Маърифатпарварлик ҳам савобли иш
“Hurriyat” газетасининг 28 июнь сонида “Бобом – менинг ҳаёт мактабим” мақоласида журналист Аброр Ғуломов шахсий архивида “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг 1957-1958 йиллардаги тахламлари сақланаётгани ҳақида гапира туриб, Бишкекда чиққан ушбу нашрнинг илк сонига бобоси Нўъмонжон Ғуломов муҳаррирлик қилгани тўғрисида хабар беради.
“Қирғизистон ҳақиқати” пойтахтдан кейин Ўшга ўтказилиб, вилоят газетаси мақомида чоп этилган. Аброр бу тахламларни қўшни республикага ҳадя этишни ўйлаб юрган кезлари “Hurriyat”да ишлайдиган дўсти Дилмурод Қирғизбоев ва қаламкашларнинг устози Мухтор Худойқуловга маслаҳат солади ва уларнинг кўрсатган йўл-йўриғи билан уларни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига топширишга кўнади…
Газеталар тахламлари Миллий кутубхонанинг собиқ директори Зуҳриддин Исомиддинов ва кутубхона жамоаси иштирокида топширилди. Бу ҳақда илк хабарни мазкур маърифат маскани раҳбари Умида Тешабаева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб чиқди: “Қирғизистонда ўзбек тилида нашр қилинган газетанинг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида бўлиши муҳим. Дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъи назар, ўзбек тилида ва Ўзбекистон ҳақида чоп этилган манбаларнинг бўлиши, “Ўзбекистон давлат библиографияси” юритилишининг тўлиқлигини таъминлайди. Демак, бугунги тақдим этилган газеталар ўша йиллари тайёрланган кўрсаткичнинг тўлдирилишига хизмат қилади. Қолаверса, тарихий, миллий, маданий, маърифий жиҳатларини кўзда тутган ҳолда, илмий изланувчилар учун, илмий тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб ҳисобланади”.
Мазкур хабарга кўплаб китобхонлар муносабат билдиришди. Улар “бу улуғ савоб иш” эканлигидан дарак бериб, уйларида шу каби ноёб газета ва журналлар, китобларни сақлаётганлар учун ўрнак эканини, архив материаллари ҳам тарихнинг кичик бўлаги эканлигини таъкидлашди.
Мухтор Худойқулов 1958 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида IV курсни битиргач, республиканинг турли газеталарига амалиётга йўлланма олганини ҳикоя қилади: “Курсдошларимиздан Ҳайитбой Ҳакимов ва Болтабой Юсупов ўша пайтда Қирғизистонда янги иш бошлаган ўзбек тилидаги “Қирғизистон ҳақиқати” газетасига боришади. Сентябрда биз ўқишга қайтдик, аммо улар келишмади – газета редакциясида ишда қолишди (кейин университетни сиртдан ўқиб битиришади). Бунга ўша янги газета таҳририятида журналистлар учун яхши шароитлар яратилганлиги, газета муҳаррири Нўъмонжон Ғуломовнинг ёш журналистларга оталарча меҳрибонлиги сабаб бўлган эди. Мен Нўъмонжон акани танирдим, атоқли журналист эди. Отахон журналистнинг набираси – бизнинг факультетимиз битирувчиси Аброржон ҳозир бу оилавий анъанани шараф билан давом эттиряпти, элга танилган яхши журналист”.
Шунингдек, кутубхонада ўтган тадбирга ўз қарашларини билдирганлар орасида устоз журналистлардан бири – Раҳимжон Султонов ҳам бор. “Ўрнак оладиган, ибратли иш бўлибди, қани энди, қолганлар ҳам шундай ишлар қилишса?” – деб ёзган у.
Раҳимжон Султонов 1992 йили “Фрунзевец” – ҳозирги “Ватанпарвар” газетаси таҳририятида сақланаётган, Москвада чоп этилиб, Ўзбекистонда тарқатилган “Красная звезда” газетаси тўпламлари катта юк машиналарга ортилиб, макулатурага топширилгани тўғрисида баҳс этади: “Худди шу пайтда Американинг Колумбия университети кутубхонаси бу каби ҳарбий газеталар тахламларини исталган пулга сотиб оламан, деб қидириб юрган пайтлар эди…”
Муҳаммад КЕНЖА.
