Тунги қўнғироқ

Халқимизда “Яхшидан боғ қолур” деган ажойиб нақл бор. Бу инсон дунёдан ўтса-да, унинг эзгу фазилатлари, яхшиликлари унутилмайди, одамлар қалбида яшайди, деганидир.

Таниқли давлат ва жамоат арбоби, шарқшунос олим, моҳир педагог ва дипломат Рустам Собирович Қосимов (1955–2021) халқимизнинг фидойи, жонкуяр, том маънодаги зиёли, маърифатпарвар ўғлони эди.

У киши ҳаёт бўлганида бу йил 70 ёшни қаршилаган бўлар эди.

Яқинда бу закий ва донишманд инсоннинг ибратли ҳаёт йўли, самарали ижтимоий ва сиёсий фаолияти, бетакрор фазилатлари ҳақида замондошлари, яқин дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг самимий хотираларидан иборат “Рустам Қосимов замондошлари хотирасида” китоби нашрга тайёрланди.

Қуйида мазкур тўпламдан ўрин олган ёдномалардан бирини ўқишингиз мумкин.

2011 йили Тошкентдаги олий таълим муассасаларининг биридан “прописка” муаммоси сабаб бўшатилдим. Қишлоғимга бориб, уч-тўрт ой яшаб, яна Тошкенти азимга қайтишга мажбур бўлдим (турмуш ўртоғим ўша вақтда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида аспирантурада ўқир эди). Келиб, иш қидиришга тушдим. Яхши инсонларнинг маслаҳати ва кўмаги билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгашига аввал икки ой волонтёр сифатида, кейинчалик 0,5 ставка бош мутахассисликка қабул қилиндим.

2012 йил январь ойининг қайсидир куни раҳбаримиз ҳузурига чақириб, “Биринчи қаватда штаб ташкил қилинган, ўша ерда хат-ҳужжатга қарашиб, ёрдам бериб турасиз”, деди. Топшириқни бажаришга киришдим. Марказий кенгашнинг биринчи қаватида бир раис ўринбосарининг хонаси штаб қилинган экан. Кирдим. Жуда кўпчилик ишлаб ўтирибди. Улар ишчи гуруҳ аъзолари экан.

Вазирлар Маҳкамасининг 8-сонли баёни асосида ташкил этилган Республика мониторинг гуруҳининг рўйхатига кўзим тушди. Таниш фамилия: “Р.С.Қосимов — Республика мониторинг гуруҳи раҳбари”. Очиғи, бироз ҳадик пайдо бўлди.

Ҳар ҳолда, Бош вазир ўринбосари бўлган, қаттиққўллиги билан танилган одамнинг олдида ишлаш эмас, туришнинг ўзи ҳаяжонли эди мен учун.

Биринчи куни кўришмадик. Лекин эртасига эрталаб штаб йиғилиши бўлишини айтиб қолишди. “Қосимов ўтказар экан”, деган миш-мишдан хабар топдим. Мен ҳам йиғилишга кирдим. Давранинг тўридаги жой бўш эди. Бу жойга Рустам Собирович келиб ўтирдилар. Даврада ўтирганларга бирма-бир қараб чиқдилар. Сўнгра менга қараб: “Узр, сиз ким бўласиз?” дедилар. Ўзимни таништирдим. Мезбон бўлганим боис штабдаги ташкилий-маиший (канцелярия моллари билан таъминлаш, компьютер ва принтерларни созлатиш ва бошқа) масалаларга қараб туриш бўйича вазифа юкланди.

Кейинчалик менга юкланган вазифадан ташқари қўшимча хат-ҳужжатларга ёрдам бериб туришга ҳам жалб этилдим. Шунда ўзим кутмаган ажойиб ҳолатларга гувоҳ бўлдим. Мен ишлаб ўтирган вақтда Рустам Собирович турли ташкилотлардан келган раҳбар-ходимлар билан суҳбатлашиб турарди. Доим уларга қизиқроқ гап гапирмоқчи бўлсалар, биз каби ёш ва оддий ходимларни ҳам чақириб олиб, даврани кенгайтириб, кейин гапирар эдилар. Бу мени, бир томондан, ҳаяжонлантирса, иккинчи томондан, катта мотивация берар эди.

Рустам Собировичдаги салобат, тадбиркорлик, ҳозиржавоблик, зукколик, маданият, қатъиятлилик ва принципиалликка қойил қолардим. Масалан, бир куни штаб фаолияти ҳақида ҳисобот қилиш керак бўлиб қолди. Соат кечки 8-9 лар атрофида топшириқ беряптилар: “Маълумот эрталаб соат саккизда қўлимда бўлиши керак. Кечаси соат нечада тамомлашингиздан қатъи назар, менга қўнғироқ қилиб айтиб қўйинглар!”

Вазифа тунги соат 03.30 да тайёр бўлди. Тасаввур қилинг, бу қиш вақтида ярим тун. Ана шу вақтда раҳбар одамга эмас, оддий фуқарога телефон қилиш — ҳам одобсизлик, ҳам ноқулай бўлган иш. Лекин мен топшириқ олганман. Бажармасам, нима бўлишини тасаввур ҳам этолмайман, билмайман ҳам. Таваккал телефон қилдим. Иккинчи гудок чала қолди. Жавоб бўлди: “Алло, да!”

— Ассалому алайкум, Рустам Собирович, узр, безовта қилдим, — дедим ўзимни дадил тутиб.

— Ва алайкум ассалом, ҳа, болам? — дедилар домла.

— Ҳисоботни якунлаб айтиб қўй, деган эдингиз. Тугатгандим, шуни айтай деб телефон қиляпман.

— Яхши. Икки нусха қоғозга чиқариб, дам олаверинглар. Эрталаб соат саккизда менга берасизлар.

— Хўп бўлади, тушунарли, — дедим-у анча енгил тортдим.

Ўша кеча уйга кетмадик. Эрталаб соат 7.50 да штабга Рустам Собирович кириб келдилар ва саломлашгандан кейин, “Беринг ҳисоботни” деб қўл узатдилар. Ҳайратда қолдим. Айтилган вақтдан 10 дақиқа олдин етиб келган эдилар.

Ана шу танишув сабабли штаб раҳбари — педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновга шогирд тушдим. Устозимиз мени ўзларига ёрдамчи қилиб олдилар ва Рустам Собирович билан борадиган хизмат сафарларига олиб кетадиган бўлдилар. Шу-шу, Қосимов домла билан тез-тез кўришадиган, айрим вазифа ва топшириқларни биргаликда бажарадиган бўлиб қолдик.

Қачон кўришсак, домла илмий иш қилишга ундар, ёрдам беришга тайёр эканини айтар эди. Тан олишим керак, Рустам Собировичдан ҳаётда ҳам, давлат ишини ташкиллаштириш ҳамда турли маросим ва йиғилишларни ўтказишда ҳам жуда кўп нарса ўрганганман.

Ҳудудларга катта-катта давлат тадбирларига тайёргарлик кўриш учун бирга борар эдик. Ана шу жараёнда одамларни тинглаш, улар билан муомала ва мулоқот қилиш маданиятини ўрганар эдик.

Рустам Собирович жонкуяр ва фидойи, шу билан бирга, саховатпеша инсон эканликларини кўп бор кузатганман.

Масалан, баъзан тушлик ёки йўл ҳақига ҳам пулим тугаб, ноқулай вазиятларга тушиб қолардим. Лекин бу ҳақда бирор марта ҳеч кимга нолимаганман. Шундай бўлса ҳам, устозимиз сезиб юрар эканлар. Мониторинг гуруҳининг ҳудудларга чиқиб кетиши олдидан тайёргарлик бўлаётган кунларнинг бирида кечаси билан 14 та ҳудуд бўйича алоҳида-алоҳида маълумот тайёрлаб, тонгда топширдик.

Шунда Рустам Собирович қўлимизга пул тутқаздилар. Ўша вақтда ойлигимнинг ярми эди у пул. Олишга тортиндим. “Олавергин, бошқа иш бор, айтаман”, деб кўндирдилар. Ўшанда кичкина бир ишимга берилган бу рағбат учун жуда хурсанд бўлган эдим. Бундай ҳолатлар эса кўп бўлган.

Кейинчалик устоз билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида (ҳозирги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги) қисқа муддат бўлса-да, бир жамоада ишлаш бахти насиб этди. Бу даврда ҳам тартиб-интизомга риоя қилишни, илмий жамоалар ва талабалар билан иш олиб бориш масъулиятини ўргандим.

Рустам Собирович ҳеч қайси муаммога бировники деб қарамас эди. Қайси соҳада ва кимга тегишли бўлмасин, уни ҳал қилиш учун жон куйдирар, жўяли маслаҳати ва қўлидан келган амалий ёрдамини аямас эди. Ходимларга топшириқ берганда ҳам “Менинг ишим йўқ, қандай қилсанг ҳам бажарасан!” қабилида эмас, балки масаланинг аниқ ечимини кўрсатиб беришга интилар эди.

Раҳбарлик ваколатидан фойдаланиб, ходимларни ўз олдига, хонасига чақириши мумкин бўлса-да, уларнинг вақтини ўғирламаслик ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ходимнинг хонасига кириб, ҳол-аҳвол сўраб, топшириқ бериб кетар эди.

Домла исрофгарчиликни, ортиқча харажатни сира ёқтирмасди. Бир куни топшириғига кўра маъруза тайёрлаб, қоралама нусхасини кўрсатиб олиш учун оппоқ қоғозга чиқариб, олдиларига олиб кирдим. Роса гап эшитдим. Қоғозни кўрсатиб, “Бу нима?” дедилар. “Маърузангиз, устоз”, дедим. “Мен орқасини кўрсатаяпман”, дедилар. Тушунмасдан, жим турдим. “Шуни бирор-бир ишлатилган қоғознинг орқасига чиқарсанг бўлмасмиди?! Ахир бу қоралама-ку! Давлатнинг пулига келган экан, деб ишлатиб, исроф қилиш керакми, болам?” деб танбеҳ бердилар. Шундан кейин бирор марта тоза қоғозни беҳуда ишлатмайдиган бўлдим.

Пандемия эълон қилинган куннинг эртасига талабаларни ўз уйларига — вилоятларга юбориш бўйича транспорт қидириб, автобус излаб роса қийналдик. У вақтда Рустам Собирович вазир эмас, балки бошқа идорада ва бошқа лавозимда эди. Телефон қилиб, талабаларни қаердан кузатаётганимизни сўрадилар ва етиб келдилар.

Вазиятни кўриб, бирданига турли ташкилотларга, транспорт бериши мумкин бўлган жойларга қўнғироқ қилиб, автобус ва микроавтобусларни сўрадилар. Ҳеч қанча вақт ўтмай, муаммоларимиз ечим топди ва хурсанд бўлиб қолдик. Қолаверса, қанчадан-қанча талабанинг манзилига, ота-онаси бағрига соғ-омон, бепул етиб олишини таъминлаб, савобга ҳам эга бўлдилар.

Раҳматли устозимиз маънавиятни, адабиётни, шоир ва ёзувчилар, умуман, зиёлиларни яхши кўрар, имкон борича уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилар эдилар. Мен тарбия бўйича илмий иш қилаётганимни айтганимда ҳам кўпдан-кўп таклифлар билдирдилар. Ҳатто баъзи тарбияшунос, адабиётшунос ва тарихчи олимларни ҳурмат билан бир пиёла чойга таклиф этиб, уларнинг суҳбатини тинглаб туришларини ўзлари менга ибрат тариқасида сўзлаб берган эдилар.

“Илмли, маънавиятли одамлар билан суҳбатлашиб турсангиз, билим ва тажрибангиз зиёда бўлади”, дердилар машҳур ҳадисга ишора қилиб.

Тарбиявий ишлар бўйича жуда кўп мунозаралар уюштириб, ўзларига маъқул бўлган ҳар қандай инновацион усулларни оммалаштиришга интилар эдилар. Маънавий-маърифий ишларга масъул бўлган ходимларни доимо изланишга, янгилик ва ташаббускорликка чорлар, уларнинг муаммосини ечиб, ишини юргизиб юборишга чин дилдан ҳаракат қилар эдилар.

2016 йилнинг охирларида олий таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш мақсадида жуда катта гуруҳ тузилиб, турли йўналишларда кичик гуруҳлар ташкил этилди.

Уларнинг бирига камина котиб сифатида киритилган эдим.

Ишимиз якунланиб, таклифларимизни олиб кирдик. Ўшанда факультетларда маънавий-маърифий ишлар жамоатчилик асосида олиб борилаётгани, бу эса кутилган натижани бермаётгани аниқланди.

Шу муносабат билан тайёрланган ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасида уч-тўрт марта масъул раҳбарлар иштирокида жиддий муҳокама қилинди. Иқтисодчилар ва молиячилар томонидан қаршиликларга учради. Аммо ҳар сафар Рустам Собирович қатъий туриб, масаланинг молиявий жиҳати эмас, эртанги кундаги ижтимоий-маънавий самараси муҳимроқ эканини тушунтириб, ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишига эришдилар.

Натижада олий билимгоҳлардаги маънавият учун масъул ходимларнинг ойлик маошлари оширилиб, психолог ва тарбиячи-педагог лавозимлари ҳам жорий этилди.

Мухтасар айтганда, давлат хизматчиси бўлиш, масъулият ва фидойилик билан ишлаш, ҳар қандай ишни виждонан бажариш, барча вазифаларни мамлакатнинг истиқболи учун оз бўлса-да ҳисса қўшишдек эзгу мақсад билан амалга ошириш зарурлигини Рустам Собирович Қосимовдан ўрганганман, десам, хато қилмаган бўламан.

Шу маънода, устознинг олдида доимо қарздорлик ҳиссини туяман. Яқинда Худонинг инояти ўлароқ, ота-онам муборак Ҳаж зиёратига бориб-келиш бахтига муяссар бўлишди.

Шунда улардан муқаддас масканда туриб раҳматли устозим Рустам аканинг ҳақларига дуо қилишларини илтимос қилдим.

Руҳингиз шод, охиратингиз обод, жойингиз жаннатда бўлсин, азиз устоз!

Отабек БОЗОРОВ,

фалсафа фанлари бўйича

фалсафа доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 13 =