳо олдим”, деган қўнғироқдай овози эшитилди.
— Тошкентдаги чеварам Муштарийбегим ҳар куни телефон қилади. Зеҳни ўткир, фақат бешга ўқийди. Ачам деб эркалатаман.
Чеварасининг овозини эшитган ҳожибобонинг юзига илиқлик югурди.
— Невара-чеваралар ҳам анча бордир, — сўрадим.
— Тўрт ўғилу икки қизимдан йигирма иккита неварам, қирқ битта чеварам бор, Аллоҳга шукур. Энг катта чеварам бу йил ўн еттига кирди.
Суҳбатлашиб ўтириб, илоҳо, мен ҳам Ботирали аканинг ёшига кирай, у киши каби пиру бадавлат бўлиб юрай, деб ният қилдим…
— Дунё шунақа экан, — дея Ботирали ака сўзини давом эттирди. — Омад келиб турганида атрофингда ҳамма парвона, омад кетганида эса “дўст”ларинг ҳам бегона. Дўсти содиқлар эса битта-иккита бўларкан, холос. Энг дилни ранжитадигани амалдан тушганингдан кейин амалдорлар ўзини олиб қочар экан. Ана шундай оғриқли пайтларда инсоннинг кимлигини эли билиб, унга бағрини очар экан. Хайриятки, асл шогирдларим кўнглимни кўтариб турди. Шундай садоқатли шогирдларимдан бири — Икромхон Нажмиддинов бўлди. Қаерда, қайси лавозимда ишлаган бўлса ҳам, ҳатто Тошкентда вазир бўлиб юрган вақтларида ҳам Наманганга келганида мени йўқлаб кетарди. Отасига раҳмат, ҳеч ҳам кам бўлмасин.
Икромхон Нажмиддинов Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳам назарига тушган азиз инсонлардан бири. У ҳурматли Президентимизнинг биз нуронийларга кўрсатаётган ғамхўрлик сиёсатини вилоятимизда олиб бормоқда. Савобли ишларнинг бошида турибди. Республика “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси. Кимки бу дунёда ота-онасининг, устозларининг дуоларини олиб, юртига, Юртбошисига садоқат кўрсатиб, унга елкадош бўлса, касб-корига меҳр берса, эл-юрт орасида обрў-эътибор топаверар экан. Бу ҳаёт ҳақиқатини Икромхон Нажмиддинов мисолида кўрдим. Бу — Аллоҳнинг суюкли бандаларигагина насиб этадиган катта бахт!
Бугун ҳамма мени устоз дейди. Кунора турли тадбирларга таклиф қилишади.
Шундай деб турган ҳам эдики, эшик яна тақиллаб қолди.
— Туман суди биносини қайта қургандик, эртага очилиш маросимига қатнашиб дуо қилиб берсангиз, — дея келган киши қўлидаги таклифномани узатди.
— Эртага вилоятда қишлоқ хўжалиги ходимларининг ҳосил байрами тантанасига ҳам таклиф қилишганди, узр, ука, сизларнинг тадбирингизга қатнаша олмас эканман, кейинроқ ўзим алоҳида бораман…
Етказганига шукур, шунақа йўқлаб тез-тез келиб туришади. Вилоят ҳокимимиз Шавкат Абдураззоқов барака топсин, доимо хабар олиб туради…
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманганга келганларида мен каби нуронийлар билан ҳам суҳбатлашиб, бизларга алоҳида иззат-эҳтиром кўрсатмоқда. Бу йил ҳам Янги йил арафасида Президентимиздан самимий табрикнома олдим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қаҳрамонимизга йўллаган табригида шундай самимий тилаклар бор: “Сиз Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишнинг ёрқин тимсоли бўлган кўп йиллик самарали меҳнатингиз, ибратли фаолиятингиз ва олийжаноб фазилатларингиз билан эл-юртимиз ўртасида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиб келмоқдасиз. Айниқса, Янги Ўзбекистон шароитида катта билим ва тажрибангиз, амалий таклиф ва ташаббусларингиз билан кенг кўламли ислоҳотларимизга катта ҳисса қўшаётганингиз таҳсинга сазовордир.
Ҳозирги вақтда халқимиз ва мамлакатимиз ўз олдига қўяётган юксак мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ғоят муҳим фикр ва маслаҳатларингиз билан фаол иштирок этиб келаётганингизни барчамиз юксак қадрлаймиз.
Айнан Сиздек кўпни кўрган, ҳаётнинг пасту баландини яхши биладиган, донишманд ва жонкуяр инсонларнинг саъй-ҳаракатлари билан юртимиз тинчлик, дўстлик ва эзгулик диёри сифатида дунёга танилаётганини миннатдорлик билан таъкидлашни истардим. Ана шундай бебаҳо бойликни асраш ва мустаҳкамлаш, маҳаллаларимиз, шаҳар ва қишлоқларимизни обод этиш, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш борасидаги ишларингизда Сизга янада катта куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар ёр бўлсин!
Янги йил айёмида бутун халқимиз каби Сизга ва яқинларингизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, хонадонингизда яхши кунлар, қувонч ва шодлик кўп бўлишини тилайман”.
Мен учун жуда ҳурматли ва қадрли Президентимиз Шавкат Миромонович вилоятимизга қилган ташрифи чоғида: “Ботирали ака, ўзингизни эҳтиёт қилинг, сиз бизга кераксиз”, деб айтганида, кўнглим тоғдек кўтарилиб кетди.
Ботирали Ҳакимов билан суҳбатлашиб ўтириб шундай фикрга келдим: у киши иймонли, эътиқодли, меҳнаткаш, инсонпарвар, ҳалол ва солиҳ ота-онанинг зурриёти бўлгани, уларнинг ҳаёт мактабидан таълим олгани шарофати билан ортидан раҳматлар келадиган савобли ишларнинг бошида турган экан. Устозлари назарига тушганлиги-ю эл-юрт ҳурматини қозонганлиги ҳам шу туфайли бўлса керак.
Ботирали ҳожи ота ҳузуридан қайтар эканман, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг: “Кимки ота-онасини рози қилса, унга Тубо (жаннатдаги дарахт) насиб бўлади ва Аллоҳ таоло унинг умрини зиёда қилади”, деган ҳадисини дилимдан ўтказдим. Айтинг, мусулмон фарзандига бундан ортиқ мукофот борми?
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
“Hurriyat” мухбири.