Маънавий камолот манзиллари

Маънавият — шахс ахлоқи, дунёқараши ва унинг атрофдагиларга бўлган муносабатини ёрқин акс эттирувчи мусаффо кўзгу. Айтиш мумкинки, агар жамият бир қуш бўлса, маънавият унинг қаноти, вужуд бўлса — маънавият унинг уриб турган юраги — жонидир. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “бошқача айтганда, маънавият — жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевор” саналади. “Миллий маънавиятимизни ривожлантириш, уни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётига сингдиришда ижтимоий-гуманитар фанлар тизимининг аҳамияти катта” (Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” рисоласидан). Ана шу нуқтаи назардан эл-юрт манфаатларини ўз шахсий манфаатларидан устун қўядиган, иродаси мустаҳкам, эътиқоди бутун — чинакам камолот эгаларини тарбиялашда тил ва адабиётнинг ўрни такрорланмас. Маънан баркамол, мулоҳазакор, креатив фикрлайдиган, замон билан ҳамнафас, уйғоқ табиатли ёшлар эса келажак бунёдкорлари, эртанги кунимиз меъморларидир.
I
Тил — миллатнинг борлиги, борлиғи, ўзлигини намоён этувчи бош мезон. Тил — миллий ғурур, орият ва ҳамият тимсоли. Жадид адабиётининг етук вакили, олим ва педагог Абдулла Авлоний тил ва адабиётга “ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти” деб тавсиф беради. Тил миллатнинг нафақат “дунёда борлиги”, балки унинг яшовчанлиги, давомийлиги асоси ҳамдир. Чунки “одам боласи дунёни ўз тилига уйғун тарзда кўради, ўз тилининг қатъий оҳанглари ўзанларидан чиқиб кетмаган ҳолда эшитади, ўз тилининг азалий ва мунтазам интизомига мувофиқ идрок қилади. Шунинг учун ҳам тил бемисл тилсимдир” (Низомиддин Маҳмудовнинг “Тилимизнинг тилла сандиғи” рисоласидан). Тўғри, тафаккур хазинасини бойитиб, тасаввур оламини янада кенгайтиришга хизмат қиладиган санъат турлари жуда кўп. Дейлик, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, мусиқа, театр, кино… Уларнинг ҳар бири ўзига хос, аммо сўз санъатининг сеҳру жозибаси, таъсир қуввати, ифода имкониятлари барибир чексиз, чегарасиз. Буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий ҳам сўз қудратига баҳо бериб, бундай дейди:
Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин,
Сўздурки, берур жонға хабар жонондин,
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.
Шарқ адабиётида комил инсон назариясининг асосчиси Азизиддин Насафийнинг ёзишича: “Билгилки, комил инсон қуйидаги тўрт нарсага мукаммал шаклда эга бўлган инсондир. Уларнинг биринчиси — яхши сўз, иккинчиси — эзгу фаолият, учинчиси — гўзал ахлоқ, тўртинчиси — илм”. Мумтоз адабиётда сўзнинг улуғланиши, таърифу тавсиф этилишига бир сабаб шунда. Улуғ инсонлар ҳаёти, ибратли фаолияти кўпинча халқнинг орзу-умидлари, ўй-қарашлари билан ўзаро уйғунлашиб, афсонаю ривоятларга қоришиб кетгани бор гап. Жумладан, Алишер Навоий ҳақидаги халқ ривоятлари ҳам фикримизнинг бир исботидир. Ана шундай ривоятлардан бирида айтилишича, шоҳ Ҳусайн Бойқаро мулозимлари билан боғда сайр қилиб юрса, боғ этагида гулларни парваришлаб, табиат гўзалликларидан завқланиб турган шоир Навоийга кўзи тушибди. Ҳукмдор анчадан буён ўзини ўйлантириб келаётган саволга жавоб топиш мақсадида шоирга ишора қилиб бошини кўрсатибди. Навоий ҳам узоқ мулоҳазага бормасдан тилига ишора қилибди. Бу имо-ишоралар сирига тушунмаган мулозимлар бироздан сўнг Навоийдан изоҳ сўрашибди. Шоир: “Шоҳ бошга бало нимадан келади деб сўради, мен тилдан деб жавоб бердим”, деган экан. Дарҳақиқат, Шарқ мутафаккирлари азалдан тил одоби, ахлоқ гўзаллиги, сўз нафосатига алоҳида эътибор қаратишган.
Аҳмад Югнакий “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарида тилни арслонга қиёслайди: агар эҳтиёткор бўлмаса, у сўзловчининг бошини ейди: “Тил арслон турур, кўр эшикда ётур Аё эвлуг арсиқ бошингни еюр”. Шубҳасиз, сўз масъулияти, унга нисбатан талабчанлик, ҳар бир сўзни ўринли, мароми ва меъёрида ифода этишга ундаш адабиётнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Шу маънода, буюк мутафаккир Алишер Навоий сўзчи, яъни сўзловчига эмас, у айтаётган сўзнинг маъноси, моҳиятига диққат қилишга рағбатлантиради: “Сўзчи ҳолин боқма, боқ сўз ҳолини, Кўрма ким дер они, кўрғилким, не дер”. Сўз — ўзлик таржимони. Яъни кишининг билими, савияси, маънавий-ахлоқий қарашлари сўз орқали юзага чиқади. Очиғи, кўпинча тил кишилар ўртасидаги ўзаро фикр алмашиш воситаси ўлароқ талқин қилинади. Бироқ тил руҳият ифодаси, идрок тамали, асл “мен”лик чироғидир. Шахс маънавиятининг муҳим белгиси бу — муомала. Улуғ шоир Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да ҳилм, яъни хушмуомалалик хусусида алоҳида тўхталгани бежиз эмас: “Ҳилм инсон вужудининг фавоқиҳлиғ (мевали — М.А.) боғидур, одамийлиғ оламининг жавоҳирлиғ тоғи”. Кўринадики, барча гўзал инсоний фазилатларнинг дилбар ифодаси тилда, сўзда, унинг нафосатида ва, албатта, сўз соҳибининг одобу ахлоқида намоён бўлади. Хўш, унда сўзга жозиба улашувчи асл тамойилларнинг негизи қаерда?
Жўмардлик, олийжаноблик, сахийлик, меҳнатсеварлик каби инсоний фазилатлар инсон онгу шуурига, энг аввало, она алласи, ота-боболар ўгити билан сингади. Халқ оғзаки ижоди намуналарининг моҳияти, сир-синоатини тўла англамасдан сўзнинг қудратига баҳо бериш мушкул. Алла… мурғак юракка марғуб сўзнинг тотли оҳанги. Алла она — Ҳаёт ва бола — Тириклик давомчиси ўртасидаги руҳий кўприкдир. Сўзга ошуфталик ҳам, сўз масъулияти ҳам, миллатга муҳаббату Ватанга садоқат ҳисси ҳам инсониятнинг ибтидо қўшиғи — алла билан кўнгилларга сингади. Мақолу топишмоқлар, эртагу ривоятлар, халқ қўшиқлари ва достонлари шахс тарбиясида муҳим аҳамиятга эга бўлган маънавий бойликларимиздир. Уларда акс этган матонату ғайрат, ўз-ўзига ишонч ва ҳаётсеварлик кечинмалари ёш авлод онгу шуурига фикрни тўғри ва теран етказишда ҳам ёрдам бериши аниқ. Алпомиш, Гўрўғли, Кунтуғмиш, Равшан каби ёвузликка қарши, эзгуликка ошно халқ қаҳрамонларининг саргузаштларини тинглаб улғайган авлодга Ватаннинг эртанги тақдирини юксак ишонч билан топшириш мумкин бўлади. Чунки достонлардаги саргузаштлар шунчаки саёҳат эмас, қаҳрамонларнинг маънавий манзилларга, маърифат бўстонларига, чин инсонийлик оламига юзланиши, ўзликка эврилишидир. Шу сабабли янги Ўзбекистонда ошиқлару жировлар санъати қадрланиб, йил оша юртимизда бахшичилик фестиваллари ўтказиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, тил — чинакам маънавий қудрат, руҳий матонат рамзи. Унда миллатнинг некбин кайфияти, ўлмас тарихи, эртанги ёруғ кунларга бўлган чексиз ишончи мужассам. Алишер Навоий ҳам ўз ҳикматларидан бирида тилга эътиборни эл-юртга эътибор билан тенглаштиради. “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида эса “Сўз дуррининг тафовути мундин доғи беғоятдур ва мартабаси мундин ҳам бениҳоятроқдурур, андоқки, шарифидин ўлган баданға руҳи пок етар”, деб ёзади. Улкан шоир Рауф Парфининг қуйидаги мисралари ҳам улуғ салафининг фикрларига уйғун:
Она тилим, сен руҳимнинг қаноти,
Абуттурк нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғиротинг,
Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги…
Тил тақдирига дахлдорлик ва она тилимизга бўлган муҳаббат туйғуси ёшларимизда асрлар давомида яшаб келаётган маънавий қадриятларимизга ҳурмат ва ифтихор билан бирга, Ватанга фидойилик кайфиятини уйғотиб, маънан етуклик чўққиларини эгаллашларида мислсиз аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиздир.
II
Адабиёт — кўнгил меҳварига сидқу эътиқод билан юзланиш демак. Адабиёт қалб ойнасини ўткинчи ғубору хираликлардан поклаб, оламга софлик, тўғрилик, адолат назари ила боқиш қаноатидир. Адабиёт — Ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни, садоқатдан хиёнатни, адолатдан разолатни ажратишни ўргатувчи, чин одамлик мақомида собитлик маслагини англатувчи, ҳаёт моҳияти, тириклик мазмунини теран тушунтирувчи буюк устоз. Унда миллат кайфияти, халқ руҳияти ифода топади. Муайян халқнинг ўтмиши, бугуни, ўзига хос қадриятлари, орзу-армонлари, дунё тарихида тутган ўрнини билиш учун унинг адабиётини ўрганмоқ керак. Улкан жадид ижодкори Абдулҳамид Чўлпон “Адабиёт яшаса, миллат яшар” деганида нечоғлиқ ҳақ эди. Ўзбек адабиёти буюк бир тарих ва беқиёс меросга эга. Халқ донишмандлиги намуналари, Авесто, Ўрхун-Энасой битикларидан озиқланган сўз санъати дурдоналари Алишер Навоий ижодиёти билан ўз тараққиётининг бемисл босқичига қадар юксалди, ҳам шакл, ҳам маъно жиҳатидан бойиб, жаҳон адабиётининг энг сўнгги ютуқлари таъсирида бугунгача қиммату эътиборини заррача сусайтирмади. Фикрлар хилма-хиллиги, образлар дунёсининг кенглиги, бадиий маҳорат мезонларига турлича ёндашувлар ижодкорлар ва асарлардаги ўзига хосликни юзага чиқарувчи омил деб қаралиши мумкин, аммо адабиётнинг бош маслаги ҳамиша битта: комил шахс тарбияси.
Шубҳасиз, адабиёт образлар тилида сўзлайди. Ўз истак-хоҳишлари, мақсад-муддаоларини тимсоллар орқали баён этади, тасвирлайди. Образ эса адабиётнинг жонли нафасидир. Масалан, Эр образини олайлик. Тийнати тоза, фикрати теран, адолат йўлида мардона турган, халқни эзгуликка бошлаган бенуқсон сиймолар туркийлар орасида қадимда Эр деб улуғланган. Бу калима бугунги кунда маъноси анчайин торайтирилган жинс тушунчасини билдирувчи сўздан фарқланиб, чинакам некбин, саховату ҳимматда, орияту ҳамиятда, меҳнатсеварлик ва қатъиятда бошқаларга ўрнак бўла оладиган камолот эгаларига нисбатан ишлатилган. Шунга кўра, “Ҳар киши эрмен дебон эрму бўлур, Келмас ишни илкидин дерму бўлур” деб ёзади Алишер Навоий. Улуғ шоирнинг наздида ҳамма ҳам Эр номига лойиқ бўлавермайди. Ваъдасига вафоли, аҳдида собит, дунёқараши кенг, халқ манфаатлари йўлида борини аямайдиган асл зотлар чин Эрлардир. Туркий халқлар орасида Эрали, Эрпўлат, Эртуғрул каби исмларнинг учраши шундан. Азалдан эл-юрт юки, заҳмату машаққати чинакам Эрларнинг зиммасида бўлган, кўксида ёлқини, нигоҳида чақини порлаган алп йигитлар, ёрига садоқатли, эзгу мақсадлар йўлида унга камарбасталик қилган дилбар қизлар адабиётда эътирофу тавсиф этилган. Шоир Шавкат Раҳмоннинг:
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
Борми гул бағрингда жўмард нолалар,
Борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
Осмону фалакка етган болалар…
мисралари ана шундай: оила мустаҳкамлиги, юрт фаровонлиги, кўнгил хотиржамлиги, Ватан тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилишга шай “жўмард”лар ҳақида битилган. “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Ширин тилидан айтилган қуйидаги мисралар ҳам айнан шу жиҳатдан аҳамиятли:
Менга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур…
Одамлик, одамийлик — улуғ мақом. Жамиятнинг маънавий таназзулига сабаб бўладиган риёкорлик, мунофиқлик, маҳдудлик, ёлғончилик, танбаллик, дағаллик, кибру манманлик каби ножоиз сифатлар “одам”лик моҳиятига ҳам буткул бегонадир. Аслида, инсоният отаси, чин одамлик сарвари — Одам алайҳиссалом мумтоз адабиётда маънавий камолот йўлбошчиси, юксак ахлоқ соҳиби сифатида ҳам талқин қилинади. Мумтоз адабиётда кўксида иймон нури порлаган, нафс исканжасидан руҳини халос айлаб, фано ҳолига юзланган беғубор кўнгиллар одамийлик тимсоллари саналган. “Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур…” мисрасида ҳам “одам” сўзи икки маънога ишора қилади: 1. Одам алайҳиссалом. 2. Одамлик шарафи. “Ёру” “ошиқ”ларнинг ўткинчи “ҳавас”лари, нафсоний истакларидан ҳаволанмаган, фоний дунёнинг мақтовларию сохталикларига сира алданмаган, маърифати юксак, идроки баланд “эр” сифатли “Одам” — Шириннинг иқрори бу! Улуғ шоир Ширин тимсолида ўз даврининг жамият тақдирига бефарқ бўлмаган, қолаверса, кўнгил ҳақиқатларини инсонийлик матлаби билан уйғунлаштирган улуғвор аёллари қиёфасини умумлаштиради. Ёшларга, жумладан, хотин-қизларга ҳам умид назари билан боқади, уларнинг миллат маънавиятини юксалтиришдаги ўрнига юксак баҳо беради. Бугун юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган чексиз эътибор, уларнинг давлат ва жамоат ишларидаги фаолликларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар янги Ўзбекистон ғоясининг Алишер Навоий асарлардаги некбин қарашларга нечоғлиқ уйғун эканига яна бир муҳим исботдир.
Умуман олганда, тил ва адабиёт юксак камолот эгаларини тарбиялашда, уларни чин инсонийлик фазилатларига ошно этишда, дунёга миллатни миллат, халқни халқ ўлароқ танитишда муҳим аҳамиятга эга. Тил ва адабиёт ўз ўқувчиларини олам, борлиқ, тириклик моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритиш, жамият муносабатларининг тартиб-қоидалари хусусида мулоҳаза қилишга ундайди. Янгича ғоялар билан янги марралар сари дадил интилаётган она Ватанимизда маънан юксак, жисмонан бақувват, руҳан уйғоқ ёшларнинг камол топишида бетакрор мавқе эгаллайди.
Мақсуд АСАДОВ,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва
фольклори институти
директори ўринбосари,
филология фанлари доктори,
профессор.