Хасталиклар нега “ёшариб” бормоқда?

ёхуд барвақт қаришнинг оқибатлари ва унинг олдини олиш чоралари хусусида

Вужуднинг функционал қобилияти чекланиши, моддалар алмашинувининг секинлашиши оқибатида киши аста-секин куч-қувватдан қолади, тана қарий бошлайди. Бугунги кунда замонавий илм-фан ёшлик даврини узайтириш сирларини ўрганмоқда. “Геронтология” фани вакиллари қариликни секинлатиш билан боғлиқ 300 дан ортиқ тадқиқот ўтказишган. Мутахассисларнинг фикрича, қариш жараёнида организмнинг турли шароитларга мослашувчанлик қобилияти сусаяди.

Атроф-муҳит ифлослиги, ичиш, чекиш, нотўғри овқатланиш, ультрабинафша нурларининг кучли таъсири каби ички ва ташқи сабаблар ҳужайраларнинг емирилишига ва тана қаришининг тезлашишига сабаб бўлади. Қолаверса, ташқи омиллар турли хасталикларни ҳам келтириб чиқаряпти. Жумладан, кучли стресс ҳолатлари, нотўғри овқатланиш ва ноқулай яшаш шароитлари натижасида ошқозон-ичак, юрак-қон томирлари ва турли даражадаги шамоллаш касалликлари тобора кўпроқ учраяпти.

Камҳаракатлик, кўп ва нотўғри овқатланиш, дори-дармонларни пала-партиш қабул қилиш ҳам қатор касалликларни келтириб чиқармоқда. Ҳаракат-таянч аъзолари, жумладан, бел-бўғим хасталиклари кундан-кунга кўпаймоқда.

— Қабулимизга келаётган кўпчилик ёшлар турли бўғим оғриқлари, асаб касалликларидан шикоят қилишяпти. 50 ёшлилар орасида суяк емирилиши ҳолатлари кўпаймоқда, – деди олий тоифали врач Зулхумор Юсупова. — Энг ачинарлиси, хасталиклар “ёшариб” боряпти. Ҳатто болалар ва ўсмирларда ҳам қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, кўриш қобилиятининг пасайиши, овқат ҳазм қилиш аъзоларининг издан чиқиши кузатилмоқда.

Нега касалликларнинг ёшараётгани ва тобора ортиб бораётганидан ташвишланяпмиз? Чунки “Геронтология” фани намояндаларининг фикрича, кўп касалликка чалинган организм тез қарийди. Фанда бу эрта қариш деб номланади. Турли хасталиклардан толиққан организм 40-50 ёшларга бориб, қарий бошлайди. Унда ҳаётга қизиқиш ҳам аста-секин сўлиб боради. Вақтидан олдин қариш — қизиқишларнинг чекланиши, ҳаётдан қониқмаслик, шахснинг дестабилизацияси сабабларидан биридир. Бу ишга лаёқатли аҳоли сонининг камайишига олиб келади.

Стенфорд университети (AҚШ) тадқиқотчилари 18 ёшдан 95 ёшгача бўлган тўрт мингдан ортиқ одамнинг қон плазмаси намуналарини ўрганди. Кўп йиллик тажрибалардан маълум бўлдики, оқсиллар таркибининг ўзгариши, уларнинг концентрацияси тана ҳолати ва жараёнини баҳолайди. Чунончи, 35, 61 ва 79 ёшли кишиларда оқсиллар кескин равишда ўз тузилиши ва таркибини ўзгартирган.

Аввало, қариш миянинг ҳолатига боғлиқ. Миядаги кулранг суюқликнинг камайиши натижасида хотира сусайиши, диққатнинг жамланмаслиги кузатилган. 2017 йилда америкалик ва испаниялик олимлар “Кето” диетаси, яъни углеводларсиз (шакарсиз) фақат ёғлар, оқсиллар билан озиқланиш мия фаолиятини яхшилаши, бу эса узоқ ва соғлом ҳаёт кечириш имконини беришини исботлашди. Кемирувчилар устида олиб борилган тажрибада шакарсиз озиқланган қари сичқонлар мияси фаолроқ ишлаган, улар ўрнатилган тўсиқлардан тез ва осон чиқиб кетишган. Олимлар мия ҳамда бошқа тана аъзолари фаоллиги учун глюкозадан кўра ёғ кислоталари ва кетон (ёғдан ажратиб олинган маҳсулот)лар фойдалилигини аниқлашди. Углеводларга бой маҳсулотларни кам истеъмол қилиш тана чидамлилигини ошириб, қаришни секинлаштиради. Буни биология университети профессори Стоуни-Брук ҳам уч йиллик илмий тажрибаларида исботлади.

Европа олимларининг тажрибаси бундан-да ғаройиб. Айни замонда урф бўлган “Tik-tok”, “Instagram”, “Facebook” каби ижтимоий тармоқлардаги қисқа видеолар, роликлар ҳам мия фаолиятига кучли таъсир қилади ва уларга қарамликни келтириб чиқаради. Кунига бир-бир ярим соат ана шундай қисқа видеоларни кўришга одатланган кишиларда 2-3 ойда жиззакилик, сабрсизлик аломатлари сезила бошлайди. Натижада мия таҳлилий, узоқ вақт кўришга мўлжалланган тасвирларни кўролмайди. Тез-тез ўзгарувчан контентларга кўниккан мия эндиликда мураккаб масалаларни еча олмайди. Катта ҳажмдаги китобларни ўқий олмайди. Тадқиқотлар бундай кишиларда бош миядаги кулранг суюқлик камайиши ҳисобига диққатнинг бузилиши, хотиранинг пасайишини аниқлашган. Шунингдек, уйқунинг бузилиши, кайфиятнинг тез-тез ўзгариши ва турли хил тушкунлик ҳолатлари учрайди.

Гарвард тиббий мактаби (АҚШ) ва Сколково институти (Россия) олимларининг хулосасига кўра, кам калорияли овқатларни истеъмол қилиш қаришни секинлаштиради. Одатда, кексаларда ДНК тузилишида емирилишлар кузатилади. Меъёрда овқатланиш бу жараённи секинлаштириб, тез қаришнинг олдини олади.

Энг аҳамиятли илмий изланишлар АҚШ, Янги Зеландия, Нидерландия олимларига тегишли. Уларнинг хулосаларига кўра, инсоннинг ўз-ўзини назорат қила олиши, ҳиссиётларини бошқариш қобилияти узоқ умр кўриш ва секин қаришига сабаб бўлади. 1972 ва 1973 йилда туғилган кишилардан иборат гуруҳ уч йиллик кузатувларда умумий соғлиғи, мия фаолияти, психологик жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар турли тестлар ва анкеталар ёрдамида тўпланган. Мутахассислар уларни яқиндан ўрганиш учун ота-оналари, дўстлари ва яқин қариндошлари билан ҳам суҳбатлашган. Тадқиқотлар натижасига кўра, ҳис-туйғуларини бошқара оладиган, иродали, тезда ловуллаб кетмайдиган, босиқ кишилар молиявий ва ижтимоий қийинчиликлардан осон ўтади, кам касал бўлади ҳамда ўз тенгқурларидан анча ёш кўринади.

Британиялик ва кореялик олимлар ўтказган изланишларда эса бадбин (негатив) ўй-хаёлларга кам берилиб, некбин (оптимист) кайфиятда юрган, шукроналик ҳисси кучли кишиларда кексайиш секин кечиши аниқланган. Узоқ йиллар соғлом ва ёш кўриниш устида олиб борилган тадқиқотлар ҳосиласи ўлароқ, шундай тавсиялар берилмоқда:

– турли вазиятларга босиқлик ва мулоҳазакорлик билан ёндашиш, кучли стресс ҳолатларидан қочиш;

– ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан баҳра олиб, шукроналик туйғуси билан яшаш;

– тўғри овқатланиш режимига амал қилиш, зарур витамин ва минералларни истеъмол қилиш;

– ҳаётда ҳаракатчан, фаол бўлиш, имкон қадар саёҳатларга чиқиш;

– уйқу ва бедорлик меъёрига амал қилиш, рисоладаги кун тартибига амал қилиш;

– спортнинг бирор тури билан машғул бўлиш;

– спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш;

– қуёш нурлари остида узоқ вақт қолишдан сақланиш;

– ботокс каби сунъий ёшартирувчи кимёвий воситалардан фойдаланмаслик;

– бирорта хорижий тилни ўрганиш мияни чархлашга ёрдам беради;

– организмни вақти-вақти билан оч қолдириб, ҳужайраларнинг янгиланишига имкон яратиш;

– яқинлар, ҳамкасбларни тез-тез ёқимли сўзлар, мақтовлар билан сийлаш. Бу кишига хуш кайфият бахш этади;

– ўй-фикрлар ижобий ва эзгу бўлиши керак. Кек сақлаш, эски хафагарчиликларни эслаш, атрофдагилардан доимо ҳурмат-эътибор кутиш каби дилни хира қиладиган хотира ва туйғулардан йироқ бўлиш.

Шарқда инсон умрини фаслларга ўхшатишади. Болаликни баҳорга, ёшликни ёзга, ўрта ёшлиликни кузга, қариликни қишга қиёслашади. Тўрт фаслимиз ҳам баҳордек гўзал ва файзли бўлишига ҳаракат қилайлик!

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − four =