Талабалик ҳайратларим
ёки Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо билан бўлиб ўтган ижодий учрашувдан кейинги ўйлар
Бундан анча олдин Иқбол Мирзонинг “Бону” номли китоби қўлимга тушиб қолди. Қизиқ, Иқбол Мирзонинг шеърларини ўқиган эканман-у, лекин ҳеч насрий асарлари ҳам борлигини билмабман. Китобнинг биринчи бетини очганимда, “Реал воқеаларга асосланган қизилтепалик қизнинг ҳаёти” деган ёзув ўзига қизиқтириб қўйди. Ҳозир Тошкентда оилавий яшасак ҳам, асли бухороликман. Қизилтепа эса бизга жуда яқин бўлган ҳудудда жойлашган. Шу сабаб бўлдими, билмадим, қизиқишим юз баробар ошиб кетди. Ишхонамнинг кутиш залини ўзимга макон қилиб олдим. Кирганга ҳам, чиққанга ҳам салом бераверганимдан, баъзиларга ҳатто икки-уч марта “Ассалому алайкум!” деб қўйганимни уларнинг кейинчалик алик олмай ғалати қараб ўтаётганидан ҳам сезиш қийин эмас эди.
Ҳаммага ўзимни кўз-кўз қилмаслик учун ҳам хонага кирдим. Ишхонадаги йигитлар: “Ақлли хоним энди ижодни бу ерда давом эттирмоқчилар”, деб пичинг қилишди. “Ҳа, кулинглар, кулинглар!” деб жилмайиб жавоб бердим мен ҳам. Яқин бир дўстим бор, менинг ишга киришимга сабабчи бўлган қадрдоним. Шу ўртоғим эшикдан кириб келди-да, қўлимдаги китобга кўз қири билан қараб: “Ўқигани бошқа китоб йўқ эдими?” — деб киноя қилди. “Вой, китобга аллергиянгиз борми, нима бало?” — деб ҳайрон бўлганимча қолдим. Эътибор бермадим, очиғи. Китобдаги ажойиб воқеалар атрофимдаги исталган нарсадан қизиқроқ давом этаётган эди. Ярим соатлар ўтганидан сўнг, эсимга тушиб қолди: ахир дўстим 5 йил яхши кўрган қизидан 2 ҳафта олдин айрилган эди ва у қизнинг исми айнан Бону эди. Энди миямга етиб келди: унинг китоб билан эмас, айнан шу ном, исм билан боғлиқ руҳий изтироблари бор. Эсимга келишга келди-ю, кулишдан ўзимни тўхтатолмайман денг. Ахир бунақа мавзуда кимнидир юпатиш менга эмас-да, нима қилай?
Хуллас, асосийси бу ҳам эмас. Уч кунда китобни ўқиб тугатдим. Энг ёмони, миям шу даражада жавобсиз саволларга тўлиб кетдики, юрган йўлимда шу саволга жавоб берувчи одам қидираман. Бону исмли қиз Иқбол Мирзога ярим йил давомида ўз ҳаётини ёзиб боради ва ёзувчи буни асар ҳолатига келтиради. Бу воқеалар реал ҳаётда бўлганми-йўқми, лекин қизнинг кейинги ҳаётига жуда қизиқдим. Уйга бориб, Иқбол Мирзонинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини қидиришни бошладим. “Instagram”дан қарадим, йўқ! “Telegram”дан изладим, яна натижа йўқ. Шунда “Иқбол Мирзога мактублар” деб номланган ва нофаол бўлган телеграм-ботини топиб олдим. Ва айнан шу ботга 14 август куни ёзган хабаримни ўз ҳолича келтирмоқчиман.
“Ассалому алайкум! Саломатмисиз? Бу ботни ким юрғизяпти, билмадим-у, агар шоир Иқбол Мирзо ўзингиз бўлсангиз, ниҳоятда хурсандман. “Бону”нинг ҳозирги ҳаётига қизиқдим. Ўша қиз билан жуда гаплашгим келяпти. Иложи бўлса, контактини бера оласизми? Агар иложи бўлмаса, илтимос, ҳозирги ҳаёти ҳақида айта оласизми?”
Бир ҳафта шу дардда юрдим, кейинчалик ўқиш ташвиши, ишлар кўплиги ва янги асар мутолааси бошланиши билан бу ўй аста-секин мени тарк эта бошлади.
Ўқишга келган кунларимдан бирида Гўзал Бегим устозимиз савол бердилар: “Ижодкорлардан ким билан учрашишни хоҳлайсиз?”. Шунда мен Иқбол Мирзо ва Ҳусан Карвонли устоз номларини айтдим. Ҳусан Карвонлини нега ҳурмат қилишим алоҳида мавзу.
Устозимиз: “Майли, учрашувга Иқбол акани таклиф этамиз”, дедилар. Ойлар ўтиб, Иқбол Мирзо университетимизга келишларини эълон қилганларида, биринчилардан бўлиб қатнашишни мақсад қилдим. Тадбирга кирдик, кўтаринки кайфият ҳукмрон, шоиримиз ўртада.
Шоирлар ҳар доим чиройли шеър ёзади-ю, лекин чиройли шеър айтолмайди деб ўйлардим. Бундай деб ўйлаганимга уялтирдилар шоир. Барча ёзувчилар телбанамо бўлади, ўз дунёси бўлади, улар билан гаплашганда зерикиб қоласан, деб тасаввур қилардим, тасаввурларимга-да уялиб кетдим. Иқбол Мирзо шу даражада чиройли шеър айтар эканларки, ҳаммасини телефонимга ёзиб олдим, уларни, албатта, “Instagram”даги китобларни шарҳлайдиган саҳифамга жойламоқчиман. Ўндан ортиқ шеър айтган бўлсалар ҳам чарчамадик, зерикмадик.
Учрашувга киришдан олдин бир дугонамга: “Биласизми, Иқбол Мирзонинг ижодини Муҳаммад Юсуфникига ўхшатаман”, дедим. Чунки худди Муҳаммад Юсуфдек барча бирдан тушунадиган, ортиқча фалсафасиз, ортиқча бўрттиришларсиз, халқона ва борини ёзадиган шоир сифатида ҳурмат қилар эдим. Тадбирда шоир ўзлари ҳам Муҳаммад Юсуфнинг шогирди эканликларини айтиб ўтдилар. Бу маълумотни билмаган эдим, шунчаки ўхшатган эдим, холос. Иқбол Мирзонинг шоир эканлигини билмаган одам у кишини Ўзбекистон халқ шоири деб ўйламайди. Чунки у киши шу даражада камтарин, жайдари ва одам гаплашса зерикмайдиган инсон эканлар.
Тилла узукка тилла
Кўз бўлмайди ҳеч қачон.
Қиз болага қиз бола
Дўст бўлмайди ҳеч қачон! —
деб ёзилган сатрларни бутун зал жўр бўлиб айтди. Энг қизиғи, мен бу шеърни қиз бола ўртоғимнинг ёнида у билан бирга айтдим. У кимга атаб айтди, билмадим-у, лекин мен аниқ унга айтмадим.
Тўғри, Бону ҳақидаги ўша саволимни беришга яна улгурмадим. Лекин, ҳайтовур, шоирнинг “Facebook”даги саҳифаларини сўраб билиб олдим.
Учрашув жуда мазмунли ўтди.
Марям МУСОЕВА,
Ўзбекистон журналистика ва
оммавий коммуникациялар
университети талабаси.
