Бугуннинг 50 ёшли жадиди

ёки Умид Бекмуҳаммаднинг илм ва ижод уйғунлиги ҳақида сўз

Вақтнинг нақадар тез ўтишини ён-атрофингдаги инсонларнинг ёшига қараб ҳам англайсан. Бугун 50 ёшини иккита энциклопедия, 10 жилдлик асарлар тўплами, 25 монография, 30 дан ортиқ рисолалар, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси ва 800 дан ортиқ мақолалар билан қаршилаган Умид Бекмуҳаммад билан 1992-1997 йилларда Урганч давлат университетининг тарих факультетида бирга таҳсил олганмиз. Яъниким истиқлолнинг илк даврларидан айнан олий ўқув юртларида тест қўлланилган йили талаба бўлдик ва ўқишни битириб, ҳар ким ўз ҳаёт йўлини топиб кетди.

Умид Бекмуҳаммад талабалик давридан матбуотда фаол бўлгани учун уни журналистик фаолият билан шуғулланади деб ўйлардим. Негаки Умидбек дастлаб “Хоразм ҳақиқати”, “Манзара”, “Гурлан ҳаёти” газеталари, кейинчалик эса “Hurriyat”, “Моҳият”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталарининг фаол муаллифларидан бири бўлди. Айниқса 1995-2000 йиллар оралиғида Умид Бекмуҳаммаднинг Олмахон Ҳайитова, Матназар Абдулҳаким, Пирмат Шермуҳаммедов, Озод Ҳусайинов, Ошиқ Эркин, Рўзимбой Ҳасан, Сайёра Самандарова, А.Н.Салим-Гареев каби олим, санъаткор, ижодкорларга бағишлаб йўллаган очиқ хатлари ва 50 га яқин мақолалари анчагина шов-шув бўлганди.

Тўғри, у 2002-2006 йиллар давомида матбуот соҳасида фаолият кўрсатди. Яъни “Гурлан ҳаёти” газетасида бўлим мудири, “Қишлоқ ҳаёти”нинг Хоразм вилоятидаги мухбири, “Ҳамроз” (Қорақалпоғистон), “Адабиёт ва санъат” газеталари, “Бойчечак”, “Камалак” журналларида (Қозоғистон) бўлим мудири бўлиб ишлади. Гарчи кейинчалик Гурлан тумани ҳокимлиги, Урганч давлат университети, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси, вилоят туризмни ривожлантириш департаментида меҳнат қилса-да, доимо газета-журналларда тарихий мақолалари билан қатнашиб турди.

Ҳаётини матбуотсиз, китобларсиз тасаввур этолмайдиган дўстимиз талабалик давридан мудом газета-журналлар, бадиий, илмий асарларни ўқибгина эмас, доимо яхши асарларни тарғиб қилиб ҳам юрарди. 2017 йил май ойида Санкт-Петербургдан 48 килограмм китобу журналлар олиб келгани бунинг исботи. Ёки бугун ундан Урганч шаҳри ёхуд вилоятнинг қайси туманида қандай китоб дўкони борлигини сўрасангиз, батафсил жавоб оласиз. Қайсидир илмий иш қилаётган тадқиқотчи ҳам шу боис дўстимизга мурожаат қилади. Ёки Хоразм тарихини тадқиқ қилишда ғоятда муҳим бўлган С.П.Толстовнинг “Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб” номли машҳур асарини минг нусхадан ўз ҳисобидан нашр эттиргани-чи? Ҳозир эса Яҳё Ғуломовнинг “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” китобини сўзбоши, изоҳ ва иловалар билан қайта нашр эттириш тараддудида.

Табиийки, фақат ўзи кўплаб китоблар ёзибгина қолмай, ноёб китобларни нашр эттиришга интилаётгани унинг чинакам фидойи тарихчи эканлигининг исботи.

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Умид Бекмуҳаммаднинг ҳозиргача нашр этилган 10 жилдлик “Хоразм ва хоразмликлар” асари Хоразм тарихини холис, ҳаққоний тадқиқ қилган ва кенг омма учун тарғиб қилиш борасида катта аҳамиятга эга. Негаки, халқ тарихини халқона услубдаги асарлар тарзида етказиш учун олим шахсиятида ижодкорлик ҳам бўлмоғи лозим. Шу жиҳатдан олганда, “Хоразм ва хоразмликлар” номли 10 жилдлик асарлари қисқа давр ичида китобхонларнинг севимли китобига айланди.

Маълумки, ҳозирда жадидчилик ҳаракатига тарихдаги уйғониш даври, мозийдаги феноменал ҳодиса сифатида баҳо берилмоқда ва бу мавзуни ўрганишга давлат томонидан эътибор қаратилмоқда. Жадидлар бўйича ўтказилган халқаро конференциялар, “Жадид” газетасининг нашр этилаётгани бунинг исботидир. Афсуски, тарихни, жадидчилик ҳаракати моҳиятини англаёлмаган айрим ижодкорлар XIX аср охири — XX аср бошларида яшаган айрим фаолларга нисбатан жадид сифатини ёпиштириб, улуғлашга интиляпти. Умид Бекмуҳаммад эса ҳали талабалик давриданоқ Исломхўжа, Бобоохун Салимов, Беҳбудий, Бекжон Раҳмон сингари жадидлар, уларнинг фаолияти, бой мероси тўғрисида кўплаб мақолалар, очерклар эълон қилганди. Шу боис у жадид мактабида фаолият кўрсатган, уларга ҳомийлик қилган маърифатпарвар ёки шу мактаб битирувчиси, ёхуд “Ёш хиваликлар” дея аталган хоразмлик жадидлар ҳаракатининг фаоллари ҳаёти ва фаолиятини турли манбаларга таққослаб ўрганиб, холис, ҳаққоний ёритиб бормоқда.

Ўтган давр мобайнида бу борадаги изланишларини давом эттирган олим Ўзбекистонда биринчи бўлиб 2024 йилда “Хоразм жадидчилик ҳаракати энциклопедияси”ни нашр эттирди ва бу асарга Озарбайжон матбуотида, республикамиздаги “Hurriyat” газетасида юқори илмий баҳо берилди. Шунингдек, филология фанлари номзоди, доцент Сайёра Самандар билан ҳаммуаллифликда “Хоразм жадидчилиги: ислоҳотлар, таълим ва адабиёт”, “Хоразм жадид намояндалари”, “Бобоохун Салимов — жадид, давлат арбоби ва шоир”, “Хоразмдаги жадид мактаблари”, “Хоразмлик жадидларнинг мустамлакачилик даврларида қатағон қилиниши” номли монографиялари воҳада кечган жадидчилик жараёнларини тадқиқ қилиш борасидаги илк асарлар сифатида эътироф қилинди. Мазкур монографияларнинг аҳамияти, илмий янгиликлари тўғрисида “Жадид” газетасида профессор Алмаз Улвийнинг, “Тамаддун нури” журналида эса доцент О. Шиховнинг мақолалари чоп этилди.

Ушбу энциклопедия ва монографияларнинг аҳамияти ҳамда ундаги бирламчи манбаларнинг илк бора фанга киритилиши республикамиз ва хориж олимларида қизиқиш уйғотди. Негаки, 1999 йилда яратилган “Хоразм тарихи” ва бошқа асарларда ҳам Хоразм жадидчилиги мавзуси деярли ёритилмаганди. Шу боис юқоридаги монографиялар Хоразм жадидшунослиги бўйича фан ва жамият учун катта илмий янгилик бўлди.

Бундан ташқари, профессорлар М.Маткаримов, С.Маткаримовалар билан ҳаммуаллифликда нашр эттирган “Ёш хиваликлар”нинг республика давридаги фаолияти” номли монографияси, С.Маткаримова билан ҳаммуаллифликдаги “Хоразм жадидларининг ислоҳотлари ва тараққийпарварлик фаолияти” монографияси ҳам айнан Хоразм жадидларининг тарихда тутган ўрни тўғрисидаги илмий асарлардан бири.

Айни пайтда “Хоразм жадидчилиги: сиёсий курашлар, ислоҳотлар ва маърифий ҳаракатчилик (1900-1924 йиллар)” дея номланган докторлик иши бўйича изланишлар олиб бораётган дўстимиз воҳа жадидчилигининг ўзига хос хусусиятлари, Бухоро, Туркистон жадидчилигидан фарқли жиҳатлари, жадидчилик феномени бўйича бирламчи манбалар асосида ўз тадқиқотини якунлаш арафасида.

Юқоридаги тарихий асарлардан ташқари, Умид Бекмуҳаммад адабиётшунослик бўйича ҳам муҳим илмий иш қилдики, бу 21 ёшида вафот этган шовотлик Баҳодир Содиқнинг илмий-ижодий асарларини қайта нашр қилдиришидир. Дўстимизнинг 2017 йилда нашр эттирган “Хотира уйғонса гўзалдир” асари Баҳодир Содиқ ҳаёти, ижодий, илмий фаолиятига бағишланган бўлиб, ушбу нашрга Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон сўзбоши ёзган ва бу изланишларга катта баҳо берганди. Негаки, ушбу асарда Баҳодир Содиқовнинг ҳаёти тўлақонли ёритилиб қолмасдан, кўплаб мақолалари, тугалланмаган иккита достони илк бора нашр қилинганди. Умид Бекмуҳаммад марҳум ижодкор, адабиётшуноснинг меросини ўрганиш, замондошлари хотирасини ёзиб олиш бўйича изланишларини давом эттирди. Натижада 2023 йилда Баҳодир Содиқ ҳақидаги Берди Раҳмат билан нашрга тайёрлаган “Кўзлардаги дунё” китоби Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек сўзбошиси билан чоп этилди. Аҳамиятли томони Шовот тумани, Урганч давлат университетида ўтказилган илмий анжуманда Мирзо Кенжабек, Усмон Азим, Берди Раҳмат сингари эл ардоғидаги ижодкорлар Умид Бекмуҳаммаднинг бу борадаги изланишларини эътироф этган ҳолда, у тўплаган, марҳумнинг онаси қўлида сақланиб қолган ижодий, илмий меросини айнан Умидбек сақлаши мумкин ва унга топшириш керак деган ишонч билдиришди. Табиийки, бу ҳолат унга илмнинг қадрига етадиган шахс ва олим сифатидаги юқори баҳо эди. Адабиётшунослик ва адабий жараёндаги илмий янгилик ва Баҳодир Содиққа оид адабий мероснинг барҳаётлигини таъминлаш борасидаги бу инсоний, илмий хизматлари шу боисдан эътиборга, эътирофга лойиқдир.

2011 йилда нашр этилган “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси эса Умидбекнинг илм ва ижод уйғунлиги асосидаги тарихий асари бўлиб, ушбу роман-эссе ҳақида профессор С.Рўзимбоев, доцент Р.Йўлдошевлар “Илм сарчашмалари” журналида юқори баҳо беришганди. Умуман олганда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент, Хоразм Маъмун академиясининг катта илмий ходими Умид Бекмуҳаммаднинг шахсияти, ижодий-илмий асарлари ҳақида хорижлик ва республикамизнинг кўплаб илм, ижод аҳли томонидан 60 дан ортиқ мақолалар ёзилгани, 5 та шеърлар битилгани унинг фаолиятига берилган баҳодир.

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, шоира Гўзал Бегим ёзганидек, “Умидбек ҳар доим тарихнинг қулфланган эшигининг у ёғида қолиб кетган манбаларни топиб, бизга тортиқ қилади. Уни янги замон кўзи билан ўрганиб, ўша давр қалби билан ҳис қилади. Янаям аниқроғи, тарихий манбаларни ҳам илмий, ҳам поэтик кўламда жонлантира олади, тарих ҳиссини бизга юқтириш маҳоратини жуда гўзал эгаллай олган.

Умидбекнинг ёзганларида фактлар курашмайди, тарихий полотнолар кўз олдингизда бор бўй-басти ила намоён бўлади. Қолаверса, тарих фақат сирни ошкор қилиш эмас, билъакс, унга сафар қилиш эканлигини олимнинг ҳар бир топилдиғи далиллайди.

Одатда, тарихчилар ҳақида гапирганда йиллар ё аср нуқтаи назаридан маълум давр қамраб олинганини кўрамиз. Умид Бекмуҳаммадда эса бу каби чегаралар йўқ, у зеҳни, қалби ва маърифий тезлиги ета олган ҳар бир даврни ўрганяпти, уни таҳлил қилишга қодир. Умид, менинг назаримда, тарихчилар ичида энг тезкори, шижоатлиси. Бу унинг илмий ва ижодий қарашларида акс этади. У ўтмишнинг энг олис даврларига ҳам жуда тез сафар қилади, ўқувчисини ҳам ана шу шижоати ила сафар қилдиради. Яъни у ёзаркан, ҳам илмий тафаккуримизни, ҳам тасаввуримизни кенгайтиради”.

Ушбу фикрларга қўшилган ҳолда, илм ва ижод уйғунлигида кўплаб асарлар яратаётган, илмий тадқиқотлар олиб бораётган бугунги куннинг жадиди бўлган  дўстимни 50 йиллик қутлуғ ёши билан табриклаб, унинг  бундан кейинги фаолияти янада тезкорлик билан, ҳозиргача яратилган асарлари сингари юқори савияда бўлишини тилаб қоламан.

Қудрат МАШАРИПОВ,

тарих фанлари доктори,

доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =