Ижод аҳлига юксак ишонч

27 июнь — Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бу сана ҳар йили фахр ва эҳтиром, теран миннатдорлик ва фидокорлик ила кутиб олинади. Бу кун — қалами билан жамиятни уйғотган, микрофон орқали халқ овозини жаҳонга эшиттирган, экран орқали ҳақиқатни кўрсатган ва интернет воситасида фикр майдонини кенгайтирган барча ижодкорлар байрами ҳисобланади.

Бу йилги байрам алоҳида руҳда, юксак савияда ўтди. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ташкил этилган “Олтин қалам” XIX Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими нафақат журналистика, балки кенг жамият аҳли эътиборини тортди.

Тантанали тадбирда жамиятимизда ахборот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўз эркинлиги ва касб профессионализми борасидаги янгиланишлар яна бир бор ёрқин намоён бўлди. Маросимда Президент табриги ўқиб эшиттирилди. Мамлакат раҳбарининг самимий тилаклари — бугунги мураккаб медиа муҳитида ҳам ўз адолатли позициясини йўқотмаган, миллат ва Ватан манфаатини қаламига байроқ қилган журналистлар учун беқиёс маънавий қувват манбаи бўлди.

Матбуот ва ОАВ ходимларига йўлланган Президент табригини Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди. Унда, хусусан, ОАВ ходимларининг мамлакат тараққиётидаги ўрни, уларнинг жамият онгига таъсири ва ахборот майдонидаги масъулияти алоҳида қайд этилди.

Маросимда, шунингдек, Давлатимиз раҳбари фармонига биноан журналистика соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган, ҳалол ва садоқатли меҳнати билан эътироф топган бир гуруҳ соҳа фидойиларига давлат мукофотлари топширилди. Ушбу юксак мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева тантанали равишда топширди. Бу эса журналистлик фаолияти жамиятимизда нечоғлиқ муҳим ва таъсирли касб эканини яна бир бор исботлади.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б, “Олтин қалам” Миллий мукофот учун XIX халқаро танлови ташкилий қўмитаси раиси Х.Салимов юртимизда матбуот ва сўз эркинлигининг қўллаб-қувватланаётгани ва Ўзбекистонда журналистикага эътиборнинг юксак эканлигини алоҳида таъкидлади. Таъкидланганидек, бу йилги “Олтин қалам” танловига жами 499 нафар журналист 3251 та ижодий ишлар билан қатнашди. Бу — ҳар бир юртдошимиз ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни кузатиш ва халқ дардини ёритишга бўлган юксак масъулият ва садоқат белгисидир.

Танлов тарихига назар ташласак, у 2006 йилдан бери ҳар йили анъанавий тарзда ташкил қилинади. 2007 йилдан бошлаб бош миллий мукофот ҳам жорий этилди. Танлов доирасида ҳар йили телевидение, радио, босма нашрлар ва интернет-журналистика йўналишларида 1, 2, 3-ўринлар ҳамда 12 та рағбатлантирувчи номинация бўйича ғолиблар аниқланади. Жорий йилда “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида ҳам 40 дан ортиқ давлатдан 87 нафар журналист иштирок этди.

Биз бу йилги ғолиб ва совриндорларидан айримларининг дил сўзларини ҳам ёзиб олдик.

 

Заҳро ҲАСАНОВА,

“Gulxan” журнали бош муҳаррири,

“Олтин қалам” Миллий мукофоти учун XIX халқаро танловининг  Журналистика соҳасида Бош миллий мукофот (“Gulxan” журнали жамоаси) ғолиби:

БУ ФАХР БИЗНИКИ ЭМАС — БУ БОЛАЛАРИМИЗНИКИ!

Бугун қалбимизда ғурур ва ҳаяжон, кўзларимизда эса қувонч ёшлари… Чунки йиллар давомида болалар қалби, орзулари ва тасаввурлари учун меҳнат қилган “Гулхан” болалар журнали жамоасининг фидокорона саъй-ҳаракатлари ниҳоят юксак баҳосини олди. “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун XIX халқаро танловнинг Бош миллий мукофоти — Президент совғаси “Chevrolet Onix” автомобили журналимизга, жамоамизга насиб этди!

Бу эътибор — нафақат журналимизни, балки бутун болаларимизни, ёш авлодни, уларнинг орзу-умидларини эъзозлашнинг яққол белгисидир. “Гулхан” — бу шунчаки журнал эмас. Бу — ҳар бир саҳифасида эзгулик, меҳр, ватанпарварлик, дўстлик ва болалар учун чинакам ҳаёт мактаби мужассам бўлган юракдан юракка ёзилган фидойилик маҳсули.

Бугун ушбу юксак эътирофни қабул қилиб олар эканмиз, аввало, бу йўлда елкадош бўлган жамоамизга, адабиёт, журналистика ва болалар тарбиясига бефарқ бўлмаган муҳтарам Президентимизга, устозларимизга, ижодкорларимизга, мухлис болажонларимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз.

“Гулхан” бугун нафақат мукофот олди, балки яна бир ҳақиқатни исботлади: болалар учун ишлаш — энг шарафли ва масъулиятли бурчдир! Биз келажакда ҳам бу йўлдан чекинмаймиз. Ҳар бир болакайнинг қалбида эзгулик, ҳаётга муҳаббат, китобга, Ватанга садоқат уйғотадиган нашр бўлиб қоламиз!

 

Ҳалима МАХАМАДСАИДОВА,

“O‘zbekiston” радиоканали катта муҳаррири, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун XIX халқаро танловининг “Энг яхши журналистик материал учун” (радио) номинацияси биринчи ўрин ғолиби:

ОВОЗ ОРҚАЛИ ЮРАКЛАРГА ЕТИБ БОРИШ — БУ САНЪАТ, БУ ФИДОЙИЛИК, БУ ИШОНЧДИР!

Бугун қалбимда сўзга сиғмайдиган бир ҳаяжон бор. Бу ҳаяжон — миннатдорчилик, масъулият ва албатта, ифтихор билан тўла. “Олтин қалам” халқаро танловида радио йўналиши бўйича 1-ўринга сазовор бўлиш — бу оддий бир ғалаба эмас, бу — бир умр микрофон ортида сарфланган фидойилик, эътибор ва эшитувчига садоқатнинг юксак эътирофидир.

Радио — бу овоз санъати. У кўзсиз кўрсатар, қўлсиз тутар, юраксиз эшиттирадиган кучдир. Ҳар бир эшиттириш — юракдан юракка йўл топиши керак. Ҳар бир сония — тингловчининг ишончи билан тўлдирилиши лозим. Мен йиллар давомида мана шу фидойилик тамойилига содиқ бўлиб иш юритдим. Бугун эса бу меҳнат эътироф этилган бўлса, демак, овозим юракларга етиб борган.

Бу мукофот — меники эмас, у бизни тинглаган миллионлаб юртдошларимизники, мен билан елкама-елка меҳнат қилган тажрибали, бағрикенг устоз ва ҳамкасбларники, ҳар бир эшиттиришни ҳаётимдек қабул қилган ижодкор қалбникидир.

“Ўзбекистон” радиоканали — бу Ватанимизнинг овози, юрагининг ритми, халқ билан халқни, авлод билан авлодни боғлайдиган кўприкдир. Мен эса шу кўприкда сўз, маърифат, меҳр ва ҳақиқат билан юришга ҳаракат қилган оддий хизматкорман. Бугунги мукофот менга шуни яна бир бор англатдики — ҳалол, пок ният билан қилинадиган ҳар қандай меҳнат эътироф этилмасдан қолмайди!

 

Қобулжон АХМЕДОВ,

“Mening yurtim” телеканали раҳбари,

“Олтин қалам” Миллий мукофоти учун XIX халқаро танловининг “Энг яхши журналистик материал учун” (телевидение) номинацияси биринчи ўрин ғолиби:

ЭКРАН ОРҚАСИДА ТУРГАН ҲАҚИҚАТ — БУ ХАЛҚ, БУ ЮРАК, БУ МАСЪУЛИЯТ!

Бугун “Менинг юртим” телеканали жамоаси учун тарихий кун. Бугун биз нафақат мукофот олдик — биз халқнинг эътирофини, журналистик жасоратимизга бўлган ишончни, кўнгилларга етиб борувчи ҳақиқатга берилган энг олий баҳони олдик. “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловда телевидение йўналиши бўйича биринчи ўринга лойиқ деб топилиш — бу биз учун катта шараф, улкан фахр, айни пайтда масъулиятдир!

Телевидение бу — кўриш, эшитиш, ҳис қилиш, англаш ва ҳаракатга чорлов санъатидир. Ҳар бир кадр ортида тунларни тонгга улаган ижодкорлар, камерани елкада кўтарган фидойилар, монтажхонада сукутда ишлайдиган профессионал муҳаррирлар, эфирда табассум ила хушхабар улашаётган бошловчилар туради. Биз — “Менинг юртим” телеканали жамоаси — бир мақсад, бир руҳ, бир қалб атрофида бирлашган ижодкорлар оиласимиз.

Бу ғалаба фақат меники эмас. Бу — жамоамники. Бу — камера ортидаги кўзга кўринмас қаҳрамонлар, саҳнага чиққан- чиқмаган, лекин фикри, руҳи билан ҳар дақиқада эфирни тўлдириб турган ҳар бир ижодкорники. Улар билан фахрланаман!

 

Лайло ҲАЙИТОВА,

“Buxoro yoshlari” газетаси бош муҳаррири,  “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун XIX халқаро танловининг “Энг яхши журналистик материал учун” (босма нашрлар) номинацияси биринчи ўрин ғолиби:

БУ МУКОФОТ — ЁШЛАРГА ИШОНЧ, БИЗГА МАСЪУЛИЯТДИР!

Бугун қалам аҳли учун унутилмас кун. Бугун СЎЗ ғолиб бўлди, ҳақиқат эътироф этилди. Бугун “Олтин қалам” танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида Босма нашрлар йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллаганимиз ҳақида саҳнада номимиз жаранглаганида, юрагимда ҳар бир сўзнинг, ҳар бир сатрнинг, ҳар бир сарлавҳанинг машаққати, юки ва масъулияти кўз олдимдан ўтди. Бу — оддий бир мукофот эмас. Бу — ёшларга аталган эътибор, уларнинг дардини, орзуларини, оромини ёзишда бизга билдирилган буюк ишонч!

“Бухоро ёшлари” газетаси — бу оддий нашр эмас. Бу — бир авлоднинг кўзгуси, замон билан ҳамқадам фикрловчи, қалби уйғоқ ёшлар минбаридир. Биз газета саҳифаларига юрагимизни қуямиз. Ҳар бир мақола — ёшлар билан юзма-юз суҳбат, ҳар бир лавҳа — ҳаётнинг жонли тасвири.

Мен ушбу эътирофни бугун иззат билан қабул қилар эканман, аввало, ўз жамоамга — фидойи ижодкорлар, таҳририятда тунларни тонгга улаган касбдошларимга миннатдорлик билдираман.

* * *

Чиндан ҳам, тантанали тадбирда яратилган байрамона муҳит, миллий либослардаги санъаткорлар, чолғувчиларнинг чиқишлари, “Президент совғаси” деб ёзиб қўйилган миллий автомобилнинг намойиш этилиши, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига атаб тайёрланган баннерлар… буларнинг барча-барчаси тадбирга нафақат давлат, балки жамият ҳам қандай юксак эътибор билан ёндашишини кўрсатди.

Инчунин, “Олтин қалам” — бу шунчаки мукофот эмас, бу ижодкор аҳли учун масъулият ва ишонч рамзи. У замон билан ҳамнафас, жамият сўзга муҳтож эканини ҳис этган қалам эгаларининг юрагида ёнади.

Ислом АСИЛБЕКОВ ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 4 =