Мовароуннаҳрдан эсган шеър насими

Яқинда Тошкентга қилган сафаримда зиёли дўстларим билан мароқли суҳбатлар қурдик.  Суҳбатимиз давомида даврамизда мен танимайдиган ёш бир йигит бор эди. Ўзини тутишидан тарбияли ва одобли эканлиги сезилиб турарди. Маълум бўлишича, у шоир экан. Тортинганича, Анқара шаҳрида турк тилида нашр этилган китобини менга совға қилди. Бу шоир – Шуҳрат Орифнинг “Мовий эрк” номли шеърлар тўплами эди.

Мен бу ёш шоирни озарбайжон ўқувчисига ҳам таништиришга қарор қилдим. Тўғри, у Озарбайжонда қисман танилган, бироқ ўйладимки, менинг қаламим орқали ҳам танишсинлар. Шу тариқа, Шуҳрат Орифнинг поэтик олами сизнинг ҳузурингиздадир.

Мароқли жиҳати шундаки, Шуҳрат Орифнинг мавзу ва ғоявий қарашлари тизимли характерга эга. Унинг поэтик тафаккури асосини инсон-замон-тақдир муносабатлари ташкил этади. Шоир учун шеър фақат эстетик ҳодиса эмас, балки маънавий ҳисобот, ички монолог ва тарихий хотиранинг ифодасидир.

Шуҳрат Ориф шеъриятида инсоннинг ички изтироби, хотира ва хотиранинг тақдирга таъсири, тупроқ-юрт-ватан туйғуси, маънавий ёлғизлик мотивлари етакчи ўринни эгаллайди. Шоирнинг лирик “Мен”и доимо кузатувчи, фикрловчи, таҳлил қилувчи ва баъзан сукут орқали норозилик билдирувчи образдир. Бу “Мен” классик романтик пафосдан йироқ бўлиб, кўпроқ ички дунёга йўналтирилган интроспектив характерга эга. Лирик субъект воқеаларни тасвирламайди, балки уларни шууридан ўтказиб, психологик-руҳий таъсир яратади.

Шоирнинг тили содда, аммо маъно доираси ниҳоятда бой. У халқ тили билан бадиий тилни синтез қилади, сунъий метафоралардан ва ортиқча ифодалардан қочади. Сўз унинг учун пафос эмас, хотирадир; сўз туйғуни яширмайди, аксинча, мазмунни очади. Бу эса поэтик самимиятнинг асосий белгиларидан биридир.

Унинг поэзиясида йўл, тун, сукут, шамол, юрт каби образлар архетипик характер касб этиб, шоирнинг индивидуал поэтик дунёқарашида янги семантик ранглар олади. Айниқса, сукут ва тун образлари ички ёлғизлик ва тафаккур теранлигининг рамзи сифатида намоён бўлади.

Шуҳрат Ориф замонга тирик мавжудот сифатида муносабатда бўлади. Унинг учун вақт хронологик эмас, балки психологик ва фалсафий категория. Ўтмиш, ҳозир ва келажак бир-бирига қоришиб кетади, хотира эса поэтик матннинг асосий таркибий қисмига айланади. Бу хусусият шоирнинг шеърларини постмодерн тафаккурга яқинлаштирса-да, миллий руҳдан ажратмайди.

“Мовий эрк” китобидан ўрин олган шеърларда муаллиф, асосан, эркин шеър шаклига мурожаат қилади. Ички ритм ва интонация асосида қурилган поэтик тузилишда ритм қофиядан эмас, фикр оқимидан туғилади. Бу эса шеърларга янгича нафас бағишлайди.

Мисол учун, Шуҳрат Орифнинг “Қор. Мен. Ёр” шеъри замонавий ўзбек поэзиясида кам учрайдиган минималист поэтик намунадир. Атиги уч сўз билан кенг семантик майдон яратилади:

 

Қор — поклик, совуқлик, сукут

Мен — ёлғиз онг

Ёр — севги, илиқлик, ўчоқ

 

Бу ерда совуқ ва иссиқ, ёлғизлик ва биргалик қарама-қаршилиги поэтик тарзда ифодаланади.

“Қадар имлоси: эски бир чизиқ” шеъри эса метатекстуал характерга эга. “Имло” тушунчаси ўзгартириб бўлмайдиган илоҳий ёзув — қадар сифатида талқин этилади. Бундай шеърлар соцреалистик анъанага ёт бўлиб, ўзбек миллий шеъриятининг ўз илдизларига қайтишини англатади.

Умуман олганда, Шуҳрат Ориф поэзиясида мавзу ташқи воқеалардан кўра ички муаммолар атрофида шаклланади. Шоир учун асосий поэтик объект инсоннинг ўзи эмас, балки инсоннинг замон, қадар ва хотира олдидаги мавқеидир.

Илк бор танишганим бу шоирнинг поэтик мероси мавзу жиҳатидан экзистенциал, лирик “Мен” нуқтаи назаридан интроверт, тил жиҳатидан минималист ва чуқур, ғоя жиҳатидан эса замонавий инсоннинг ички драмасини акс эттирувчи яхлит поэтик тизимдир.

Ғолиб САЙИЛОВ,

Озарбайжон Миллий фанлар академияси бош илмий ходими, филология фанлари доктори.

Манба: www.azadmedia.az

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 18 =