Тамаддуннинг олтин бешиги

Қадим тамаддуннинг неча минг йиллик садолари келиб турган Навоий вилоятининг Сармишсойидаги нодир обидалар — петроглифлар ўтмишимизнинг янгидан-янги қирраларини намойиш этиб, минглаб хорижлик меҳмонларни юртимизга чорламоқда.

Зарафшон дарёсидан ўтиб, Қалқонота зиёратгоҳи ва Сармишсой дарасига бора-боргунча йўл ёқалари ободонлаштирилиб, беҳисоб анвойи гуллар ўтқазилган. Бутунлай янгича қиёфага кирган турар-жой бинолари эса ҳар қандай киши кўзини қувонтириб, кайфиятни кўтаради.

 

ҚОЯЛАРГА БИТИЛГАН ТАРИХ

Айтишларича, “сармиш” қадимги сўғдийча сўз бўлиб, “саримушк” — “асл гул ҳиди анқувчи макон” деган маънони англатади. Номи узукка кўздек ўзига ярашган Сармишсой вилоят марказидан ўттиз беш чақирим шимоли-шарқда жойлашган. У Нурота тоғ тизмаларига кирувчи Қоратоғ этакларидаги энг хушманзара, гўзал даралардан бири ҳисобланади. Сабаби, Зарафшон дарёсининг зилол сувлари юзини ювиб турган Навбаҳор тумани (Сармишсой дараси жойлашган маскан) қадимги аждодларимизнинг бой маданий ҳаёти ҳақида маълумот берувчи ноёб тарихни ўз бағрида сақлаб келаётир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Археология институти олимлари ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ушбу ҳудудда маданий меросни ўрганишга киришган эди. Археологик қазилмалар натижасида қадимги яшаш манзилларининг қолдиқлари, жумладан, Қалқонота ёдгорликлари: Учтут, Чақмоқтош конлари, Сармишсой, Қорақўнғирсой, Биронсой, Қоятош суратлари каби қадимий ёдгорликлар борлиги аниқланди. Топилган осори-атиқалар шундан гувоҳлик берадики, бу қадим заминда эрамиздан аввалги олтинчи, бешинчи асрларда ҳам аждодларимиз истиқомат қилишган. Учтут, Ижанд, Сармиш деб аталувчи манзиллардан топилган ашёвий далиллар, ёдгорликлар, тошбитиклар, ов қуроллари бу маконда ижтимоий ҳаёт жуда эрта бошланганидан сўзлайди.

Навбаҳор туманидаги қадимги ёдгорликлардан яна бири Сармишсой дарасидир. Унинг баланд қоятошларидаги суратлар сони ўн мингдан ошиқ. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Сармишсой дараси ва у ердаги ибтидоий суратлар ҳақидаги қуйидаги эътирофи маънавият, қадрият, тарихга бўлган эҳтиромни янада оширади:

“Сизлар ҳар куни кўриб ва кезиб юрадиган Кармана шаҳрининг ёши нечада? Ёки чўли Маликдаги эски работ сардобалари қачон пайдо бўлган? Сармишсой дараси ва ғоридаги ибтидоий суратлар бу ўлканинг энг қадимий маданият бешикларидан бири эканидан дарак бермайдими?..”

Дарҳақиқат, бу замин бағридан топилган осори-атиқалар, ёдгорликлар, ов қуроллари, зиёратгоҳлар тарихдан ҳикоя сўзлайди гўё. Чунончи, очиқ осмон остидаги ғаройиб тарихий ландшафт музейи туфайли Сармишсой нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг бойлиги, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, Сармишсой дарасидаги кўплаб тарихий ёдгорликлар, жумладан, турли даврларга оид тўрт мингдан ортиқ петроглифлар ҳали-ҳануз ўз жилосини йўқотмаган ҳолда дунё эътирофини ўзига жалб этиб келмоқда.

 

ЗУЛҚАРНАЙН ДАРАСИ

Мен туғилиб ўсган жойлар Сармиш дарасидан унча узоқ эмас. Шу боис болалигимда Жума катта отам билан Сармишсой дараси ва ғоридаги ибтидоий суратларни кўргани тез-тез бориб турардик. Айниқса, бобом менга тошларга чизилган сурат-ёзувларни кўрсатиб, уларнинг тарихи ҳақида соатлаб сўзлаб берар эди. “Кампир кунжак”, “Искандар Зулқарнайн” деб номланган даралар менда катта таассурот қолдирган. Улар мени ўзига тамомила ром этиб қўйганди. Ҳамон ёдимда, Зулқарнайн қоясида жаҳонни зир титратган Искандар Зулқарнайннинг узоқ-узоқларга ғазаб, қаҳр, нафрат билан ўқрайиб турганини кўрганимда, буни ким яратган экан, деб ҳайрон қолгандим. Ушбу қоядан сал наридаги қалъа қолдиқлари ва вайронасига кўзим тушгач, гап нимада эканини тезда фаҳмладим.

Ҳойнаҳой, Жаҳонгир (тарихда “Тахтизар” деб номланган) мазкур қалъада миллий қаҳрамонимиз Спитамен билан тўқнаш келган. Ўртада аёвсиз жанг бўлган. Кўплаб қурбон берилган. Бироқ, шунга қарамасдан, қалъа аҳли ёвга таслим бўлмай, жон-жаҳди асносида ўз юртини, тупроғини ҳимоя қилган. Алалоқибат, Тахтизарни қўлга киритолмасдан хуноби ошган Искандар мана шундай қараб қолади…

Яна бир сафар у ерга борганимизда, катта отамдан бу расмларни ким чизганини сўрадим. Шунда Жума катта отам нигоҳларини олис-олислардаги қояларга қадаганича оҳиста гап бошлади.

— Биласанми, қўзичоғим, бу даралар, қоялардаги харсангтошларга битилган юзлаб, минглаб суратлар, аслида, тарихдан сўзлайди. Сабаби, бу битикларни қадимда ота-боболаримиз юрак қўрини, қалб меҳрини бериб чизган. Шунданми, буларнинг ҳар биттаси қатида ривоят, афсона, нақл яширинган. Мен бу ёдгорликларни бебаҳо дурдоналар сирасига қўшган бўлардим, — деганди.

Улғайгач, катта отам айтган гаплар ҳақиқат эканига амин бўлдим. Англадимки, ҳар бир инсон ўз юртидаги қадимий, салобатли тоғлар, дараларни яхши билиши керак экан. Айтганча, катта отам нуқул Нурота тоғ тизмаси дараларини “Сусамбил бу”, дея айтгани-айтган эди. Ҳа, афсона ва эртакларда таърифи келтирилган эркинлик, тенглик, бахт-саодат диёри Сусамбилнинг ўзи-ку, дегани эсимда.

 

КАМПИР КУНЖАК

Музробга чўпонлик таёғи отасидан мерос. Ўшандан бери у уззукун тоғу тошлар занжирдек қоплаган Сармиш тоғи этакларидаги серунум яйловларда қўй боқади. Бу макондан учи ўткир, арратиш чўққилар кўзга ярқ этиб ташланиб турарди. У баъзи-баъзида улкан харсангтош кавакларига беркинганича, бўри ёки шоқолларни пойлайди. Аммо сурув ёнида чўпон бўлганидан, қашқирлар кундузлари чорвага очиқчасига ҳужум қилишга журъат эта олмайдилар. Уларни одамдан кўра, ўқотар қурол беҳад чўчитарди. Бир куни чўпоннинг қизиқиши устун келиб, тепадан яққол кўриниб турган икки қояга чиқиб бормоқчи бўлди. Унга шу тобда очиқ ердаги сўқмоқ йўл жуда ҳам асқатди. Тепага кўтарилгунча баданини жиққа тер босди. Лекин у сир-бой бермади. Аксинча, ўзини тетик, бардам тутарди. Ниҳоят тепага чиқиб олди. Толиққаниданми, дарҳол улкан харсанг устига чўзилди. Кўзи илинган экан. Шунда унинг юз-кўзини аллақандай қўл силай бошлади. Ўзича ўйлади. Бу қўл эгаси ажина бўлмасин тағин? Шуни фикр қила туриб, шўрликнинг юраги орқасига тортиб кетди. Болалигида кампир момоси айтгувчи эди: “Борди-ю, тоғ-тошда, дала-қирда олдингдан сап-сариқ ажина чиқиб қолса, ўзингни йўқотиб, шалпайиб қолма. Аксинча, ўзингни қўрқмаганга ол, дадил, тетик тут. Шу заҳоти унинг сочидан маҳкам бураб олиб, калимангни келтир”.

У кўзини очганида, қаршисида чиройли, қош-кўзлари попуккина қиз беозоргина тикилиб ўтирарди. У қизга қараб лол қолди. Нечун тақдир уни бу хилват гўшада гўзал қизга йўлиқтирди? Эҳтимол, ҳаёт йўли бу паривашга боғланар. Йўқ, йўқ, у ажина эмас, аксинча, бўлғуси умр йўлдошининг нақ ўзгинаси.

Улар, ниҳоят, танишиб олдилар. Шу маҳал аллақаердан кайвони бир кампир келиб қолди. Дедиким:

— Болам, менинг исмимни Мастура дейдилар. Ҳов, пастликдаги қишлоқда турамиз. Агар неварамни ёқтириб қолган бўлсанг, чўзмасдан совчи юбор. Урф-одатларимизни адо этиб, тўй қиламиз.

Мастура кампирнинг бу гапи йигитнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Кўп ўтмай, тўй ҳам бўлди. Ҳамма шоду хуррам уй-уйига тарқади. Аммо негадир одамлар ошёнларига қайтиш чоғида:

— Оғайни, эртага жуваналарни (маҳаллий шевада ҳўкизча дейилади) тоққа, Музроб келин билан момосига дуч келган жойга, яъни “Кампир кунжак”ка ҳайдаб бораман. Шунга кўмаклашсанг дегандим, — деди.

— Майли.

— Раҳмат!

Шу тариқа жўралар хайрлашдилар. Бу вақтда шамол дов-дарахтларни, буталарни зўр бериб юлқилай бошлади. Ҳаво эса тунд, тўқимтабиат бўлиб қолганди. Энди гапни эртаклардагидек чўпон йигитдан эшитайлик. У ёрини топган кезлари қувонганди. Қолаверса, у отган тош мўлжалга бехато теккан эди. У шунақанги қувониб, кампирни алқаб, улар билан дуч келган қоятошни “Кампир кунжак” деган ажабтовур ном билан атай бошлади. Тез орада “Кампир кунжак” атамаси халқ қалбига худди қўрғошиндек ўрнашди-қолди. Аслида, кунжак бурчак деган маънони англатади. Бундан чиқди, маҳаллий аҳоли луғати янги бир сўз билан бойиди. Одамлар эса чўпон йигитнинг ном қўйишдаги топқирлигига, нарсалар моҳиятини чуқур, тўғри таҳлил қилишига қойил қолгандилар.

Сирли текисликлар тугаб, шошқин сой бошланадиган жой тепасида бир сирли қоя бор. У худди кампирнинг кунжакда, бурчакда қотиб турган ҳолатига жуда-жуда ўхшаб кетади. Уни кўргани тез-тез одамлар келиб туради.

 

ОСМОН ОСТИДАГИ ХАЗИНА

Вақт имиллайди. Шу боис шошилмасак бўлмасди. Ҳамроҳлар билан Қоратовнинг энг баланд нуқтасига қараб йўл олдик. Аслида, мазкур маконга тошларни ушлаб, чирмашиб чиқиб бориш шунчаки жўн юмуш эмас эди. Тепага, юксакка қараб кўтарилиб борадиган дара бизларни қадим аждодларимиз чизган расмлар чаманзорига, ясситоғликка, арратиш чўққилар сари олиб чиқарди. Кўз ўнгимда чўққилари осмон билан бўйлашган тоғлар ҳамда фалак тоқида бемалол, хотиржамгина сузиб юрган булутлар лашкари намоён бўлди. Дара атрофи бор-бўйича пастқам ёввойи бодомзор буталари билан қопланган. Боз устига, йўл босганда белги берувчи сон-саноқсиз чизиқлар сероб экан. Илло, мавриди келгани учун шу нарсани айтиб ўтмасак бўлмас. 2004 йилда Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан Сармишсойга тарихий-маданий ва табиий ландшафт музей-қўриқхонаси мақоми берилди. 2018 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан “Сармишсой” давлат музей-қўриқхонаси ташкил этилди. Мазкур музей-қўриқхона зиммасига қадимги аждодларимиз яратган йирик маънавий бойликни асраш, эъзозлаш, уларнинг илмий аҳамияти ва қийматини ўрганиш, қадрлаш ҳамда уларни келажак авлодларга бутунлигича етказиш сингари қатор вазифалар юклатилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, ўтган йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистонда ўтказилган илмий анжуманларда Сармишсой маданий мероси тарихи, унинг умуммаданий аҳамиятини ифодалашдек муҳим масалаларга батафсил тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Сармишсойда илмий ҳамкорлик ишларини олиб бориш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида бу ерга Норвегия, Финландия, Россия, Қозоғистон каби давлатлардан етук мутахассис ва олимлар таклиф қилинди. Бугунги кунда “Сармишсой табиий археологик мажмуа музейи қўриқхонаси” Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО эътиборида. Бу эътироф Сармишсой номини бутун дунёга танитди. Бугун бу маскандаги қадимий аждодларимизнинг тош давридаги ҳаёти, тарихи, маданиятидан ҳикоя қилувчи ноёб қоятош суратлари, археологик тарихий-маданий ёдгорликлар, табиатнинг ранг-баранг жозибадор бойликлари хорижлик сайёҳларни ҳам қойил қолдирмоқда. Шу ўринда ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси дурдоналари рўйхатига қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий маркази, Хивадаги Ичанқалъа мажмуаси киритилган бўлиб, ташкилот томонидан уларнинг дунё миқёсида тарғиб этилишига жиддий аҳамият қаратилаётганини айтиб ўтмасак бўлмас. Бундан ташқари, яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўз, аския, катта ашула, Шашмақом, Бойсун маданий мероси, “Палов маданияти ва анъаналари” инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентлари рўйхатидан муносиб жой олганлиги кўнгилда қувонч ҳисларини уйғотади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича иш юритадиган ташкилоти — ЮНЕСКО билан Ўзбекистоннинг ораси яхши, бошқалар ҳавас қилгулик. Негаки, Ўзбекистон бу ташкилотга 1993 йилдан бери аъзодир. Мазкур нуфузи баланд ташкилотнинг пойтахтимизда ваколатхонаси иш бошлаганига бу йил йигирма саккиз тўлди. Бу вақт орасида ЮНЕСКО ва мамлакатимиз орасида муносабатлар ўнгланди. Оқибатда ҳамкорликда қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. У юртимизда ўтказиб келинаётган қатор маданий тадбирларнинг меҳмони, ташкилотчиси ва иштирокчиси бўлиб келаётир. Кишини ҳайратлантирадиган даражада гўзал ва мафтункор Сармиш дарасини кезиб юрганимда, номоддий маданий меросни муҳофаза қилишга астойдил бел боғлаган жаҳоннинг мартабали ташкилоти ЮНЕСКОнинг хайрли амалларини ёдга олдим.

Аслида, соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, Нурота тоғ тизмаларига қарашли Қоратоғнинг Сармиш дарасидаги қоятошларга чизилган расмлар, петроглифлар неолит, бронза даврига бориб тақалади. Қояларда буқа-тур, сигир, шер, йўлбарс, қоплон, бўри, ит, илон, қулон, от, туя, кийик, буғу, эчки, архар ва бошқа ҳайвонлар билан бирга ўқ-ёй, найза, қилич ва хўжалик буюмлари ҳамда турли геометрик шакллар акс эттирилган. Қоятошлардаги суратларнинг кўриниши ва ҳажми турлича бўлиб, айримлари 30-40 сантиметр, бир хиллари 70-80 сантиметр, баъзилари эса бир метрдан ортиқдир. Улкан қоятошларга туширилган тасвирлар даранинг қадимий табиати, ҳайвонот олами, инсониятнинг ибтидоий ҳаёт тарзини ва инсоният тараққиётининг маълум босқичларини ўзида тўла-тўкис акс эттирган.

 

СИРЛИ СУРАТ

…Сармишсой дарасини айланиб юриб, табиий силлиқ тош деворларнинг биридаги антиқа расм мени қизиқтириб қўйди. Унда йўлдан катта ва бадавлат карвон ўтаётгани тасвирланган. “Чўл кемаси” дея таърифланадиган, ўркачли йирик туялар икки қатор бўлиб, тизилишиб боряпти. Чиройли безатилган туянинг устида эса қўғирчоқдек ясантирилиб, баланд бош кийим кийгизилган қиз тасвири. Бунда келин олиб келиш маросими тасвирланганини кўриш мумкин. Иккинчи қатордаги туяларда келин ва куёвнинг қариндош-уруғи сеп олиб боришмоқда. Ушбу тасвир фақат қуёш чиққан куннинг маълум қисмидагина бир неча дақиқа кўринади-ю, яна сирли равишда ғойиб бўлади.

Яна бир гап: ўрта асрларда чизилган петроглифларда ҳам ов мавзуси асосий ўринни эгаллайди. Бу манзараларда тоғ эчкиси, жайрон овлаш жараёнлари акс эттирилган. Сармишсойда тасвирланган бундай суратларда Мўғулистон, Сибир, Саҳройи Кабир, Жанубий Африка ва Европада топилган петроглифларга ўхшаш жиҳатлар кам эмас.

 

ДОНИШМАНДЛАР КИТОБИ

Бугунги кунга келиб Навоий вилоятининг Сармишсой дарасига ҳамда бу яқиндаги қутлуғ жойларга бўлган қизиқиш кучайиб боряпти. “Сармишсой табиий археологик мажмуа музейи қўриқхонаси”дан хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди. Буям киши қалбида фахр, ғурур ҳисларини уйғотмай қолмайди. Зарафшон воҳасининг Қоратовидаги қутлуғ қоя ва чўққиларни донишмандлар китоби десак бўлади. Боиси, уни ўқиган сайин янги-янги саҳифаларини очаверамиз.

…Уйимиздан шундоққина Нурота тоғ тизмаларининг узвий бўлаги бўлмиш Оқтов кўриниб тургани сабабли болалигимдан тоғу тошлар, дашту далалар жони дилим эди. Булар мени чинакам табиатга шайдо этган эди, десам, хато бўлмас. Шу аснода яшил ўрмонлар, пурвиқор тоғлар, кўкка бўй чўзган дов-дарахтлар, умуман олганда, жонли табиат менинг кўнгил мулкимга айланиб улгурганди.

Хуллас, Сармишсой дараси бўйлаб қилган сафаримиз ажойиб, эсда қоларли, унутилмас таассуротларга бой ўтди. Ҳайтовур, бу тоғлар бағрида ўсган турфа ўсимлик-ўтларни, антиқа дарахтларни ўз кўзим билан кўрдим. Ватанимиз азиз гўшасининг бетимсол гўзаллиги, ажойиб табиат манзаралари мени мафтун этди.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =