“Ялдо кечаси” нашрдан чиқмоқда
Ўтган ҳафта “Jadid” газетаси (28 ноябрь сони) ва ижтимоий тармоқлар орқали бир адабий янгилик тарқалди.
Уларда пойтахтимизда яқинда ташкил этилган “Xaybar-25” нашриёти томонидан “Ялдо кечаси” номли янги тарихий роман чоп этилаётгани ҳақида хабар берилган.
Нашриёт бош муҳаррири Шуҳрат Соҳибовнинг “Jadid” газетаси мухбирига берган интервьюсида “тарихий ҳужжатлар асосидаги бадиий тўқима” шаклида яратилган ушбу асар 21 декабрь — ялдо кечасига қадар босилиб чиқиши маълум қилинган.
Романни қўлёзма ҳолида ўқиб чиқиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирган тақризчилар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Иброҳим Ғафуров, академик Шуҳрат Сирожиддинов, шунингдек, Баҳодир Карим, Нурбой Жаббор, Шуҳрат Ризаев, Жаббор Эшонқул каби профессорлар, Эркин Аъзам, Сирожиддин Саййид, Ғайрат Мажид, Ғафур Шермуҳаммад, Муртазо Қаршибой, Икром Искандар, Ғайрат Шералиев каби шоир ва адиблар, Ўзбекистон Республикаси cанъат арбоби, академик Турсунали Қўзиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, матншунос Хондамир Қодирий, таниқли адабиётшунос Олимжон Давлатов ва бошқа ҳурматли ижодкорлар борлиги китобнинг чиндан ҳам жиддий асар эканидан далолат беради.
Шу муносабат билан таҳририятимиз “Xaybar-25” нашриёти билан боғланди. Нашриёт ходимлари бизнинг бу фавқулодда ғаройиб асарга бўлган қизиқишимизни инобатга олиб, романнинг “Хонлар ўтар, тахт ўтар” номли бобини муштарийларимизга лутфан тақдим этишди.
Бунинг учун нашриёт жамоасига чин қалбдан миннатдорлик билдирамиз.
Қуйида асарнинг ана шу боби эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
“Хонлар ўтар, тахт ўтар…”
(“Ялдо кечаси” тарихий романидан боб)
Икки соатдан зиёд диққинафас саломхонада сарғайтирғанидан сўнг не сабабдур қовоқ-тумшуғи осилған Ўлжабек ҳудайчи Отабекка ияги билан им қоқиб, ҳузури муборакка бошлади.
Худоёрхон, эгнида майда қавиқ яшил тўн, кечаси ёмон туш кўриб уйғонған-у, тушини айтиш учун сув тополмаған кимса каби кайфсиз, хомуш қиёфада, Хўқанд хонларининг асрий мармар тахтида, гўёки муваққат фурсатка киргандек, омонатқина ўлтирар эди.
Отабек хон билан эски ўрдада бўлған илк учрашувини эслади. У пайтда ҳукмдор ҳали ёш, қайинотаси ва оталиғи бўлмиш Мусулмонқулнинг оғзиға жавдираб қараб турадирған бўш-баёв бир ўспирин эди.
Аввало, Аллоҳ таолонинг инояти, қолаверса, ёш хоннинг саъй-ҳаракати билан, ноҳақ туҳматка учраған Отабек ва Мирзакарим қутидор нақ дор остида муқаррар ўлим чангалидан халос бўлған эдилар.
Ўшал ўткан кунларни эсларкан, марҳума Кумушнинг ўз жонини хатарға қўйиб, отаси ва завжини қутқармоқ учун чин фидолиқ кўрсаткани ёдиға тушиб, мутаассир бўлди. Мана шу воқеа сабаб Отабекнинг юрагида ёш хонға нисбатан алланечук қарздорлиқ ҳисси уйғонған, айни шу туйғу Хўқанд салтанати узра қора булут пайдо бўлған кезларда уни ўз ихтиёри билан ўрдаға — ҳукмдор ҳузурига бошлаб келган эди.
Чор-атрофини қуршаған бек ва аъёнлардан хиёнат кўравериб, мардум зотидан ҳафсаласи қайтған Худоёрхон ҳам бу пайтка келиб дунё молиға сотилмайдиған, инсоф-диёнатда собит бир мулозимға ниҳоятда муҳтож эди. Шу боис Отабек билан суҳбати биринчи дафъадаёқ қовушиб, яна кўп бор такрорланди. Олампаноҳга йигитнинг ақл-идроки, дунё ишларидан бохабарлиғи, нафақат арабий ва форсий, балки ўрис забонини ҳам билиши маъқул келди. Пировардида аъло ҳазрат унға махфий бир хизматни — яъни хоннинг хос вакили деган вазифани ишониб топширди. Лекин бу сирни иккавидан бўлак бирон кимса билмас, Отабек ҳар сафар саломхонада ўрда эҳтиёжлари учун ноёб моллар келтирадиган жаҳонгашта савдогар қиёфасида намоён бўлар эди.
Бу гал у хон ҳузурига одам бўйи баробар ойнабанд фарангий соат билан нафис шоҳи матолар олиб келган эди. Ҳудайчи ҳузури муборакни тарк эткан заҳоти Отабек хонға таъзим бажо келтириб, салом берди. Сўнг бош кўтариб, унинг салтанат ва ҳарам ташвишларидан янада чўкиб, қартайиб қолғанини пайқади, беихтиёр аъло ҳазрат қунишиб ўлтирған тахтға тикилди.
Оҳ, бу тахт ғавғоси!
Марҳум Хожа1 чиндан ҳам закий зот бўлғанки, “Мифтоҳул-адл”да тожу тахт ҳақинда хўб ажойиб таъриф битибдир. Унинг ривоятиға кўра, подшоҳ Хорун ар-Рашид ва шайх Баҳлул ошино эканлар. Бир куни шайх подшоҳ зиёратиға борса, ул қайгадир чиқиб кеткан, тахт бўш экан. Шайх оҳиста бориб тахтға ўлтирибди. Ногоҳ қоровуллар хабар топиб, югуриб келибдилар. Улар шайхни танимас экан, қўл-оёғидан тортиб, тахтдан туширмоққа саъй қилибдурлар. Шайх жойидан турмабди, калтаклай бошлашибди. Шайх Баҳлул боши ёрилиб, қонға беланса ҳам, кулиб тураверибди. Шу асно подшоҳ келиб қолибди ва: “Шайхим, Сизга не бўлди? Не сабабдан кулаётирсиз?” деб сўрабди. Шайх жавобан дебди: “Мен бир соат сенинг тахтингда ўлтурдим эрса, уриб бошимни ёрдилар. Сенким, йиллардурки, бу тахт устида ўлтурурсен, сенинг ҳолинг на бўлғай, деб кулармен”.
Надоматлар бўлғайким, ҳеч бир шоҳ, хон ва амир тахтгирлик оқибатини ўйламас. Ўйласа эрди, шубҳа йўқким, тахтға чиқмаған бўлурди…
Худоёрхон эрта тонгдан оромини бузған Отабекка қисиқ кўзлари билан синчиклаб тикилди.
Отабек таъзим бажо айлагач, хонға тик боқиб тураверди.
— Сўйла! — деди Худоёрхон ниҳоят тоқати тоқ бўлиб, бўғиқ товушда.
— Олампаноҳ! Амрингизга мувофиқ, куни кеча Дашти Қипчоқдан қайтдим. Оқ подшо аскари муборак салтанатингиз ҳудудига, инчунин, Оқмасжидга тобора яқинлашиб келадур. Шаҳар волийси Яқуббек, билошак, соҳибтажриба, мардона кишидур, аммо…
— Хўш? — деди Худоёрхон баттар хўмрайиб. — Сипоришламасдан, дангал сўйла!
— Билмам, не хаёл биланким, Оқмасжид ёнбошидағи бир кўл юзасидан ўрислар билан битим тузиб, аларға балиқ овламоқ учун берибдир. Насоралар энди шул аҳдномани пеш қилиб, кўлни ўз тасарруфиға олибдир.
— Ўз тасарруфиға? Ўбдон иш! Нега биз бундан бехабар? — Худоёрхоннинг салқи юз пайлари асабий уча бошлади. — Ўртада ришват2 бўлған-да?
— Олампаноҳ, тафтиш ўтказмай туриб, бир нима демоқ мушкул. Лекин бу воқеа эл оғзида овоза бўлиб кеткан. Шу кунларда Хўқандда бу тўғрида бир ашула ҳам чиқибдур.
— Ашилла? Қандай ашилла?
— Ашула будур, — деди Отабек пинагини бузмай:
Яқуббек сотди Оқмасжидни кўлини,
Очиб берди ўрусларнинг йўлини…
Худоёрхон кўзларига қон тўлиб:
— Малъун Яқуббек! Ит увли! Оқмасжиднинг кўли энангнинғ маҳриға тушканма?! — дея ваҳшат билан ўшқирди, сўнгра гўёки баданида алам3 бор кимса каби афтини буриштирди. Отабекнинг гаплари ортиқ қулоғиға кирмай қўйди.
Хон ундан кўзини узиб, йўлбарс териси тўшалган тахт ёнидағи мармар тагликка ўрнатилған курраи мусаннаъни4 айлантира бошлади. Сўнгра пастак нақшинкор курси устида турған шатранж тахтасиға гўёки илк бор кўраёткандек, тикилиб қолди. Катталиги улкан тарбуздек келадирган, сатҳидағи ёзувлари йирик куфий хат ила битилган курраи мусаннаъни ҳам, доналариға тилло суви билан ҳал берилган шатранжни ҳам ўткан йили Отабек Лоҳурдан келтириб, унға туҳфа қилған, ўйиннинг тартиб-қоидаларини ҳам хонға ўзи ўргаткан эди.
Худоёрхон жаҳонгир подшоҳларнинг шатранж бобида ҳам соҳиби маҳорат бўлғанларини эски тарихлардан ўқиб, бу машғулотқа иштиёқи чандон ортқан, қисқа фурсатда дурустгина фил суриб, от ўйнатадиған даражага еткан эди. Фақат аҳли девондағи мусоҳиблари ўртасида ўзи билан рақобат қила оладирған муносиб кимса йўқлиғи хоннинг диққатини оширарди, холос. Чунончи, у Шодиёр понсад, Саййид Аъзам қушбеги, қозикалон Мутаҳҳархон тўра ва ҳоказоларни ҳар сафар осонлиқ ила мағлуб этар, ҳариф5лари унинг ақл-заковатига таҳсину тасаннолар айтишар, аммо хон уларнинг самимияти сохта эканини сезиб турар эди.
Ёлғиз мана шу тошкандлик савдогар унинг хон-пон эканини писанд қилмасдан, очиқ ва мардона ўйнар, аксар ҳолларда қўли баланд ҳам келар эди.
“Йиқилған курашка тўймас”, деганларидек, Худоёрхон бу кун бу баттолнинг мағрур бошини хам қилиш ниятида шатранжни ҳузури муборакка келтириб қўйишни буюрған эди, аммо Отабекдан эшиткани нохуш хабар дафъатан унинг қизиб турған шаштига бамисоли муздек сув сепкан каби таъсир этди.
Худоёрхоннинг дили сиёҳ, айни дамдаги музтар ҳолати шоирнинг:
Чу шатранж ўйнамоққа бемажолсен,
Фалак ўйнар эса — ҳайрону лолсен6, —
деган байтига монанду мувофиқ келар эди.
Дарҳақиқат, осмон сипоҳлари ўйинға киргач, банданинг илгида не имкон қолур?
Хон ҳамиша шимол томондан бўлғуси тажовуздан хавф олиб яшарди, хавотири бежиз эмаслиги энди йил эмас, ой сайин тасдиқ топмоқда.
Яқуббек… Худоёрхон аркони давлат ичида ёлғиз шунинг кўкрагида ёли бор7, деб биларди, аммо ёлнинг остида ҳеч вақо йўқлиғи аён бўлди. Ўрдани лиқ тўлдирған, шоп-шалопининг ваҳимаси оламни бузадирған бу аъёнларнинг қай бирига ишониб бўладир? Барининг фикру зикри амал, фитна-фасод, ришват, хазинани талаш, хотин устига хотин олиш… Дуруст, мана бу Отабек каби бир неча мулозимларни қанотиға олди, лекин уларнинг аксарияти бўш-баёв, жанги жадал кўрмаган, тақвою тавозе бандалари, холос. Булар тўтиқуш бўлиб сайрашка моҳир, кучи фақат тилида. Ҳануз соҳибқирон8 замонидан ривоят сўйлаб ўлтирадирлар.
Ҳолбуки, мардоналиғ Туркистон диёрида ёлғиз ҳазрат Кўрагон билан ниҳоя топқан эмас-ку! Ахир баҳодир Шерғозихон Хоразм тупроғиға бостириб кирган ёв қўшинини ер билан яксон қилиб ташлагани яқин ўткан кунларда юз берган эмасмиди? Бу порлоқ ғалаба нафақат Хеваю Бухоро, тарих майдониға энди чиққан Хўқанд хонлиқларида, балки Ўрусия салтанати ва ундан олисларда ҳам росмана овоза бўлған эди-ку!
Не-не ҳукмдорларни ларзага солған бу қонли муҳораба содир бўлғанида, табиийки, Худоёрхон ҳали дунёға келмаган, лекин сарой муҳити ичра тилларда достон бўлған Шерғозихон жасоратини кўп бора эшиткан эди.
Бу воқеалардан буён оз эмас, кўп эмас, юз эллик йил чамаси вақт ўтди. Уч авлод умргузаронлиқ қилған бу даврда Султон Жалолиддин, Темур Кўрагон, Мирзо Бобур сингари музаффар фотиҳлар жасорати, афсуски, Туркистон ўлкасида афсонаға айланиб қолди.
Худоёрхон оғир хўрсинди, шатранж тахтаси ёниға бориб, бир қўлиға шоҳ, иккинчи қўлиға пиёда донасини олди ва Отабекка юзланди:
— Истанбулға киши юборуб, султон Абдулазиз9 дан мадад сўрасак, не дейсан?
— Олампаноҳ… Бу кўп маъқул фикр, — деди Отабек қўлини кўкси узра қўйиб. — Аммо ул фақат… бир орзу, холос, амалда натижа бермоғи душвор. Зеро, Усмонли давлати йироқ, душман ёвуқдур. Ўрис аскари салтанатимиз остонасиға келиб турадур. Истанбул сари ҳаракатни бундан ўн-ўн беш йил бурун бошлаб, халифа ила қурол-яроғ, силоҳ қуввати бобида аҳду қарор қилинса, ажаб эмаски, бирон наф чиқмоғи мумкин эрди.
Худоёрхон бу сўзни ўзига нисбатан таъна-маломат деб англади, чеҳраси баттар тундлашди.
— Ҳазратимға кундек равшанки, — деб сўзида давом этди Отабек, — султон Абдулазиз Хўқанд хонлиғини деб, Оқ подишоҳ ила муҳорабаға кирмас. Қолаберса, халифаликда эски қудрат ва иқтидор йўқ, газитлар бу тўғрида очиқдан-очиқ ёзадир.
— Хўп, турк султонида бўлмаса, кимда бор экан бундоғ қудрат ва иқтидор? Жуҳуд ва тотор газитларинг бу ҳақда не дейдур? — деб истеҳзо қилди Худоёрхон чимирилиб.
— Аъло ҳазратлари, муборак назарларини бир зум ушбу курраи мусаннаъға қаратсалар, — деди Отабек хоннинг пичингига парво қилмасдан, ер шари тимсолиға ишора этиб. — Бу кун жаҳон майдонида икки буюк салтанат устунлик талашиб жавлон урадир: бири ўрис подшоҳлиғи бўлса, яна бири Ангилитара, яъниким, ингилис қироллиғи. Қолған каттаю кичик жамики давлатлар аларнинг қош-қовоғиға қараб кун кечирмакка маҳкумдирлар.
Бу маҳмадона ақл ўргатмаса ҳам Худоёрхон бу гапларни яхши билар эди. Эсиз, эсиз, бундан ўн беш йиллар муқаддам мана шу Хотун подшоҳ10нинг гирдо-гирди сувға чўмилған давлатидан Конолими, Хон Алими деган бир зобит Хўқандға ўз оёғи ила келиб, яқин истиқболда содир бўладирған ўрис хатаридан огоҳлантирған, хонлиқ билан ўз салтанати ўртасида биродарлик битими тузмоқликни ҳам таклиф эткан эди. Минг афсуски, салафлари бу даъватнинг мағзини чақмасдан, уни эътиборсиз қолдирдилар. Энди ҳайит ўтканидан сўнг хинони қай ерингга қўйсанг ҳам фойдаси йўқ… Лекин, чиқмаған жондан умид, дейдилар, балки…
— Балки Афғонистон орқали элчи юбориб, Ҳиндистондағи Ярим қирол11 билан сўзлашиб кўрган маъқулдир? — деди хон Отабекка умидворлиқ ила боқиб.
Отабек бош чайқаб, рад жавобини ифода қилди.
— Олампаноҳ, энди фурсат ўткан. Ингилис қироличаси унинг элчиси бошиға не кунларни солғанимизни ҳаргиз унутқан эмасдир… Фикри ожизимча, бу икки подишоҳ — улар бир-бирлари ила хеш-ақрабо эканлари ҳам ҳазратимға махфий эрмас — ушбу йўсинда зимдан келишиб олғанлар. Яъниким, Оқ подишоҳ ҳукумати ингилисларнинг Ҳиндистондағи ҳукмдорлиқ сиёсатиға дахл этмаса, ингилис салтанати ҳам ўрисларнинг Туркистонда мўлжал қилған истилосиға мутлақо аралашмас. Зеро, кичик бир мусулмон улусини деб соҳиби дунё бўлған икки насроний давлат бир-бирига қарши тиғ кўтармас, олампаноҳ…
Худоёрхон шу лаҳзаларда Отабек билан шатранж ўйнаған чоғларида баъзан дуч келадиган каби ғоят танг бир вазиятка тушиб қолған эди. Тахтадағи қайси донани сурмасин — у хоҳ фил бўлсин, фарзин ёки пиёда — барчаси унинг мавқеини яхшилаш эмас, аксинча, янада оғирлаштиришқа хизмат қиларди12. Аммо ўзини дарё гирдобиға ташлаб, ҳаракатсиз, қўл қовуштириб турмоқ ҳам муқаррар ўлим ила баробар эди. Чекига тушкан бу мушкул савдонинг радди бадалини ўйлайвериб, хоннинг боши шишиб кетди.
Наҳотки, иш қўлдан кеткан бўлса? Наҳотки, ҳеч кимдан кўмак етмаса? Кимдан мадад кутса бўлур? Амири Бухороданми? Асло. Бизнинг бошимиз узра фалокат кўланкаси пайдо бўлса, бу доғули уламою умароси ила шодланиб, эл-юртига ош берадур. Хева хониданми ёрдам кутсин? Лекин анинг кўнглида не бор — ёлғиз Тангри таоло билур. Боз устига, Муҳаммад Раҳимхони сонийнинг давлати ҳам кўпдин буён забунлиқ сари юз тутқан.
Ўйлаб ўйиға етолмасди. Не касофат сабабким, Туркистоннинг уч салтанати бир-бири ила бу қадар ёвлашди? Ахир хонлар — мусулмон, амир — мусулмон, ҳаммаси бир дин, бир мазҳаб одамлари, аммо ўртада мусулмонлиқдан асар ҳам йўқ, меҳр-оқибат аллақачонлар кўтарилган.
Ҳолбуки, ўтмиш даврларда Мовароуннаҳрнинг поёнсиз ҳудудларида қарор топқан тахт соҳиблари тинчлик-омонлиқда, ўзаро дўст-биродар, қуда-анда бўлиб умргузаронлиқ қилмағанми эди? Ўртада неки гап-сўз бўлса, барчасини баҳамжиҳат, маслаҳату машварат ила ҳал этмаганми эди?
Кўп бора эшитканки, бир замон Бухорои шарифдан, амири Ҳайдардан Хўқандға элчи келиб, хонни тобеъ этмоқ мақсадида иноятнома олиб келган, жаннатмакон Умархон эса амирнинг мактубиға ушбу байт ила жавоб қайтарған экан:
Созад, ки мири Бухоро мутеъи ман гардад,
Умар ба вақти хилофат муқаддам аз Ҳайдар13.
Лутфнинг қудратини кўрингким, амири Ҳайдар бу жавоб хатини олиб, ғавғою фитна қўзғамаған, билъакс, табассум ила кифояланған дейдилар.
Бу воқеа содир бўлған чоғда Хева хони Муҳаммад Раҳимхондан келган элчи ҳам Умархон саройида ҳозир экан, назман буни дептур:
Муҳаммад Раҳим олдида топса жой,
Умар тобеъ ўлмазми, Ҳайдар мутеъ?
Яъниким, бу закий элчи, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қошида ҳазрати Умар ҳам, Али розияллоҳу анҳу ҳам тобелиқ қилишлари лозим, деб нозик бир зарофат ила ишорат қилған ва бу гап жаннатмакон Умархоннинг таъбиға маъқул тушиб, мазкур байтни ўз муҳриға ўйдириб ёздирған экан…
Булар аҳли шуаро тўқиған муболаға эмас, айни чин сўзлардир. Қани энди ўшал давронлар, қани энди ул дўсту ёронлар? Қани энди қайтмас бўлиб кеткан ул шавкатли онлар?..
Худоёрхон бир зумгина ширин хотирот дарёсида сузган каби бўлди. Сўнгра туйқус хаёлиға келган бошқа бир фикр уни ҳақиқатнинг чағир тошли қирғоғиға итқитиб ташлади.
Ажабки, инсон ёши ўткан сари кечмиш кунларни тамшаниб, якранг ёруғ тус ила эслайдирған бўлиб қолар экан. Акс ҳолда, у янглиғ соҳиби давлат, соҳиби тажриба бўлған бир киши, ўзгаларни четка қўйиб турғанда ҳам, ақалли Хўқанд тарихининг қонли саҳифаларини, салтанатнинг бир асрдан салгина зиёд бўлған даврида ўн беш нафар қонуний тахт эгасининг хоинона, ваҳшиёна ўлдирилганини нечук хотиридан фаромуш қилди?
Лоақал, салафларидан бўлмиш Олимхон ибн Норбўтахон замонини, унинг ўзини муташарриъ билиб, нафақат раият ва фуқароға, балки ашрафу аъёнларға ҳам беҳад зулмлар қилғанини унутиб бўладими? Чунончи, Олимхон исми қолиб, юрт-улус ўртасида “Золимхон” деб танилған бу зот ўзининг қўл берган пирини дарраға ётқизғани ҳам эл аро маълуму машҳур-ку!
Мусулмонобод бир юртда шундоқ ношаръий ишлар, зулм-ситамлар содир этилгани боисдирким Хўқанд салтанатининг бошиға ушмундоқ қаро кунлар тушкандир?
Мундин қарийб чорак аср муқаддам Бухоро амири Насруллоҳнинг қабиҳ бир туҳматни рўкач қилиб, Хўқандға, Муҳаммад Алихон устига қўшин тортиб келгани, марҳум хоннинг кекса онаси ва инисини, норасида ўғли ва завжасини, яқин жорияларини бамисоли қўй каби бўғизлатиб ўлдиргани бунинг бир далолатидир. Хўқанд тарихидан машъум фожиа каби ўрин олған бу мудҳиш воқеа юрт аҳлини ҳануз ваҳима ва нафратка солиб келадир.
Вақтлар ўтиб, ошкори аён бўладиким, Насруллоҳнинг мақсад-муроди на шариат муҳофазаси, на Лашкар қалъаси, аксинча, ҳар не йўл ила бўлса-да, ўша тенгсиз сулув Хонпошшо ойимнинг қўйниға киришдан иборат бўлған экан…
Худоёрхон аста ўрнидан турди, ҳузури муборакнинг у бошидан бу бошиға бетоқат бориб кела бошлади.
— Не қилмоқ керак дейсан? — деб сўради ниҳоят.
Отабек бир зум тараддудланиб:
— Олампаноҳ, бир қошиқ қонимдан кечингиз, — деб сўз бошлади.
Худоёрхон бу хитобни эшитиб, беихтиёр мундин икки ой аввал чамаси ўрдада юз берган бир воқеани эслади. Бураматут депарасининг амини бўлмиш Файзулла бужурни ришватда айблаб ҳузурига келтирган эдилар. Қозикалон унинг ишини тафтиш ва таҳқиқ қилиб, айбдор деб топқан, энди хон томонидан жазони тасдиқ этмоқ қолған эди, холос. Қўл-оёғиға кишан урилған Файзулла амин жон ширинлик қилибми, ҳузури муборакка олиб киришлари билан ўзини тахт пойиға ташлаб, уввос солиб йиғлашқа тушди. Ул малъун йиғи аралаш бот-бот: “Бир қошиқ қонимдан кечинг, олампаноҳ!” деб фарёд ҳам чекиб қўяр эди. Хон ришвахўр аминга ижирғаниш ила назар ташлаб, унинг беҳад ушоқ жуссали, заҳил юз, қоқ арвоҳ бир киши эканини кўрди. Гуноҳкорнинг афтига қараб: “Хўп, кечсам кечайин, лекин сенда бир қошиқ қон борму ўзи ё йўқму?” деб заҳарханда кулган ва баттолни ўлим жазоси ўрниға даррага ётқизишқа ҳукм қилған эди…
— Олдимизда ягона йўл бор, ул ҳам бўлса, Бухоро амири ва Хева хони ила иттифоқ тузмоқдир, — деб сўзида давом этди Отабек.
Худоёрхон қизарған, ғазабли кўзлари билан хос вакилга ўқрайди:
— Не дединг? Ҳойнаҳой, сен Абдусамад ноиб воқеасини эшитмаган чиқарсан?
— Амир Насруллоҳнинг вазири бўлған Абдусамадни айтурмисиз, онҳазратим? — деб сўради Отабек.
— Менинг ҳузуримда Насруллоҳ қассобни “амир” дейишка нечук ҳаддинг сиғди? — деб ваҳшат сочди хон.
— Аъло ҳазрат…
— Бухоро қўшини Хўқандға бостириб кирган паллада не бўлғанини билурмисан? Билмайсен! Хўб иш! Эрса, билиб қўй, Муҳаммад Алихон Насруллоҳ қассоб ҳузурига бош эгиб, таслим бўлиб борған, лекин ул малъун хонни дарҳол қатлға ҳукм қилған. Шунда муртаднинг Абдусамад деган вазири: “Ҳоло Хўқанд забт ўлди. Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскар, сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди. Алҳолда, Ўрусиянинг келмоқ хавфи бордур. Агарда амирим марҳамат қилиб, хонни тавба қилдириб, Хўқандға қўйсалар, Бухороға тобе бўлуб, бизларга келадирган душманларға бир қалқон бўлур эрди”, дейдир. Хўш, савдойи Насруллоҳ бунга жавобан не қилған? Жини қўзиб, ноибнинг оғзиға кафш билан урдирадир… Хўш, сен шундоқ бир нокаснинг авлодидан яхшилиқ чиқишиға инонурмисан?! Нега жим қотдинг? Сўйла!
— Онҳазратим, ҳозирғина ўзлари марҳамат этканларидек, ҳарна, чиқмаған жондин умид. Ахир энди бу кун замон ўзгарган…
— Замон ўзгаргани билан инсон зоти ўзгармас! — деди Худоёрхон авж қилиб. — Жаноби пайғамбаримизнинг: “Агар бир тоғ ўрнидан силжиб, ўрни ўзгарибди, деса, ишонинглар, аммо инсоннинг феъл-атвори ўзгарибди, деса, ишонманглар”, деган сўзларини наҳот унутдинг? Сен амири Бухоро билан, ақлини еб қўйған бир телба билан иттифоқ тузмоқни маслаҳат беряпсанми?
Отабек хоннинг жазаваси пасайишини кутиб турди, сўнгра вазминлик ила гап бошлади:
— Сўзларингиз айни ҳақиқат, олампаноҳ. Аммо мамлакатингиз сарҳадини қуршаған қайси амир, қайси хон, қайси бекни соғ деб бўладир? Начора, ўзингиз айтканингиздек, фуқаронинг омонлиғи, эл-улус манфаати учун ҳозир иблис билан бўлса-да, иттифоқ тузмоқ зарур.
— Сафсата сўзлаб вақтимни олма! Иттифоқ нелигини билмаган бу муртадлар ҳеч замонда бизга ёрдам этмас!
— Албатта, ёрдам этмаслар, — деди Отабек хотиржам оҳангда. — Аммо уларға англатмоқ керакким, шул иттифоқни тузсалар, бизга эмас, аввало, ўзларига мадад берган, ўзларини ҳалокат чоҳидан қутқарған бўлурлар.
— Оҳ-ҳо!.. Бу гапни уларға ким уқтирадир? Уқтирған тақдирда ҳам, ул нобакорлар бу гапни англашка қодирму? — деб заҳарханда қилди Худоёрхон.
— Ҳазратим ижозат этсалар, камина қулингиз шу миннатни ўз бўйниға олишка тайёр.
— Тайёрсен? Хўб иш! — деди хон ўрнидан туриб. — Лекин билиб қўй — бундан ҳеч бир маъни чиқмас. Ўртада бошинг кеткани қоладир.
Отабек икки қадам ортиға чекиниб, таъзим қилди:
— Начора, олампаноҳ, мамлакат тинчлиги ва осойиши йўлида бир арзимас бош кетса… ҳеч бокиси йўқдир.
Хон оғир қадамлар ила тахт сари юрди. Узоқ, жуда узоқ ўйланди. Ниҳоят, Отабекнинг юзига қарамасдан:
— Зудлик ила амир билан хоннинг номиға мактуб битиб кел. Сўнг… ўзингнинг отингға ҳам бир ёрлиқ тайёрла, мен муҳр босиб берурман, — деди. — Аммо ҳушёр бўл, бу ишни ҳаргиз киши билмасин.
— Бош устига, ҳазратим.
— Бахтинг чопиб, Бухорою Хевадан омон қайтсанг, дарҳол Даштқа14 отланғайсен. Ишни ўз қўлингға ол! — деди Худоёрхон курраи мусаннаъни айлантиришда давом этиб. — Хўп, Худонинг паноҳиға топширдим.
— Қуллуқ, олампаноҳ! — Отабек ҳам хоннинг сўнгги сўзларидан мутаассир бўлиб, таъзим қилди.
Шу куни хуфтанға яқин ошиғич суратда Бухорои шарифка жўнаб кетди.
Худоёрхон валий экан. Бухорои шариф ва Хеваға элчилик сафари барбод бўлғач, Отабек бу ҳақиқатға иймон келтирди. Ҳар икки мамлакат пойтахтида ҳам уни қушбеги ва девонбегидан бўлак амалдор қабул қилмади. Ҳарчанд урунмасин, ҳукмдорининг мактублари илтифот ва эътиборсиз қолди. Шу сабабли қарийб бир ойлик умрини беҳуда умидворлиқ ила кечирган Отабек хоннинг амрига мувофиқ Дашти Қипчоққа йўл олди.
Орадан бир замон ўтиб эшитдики, Худоёрхон Яқуббекни банди қилиб Хўқандға келтирибди, аркони давлат ҳузурида тиз чўктириб, ўзининг този итлари қаторида унинг олдиға ялоқда емиш қўйдирибди. Саройда ҳозир бўлған бир неча эътимодлиқ амир ва саркардалар хонға далолат қилиб, Яқуббекнинг афв этилишига эришибдилар.
Аммо бу вақтға келиб, Хўқанд хонлиғининг милтиллаб турған толеъ юлдузи таназзул буржиға кириб улгурган эди. Хонлар ва хонзодалар, бек ва амирлар, мингия ва сартия оқсоқоллари, қирғиз-қипчоқ бийлари, тожикия қавмининг бошчилари, раҳнамои уламо тожу тахт талашиб, бир-бирларини қириб битирмакда эдилар. Кўз очиб юмғунча кечкан қисқа фурсатда Худоёрхон, Маллахон, Шоҳмуродхон, яна Худоёрхон, Султон Саййидхон ва яна тағин Худоёрхон тахти маврусийга чиқиб ўлтирдилар. Ҳукмдор алмаштириш бамисоли яктак алмаштиришдек оддий бир ҳол бўлиб қолди. Эл-улус ҳатто баъзи тождорларнинг номларини таниб улгурмас, куни кеча исми шарифи асъасасаю дабдаба билан хутбаға қўшиб ўқилған хон эртаси тахтидан азл қилиниб, бемалол шаҳодат мақомиға етказилар15 эди.
Начора, “омад ўтар, бахт ўтар, хонлар ўтар, тахт ўтар”, деб бир шоир айтганидек, бечора халқ ўзининг забун тақдириға аллақачон тан бериб қўйған, Парвардигори оламдан бўлак ҳеч кимсадан мадад кутмас эди. Аммо Отабек сингари ақли солим саноқли кишилар юрт қайғуси йўлида ҳамон изтироб чекар, ҳамон фидокорлиқ кўрсатар эдилар.
Кундан-кунга нураб кетаёткан салтанат ҳудудларини саросар кезиб юраркан, дунёдан ўтиб бораётқан кекса падари бузургворининг: “Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқун қилиб топширғучи биз — кўр ва ақлсиз оталарға Худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим!” деган шикаста овози Отабекнинг қулоқлари остида бот-бот янграр эди. Шу боис ҳам у, чиқмаған жондан умид, қабилида тахт эгаларига огоҳлик номаларини йўллашдан тўхтамас эди.
“Олампаноҳ Султон Саййидхон аъло ҳазратлариға
Ушбу мактубни давлатингизнинг холис ниятли бир фуқаросидан, деб билурсиз. Мен бундан бир неча сана муқаддам Саййид Муҳаммад Худоёрхон аъло ҳазратларининг амрлари ила Дашти Қипчоққа хос бир вазифа ила юборилған эдим. Тахти маврусийдағи букунги ўзгаришлардан қатъи назар, зиммамға юклатилган бурчни сидқу ихлос билан адо этмакни ўзим учун фарзи илоҳий, деб билурман. Шу боис Сиз, аъло ҳазратлариға бу номани юбормакка журъат этдим.
Амирлашкар16 Авлиёотаға келгач, атрофға одам юбориб, юрт катталарини чақирди. Чунончи, Сиддиқ тўра деган туркистонлиқни, Қазоқиядан Бойзоқ деган бийни ҳам даргоҳиға чорлади.
Ўз кўзи билан кўрганларнинг айтишига қарағанда, амирлашкар бийга: “Сен азалдан ислом лашкариға закот берар эдинг, нега энди бизни қўйиб, Ўрусияға бердинг?!” деб ғазаб қилади. Бойзоқ бунга жавобан: “Тақсир, мен бир юз йигирма бийнинг каттасиман, буларға яйлов деб Расийдан йигирма беш чақирим ерни ижараға олған эдим, шул ижара олғанимнинг ҳақини бериб турибман”, дейди. Амирлашкар буни эшитиб, “Сен икки марта аҳд қилдинг, яна буздинг!” дейди, сўнг тўпчибошиға қараб: “Муни замбаракка солиб от!” деб буюради. Бечора Бойзоқ ёши юздан ўткан қари чол экан. Бу гапни эшитиб: “Эй амирлашкар, агар гуноҳим бўлса, кўзимни сўқир қилгин-да, Қўқанға юбор. Бунға йўқ десанг, майли, ана, Расийга бош олиб кетайин! Аммо мени ўлдирсанг, бул хабар болаларим билан бийларга етса, сенга душман, ёв бўлади, ўриснинг аскарин устингга бошлаб келади. Не қилсанг ҳам, мени ўлдирма! Истасанг, кафил хат берайин”, деб Худонинг зорини қиладир. Амирлашкар унинг арзу додини қабул қилмай, отишқа амр этади. Бир неча аъёнлар амирлашкарни шахтидан қайтаришға кўп уринғанлар, надоматлар бўлғайким, иш чиқмаған… Охири юз пайса доруни замбаракка солиб, Бойзоқ чол жуссаси кичик одам экан, ёниға икки боғ қуруқ беда тиқиб оттурадир. Бийнинг жасади осмонға учиб, на ўлуги, на суяги кўринадир…
Энди Бойзоқнинг авлоди бул воқеани эшитиб, бари Ўрусияға тобе бўлиб кетибдур. Алҳол, улар тез фурсатда ёв лашкарини муборак салтанатингиз остонасиға бошлаб келмаги тайиндур.
Олампаноҳга яхши аёнки, Дашти Қипчоқ ери барча аҳли ислом мулкининг дарвозаси — киндигидир! Кимки бу мулкни қўлға киритса, алал-оқибат наинки Хўқанд, балки Хеваю Бухоро давлатларини ҳам қўлға киритгай.
Аъло ҳазрат, зинҳор-базинҳор бунға йўл қўйиб бўлмағай, зудлик билан дафъи чорасини кўрмак даркор.
Амрингизга мунтазирман.
Изҳори қуллуқ ила,
Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли,
Авлиёота. Имзо. Сана”.
Бу хат Султон Саййидхонга етиб борғанми-йўқми — номаълум, аммо хон тарафидан Отабекка ҳеч қандай жавоб бўлмади. Эҳтимол, мазкур нома ҳукмдор илгига теккандир (чунки, у ишончли бир киши воситасида, ўта махфий суратда саройға етказилган эди), лекин нафақат инон-ихтиёри, балки жони ҳам амирлашкар қўлида бўлған қўғирчоқ хон бу борада бирон чора кўрмоққа ожиз эди. Зеро, Алимқулининг иродасиға қарши борса, бахтиқаро Бойзоқ чолнинг қисмати ўз бошиға ҳам тушмоғи муқаррар эканини у жуда яхши англар эди.
Ривоятларға кўра, Султон Саййидхон кейинчалик ўзининг ит йилида тахтға ўтирғанини эслаб, шу байтларни айткан эмиш:
Каминангиз ит йилида хон ўлди,
Ғам-аламдан юрак-бағри қон ўлди.
Бойловли ит каби амир қўлинда,
“Хон” деган расвои жаҳон ўлди…
