Орзуларим осмонда эди…

Ёшлигимда: “Қачон катта бўламан? Қачон мен ҳам катта-катта шаҳарларга бораман?” деб хаёлан ўзимга ўзим кўп саволлар берардим. Шу тариқа болалигим Шерободнинг чекка бир қишлоғида ўтди. Мана, ўша кунлар келди ва мен юртимизнинг тарихий шаҳарларига бордим, кўрдим, бугун эса пойтахтимиз Тошкентда яшаяпман, ўқияпман ва ишлаяпман.

Яқинда 25 ёшга тўлдим. Инсон улғайгани сари ташвишу муаммолари ортиб бораверар экан. Болалик пайтимда самолётда учишни жуда истардим ва истагимга етдим. 2021 йил март ойида Термиз – Москва йўналишида Россия Федерациясига учдим: албатта, ишлаш учун. Мусофирлик, ўзга юртда пул топиш осон эмас. Бир йилдан кўпроқ муддат Москвада ўзбек миллий таомлари ресторанида новвойчиликни ўргандим. Бунга кўп вақт кетмади: бор-йўғи 20-25 кунда уддасидан чиқдим.

Мен учун ота-бобом қилмаган новвойчилик касби кундан-кунга ёқиб қолди. Ишладим, пул топдим, лекин кўнглим тўлмасди. Сабаби синфдош ўртоқларим олий маълумотга эга бўлиб, мактаб, касалхона ёки банк соҳасида ишлай бошлаган эди. Шундан сўнг ичимда кучли исён пайдо бўлди: “Тенгдошларим каби ўқиб, олий маълумотли бўлиб юрсам-чи?” деган мақсад туғилди. Вақт ўтиши билан Тошкентга қайтдим. Шу ерда иш топиб ишлаб, ўқишга топширдим. Аллоҳ омадимни бериб, ўтган йили ўқишга кирдим: Ўзбекистон Миллий университети талабаси бўлишга мушарраф бўлдим.

Оилавий шароитим мени ўқитишга етмасди. Шу боис ҳам ишлаб, ҳам ўқиб ўзимни эплашга интилдим. Айни пайтда пойтахтдаги кафелардан бирида касса ходими бўлиб ишламоқдаман. Салкам икки йил бўлибди: вақт қанчалар дарё каби тез оқмоқда-я!

Иш фаолиятим мобайнида кўп қизиқ ва кулгили, ажабланарли, гоҳида қайғули вазиятларга тез-тез дуч келаман. Энг қайғули ҳолат — ярим тун соат 01:00 ёки 02:00 бўлишига қарамай, ичиб маст бўлган, ярим яланғоч кийинган қизлар кириб келаверади. Улар пул учун чет эл фуқароларига эргашиб юришади: бири хитойлик, бири турк, бири ҳинд йигитлари билан. Афсуски, буларнинг барчаси ҳақиқат. Ҳайронман — ўзбек қизларининг ибоси, ҳаёси, иффати шу даражада йўқ бўлиб кетмоқдами, деган савол мени қийнайди. Кўчада, ўқишда, ишда шундай афсусланарли ҳолатларни кўриб, шунда ўзимга айтаман: “Наҳотки ҳақиқат қалампирдан аччиқ бўлса?”

Шоҳрух РАЖАБОВ,

ЎзМУ 2-курс талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =