Ижодкорнинг икки қутби

Пойтахтдан қарийб минг километр олисда яшасак ҳам Тошкент ижодий муҳитидаги қарийб ҳамма қаламкашни оилавий танирдик. Баъзиларини янги чиққан тўпламлари, яна баъзиларини газета-журналларда чоп этилган ижодий ишлари, ҳеч бўлмаса, тилдан тилга кўчиб юрган қизиқ одатлари, гап-сўзлари орқали билардик.

Отам раҳматли (Маҳмуд Абулфайз — таниқли публицист, журналист. Таҳририят) гапирганда ҳам кашталаб, сўзга чунонан зеб бериб сўйлардики, ўта ноёб ва ажиб китоб ўқиётгандай воқеалар ичига кириб кетарди одам. Ана шундай қизиқ гурунглардан бири Очил ака (Очил Тоҳир) ҳақида бўларди. Отам оғзидан бол томиб гапирадиган бу одамга қачонлардир кенти азимда дуч келаман, деб сира ўйламагандим. Бироқ ҳаёт турфа тасодифларга тўла: мени отам тасвирлаган ўша дали-ғули, танти, жўмард одам билан юзлаштирди.

Ҳаётимда чуқур из қолдирган “Маърифат” газетасининг фан, олий ва ўрта махсус таълим бўлимида ишларканман, бир куни хонамизга бир одам бўрондай гувиллаб, шиддат билан кириб келди. Одатда, таҳририятга келганлар ўзини ниҳоятда сипо тутарди. Бу одам эса… ғалати эди. Хуллас, ғўлабирдан келган, сочлари оппоқ, икки юзи қип-қизил киши кела солиб, тўрга — бўлим муҳарриримиз томон йўналди. “Яхшимисиз, оқсоқол?” деркан, дарҳол бафуржа жойлашиб, баланд овозда ҳол-аҳвол сўраша кетди. Афтидан, у бўлимга тез-тез келиб турарди. Чунки мақола ёзгани объект қидириб кетган баъзи касбдошларимизни номма-ном сўраб чиқди. Гурунг қизигандан-қизиди. Ора-сира бўлим муҳарриримиз ҳамсуҳбатига “Очил ака”, дея мурожаат қилиб қўяди. Эсдаликлардаги портрет билан солиштиргач, шу одам отамнинг талабаликдаги (ва ундан кейинги паллалардаги) қадрдони Очил Тоҳир эканини билдим.

Шу аснода у билан боғлиқ эсдаликлар ёдимга қуйилиб келаверади.

Узоқроқ қариндошларимиздан бирининг ўғли журналист бўлиш учун отамга эргашиб, Тошкентга келади. Табиийки, қишлоқдан келган 17 яшар йигит отам ва шериклари билан бир ижара уйда яшай бошлайди. Ҳаммадан кичик бўлгани учун майда-чуйда югур-югурлар ҳам унинг зиммасига тушади (ўзбекчиликни биласиз-ку, ўзбекнинг кичиги бўлгунча…). Бир куни Очил ака ёнбошлаб китоб ўқиётган бўлганми ёки янги шеър ишқида шунчаки хаёл суриб ётганми, хуллас, газни ўчиришга эриниб, “Эргаш, бор, газни ўчириб кел”, деган. Эргаш ака ҳам “Хўп бўлади, ака”, деб жойидан сакраб туриб, зипиллаб бориб газни ўчириб келган.

Бирпас ўтиб, мириқиб ёнбошлаб ётган Очил ака кўзлари катта-катта очилиб, илкис туриб олган. Бурун катаклари кенгайиб, ҳавони тез-тез ҳидлагач, “Эргаш, газни ўчирдингми?” деб сўраган. Очил аканинг ғалати авзойидан ҳайратланган Эргаш акаям кўзлари пирпираб, хавотир билан “Ҳа, ака, ўчирдим”, деган. “Қандай ўчирдинг?” “Пуфлаб ўчирдим”. Бу жавобни эшитиб, Очил ака қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборган. “Билгандим шундай ўчирганингни. Сал бўлмаса, газда димиқтириб ўлдирай дединг-ку”, деган-да, содда ўсмирни етаклаб бориб, газни мурватидан ўчириш кераклигини тушунтирган.

Талабалик йилларимда ҳар таътил пайти Термизга борганимда отам билан соатлаб журналистика, адабий муҳит ҳақида гаплашардик. Тенгқурларимнинг адабиётга муносабати, умуман, ижодий кайфияти ҳақида эринмай суриштирарди. Жавобларимни эшитгач, ҳафсаласи пир бўларди, табиий.

— Ёзувчилар уюшмасига бориб турасизларми?

— Боришга вақтим йўқ. Бир-икки курсдошим шеър, ҳикояларини кўрсатгани бориб туради.

— Адабий муҳокамалар бўлиб турадими ҳалиям?

— Бўлиб турса керак, лекин биз боравермаймиз.

Отам чуқур хўрсиниб, талабалик йилларида бирор асар муҳокама қилинса, уюшма биноси нафақат журналистика ёки филология факультети талабалари, умуман, бошқа ҳавасмандлар билан ниҳоятда гавжум бўлганини, ўтиришга жой етмаганидан одамлар соатлаб тикка туриб, муҳокамани кузатганини айтиб берарди. Гурунг шу жойга етганида мен учун ниҳоятда қизиқ ва ўша давр талабаларининг кайфияти ва руҳий ҳолатини ифодалаб берадиган ғоят ёрқин мисол айтиларди:

— Очил бованг муҳокамадан жуда кўтаринки руҳда, шиддат ва илҳомга тўлиб қайтарди. “Насиб бўлса, адабиёт йўналишида Нобель мукофотини олмагунча тинчимайман”, дерди. У ваъдасида турди. Тинмай ёзяпти.

Бу жумлаларни мен отам айтганчалик пафос ва оҳанг билан келтиролмадим. Лекин умрида бир марта бўлса-да, Очил Тоҳир билан юзма-юз келиб, суҳбатлашган одам унинг шундай шахту шиддати ҳали-ҳануз сақланиб қолганига инонади. Гарчи Нобель ва шунга ўхшаш халқаро мукофотлар истеъдоддан кўра адибнинг сиёсий мухолифлик кайфияти ёки шундай аҳволи руҳиядаги асари учун берилишини жуда яхши билса-да, Очил аканинг қўли қаламдан совигани йўқ. Тинмай ёзади, доим ёзади, туркман, рус ва бошқа халқлар адабиётидан теран таржималар қилади. Адабиётнинг энг оғир йўлидан юради — болалар учун шеърлар ёзади. Биламан: энди у Нобелниям, бошқа мукофотниям ҳавас қилмайди. Ҳавас дегани нима? Писанд қилмайди! Агар назарига илса, у Очил Тоҳир бўлмайди, ўзига ўхшамай қолади. Мана шу баландназарлиги учун ҳам ўзини йўқотмай, авайлаб-асраб яшаб келяпти.

Баъзан шу одамнинг ҳали-ҳануз талабалик романтикаси ва шавқи билан ёзишига қараб туриб, “Зарилмикан одам ўзини шунча қийнаши?” деб ўйлайман. Ўйлайман-у, тилимга чиқармайман. Биламанки, нима десам ҳам кўнглига олмайди, ўзига хос алпозда кулиб, боплаб бир оғиз жавоб билан мот қилиб кетаверади. Лекин ёзиш масаласида… У аниқ хафа бўлади, хафа бўлганда ҳам улай-булай ранжимайди, астойдил кўнгли оғрийди. Чунки ёзиш, ижод қилиш унинг ҳаётий муҳим маслагига айланиб бўлган, унинг ҳаёти ва ижод олами уйғунлашиб кетган. Ҳаёт ва ижодни иккита қутб деб олсак, у бир хонадан иккинчисига кўчгандай икки қутб аро хоҳлаганча сайр қилиб юраверади…

2017 йили отам Тошкент тиббиёт академияси клиникаси (эски ТошМИ)да бир муддат даволанди. Касалчиликни биласиз, кайфият ўта чатоқ бўлади. Отам ҳам шундай тушкун ҳолатда эди. Буям етмагандай, қон босими тинмай ошади. Отамнинг кайфиятини кўтаргудай гап айтай десам, ўша палатада ётавериб, ўзим ҳам шу эзгин муҳит таъсирига тушиб қолган эдим. Бир куни хонага бўронолди гувраш, кейин бўроннинг ўзи ёпирилиб келгандай бўлди. Момақалдироқдай гулдураб, шовқин-сурон билан Очил ака кириб келганини кўриб, отам жойидан туриб кетгудай бўлди. Юзига бирдан қон югурди, доим чеҳрасида жилва қилгувчи нимтабассум қайтиб келди. “Қани, Очил бова, бормисиз?” деб қучоқ очиб кўришди. Ўз навбатида Очил ака ҳам баланд товушда: “Бу нима ётиш? Сизга ярашмайди, касалликни ҳайданг”, дегандай гапирди. Икковлон мен борлигимни ҳам унутиб, мириқиб гурунглашди. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди…

Таниқли шоир Эшқобил Шукур улуғ адибимиз Шукур Холмирзаевга таъриф бераркан, “ажойибу ғаройиб” деган жумлани ишлатади. Бу тавсиф, назаримда, Очил Тоҳирга ҳам жуда мос келади. Наинки мос келади, худди бичимидаги либос каби чиппа ёпишиб тушади. Ҳа, Очил ака ажойибу ғаройиб инсон. Бу икки сўзнинг фақат биттасини қўллаш ҳам камлик қилади. Иккаласини баравар қўллаш керак: ажойибу ғаройиб!

Қишнинг қуруқ кунларидан бирида автобусда Очил акани кўриб қолдим.

— Ҳа, Хайриддиин, санам бормисан? Тирикмисан бу ёруғ жаҳонда? — деб ўзига хос тарзда ҳол-аҳвол сўради.

Бошқа биров шундай сўрашса, ҳеч бўлмаса, кўнглимга оғир олиб, ичимда роса сўкармидим, билмадим. Лекин айни дамда бундай сўрашаётган одам Очил Тоҳир эди. Гапидан завқим келиб, мириқиб кулдим. Чунки рандаланган муомала-ю сохта мулозаматлар, турфа замзама-ю кўзбўямачиликлардан безган одамга дўлвор сўрашишлар ниҳоятда нашъа қилади.

— Борман, тирикман, — дедим кулиб. Манзилга етгунча гурунглашиб кетдик. Гурунг орасида яқинда 70 ёшга тўлишини айтиб қолди. Одамнинг ишонгиси келмайди. Назаримда, отам таърифлаган йигит бирпасда бобо бўлиб қолгандек. Бироқ шахту шижоати, ғайрати ҳамон ўша-ўша. Таниқли журналист, ажойиб шоир, моҳир таржимон Очил Тоҳир ҳақида бундан ҳам кўп ва хўб ёзиш мумкин. Чунки уни мамлакатда жуда яхши биладиган сафдошлари, мухлислари, адабий мунаққидлари бисёр. Ижодкор ҳақида улар айтадиган эсдаликлар ҳам мўл. Менинг эса касб байрами баҳона ота қадрдон инсон ҳақида эслаганларим шул қадар.

Хайриддин МУРОД,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 19 =