Оловлар юрти ҳақида ҳикоя

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Шарофиддин Тўлагановнинг навбатдаги китоби “OLOVLAR YURTI — OZARBAYJON” деб номланади. Унда муаллифнинг “O‘zA”, “tnews.uz” сайтларида эълон қилинган қатор мақолалари жамланган.
Шарофиддин Тўлаганов Озарбайжонда ижодий сафарда бўлганида мамлакат тарихи, ўтмиши ва бугуни ҳақида кенг маълумот тўплашга ҳаракат қилди. Ўзи кезган шаҳар ва қишлоқлар ҳаёти, Озарбайжоннинг юртпарвар, миллатпарвар фидойи инсонлари, халқнинг урф-одатлари, удумлари, тарихий ва замонавий масканлари ҳақидаги таассуротларини қоғозга туширишни ижодкорлик бурчи деб билди.
Китоб Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов сўзбошиси билан очилади. Унда, жумладан, шундай фикрлар айтилган:
“…Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатлар асосини узоқ ўтмишга бориб тақаладиган мустаҳкам дўстлик ришталари ва қардошлик, маданиятлар, тиллар ҳамда анъаналар муштараклиги, қадим даврлардан буён икки мамлакат халқларини боғлаб келаётган маънавий ва инсонпарварлик қадриятларининг умумийлиги ташкил этади.
Икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоқалари йил сайин ривожланиб бормоқда. Айни дамда ўзбек адабиёти Озарбайжонда, озарбайжон адабиёти Ўзбекистонда кенг тарғиб қилиниши борасида лойиҳа ишлаб чиқилди. “ХХ аср озарбайжон адабиёти антологияси” ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди. Низомий Ганжавийнинг “Сирлар хазинаси” китоби ҳам ўзбек тилида нашр қилинди.
Ўз навбатида, Озарбайжонда ҳам ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятига, унинг жаҳон тамаддуни тараққиётига қўшган ҳиссасига нисбатан ҳурмат билан ёндашилади. Масалан, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг ижоди Озарбайжон заминида ҳамиша алоҳида қизиқиш уйғотиб келган… Боку шаҳрида буюк ўзбек шоирига ҳайкал қўйилди. Озарбайжон пойтахтининг марказий кўчаларидан бирига жаҳонга машҳур олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек номи берилди.
Ўйлайманки, келажакда маданий алоқаларимиз янада юксалаверади…”
Китобда Озарбайжоннинг қадимий ва бой давлатчилик тарихига эга бўлганлиги аниқ далиллар асосида кўрсатиб берилган. Шундан сўнг собиқ Иттифоқ давридаги Озарбайжон ҳақида тўхталиб ўтилган.
Муаллиф мустақил Озарбайжон Республикасининг эълон қилиниши ва ўз эркига эришган мамлакатнинг дастлабки йиллардаги вазият ҳақида сўз юритар экан, иқтисодий, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришдаги ҳаракатларни баён этади. Озарбайжонда нишонланадиган байрамлар ва унутилмас саналар, таълим тизимидаги сезиларли ютуқлар беихтиёр китобхон эътиборини тортади.
Китобдан ўрин олган таниқли давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алириза ўғли Алиев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва унинг турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиеванинг ҳаёт йўллари, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги борасида амалга ошираётган ишлари ҳақидаги маълумотлар ўқувчида қизиқиш уйғотади.
Китоб саҳифаларида “Озарбайжон — туризм ривож топаётган ўлка”, “Бир марта кўтарилган байроқ ҳеч қачон пастга тушмайди”, “Озарбайжон мўъжизаси ва сири”, “Дунёда ягона — Нафталан”, “Барча йўллар Қобустондан бошланади”, “Кўзим тўймас қилсам сайру саёҳат”, “Озарбайжон Ғарб ва Шарқ цивилизацияларини боғловчи кўприк”, “Шуша — Озарбайжон мусиқасининг бешиги”, “Ришталар абадийдир”, “Тошкент қарори олқишланди” сарлавҳали мақолалар ҳамда унутилмас саналарга бағишланган битикларда Озарбайжон ҳаёти тасвирланган.
Хуллас калом, таниқли журналист, сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановнинг “OLOVLAR YURTI — OZARBAYJON” номли китоби Ўзбекистондаги Озарбайжон Республикаси элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номидаги Маданият маркази томонидан “Niso nashriyot va matbaa uyi”да чоп этилган.
Китобхонни зериктирмайдиган мазкур тўпламни ўқишни тавсия қилган бўлардик.
Абдулла АЙИЗОВ.