Изтироблар ва қувончлар

Ҳар гал Нарпай тумани маркази Оқтош шаҳрига борганимда, албатта, ўзим ишлаган қадрдон даргоҳ — “Пахтакор овози” (ҳозирги “Навқирон Нарпай”) газетаси таҳририятига кириб ўтаман.
Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, илк мақолам “Пахтакор овози”да чоп этилган. Ўша пайтдаги қувонч ҳамон ёдимда. Иккинчиси эса, 1980 йил бошида фаолиятимни шу таҳририятда бошлаганим ва бу даргоҳда Тошпўлат Тошмуродовдек моҳир ва жасур журналист билан танишиб, йиллар давомида бақамти ишлаганим.
Яқинда касб байрамимиз баҳона яна қадрдон таҳририятимга келдим ва бу даргоҳда кейинги йилларда амалга оширилган ишларни кўриб, унинг ташаббускори, тажрибали журналист Тошпўлат Тошмуродов фаолияти ҳақида ёзгим келди.
Тошпўлат ака 1949 йилда Қозикент қишлоғида туғилган. Илмпарвар муаллим ва маънавиятли инсонлар оиласида тарбия топди. Ўрта таълимни қишлоқ мактабида олди, кейин Хоразм давлат университетида ўқиди.
Дастлаб воҳа университетида талабаларга дарс берди, кейин пойтахтда илмий ходим бўлиб ишлади. 1974 йилда қадрдон қишлоғига қайтиб келиб, “Пахтакор овози” газетаси таҳририятида фаолиятини давом эттирди. Мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири, масъул котиб, қисқаси, таҳририятда нимаики лавозим бўлса бажарди, номи чиқди. Ўткир мавзуларда мақолалар ёзди, қалами чархланди.
Тошпўлат ака 1984 йилда бош муҳаррир этиб тайинланди. Ҳафтасига уч марта чоп этиладиган газета материалларини тайёрлаш, техник жараёнларини кузатиш, мухбирларга муносиб шароит яратиш осон эмаслигини ҳамкасбларимиз яхши билади. Айниқса, тезкорлик, танқидий нигоҳ, мақолаларнинг ўқишлилиги, бадиий сайқалга эътибор қаратиларди. Бу саъй-ҳаракатлар бошида, албатта, Тошпўлат ака турар, бунинг учун эса ундан катта меҳнат ва маҳорат талаб қилинарди. Энг муҳими, унинг ўзи мақола ёзишда ҳаммага намуна эди: қалами ўткир, тўғри ва аниқ далилларга таяниб равон, ўқимишли ёза оладиган журналист эди.
Таҳририятга ишга келганимда Тошпўлат ака “Журналист жонкуяр ва ишлаб толмас бўлиши керак, бунинг учун у тинмай ёзиши, ўз устида ишлаши, таниқли журналистлар ҳаёти, иш жараёнини ўрганиб бориши керак. Шундагина маҳоратли мухбир бўла олади”, деган эди. Мен унинг ўгитларига фаолиятим давомида амал қилдим.
Устоз бугун ҳам журналистлар сафида. Қирқ йилдан буён муҳаррир бўлиб ишлаб келмоқда. Қирқ йиллик изтироб — қирқ йиллик қувонч. Бу азоб, изтироб, машаққатли йўлни сабр, чидам, фидойилик билан босиб ўтди. Ҳам сиёсий, ҳам ижодий жараёнларда тобланди. Ўнлаб шогирдлар тайёрлаб, уларни элга таниттирди.
— Матбуот — халқнинг беминнат ёрдамчиси, теварак-атрофдаги янгиликларни акс эттирувчи кўзгу, — дейди Тошпўлат ака. — Газетада босилган мақола сизни таъсирлантирса, фикрлашга, мушоҳада қилишга чорласа қандай яхши. Бугун газетамизни ана шундай ўқимишли қилишга интиляпмиз.
Тошпўлат ака фаолияти давомида сиёсатчи сифатида ҳам элга танилди, халқнинг дардига дармон бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутати бўлиб, халқнинг оғирини енгил қилишда билим ва маҳоратини аямади.
Соҳа жонкуярининг фаолияти муносиб тақдирланди, у 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан “Шуҳрат” медалига сазовор бўлди.
Бу инсоннинг дўст-қадрдонлари кўп. Яқин кишиларини оғир-енгил кунларида йўқлайди, аҳволидан хабар олади. Ўзи яхши кўрадиган инсонларининг эътиборида бўлгиси, уларни ҳам эъзозлагиси келади. У бугун катта устоз. Ҳар бир шогирди учун жон куйдиради. Журналист маҳорати, ахлоқи меъёрларини тушунтиришдан эринмайди.
— Ҳамфикрим, умр йўлдошим Гулчеҳрахон билан беш нафар фарзандни вояга етказдик. 21 нафар невара ва чевара даврасида суюкли бўлиб яшаяпман, – дейди устоз. Етказганига шукур!
Жўшқин ДОВУРОВ,
Нарпай.