Ҳаёт гулзор бўлмас, устоз бўлмаса…

“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини кузатиб…
Жаранглайди сўнгги қўнғироқ!
Мактабларда жаранглайдиган қўнғироқлар бизни ҳамиша ўзига чорлаб туради. Лекин ҳаётда фақат 11 йил бағрида билим олган қадрдон синфларга чорловчи қўнғироқларгина эмас, балки бир ҳаёт қўнғироғи бўлиб, бизни огоҳликка чорловчи бир маёқ бўлиб жаранглайверади… Қўнғироқларни қулоқларимиз эшитганида эса ҳар сафар бир ширин энтикиб қўямиз.
Мактабни тугатаётган битирувчиларнинг кўзларидаги ёшни кўриб, кўнгилда бошқача бир туйғулар пайдо бўлди. 11 йил-а! Бу йилларда уларни кичкинагина ўйинқароқлик давридан то балоғат ёшига етгунига қадар мактаб отлиғ улуғ бир даргоҳ ўз бағрида улғайтирди. Бу даргоҳларда 11 йилнинг ичида ўғил-қизларнинг кулгилари қолди, соғинчлари қолди. Фақат улар таҳсил олган синфлар уларни кутмайди энди. Улар ўтирган парталар уларни эмас, уларнинг изидан келаётган укаларига, сингилларига пиллапоя бўлади…
24 май куни республикамизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Хоразм вилоятида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди. Ушбу ўқув йилида Хоразм вилоятидаги мавжуд 557 та мактабнинг 9-синфини 35 291 нафар, 11-синфини эса 28 854 нафар ўқувчи тугатмоқда.
Урганч шаҳридаги 22-сонли мактабда бўлиб ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Хоразм вилоят ҳокими Ж.Раҳимов қатнашди ва Президентимизнинг мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларининг битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб берди. Мазкур ўқув йилида воҳада таълим соҳасида эришилган ютуқлар ҳақида фикр билдирди, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ўғил-қизларнинг ўқиш ва ишларига омад тилади.
Ушбу ҳаяжонли лаҳзаларда бир гуруҳ аълочи ўқувчилар, ота-оналар ва фидойи устозлар вилоят ҳокимининг “Ташаккурнома”си билан тақдирландилар.
Шунингдек, Урганч туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган кечада ҳам фахрий ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, мактабни тугатиб кетган собиқ ўқувчилар ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Мактаб директори Ғофуржон Отажонов фарзандлари аъло баҳоларга ўқиётган, жамоат ишларида фаол бўлган ҳамда турли мусобақа ва олимпиадаларда юқори натижаларга эришган ўқувчиларнинг ота-оналарига “Ташаккурнома” ва қимматбаҳо совғалар ҳадя этди.
— 11 йил ўқиган мактабни биттагина “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилиши ва ўқув йили якуни билан тугатиш осон эмас. Шу йиллар давомида ўқувчилар камолга етдилар, улғайдилар. Уларни ҳар кун қўнғироқ садолари мактабга чорлаб турди. Бугун эса ана шу қадрдон мактаблари билан хайрлашиб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқдалар. Мен ҳам ўзимнинг синфимдаги ўқувчиларни кузатар эканман, уларнинг кўзларидаги ёш менинг ҳам қалбимга кўчиб ўтгандек бўлди. Мустақил ҳаётларида фарзандимдек бўлиб қолган ўқувчиларимга бахт ва омадлар тилайман, — деди тажрибали устоз Муборак Аллаберганова.
— Мен журналист бўлишни истайман ва пойтахтимиздаги Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжатларимни топширмоқчиман, — деди мазкур мактаб битирувчиси Асалой Йўлдошева. — Матбуотга жуда қизиқаман. Айниқса, “Hurriyat” газетасини мунтазам ўқиб бораман ва ўқишга кирганимдан сўнг шу даргоҳда тажрибамни оширишни ният қилганман.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари эсда қоларли даражада ҳаяжонли ва шукуҳли онларга бой кечди.
Оқ йўл, битирувчилар! Ҳаётингиз текис ва ойдин бўлсин!
Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА