Уч авлод ибрати

(Ашуровлар сулоласи ҳақида сўз)

Тошкентдан Наманганга сафарга чиқсангиз, Қамчиқ давонидан тушгач, Поп тумани ҳудудидан ўтганингиздан сўнг Чустга кириб борасиз. Тан олиш керак, бугунги Чуст таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Туман ҳудудида катта-катта саноат корхоналари бунёд этилибди.

Уч минг йиллик тарихга эга бўлса-да, Чуст ҳамиша кўҳна ва навқирон. Фарғона водийсининг ҳунармандчилик ривожланган энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Чуст дўппиларининг ҳам, пичоқларининг ҳам донғи узоқларга кетган.

Иймон-эътиқодли, олим-зиёли, сахий-саховатлилар қай маконда кўп бўлса, шу жойларнинг таровати ҳам бошқача бўлади. Чуст ҳам шундай мўътабар гўша бўлиб, бу туманда узоқ йиллар эл-юрт хизматини қилиб қадр топган азиз инсонлардан бири Муроджон ака Ашуров бўлади.

СУРАТДА: “Чуст ўрикзор” фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Ашуров.

Ашуровлар сулоласини нафақат Чустда, балки Наманган вилоятида ҳам кўпчилик яхши билишади. Журналистлик касбим туфайли Муроджон ака билан ўттиз йил аввалроқ танишганман, у киши ҳақда бир нималар ёзганман.

Эски қадрдонлик меҳри туфайли Муроджон акани яна йўқлагим келди. Бу ҳақда бир пайтлар шу туманда ҳоким бўлиб ишлаган, ҳозирда Президент Халқ қабулхонаси Наманган вилояти бўлими мудири Баҳодир ака Юсуповдан Муроджон ака билан боғланишга ёрдам беришини илтимос қилдим.

Баҳодир ака Муроджон Ашуров ва унинг фарзанди — ёш бўлса-да тадбиркорлиги билан Президентимиз назарига тушган Умиджон Ашуров ҳақида мақола ёзсангиз яхши бўларди, деган таклифни айтди.

“Бибиона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Чуст ўрикзор” фермер хўжалигида бизни Умиджон Ашуров кутиб олди. Қишлоқ фермерининг биноси ҳашаматли ва фусункор экани билан эътиборимни тортди. Чет эллик ҳамкорларни ҳам қабул қилишга мўлжалланган залда ўзимизни худди пойтахтдаги йирик компания қабулхонасига киргандек ҳис қилдик.

Ҳамкорлар билан шартномалар тузишга мўлжалланган стол-стуллар, юмшоқ мебеллар дид билан жойлаштирилган. Зал тўрига кўп тармоқли фермер хўжалиги таркибидаги корхоналарга берилган халқаро сертификатлар териб қўйилибди. Деворда эса маҳсулотлари қайси давлатларга экспорт қилинаётгани ҳақидаги харита ва маълумотлар илинган.

Наманганликларда ажойиб бир хислат бор. Уларда ўз вилоятида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлардан фахрланиш туйғуси кучли. Хизмат сафарим чоғида қайси идорага кирган бўлсам, деярли ҳамманинг иш столи устида “Чортоқ” шифобахш суви. Меҳмонга, албатта, бир пиёла сув билан илтифот қилинади.

Умиджон ҳам бир пиёла “Чортоқ” сувидан қуйиб узатди. Муроджон ака билан қадрдон дўстлигимизни эшитиб хурсанд бўлиб, отасига қўнғироқ қилди.

Ўн дақиқа ҳам ўтмай хонага Муроджон ака кириб келди.

— Э, бормисиз? Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди, – дея у қучоқ очиб сўрашди. — Наманган томонларда камнамо бўлиб кетдингиз, кўрганимдан жуда хурсандман.

Муроджон аканинг юз-кўзидан мўйсафидлик нафаси уфуриб, оқ оралаган соч-соқоли ўзига ярашиб турибди. Ундаги самимийлик ўша-ўша, аввалги навқиронлик даврларидаги ғайрат-шижоати ўрнини оғир-вазминлик, мулоҳазалилик, ҳикматли мулоқот ва исломий тавозе эгаллабди. Ҳавасим келди.

Аввал ҳам бу ҳақда ёзганимдек, Муроджон акага сахий қўллик, очиқ кўнгиллик, ширинсуханлик, хуш улфатлилик отасидан ўтган экан.

Отаси раҳматли Сайфулло Ашуров ўттиз йил туман пиллахонаси мудири бўлиб ишлаган чоғларида кўпчиликка яхшилик қилар экан. Чустлик кексаларнинг эслашича, унинг ҳузурига келган бирор киши ноумид қайтмаган.

— Раҳматли онам Тўхтаби бадиий буюмлар фабрикасида узоқ йиллар ишлаб обрў топган эди, – деб эслайди Муроджон ака. — Дўппи тикадиган қўли гул чевар аёл бўлган. Чуст дўппилари довруғини оширишда менинг онамнинг ҳам хизмати катта бўлган деб фахрланиб юраман.

Муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни яхши кўришимни Муроджон ака яхши билади. У мени “Бибиона” зиёратгоҳига олиб борди. Зиёратгоҳда учта булоқ бор. Узоқ-яқиндан келадиган аҳоли ўзларича ихлос билан бу даргоҳни зиёрат қилишади. Зиёратгоҳ ҳақида келганларга эшитган-кўрганларини сўзлаб берувчи онахонга юзландик.

— Булоқлардан бирининг суви билан ювсангиз, юзингиздаги ажинлар йўқолиб, юзингиз яшариб кетади, деган ишонч билан зиёратчилар келишади, – деди Роҳатой опа Ҳакимова.

Кўринишидан олтмишнинг нари-берисида деб ўйлаган онахоннинг ёши етмиш бешда экан. Унга: “Жуда ҳам ёш кўринар экансиз”, десак, “Булоқ суви шарофатидан бўлса керак”, деб жавоб қилди…

Зиёратгоҳдан қайтар чоғи Муроджон ака: “Ёзиладиган мақолангизда устозимни ҳам эслаб қўйсангиз”, деб илтимос қилди.

— Асли Самарқанднинг Булунғурида туғилган Неъмат Бутунбоев ўқишни битиргач, йўлланма билан туманимизга ишга келади, – дея ҳамроҳим ҳикоясини бошлади. — Умумий овқатланиш соҳасининг мутахассиси сифатида кўзга кўриниб, тақдир тақозоси билан Чустда қолиб кетади. Шаҳар матлубот жамияти раиси бўлиб элда обрў-эътибор топади. Йигирма икки ёшимда ўқишни битириб, матлубот жамиятига иш сўраб Неъмат Бутунбоев ҳузурига бордим. Мен билан суҳбатлашиб бўлгач, бош ҳисобчини чақириб: “Ёш мутахассис экан, шу йигитни ишга олайлик”, деди. Бош ҳисобчи эса ҳисоб-китобни эплолмайди деб мени ишга олишга рози бўлмади. Шундай бўлса-да, раис қатъий қилиб: “Билмаса, ишни ўргатасиз, ҳамма ҳам тайёр ҳисобчи бўлиб туғилмайди”, деб мени ишга олганди. Тақдирни қарангки, уч ойдан кейин мен бош ҳисобчи ўрнига тайинландим. У эса оддий ҳисобчи бўлиб қолди. Шундай бўлса-да, кек сақламасдан у кишига қўлимдан келганича меҳрибончилик қилиб юрдим. Насиба қўшилган экан, туман, шаҳар матлубот жамиятларига раис ҳам бўлдим. Худди ўз жигаридек кўриб менга меҳр-шафқат кўрсатган, касб сир-синоатларини ўргатган устоз Неъмат ака Бутунбоевнинг жойлари жаннатда бўлсин…

“Чуст-ўрикзор” фермер хўжалигига қарашли корхонага ўғли Умиджон Ашуров етакчилик қилади. Корхонада дуккакли маҳсулотлар сараланиб, қайта ишланиб, чет элларга экспорт қилинмоқда. Ой сайин экспорт салоҳияти ва географияси кенгаймоқда. Айниқса, вилоятда ва қўшни минтақаларда етиштирилган мош маҳсулотлари қабул қилиб олингач, чет элнинг илғор технологик ускуналарида хомашё қайта ишланиб сараланади, ёрма ва ун ҳолатига келтирилгач, қадоқланиб четга экспорт қилинади.

Тайёр мош маҳсулотлари илк маротаба Ҳиндистонга жўнатилган бўлса, бугунга келиб Хитой, Малайзия, Индонезия ҳамда Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

— Яқинда ҳаётимда унутилмас воқеа бўлди, – деди Умиджон Ашуров. — Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида ёш тадбиркорлар қаторида экспорт масалаларига бағишланган йиғилишда иштирок этдим. Бу тарихий воқелик менга таърифлашга сўз етмайдиган даражада ғурур бағишлади.

Ватанимиз экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Шунинг баробарида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун бор куч-ғайратимни, илм-заковатимни сарфлашга азму қарор қилганман.

…Чустдан қайтар чоғим Умиджоннинг бир каломи юрагимни кундай ёриштириб юборди. “Бахтимизга отам-онам соғ бўлсинлар. Нимага эришган бўлсам, уларнинг панд-насиҳатлари, йўл-йўриқлари, дуо-илтижолари билан Аллоҳнинг меҳрибончилиги туфайли эришдим…”, – деди у.

—Умрингиздан барака топинг, ҳеч қачон кам бўлманг ўғлон!,– дедим унга ҳавасим келиб.

Ҳа, юртимизда Ашуровлар сулоласи каби ҳавас қилса арзийдиган инсонлар кўп. Омадларини берсин.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 8 =