Ўзбек навоийни уқиб ўқиса…

Ҳар йили ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг таваллуд куни яқинлашаверса, ташкилотлар, ўқув юртлари, ҳатто боғча болаларигача жонланиб қолишади. “Назм ва наво”, ғазалхонлик кечалари, маънавий-маърифий тадбирлар авж пардага кўтарилади. Бу ҳолни кузатиб, буюк Навоийнинг ворислари бўлганимиздан кўксимиз тоғдек кўтарилади. Бироқ бир нарса бизни чуқур ўйлантиради. Аксар тадбирларнинг хўжакўрсинга ўтказилаётганини икки ўн беш — бир ўттиздек сезиб қоламиз.

Илгарилари интернет деган жонивор йўқ эди. Навоий ҳақида тайёрланган тадбирлар юзаки ўтса, бир хонанинг ичида қолиб кетарди. “Бош ёрилса — бўрк ичида, қўл синса — енг ичида”, дегандай. Жуда борса, 40-50 нафар одам кўрарди. Ҳозир йилт этган тадбирки бор, ижтимоий тармоқларга сизиб чиқмоқда. Чунки ҳар бир ташкилот, ўқув юртининг ўз канали, аъзолари бор. Бу ерда очиқлик сиёсати деган тамойил ҳам ишлайди. Қолаверса, ўзларининг амалга ошираётган ишларидан фахрланиш, кўзкўзлаш туйғуси бани одамга хос хислатдир (бироқ ташкилот ва ўқув юртларининг каналларида камчиликлар ҳақида тайинли материаллар эълон қилинмайди. Бамисоли ҳамма нарса рисоладагидек. Матбуот котиблари камчиликларни туя сандиққа солиб қулфлаб қўйгандай гўё. — Таъкид бизники: М. А.)

Ҳазрат Мир Алишер Навоий туғилган сана арафасида Сирдарё вилояти ташкилот ва ўқув юртларининг каналларида шоир ҳақида ўтказилган тадбирлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек бодраб кетди. Ким Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирган, бошқа биров ғазал ўқиш бўйича мусобақага чақирган. Буни челленж деймизми, чорлов деймизми — фарқи йўқ. Аламлиси, ижтимоий тармоқларда тарқалган аксар биродарларимизнинг фикрлари ниҳоятда саёз, примитив. Мактаб дарсликларидаги маълумотларни чала-чулпа айтиб беришдан нарига ўтмайди. Бироқ ўзларини Навоийнинг билимдонларидек тутишади. Шундай кезларда ўйланиб қоласан: мактаблардаги адабиёт фани ўқитувчиларининг мумтоз адабиётимиз борасидаги билимлари ҳаминқадармикин деб?

Тўғри, Навоий — даҳо. Уни тушуниш анчайин билимлар: тасаввуф, ислом фалсафаси, араб ва форс тилларидан озгина бўлса-да хабардорликни талаб қилади. Бунда бизга ҳазрат асарларининг насрий баёнлари ва Навоий асарларининг изоҳли луғатлари ёрдамга келади. Бир неча мактаб кутубхоналарида бўлганимизда, бундай китобларга кўзимиз тушмади. Навоий ғазалларига шарҳлар китоби чиққан. Лекин адади жуда оз. Бу китоблар билан кўп минг сонли ўқитувчилар ва ўқувчилар армиясини озиқлантириб бўлмайди. Образли айтганда, туяни чўмич билан суғоришдек гап. Катта тадбирларда Навоийнинг, жилла қурса, битта ғазалини ёд билмаган киши маъруза қилса, унинг дийдиёсини ҳеч ким эшитгиси келмайди.

Ҳазратни тушуниш учун, аввало, инсоннинг ўзида саъй-ҳаракат бўлиши жоиз. Бир вақтлар журналист ва шоир биродаримиз Мухтор Носир билан (ёш кетди, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) “Навоийни ким кўп ўқиб тушунади?” деган мавзуда баҳслашиб қолдик. У кишининг қувваи ҳофизаси кучли эди. Камина бу борада мақтанолмасдим. Илк қилган ишим ҳазратнинг “Хазойин ул-маоний” девонини бир бошидан кўриб чиқиб, содда тилда битилган ғазалларини жамлаб, қўлбола китоб тартиб бердим. “Ояти ишқ” деб номлаган қўлбола китобимни ҳафсала билан безадим. Сўнгра бир умумий дафтар тутиб, маъносини тушунмаган сўзларнинг изоҳини ёзиб бордим. Орадан бирмунча вақт ўтиб, бинойидек навоийхон бўлиб қолдим. Навоийни тушунмаганларга ўзим тайёрлаган қўлбола китоб — “Ояти ишқ”ни кўрсатиб, камтарона маслаҳатларимни бераман. Албатта, бу жараёнда ҳазратни тушуниб ўқимоқчи бўлганларнинг сабри, тиришқоқлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Каминанинг бу гапларини мумтоз адабиётимиз билимдони, Халқаро Бобур мукофоти лауреати Ваҳоб Раҳмонов яна бир тавсия билан тўлдирдилар. “Ҳазратни тушуниш учун ёшлар кўпроқ мумтоз адабиёт дурдоналарини ёд олишлари керак”. Ваҳоб аканинг ўзлари бу ақидага қатъий амал қиладилар. Учрашувларга бирга борганимизда, Алишер Навоий, Бобур, Огаҳийдан ўнлаб ғазалларни ёд ўқиб, даврани сеҳрлаб қўядилар. У киши айни пайтда Гулистон давлат университетида талабаларга мумтоз адабиётдан сабоқ берадилар.

Энди гапнинг индаллосига келсак. Кўп мисол келтириб ўтирмайман. Ҳазрат Навоийнинг 584 йиллигига бағишлаб вилоятимиздаги бир ташкилот (“гап эгасини топади” тамойилига амал қилиб, ташкилот номини келтирмадик) раҳбарлар ўртасида шоир ғазалларини ифодали ўқиш бўйича челленж эълон қилди. Зўр ташаббус бўлибди, деб қувониб кетдик. Бироқ бир кун ўтмай, таъбимиз тирриқ бўлди. Катта бир ташкилотнинг анчайин раҳбарлари Навоий ғазалларини янтоққа судраб шундай расво ўқидиларки, ғазабланганимиздан тепа сочимиз тиккалади. Охири челленж ташкилотчисига сим қоқдик. У киши: “Танлов низомини 10 кун олдин юборганмиз. Битта ғазални рисоладагидек ўқиёлмаган раҳбарлар эгаллаб турган курсисига лойиқмикин?” дея узрхоҳлик билан жавоб бердилар. Ваҳоланки, ушбу каналнинг анчагина аъзоси бор. Қолаверса, ижтимоий тармоқда раҳбарларнинг ғазалхонлигини кўплаб кишилар кузатишади. Бироқ бир нарса бизни ҳайрон қолдирди: бир ўқирмандан бошқа ҳеч ким Навоий ғазалларини янтоққа судраб ўқиган раҳбарларни янимади, инсофга чақирмади. Бу лоқайдликми ёки Навоийни тушунмаслик — аниқлай олмадик. Шу ўринда Навоий ҳақидаги тадбирларни турли ижтимоий тармоқларда ёритган дўстларимиз матнлари имло хатоларга тўлиб-тошганлигини айтмасак ҳам бўлади (чаласаводлик интернетдаги баъзи гуруҳлар ва каналлар учун касалликка айланиб қолган).

Мақолани ёзиш асносида ҳассос шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг машҳур “Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса…” деган шеъри хаёлимиздан бот-бот ўтди. Унда шундай пурмаъно мисралар бор:

 

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,

Олтин бошнинг калла бўлгани шудир.

Бедил қолиб, Демьян Беднийни суйса,

Қора сочнинг малла бўлгани шудир.

 

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,

Дод демоққа палла бўлгани шудир.

Маърифатдан айро ўйнаса, кулса,

Аза чоғи ялла бўлгани шудир…

 

Албатта, миллатдошларимизнинг Навоийни ўқишга ҳаракат қилишаётганини табрикламоқ керак. Бироқ уқиб ўқилмаган асарнинг фойдаси бўлмайди. Буюк педагог Ян Амос Коменскийнинг гапи бор-ку: “Ўқиб тушунмаслик — ўқимаслик билан бир”, деган. Демак, уқиб ўқийлик. Айниқса, маънавий пиримизнинг пурмаъно асарларини. Ҳазратнинг асарларини юмалоқ ёстиқ қилиб ўқиш бориб турган уят-ку!

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 16 =