Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш — устувор вазифа

Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларни рози қилиш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган. Жамиятдаги ўзгаришлар ҳар бир ҳудуд, хонадонга кириб бориши учун маҳаллалар жиноятдан холи бўлиши керак.

Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бу борадаги тизим натижадорлигини янада оширишга қаратилган қарорларидан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов таълим муассасасига бириктирилган маҳаллаларда мазкур қарорлар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятида бўлди. Ишчи гуруҳ вакиллари дастлаб Урганч шаҳридаги “Мустақиллик” маҳалласи фаолияти билан танишди. Масъуллар, маҳалла раиси бошчилигидаги “еттилик” аъзолари билан учрашувда жиноятчиликни жиловлаш борасида “йўл харита”ларда белгилаб олинган чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, мазкур маҳаллада кейинги тўрт ой мобайнида 28 та “жиноят ўчоғи” аниқланган. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида жойларга 29 та замонавий камера, 19 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 96 та объект техник қўриқловга олинган.

Мулоқот чоғида “еттилик” вакилларига жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини бартараф этиш, аҳолининг бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар билан мақсадли ишлаш, маиший-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, хавфсиз уй ва кўчаларни ташкил этиш, ҳудудларни камералаштириш, техник ва жисмоний қўриқловга олишни жадаллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.

Янгиариқ туманидаги “Янгиобод” маҳалласи ҳам “сариқ” тоифага киритилган. Маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятлар оилалардаги носоғлом муҳит, ижтимоий профилактиканинг етарли даражада ташкил этилмагани натижасида келиб чиққан. Академия бошлиғи мазкур маҳалла фаоллари билан учрашувда ҳар бир хонадон, кўча ва ҳудудда хавфсиз муҳит яратиш учун аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, профилактик ишлар таъсирчанлигини ошириш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини таъкидлади. “Муҳими, янги тизим асосида амалга оширилаётган ишларимиз ўз самарасини кўрсатиши, маҳаллалар жиноятдан мутлақо холи бўлиши керак”, — деди академия бошлиғи.

Бир сўз билан айтганда, маҳаллалар ислоҳотлар марказига айланиб бормоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган кенг қамровли ишлар халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини таъминлашга, эртанги кунга бўлган ишончини оширишга, энг муҳими, жамиятда осойишта ва барқарор муҳитни қарор топтиришга хизмат қилаётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жамшид ХОЛОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =