Зукко ва моҳир таржимон
Ўзбек адабиёти ва унинг ривожланиш тарихига назар ташлар эканмиз, унинг ўзича, айро ривожланмаганлигига гувоҳ бўламиз.
Адабиёт халқларни ўзаро яқинлаштиради, уларнинг урф-одатлари, миллий маданияти, тарихи, эътиқоди, диний қарашлари ва ўзлиги ҳақида онгимизда тасаввур уйғотади, ўша миллат ва халққа нисбатан фикр юрита олишимизга сабаб бўлади.
Фикр ўзаро алоқалар, яхши қўшничилик, биродарлик ва айниқса, адабиёт орқали шаклланар экан, биз сўзсиз ўша миллат тилини билишимиз, тушунишимиз, уни ҳурмат қилишимиз керак бўлади. Бу ишда бизга таржимонлар ҳар томонлама ёрдам беради. Таржимон малакали ва ўша соҳанинг етук мутахассиси бўлиши — бу давр талабидир. Шундай савол туғилиши табиий: таржимон таржима қилаётган асар таржимонга ҳам таъсир этадими? Таржима қилинаётган асарнинг салоҳияти, мавқеи, инсон руҳиятига таъсири ва бадиияти кучли бўлса, у таржимон руҳиятига сўзсиз таъсир этади. Буюк бобокалонимиз, шоҳ ва шоир, давлат арбоби, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг дунёга машҳур асари — “Бобурнома”да Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг “Рисолаи Волидийя” (“Оталиқ рисоласи”) рисоласини форс тилидан туркий-ўзбек тилига таржима қилганидан сўнг дарддан халос бўлганлигини баён этади. Демак, рисола руҳи беморни дарддан фориғ этди! Мана шу тарихий ҳақиқатнинг ўзиёқ таржима қилинаётган асар нафақат ўзига, балки миллат дардига малҳам бўлсагина фойдадан холи бўлмаслигини ва умрбоқий бўлиб, шуҳрат топишини кўрсатади.
Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон суҳбатларимизнинг бирида шундай деган эди: “Таржима қилинаётган асар таржимон руҳиятига мос бўлсагина асар таржимаси муваффақиятли чиқади. Чунки Сиз ўз сўз бойлигингизнинг барчасини таржимага қаратишингиз керак бўлади”. Демак, таржимон, аслида, аслият ижодкори. Аслият таржимаси бадиий мукаммал бўлсагина у китобхонни ўзига тортади ва асарнинг маъно-мазмунини тўлиқ ифодалайди.
Биз ўзбек таржимонлари ҳақида сўз юритганимизда, машҳур шоир ва ёзувчиларимиз бу соҳада юксак ютуқларга эришганликларига шоҳид бўламиз. Мисол учун А.С.Пушкиннинг болаларга аталган ажойиб эртакларини устоз шоир Миртемир, Сергей Есенин шеърларини Эркин Воҳидов, В.Шукшин ҳикояларини Ўткир Ҳошимов ва Хайриддин Султон, Ф.М.Достоевский асарларини Иброҳим Ғафуров, Ч.Айтматов асарларини Асил Рашидов, Е.Евтушенко шеърларини Ўроз Ҳайдар, А.Вознесенский шеърларини Сирожиддин Саййид маромига етказиб таржима қилишган (рўйхат қисқа берилганлиги учун бошқа таржимонлардан узр сўрайман). Шу ўринда болалик чоғларимда Чингиз Айтматов ҳақида ўқиган бир воқеа эсимга тушди. Уруш даврида қишлоққа командирдан хат келади, хат рус тилида бўлганлиги сабабли уни Чингиз оғага беришади. Шунда Чингиз оға “подвиг” сўзини “погиб” деб ўйлаб таржима қилади. Жангчи жасорат кўрсатган, ўлмаган… Бу ҳолат машҳур ёзувчига бир умрлик сабоқ бўлади. Шу сабабли ҳам Чингиз Айтматов ўзининг машҳур қисса ва романларини қирғиз ва, асосан, рус тилида ёзади.
Француз ёзувчиси Луи Арагон “Жамила” жаҳондаги энг гўзал қисса” дея таъриф берган. Инсон бахт-саодати, пок севги, она диёрга меҳр-муҳаббати, садоқати, аёллик латофати ҳамда жасоратини мадҳ этувчи ушбу умрбоқий асар ўзбек тилида ўн мартадан кўп нашр этилган. Бу эса китоб таржимони Асил Рашидовнинг асар таржимасига моҳирлик билан ёндашганидан далолат беради.
Асил Рашидов ўзбек китобхонларига Чингиз Айтматовнинг ўндан ортиқ — “Юзма-юз”, “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Биринчи муаллим”, “Сомон йўли”, “Бўтакўз”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Эрта қайтган турналар”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” ва бошқа машҳур қиссаларини тортиқ эта олган, таъбир жоиз бўлса, ҳам оддий, ҳам машҳур таржимондир. Шу сабабли ҳам адабиётимизда Асил Рашидов номи Чингиз Айтматов номи билан ёнма-ён юради. Асил Рашидов ҳар бир таржимага ўзгача меҳр билан ёндашади. Бунга мен ўзим гувоҳ бўлган ва ҳозирги ёш таржимонлар учун ҳам сабоқ бўладиган хотирамдаги бир воқеани айтиб бермоқчиман.
Ўша вақтда “Ўқитувчи” нашриётида ишлар эдим. Чингиз Айтматовнинг “Жамила” китоби қайта нашр этилиши керак бўлиб, бош муҳарриримиз Абдулла Ҳасанов таржимонни ҳам таклиф этган эдилар.
Ўша вақтдаги тартиб-қоидага асосан, китоб қайта нашрида таржимондан рухсат олинарди (бу қоида ҳозир ҳам сақланган). Кунларнинг бирида хона эшиги тақиллаб қолди. Эшикни очсам, узун бўйли, кўриниши жиддий, чуст дўппи кийган, салобатли бир киши турарди. Абдулла ака Ҳасанов ўринларидан дарҳол турдилар-да:
— Эй, келинг, келинг, Асил ака, яхшимисиз? — деб сўраша бошладилар.
— Чақиртирган экансиз. Шу ерда эканлигингизни билиб келавердим.
Асил акани биринчи марта кўришим эди. Ўша машҳур Шароф Рашидовнинг укаси Асил ака! Оддий, камтарин инсон. Мен билан ҳам худди қадрдонлардек сўрашдилар. Суҳбат нашр этилаётган “Жамила” китобига келиб тақалди. Асил ака чўнтакларидан кичкина ёндафтарларини олдилар-да, Абдулла акага юзланиб:
— Абдуллажон, китоб қайта нашр бўлаётганини эшитиб, асарни яна синчиклаб ўқиб чиқдим ва айрим тузатишлар киритишга қарор қилдим, — дедилар.
Ҳайрон қолдим. Чунки асар нашриётда учинчи маротаба қайта нашр этилаётган эди.
Асил ака ёндафтарларини очиб, аввал нашр этилган китобнинг айрим бетларидаги сўзларга ўзгартиришлар киритганликларини таъкидладилар ва ўзгаришларни ўқиб бера бошладилар. Суҳбат жараёнида нима сабабдан ўзгартириш киритганларини изоҳлаб берардилар. Асил ака ўзбек тили қонун-қоидаларини жуда яхши билишларидан ташқари, жумла таъсир кучига, асосийси, таржима янада мукаммал, равон бўлишига диққат-эътибор қаратгандилар.
Мен зукко ва ўз соҳасининг моҳир билимдони бўлган инсоннинг суҳбатидан баҳраманд бўлаётганимдан юрагимда чексиз фахр туйғуси ўта бошлади. Чунки Асил ака таржимонлар учун зарур ва фойдали бўлган маҳорат дарсини ўтаётган эдилар-да. Абдулла ака Асил аканинг ҳар бир ўзгартиришларини ёзиб олар экан, таржимондан мамнун ҳолда бошини силкитиб қўярди.
Кейинчалик Абдулла аканинг таъкидлашича, у бирон марта бўлса ҳам Шароф Рашидов номидан фойдаланмаган. Бу ҳақда суҳбатларимизнинг бирида Асил аканинг ўзи ҳам шундай деганди: “Ўша вақтда ёш эдим. Ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири ҳужжатларимни олиб, бошимни роса қотирди-да: “Фамилиянгиз Рашидов, биринчига қандай алоқангиз бор?” деб сўраб қолди. Ёнимдаги дўстим биқинимга туртиб: “Айтсанг-чи!” дерди. Мен бўлсам: “Фамилиядошим”, дедим. Қутулганимиздан сўнг дўстим менга: “Укасиман, деб айтсанг, жаримага ҳам тушмасдинг”, дея таъна қилди. Мен эса: “Акамнинг номидан фойдаланмайман”, дедим. Мен акам билан бошимизга оғир синовли кунлар тушганида ҳам, қалбаки дўстлар ташлаб кетганида ҳам ғурурланганман. Акам менга доимо тўғри йўл кўрсатган ва у кўрсатган йўл туфайли шу даражага эришдим”.
Асил Рашидов Чингиз Айтматов сингари асардан асарга ўсди. Тўғрисини тан олганда, у юртимизда Айтматов таржимонлиги ижодий мактабининг яратувчиларидан бири бўлди.
Асил ака билан ижодий учрашувларим “O‘zbekiston” нашриётида ишлаб юрган чоғимда ҳам давом этди. Биз Чингиз Айтматовнинг “Юзма-юз” китобини нашрга тайёрладик. Бу муаллиф томонидан қайта таҳрир этилган ва янги боб қўшилган нашр эди. Шу сабабли ҳам Асил ака эринмасдан ҳар иккала корректурани ўқиб чиқди ва яна жузъий тузатишлар киритгандан сўнггина китоб нашрига рухсат берди. Асил ака китоб муқоваси дизайнига ҳам алоҳида аҳамият берар, “У асар туб маъносини англатиши керак”, дер эди.
Асил ака айрим муаллифларга хос бўлган “кеккайиш” касалидан мутлақо йироқ эди. У ўз таъбири билан айтганда, ишга тўраларча ёндашишдан жуда узоқ, камсуқум ва камтар, асосийси, белгиланган ишни ўз вақтида бажаришни хуш кўрарди.
Мен юқорида асар таржимонга ва миллат дардига малҳам бўлсагина шуҳрат топади ва умрбоқий бўлиб қолади, дегандим. Асил Рашидов устоз таржимон сифатида инсон руҳияти, дарди, ўзига хослиги, замонавий муаммолар, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлиги, садоқат, дўстлик, пок севгини улуғлаган Чингиз Айтматов асарларини ўзбекча гапиртира олди ва, шубҳасиз, ўзбек адабиётининг зарварақларидан мустаҳкам ўрин эгаллади ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстлик кўпригини янада мустаҳкамлади.
Сўзимни мухтасар қилиб айтадиган бўлсам, Асил Рашидов ўз исмига мос асл инсон, ғоят камтар, ишга виждонан ёндашадиган, таржима соҳасида ўзига ҳайкал қўя олган буюк таржимонлардан бири бўлиб, хотирамизда мангу яшайверади.
Баҳром АКБАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.
