Ички ишлар органлари ходимларининг имижини ошириш — миллий ва халқаро тажриба
Ишончим комил, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этадиган ички ишлар органи ходими эл-юрт ўртасида албатта муносиб обрў-эътибор топади.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Имиж — “ишонтириш” усули…ми?
Ижтимоий тармоқларда давлат хизматчилари ҳақидаги ижобий ва салбий фикрларни кўплаб кузатиш мумкин. Тўғри, ҳуқуқий демократик давлатда яшаймиз. Бироқ давлат ва оддий халқ ўртасидаги муносабатлар жараёнида “имиж” тушунчаси алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон миллий энциклопедиясига кўра, имиж (инглизча “image”, лотинча “imago” — тимсол, кўриниш) — шахс, ҳодиса, нарсанинг оммалаштириш, реклама қилиш мақсадларида одамларга ҳиссий-руҳий таъсир кўрсатишни кўзлаб шакллантириладиган қиёфаси; тарғиб қилиш воситаларидан бири.
“Имиж” тушунчаси рейтинг, обрў, машҳурлик, жозиба, мафтункорлик, эътибор, нуфуз ва бошқа тушунчалар билан ҳамоҳанг.
Мутахассисларнинг фикрича, имиж 4 турга: касбий, ижтимоий, оиладаги ва шахсий турларга бўлинади. У ташқи кўриниш, кийиниш маданияти, урф-одатлар, фаолият ва саъй-ҳаракатлар, инсон ахлоқи, ўзини тутиши, мақсадлари, дўстлари ва муносабатларида намоён бўлади.
Демак, имиж — омма тафаккурида мақсадли шакллантириладиган ҳамда рационал ёки эмоционал хусусиятга эга бўлган нарса, ҳодиса ва ёки инсонлар тимсоли, уларнинг йиғма образи ҳисобланади. Шу боис имижга нисбатан ҳар доим у ёки бу даражадаги ижтимоий муносабат мавжуд бўлади.
Кўпчилик мутахассислар томонидан ички ишлар органлари ходимлари имижининг таркибий қисмлари сифатида ташқи кўриниш; ҳуқуқий онг; шахсий сифатлар; киришимлилик белгиланган.
Ушбу сифатларни жамоатчилик эътиборига намоён этишда оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнайди. Умуман, оммавий ахборот воситалари инсонларнинг фикрлаш даражасига таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан айтиш мумкинки, улар ички ишлар органлари ходимлари имижини оширишнинг асосий механизмларидан бири ҳисобланади.
Халқчил тузилма
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида ички ишлар органлари ходимларини халққа яқинлаштириш, эл-юрт дарди ва ташвиши билан яшашга, хизмат қилишга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистонда янги ички ишлар органларини шакллантириш, аҳолига ўз вақтида ва қонуний ёрдам кўрсатадиган, ижтимоий йўналтирилган профессионал халқчил тузилмага айлантириш баробарида унинг имижини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чунончи, ички ишлар органлари ходимларининг замонавий қиёфасини яратиш, уларнинг масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш бўйича ҳам қатор ижобий ишлар қилинди. Осойишталик посбонларини хизмат бурчига садоқат, ватанпарварлик, ҳалоллик руҳида тарбиялаш, обрў эъиборини оширишга эришиш вазирлик раҳбариятининг доимо диққат марказида. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, ходимларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди, айни пайтда масъулияти ҳам ошди, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий томондан ҳимоялаш асослари яратилди. Бугунги кунда ички ишлар органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида шахсий таркибни зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга лаёқатли, маънавий етук, руҳий ва жисмоний жиҳатдан баркамол, малакали ходимлар билан жамлаш чоралари кўрилмоқда.
Шахсий таркиб ўртасида ҳам маънавий-маърифий ишларни сифат жиҳатдан янги поғоналарга кўтариш, ходимларнинг билим савиясини янада юксалтириш, маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи ходимларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Имиж яратиш масъулияти
Ички ишлар органлари ходимлари хизматни бевосита фуқаролар кўз ўнгида амалга оширади, демакки, фуқаролар билан мулоқотда очиқ ва самимий бўлиш, дардини эшитиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳаққоний бўлиш зарур.
Аммо сўнгги пайтларда ички ишлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш, уларни ҳақорат қилиш, хатти-ҳаракатларини ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали “шантаж” қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Интернет ва ижтимоий тармоқларда осойишталик посбонларини обрўсизлантириш, нохолис ахборотларни бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари кам эмас.
Бинобарин, ички ишлар органларида имиж яратиш масъулиятли, шу билан бирга, бирмунча машаққатли. Масалан, профилактика инспекторининг халқ орасида ўз имижини яратишида ташқи кўринишнинг ўзи камлик қилади. Ўз устида тинимсиз изланиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўлиш, халқнинг оғир дамларида энг яқин кўмакчиси, ҳаммаслак бўлиш ҳам жуда муҳим.
Яхши биламизки, ходимнинг имижини оширадиган жиҳатлардан яна бири унинг маънавиятидир. Инсон камолоти ва маънавий дунёқараши эса китоб орқали юксалади. Шунинг учун шахсий таркиб ўртасида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини ошириш, кутубхоналар фондини бойитиб бориш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Соҳа вакиллари эл орасида обрў қозонишлари, имижини ошириш учун, авваламбор, зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан бажаришлари лозим. Ҳар бир ходим фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиши, касбий ва ҳуқуқий билимларини муттасил ошириш устида тинмай изланиши зарур. Ана шунда муайян мақсад ва муддаоларга эришилади.
Хориж тажрибаси
Хорижий тажриба ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги иш услубларини қўллаш, аҳоли ва жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лозимлигини кўрсатмоқда.
Рус тадқиқотчиси С.Наумов “Ички ишлар органлари ходимларнинг имижи — бу уларнинг энг характерли ва типик хусусиятларини очиб берувчи мураккаб тасвирдир” деб фикр билдирган бўлса, А.Сёмик унга “хизмат вазифаларини бажаришда намоён бўладиган ижтимоий хатти-ҳаракатлар намойиши” деб таъриф берган. Бошқача қилиб айтганда, ички ишлар органлари ходимининг имижи бу — жамоатчилик нигоҳидаги ички ишлар органлари ходимларининг тасвири бўлиб, улар хизмат фаолиятининг характери ва хусусиятларини намоён қилувчи мураккаб жараёндир.
XXI аср бошларида Россияда ички ишлар органлари тизимида жиноятчиликнинг ўсиши, қонунларга бепарволик билан муносабатда бўлиш ҳолатларининг ошиши ва фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш каби тизимли муаммолар юзага келди. Бу омиллар эса мамлакатда ички ишлар органларига нисбатан жамоатчилик ишончининг пасайишига олиб келди, имижига жиддий таъсир кўрсатди.
Бу ҳолатларни бартараф этиш Россия ҳукумати томонидан Ички ишлар вазирлиги тизимида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш йўли билан амалга оширилди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, тизимни модернизация қилиш, жумладан, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, кадрлар муаммосини ҳал этиш ҳамда соҳанинг молиявий ва моддий-техник ҳолатини яхшилаш кўзда тутилди.
Россия Федерациясида полиция органлари ахборот хизматлари томонидан ижтимоий тармоқларда полиция ходимлари фаолиятига нисбатан салбий ахборотлар тарқалишига қарши қуйидаги йўналишдаги ишлар амалга оширилмоқда:
1) ахборот майдонини мониторинг қилиш;
2) танланган материалларни тартибга солиш;
3) танланган контентларни вақт ва макон жиҳатдан боғлаш;
4) салбий видеороликларга экспертлар баҳосини бериш;
5) тарғибот роликларини ишлаб чиқиш;
6) тарғибот роликларини ахборот майдонига чиқариш.
Шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқларда Россия ички ишлар тизимларида фаолият олиб бораётган ходимларнинг зўравонлиги, қўпол ва нохолис иш олиб бориш ҳолатларига дуч келинмоқда.
Айниқса, ишлаш учун борган меҳнат муҳожирларига нисбатан мамлакат куч ишлатар тизимларининг қуйишқондан чиққан ҳолдаги ҳатти-ҳаракатларини мутлақо оқлаб бўлмайди. Бундай қонунга ҳилоф ҳатти-ҳаракатлар қораланади ва тегишли тартибда қаътий муносабат билдирилмоқда.
Грузия мисолида гапирадиган бўлсак, бу мамлакат ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш қуйидаги йўналишларда олиб борилди: биринчидан, институционал таркибий ўзгаришлар, иккинчидан, кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, учинчидан, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, тўртинчидан, коррупцияга қарши кураш ва бешинчидан, моддий-техник базани яхшилаш кабилар.
Янги полициячилар очиқ танлов асосида жалб этилиб, уларда ҳуқуқ-тартибот идораларида тажрибага эга бўлган шахслар иштирок этмайдилар. Номзодларни ёллашда ғарб меъёрларига мувофиқ ишлаб чиқилган психологик тестлардан фойдаланилади, бу эса полиция ходимларининг ўртача интеллектуал даражасини ошириш ва беқарор ёки тажовузкор психикага эга бўлган одамлардан воз кечиш имконини беради.
Шунингдек, ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, улар томонидан полиция фаолиятига оид кўплаб фильмлар, телесериаллар ва видеолавҳалар ишлаб чиқилган. Бунда полиция ҳақида жамоатчиликда ижобий тушунчаларни ҳосил қилиш мақсадида асосий эътибор кўпроқ полиция ходимларининг имижини ташкил этувчи компонентларга қаратилганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Маълумки, азалдан Шарқ жаҳон маданиятининг энг асосий ўчоқларидан бири бўлиб келган. Ана шу буюк маданият ходимларимизнинг маънавий жиҳатдан юксалишига, шубҳасиз, имижини кўтаришга ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.
Азизжон ФАЙЗИЕВ,
подполковник.
