Сувни деб курашган полвон

Абдираҳмат полвон кўкламда боғбон ошнасидан ўн туп олма кўчатини келтириб, ўғли Мажид муаллимнинг ҳовлисига экканди.

Орадан уч йил ўтиб, ниҳоллар дарахтларга айланди.

Лекин яқинда ёзнинг айни чилласида ўғлиникига борган полвоннинг дили хуфтон бўлди. Чунки дарахтлар сувсизликдан қурийдиган аҳволга тушган эди.

У ўғлини чақирди.

Тандирга ўтин қалаётган келини қарияга деди:

— Ўғлингиз мактабнинг иши билан шаҳарга кетувди, боваси, биламан, дарахтларни кўриб, хафа бўляпсиз. Анови катта ариққа банд солган Турди фермернинг олдига “сув очаман” деб бир неча марта борди, аммо сув бермади ноинсоф. Бир гал ўзим хотин-халажларни эргаштириб ҳам бордим. Қаёқда, фақат сўкиш эшитиб қайтдик…

Келинининг гапларидан Абдираҳмат полвон ўйга толди.

“Ҳа, Турди фермернинг ҳозир ошиғи олчи. Бир пайтлар, ҳов калхўз даврида, катталарнинг соясига салом бериб юрадиган югурдак эди, бугун эса қишлоқнинг олди бойларидан…”

Абдираҳмат полвон дарахтга илинган кетмонни олиб, йўлга тушди ва яқин орада қишлоққа ариқдан сув оқмаганига амин бўлди. Чунки сувсизликдан ариқнинг ичида катта-кичик ёриқлар пайдо бўлганди.

Келини рост айтган экан, катта ариқдаги сув айиргич ёнида Турди фермер чайла қуриб олган, ўғли билан кеча-кундуз танда қўйиб ётарди.

Турди фермер Абдираҳмат полвонни дарров таниди. “Охири полвон ҳам хабар топибди-да…” Сўнгра чайла соясида ётган барзангидек ўғли тарафга қараб, дадилланди.

“Унинг бир ўзи, биз икковмиз, қани, нима деб дов тўкаркан бобой?” деган хаёлга борди.

Турди фермер Абдираҳмат полвонга пешвоз чиқиб кўришди ва чайлага таклиф қилди.

— Чой ичиб ўтирадиган пайтмас, Турдибой, сувсизликдан Мажиднинг ҳовлисига эккан ниҳолларим қурийдиган бўпти, сув очгани келдим…

— Охири сизни юборишибди-да. Сув пахтага оқяпти, иложи йўқ. Сиз-ку, майли, отам тирилиб келсаям сувни беролмайман!

Турди фермернинг гапи Абдираҳмат полвоннинг қаҳрини келтирди, аммо ўзини босди.

— Нима, қишлоқдагиларни сув бермай қуритинглар, деб айтишдими?

Турди фермер бош чайқади.

— Йўқ.

— Бўлмаса, нимага бундай қиляпсан?

— Одамлар билан ишим йўқ, мендан кузга бориб пахта талаб қилишади, одамларданмас…

— Нима, одамлар ўзга сайёрадан келишганми?

Турди фермер полвон билан гап талашиб енголмаслигини сезди.

— Биламан, гапи қайтмаган одамсиз, агар ҳозир сизга сувни берсам, бутун қишлоқ оёққа туради, шуни биласизми?

— Бир ҳафтада бариси суғориб бўлишади.

— Йўқ, бўлмайди, ғўзам гул ташлаб кетади.

— Кўрдим, ғўзанг ҳали сувсагани йўқ, ёлғон сўзлама, Турдибой…

Турди фермер тин олди ва бирдан бошига келган туйқус фикрдан қувониб, деди:

— Бўлмаса, менда бир таклиф бор. Сизни елкаси ерга тегмаган полвон деб эшитганман. Отам раҳматли Сурхонга бориб, курашда туя олганингизни кўп гапирарди. Келинг, бир иш қиламиз. Сиз ҳозир ўғлим Нортожи билан бир беллашасиз. Агар полвон йигитни йиқитсангиз, мен бандни очиб, бу ердан кетаман, сув қишлоққа оқаверади. Мабодо йиқилсангиз, майли, фақат сизга сув бераман, аммо қолганларга йўқ! Гапим — гап!

Турди фермернинг кутилмаган таклифи полвон бобонинг дилини оғритди, аммо кўпни кўрган эмасми, сир бой бермади.

— Ҳой, ука, ўйлаб гапиряпсанми? Ахир боланг неварам тенги бўлса, уят эмасми? Балки, ўзинг билан олишсам бинойи бўлар…

— Йўқ, мен олишиб кўрмаганман. Ўғлим бошқа гап, у кураш мактабида ўқияпти, яқинда вилоят чемпиони бўлди.

Абдираҳмат полвон бир зумга ўйланиб қолди. Турди фермернинг ғалати таклифи туфайли ўзини таҳқирлангандек ҳис қилди-ю, кейин ич-ичидан бир далдами, ишончними ҳис қилди.

— Майли, олиш бўлса, олиш-да, чиқар болангни!

* * *

Дўнгсаликдаги чимзорда икки ёши тенг бўлмаган полвон давра айланди. Бири не-не тўй ва сайилларда майдонга чиқиб, ғолиблик нашидасини сурган, ёши уч кам саксон ёшли полвон бўлса, иккинчиси йигирма ёшли айни балоғат палласидаги кучга тўлган йигит эди.

Турди фермер ўғлининг қулоғига: “Агар шу чолни йиқитолмасанг, кунингни кўрсатаман: “Нексия”га оёқ оширмайсан, йиқитсанг, машина сеники!” — дея шипшитишга ҳам улгурди. Нортожи ора йўлда қолди. Охири отасининг измига бўйсунди.

Шу тобда Абдираҳмат полвоннинг ўй-хаёлидан не кечди, не қолди, ёлғиз ўзига ва Яратганга аён эди. Хуллас, ғаройиб кураш бошланди.

Полвонлар давра айланишди. Бир зумда уч-тўрт томошабин ҳам пайдо бўлди. Булар қўй-эчки боқиб юрган болалар бўлиб, уларнинг ичида полвон бобонинг невараси Султон ҳам бор эди. Болакай юрак ҳовучлаб бобосининг ҳаракатларини кузатди. Ниҳоят, полвонлар бир-бирларига рўбарў келди. Абдираҳмат полвон рақибига сер солиб, унинг анойи эмаслигини, уни мағлуб этиш осон бўлмаслигини сезди ва ўз-ўзини койиди.

“Эй, полвон деганнинг озгина жунунли бўлиши рост экан-да. Бўлмаса, шу ёшга кириб олишиб юришга бало бормиди?.. Ундан кўра Турди фермерга “илтимос” деб яхши гапирганида, вазият шу даражага бормасмиди…

Энди кеч. Энди қандай қилиб рақибни енгишни ўйлаши лозим. Ахир қанчадан-қанча зўрларнинг елкасини ерга теккизган-ку, бунинг ҳам иложини топса бўлар?..”

Лекин Абдираҳмат полвон биринчи қўлдаёқ танг аҳволга тушди. Ўпкаси тиқилиб, ҳансираб қолди. Бироқ рақибига ўзини ошкор этмади. Полвонлар яна давра айланишди. Иккинчи ушлашда Нортожи рақибини синовдан ўтказди. Қўшпойча солди. Аммо рақиби ҳамладан чиқиб кетди. Буни кўрган Турди фермер ўғлига:

— Ҳой, нодон бола, буни Абдираҳмат полвон дейишади, эҳтиёт бўл! — дея огоҳлантирди.

Шу тобда Абдираҳмат полвоннинг фикри-ўйида: “Рақибини қандай усулда енгиш лозим?” деган савол айланарди. “Ҳа, тезроқ бир тадбир топиш керак, акс ҳолда, яна икки-уч нафасда кексалик панд бериши тайин…”

Шунда полвоннинг хаёлига ярқ этиб устози Бекмурод полвон ўргатган тўғоноқ усули келди. Йигитнинг бу кўҳна ва деярли унутилган чилга қарши бирор ҳаракат топиши даргумон. Кекса полвон рақибининг кўзларига тик боқди. Нортожи Абдираҳмат полвоннинг бунчалик чапдастлик билан қаршилик кўрсатишини кутмаган эди, унинг кўнглига шубҳа оралади.

“Наҳотки саксонни қоралаган шу қариядан йиқилсам”, дея ўз-ўзига савол берди. Унда вилоят биринчилигида совриндор бўлгани нима бўлади? Айниқса, мураббийси Примов эшитса, нима дейди? Йўқ, у йиқилмаслиги керак. Иложи борича рақибини чарчатиши, бунинг учун эса ҳимояга ўтиши керак. Кураш қанчалик узоқ давом этса, у ютади!

Шу лаҳзада Абдираҳмат полвон кутилмаганда қоплондек ҳамлага ўтди. Нортожи буни кутмаган эди. Оний лаҳзалик бепарволик унга қимматга тушди.

Эй, оғайнилар, шунда денг, Абдираҳмат полвоннинг “Ё, пирим!” деган товуши янгради ва рақибини аввал ортга суриб, сўнгра ёнбошга кўтариб ташлади. Олишувни жон ҳолатда кузатиб турган Турди фермер оҳ тортиб юборди. Кекса полвон рақибини қўлидан тортиб турғизди ва унинг елкасига қоқиб: “Ёмон олишмадинг, кўнглингни чўктирма”, деб таскин берди.

Лекин Турди фермер тарафга атай қарамади. Ғолиблик нашидасидан масрур полвон набираси ва унинг жўралари билан кўй-эчкиларни ҳайдаб қишлоққа қайтди. Уларнинг ортидан эса тизгинини узган тойчоқдек ўйноқлаб ариқдан сув келарди…

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 8 =