“Ҳар кимки жафо қилса…”

1987 йили Москвага хизмат сафари билан келиб, бир ҳафта давомида “Московская правда” газетасининг иш фаолиятини ўрганганман. Шод Муллажонов деган душанбелик тожик йигит газетада масъул котиб лавозимида ишлар экан, мени ижодий жараён, материалларнинг тайёрланиши, муаллифлар билан ишлаш, газетхонларнинг хатларидан фойдаланиш тажрибаси билан эринмай таништирди.
Бир куни масъул котибнинг хонасида газетанинг эски тахламларини варақлаб ўтирган эдим, хонага кўзлари йиғидан қизарган асабий бир аёл кириб келди.
— Масъул котиб шу ердами? — деб сўради у қовоғини уйган ҳолда. Мен: “Ҳа, шу ерда, ҳозир бир иш билан ташқарига чиқувди”, дедим. Дедим-у, тутилдим. Чунки масъул котиб қаёққадир жўнаб кетган экан.
— Сиз ким бўласиз? — деди аёл сўзлашгани бошқа ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, бироз юмшаб.
— Менми, мен — ўзбекистонлик журналистман, тажриба ўргангани келганман, — дедим шоша-пиша.
— Тажриба денг? — энсаси қотди аёлнинг. — Буларда тажриба бор эканми? Мана, битта мақолани бир ойдан бери эълон қилмай, чўзиб, пайсалга солиб ётишибди. Меҳнаткашларнинг аризаларига эътиборлари қандайлигини ўргансангиз бўлармиди, ўртоқ журналист…
Ўзим билмаган ҳолда арининг уясига чўп суқиб қўйган эканман. Роса бир соат давомида унинг ноёб, бошқа ҳеч жойда эшитиш мумкин бўлмаган ҳикоясини эътибор билан тинглашимга тўғри келди.
“Андрей билан медицина институтида бирга ўқиганмиз, — ҳикоясини бошлади Оля ҳаяжонини бироз босиб олгач. — Асли мен бошқа бир йигитни севардим. Аммо унинг яқин дугонамга илакишиб қолганини сезиб, жаҳл устида Андрейга кўнгил очдим. У уч хонали уйда бир ўзи турарди, бунинг устига, пул топишга уста эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, никоҳдан ўтдик. Бирга яшай бошладик. Бу орада отам автоҳалокат туфайли оламдан ўтди, онам уйда бир ўзи қолди. Андрей билан маслаҳатлашиб, шарти кетиб, парти қолган уйни сотдик-да, онамни ёнимизга олиб келдик. Бир-икки йил бинойидек яшаб юрдик, ейиш-ичишдан камимиз бўлмади.
Тўйимизнинг учинчи йили Андрей касалланиб қолди, яхшигина ишидан бўшади. Рўзғорнинг юки онам иккимизнинг елкамизга тушди. Бир амаллаб тирикчилик ўтказа бошладик. Топган-тутганимиз дори-дармонга кетарди. Майли, тузалиб кетса, ҳаммаси унут бўлади, деб сабр қилдик.
Бир куни, қайсидир байрам эди, чамамда, электричкада курсдош дўстим Сашани кўриб қолдим. Бу ўша — мен кўнгил қўйган йигит эди. Жуда ўзгариб кетибди. Кийимларини кўриб, оғзим очилиб қолди. Ўша куниёқ мени ресторанга таклиф қилди. Бордим. Мириқиб суҳбатлашдик. Красноярск ўлкасида ишлаётган экан. Оғзидан бол томиб гапиради денг. Москвадан борган ёш мутахассисларга эътибор катта эмиш, уй беришармиш, маошини, қўшимча мукофотларини айтмайсизми!
Энди билсам, ўшанда Сашанинг эртакларига ишониб, хато қилган эканман. У мени ҳар куни, то Красноярскка қайтиб кетгунича, қиммат ресторанларда меҳмон қилди, қулоғимга тилла сирға тақиб қўйди. Андрейнинг ташвиши билан бўлиб, уйдан ташқарига деярли чиқмай юрардим. Майли, бир кўнглимни ёзай, деб у билан роса бир ҳафта вақтихушлик қилдик.
Саша жўнаб кетиши биланоқ ҳаёлим бўлинди. Фикри-ёдим унинг айтган-деганларида. Андрейнинг аҳволи бўлса анча дуруст, аммо ҳали-бери ишга чиқа олмайди. Саша ёрдам бераман деб турибди, бориб, бир-икки йил ишласам-чи? Даромади яхши бўлса, балки Андрей билан онамни ҳам ўша томонларга олиб кетарман? Ҳаво алмаштириб, унча-мунча пул орттириб қайтиб келармиз… Нима, ҳеч нарса кўрмай ўтиб кетишим керакми?
Бу гаплар кўнглимга шу қадар ўрнашиб қолдики, аввал онамга, кейин Андрейга айтмасдан тура олмадим. Иккалалари ҳам қаттиқ қаршилик қилишди. Онамга ётиғи билан тушунтирдим, майли, ўзинг биласан, қизим, дегандай бўлдилар охири. Андрейнинг бўлса, мени у ёқларга Саша таклиф этаётганини билиб, кайфияти тушиб кетди. Аммо қаттиқ гапирмади, “Яхшилаб ўйлаб кўр, кейин афсусланиб юрма, қайтиб келиб, ҳозиргидек иш топишинг қийин”, деди. Мен: “Андрей, бу ишларни сен учун қиляпман, ҳаммасини ўйлаб кўрдим, сира ташвиш қилма”, деб оёқ тираб туриб олдим.
Хуллас, ишдан бўшаб, Красноярскка отландим. Саша мени яхши кутиб олди. Аввалига меҳмонхонага жойлашдим, кейин ишчилар ётоқхонасидан жой олиш учун қурилиш ташкилотининг медицина пунктига ишга кирдим. Дўстим тез-тез келиб хабар олиб турди. Ҳафтада бир-икки марта кечки овқатни бирга қиламиз, кино-театрга тушамиз. Бир қарашда ҳаммаси кўнгилдагидай, аммо маошнинг чўғи паст, ўзим билан олиб келган пулнинг эса таги кўриниб қолди.
Бир куни Саша мени уйига таклиф қилди. Мен тентак қиз лаққа тушиб бордим. Тўрт хонали уй экан. Жиҳозлари замонавий бўлмаса-да, анча бежирим. “Ўзингнинг уйингми?” десам, “Ҳа, сотиб олдим, сен ҳам, Худо хоҳласа, ҳа-ҳу демай шунақа уйли бўласан, кел, шу бўлажак уйингни ювайлик”, деди. Ювдик. Буёғини айтмасам ҳам бўлаверади.
Хуллас, Саша билан бирга, эр-хотинлардай яшай бошладик. Топган-тутганини уйга олиб келади. Рўзғоримиз бут, ихтиёримиз ўзимизда. Аммо бундай “бахт” узоққа чўзилмади. Бу дардимни, журналист экансиз, сизга айтяпман, бошқа ҳеч кимга шу чоққача айтмаганман. Бир куни эшик қўнғироғи жиринглади, очсам… остонада бир аёл, қўлида икки яшар боласи билан менга мўлтайиб қараб турибди. “Келинг, кимсиз?” десам, “Шу уйнинг эгасиман, сиз ким бўласиз?” деб менга кўзларини лўқ қилиб қаради. Юрагим шув этиб кетди. Нима дейишни билмай, остонада довдираб туриб қолдим.
Аёл ичкарига кирди-ю, бақира кетди:
— Қани, мегажин, бузуқи, жонинг борида бу ердан жўнаб қол-чи! Нафсингни қондиришга Москвада эркак топилмай, шу ерга келдингми, ифлос? Жўна, деяпман!..
Ҳаммаси бир зумда равшан бўлди. Қўлимга илинган нарсаларимни олиб, кўчага отилдим. Сашага телефон ҳам қилмадим. Ётоқхонага келиб, бир амаллаб хонамга кириб олдим.
Ўша куни, худди билгандай, онам қўнғироқ қилди. Ҳеч нарса бўлмагандай, яхши гаплашдим. Онам: “Андрей “Қизингиз мени ташлаб, аввалги хуштори билан кетдими, кетди, энди сиз билан бирга тура олмайман, уйланаман”, деяпти, жуда бошим қотди”, десалар бўладими? Миямда чақмоқ чаққандек бўлди. Ҳушимни йўқотмадим, аммо ундан баттар бўлдим.
Саша бир ҳафта қорасини кўрсатмади. Охири, виждонимни қийнаб бўлса-да, ишхонасига бордим. Бордим-у, уни… таний олмадим. Қаршимда бутунлай бошқа одам менга муғомбирона тикилиб турарди.
Билсам, Саша аввалига содда дугонамни лақиллатибди, кейин бу ерга келиб, тузоғига бошқасини илинтирибди. Унга уйланиб, фарзандли ҳам бўлишибди. Кейин ораларидан ола мушук ўтиб қолибди, хотини боласини кўтариб, Одессада яшайдиган ота-онасининг олдига бир-икки ой дам оламан, деб кетиб қолибди. Бу пайтда мен пайдо бўлибман. Ўл дейдиган одам йўқ.
Хуллас, Саша билан мутлақо узилишиб кетдик. Бир яхши одамнинг ёрдамида ишимни ўнглаб олдим. Қўлимга дурустгина пул туша бошлади. Бир қисмини онамга, Андрейга жўнатиб турдим. Орадан бир йил ўтди. Зерикдимми ё бошқа бир сабабми, бирданига Москвага қайтгим келиб қолди. Лаш-лушларимни йиғиштириб, йўлга отландим. Йўл-йўлакай, онамга, Андрейга совға-салом олдим. Уларга сюрприз бўлсин деб, қайтаётганимни билдирмадим ҳам. Эҳ, тақдир, уйга келсам, сюрприз деганларининг энг каттаси мени бу ерда кутиб турган экан.
Гапни чўзиб нима қиламан, Андрей онамга хархаша қилаверганидан кейин, бечоранинг иложи қолмабди. Уйига қайтай деса, ҳовли сотилиб кетган, қуруқ ҳамён билан борса, кимгадир юк бўлади. Охири, таклиф… онамнинг ўзидан чиқибди. “Андрей, қизимдан хафа бўлма, у тентак бир куни бошини чангаллаб олдингга келади, келмаса, тузалиб, ишга тушиб кетсанг, бирорта тенгингни топарсан. Ҳозирча, кел, бирга яшаб турайлик, овқатингни пишириб, кийим-бошингни ювиб турибман-ку”, дебдилар. Мана сизга иложсиз қолган одамнинг иши. Тўғрисини айтсам, онам кўҳликкина аёл, кийиниб кўчага чиқса, йигитлар гап отмай қўйишмайди. Андрей аввалига бир нима демабди, аммо кейинроқ тақдирига тан бериб, онам билан қовушибди. Расмий бўлмаса-да, эр-хотин бўлиб яшай бошлашибди. Шундай кунлардан бирида эшикни тақиллатиб мен кириб келибман…
Бу ёғи энди жумбоқ, ечиб бўлмайдиган муаммо. Она-бола Андрейни талашиб, бир-биримизни судга беришга, бир-биримизнинг сочимизни юлишга тайёр турибмиз. “Она, жуда бемаъни иш бўлибди, майли, ўтган ишга салавот, қишлоққа қайтинг, ёрдам жўнатиб тураман”, десам, онам “Қизим, аҳмоқликни ўзинг бошладинг, энди бизларга халақит берма, ҳали ёшсан, бирортасини топасан, албатта”, деб турибдилар.
Нима қилишни билмай, бошимдан ўтган воқеаларни қоғозга тушириб, редакцияга олиб келганимга, мана, бир ой бўлдики, булар на жавоб қилишади, на босиб чиқаришади…”.
Хизмат сафарим тугаб, Тошкентга қайтдим. Олянинг “мақола”си газетада эълон қилиндими-йўқми, бундан хабарим бўлмади. Таҳририятга қўнғироқ қилиб сўрашга эса журъат қилмадим.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ