Янги Ўзбекистон ва сунъий интеллект
рақамли трансформациядан минтақа лидерлиги сари
2026 йил Ўзбекистон учун сунъий интеллект (СИ)ни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлиши мумкин. Бундай дейишга асослар етарлича. Сўнгги йилларда давлат томонидан СИни жамият ҳаётининг турли соҳаларига жорий қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳукумат бу борада ўзига хос “йўл харитаси”ни шакллантириб олди. 2024 йилда эса соҳа ривожида навбатдаги муҳим қадам ташланди: “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди. Стратегия сунъий интеллект технологиялари ёрдамида миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда стратегик устувор йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш, ўрта ва узоқ муддатли, шу жумладан, илмий-техникавий ривожланиш соҳасидаги вазифаларни аниқ кўрсатиб берди. Унда, жумладан, келгусида СИ асосидаги маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш, давлат хизматлари порталида СИ асосидаги хизматлар улушини ошириш, лабораториялар ва юқори қувватли серверларни кўпайтириш каби катта мақсадлар белгиланган. Шунингдек, соҳани тартибга солиш ва ривожлантириш мақсадида яна бир қатор Президент қарорлари, муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини қайд этиш керак. 2025 йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам сунъий интеллект мавзусига катта эътибор қаратилди. Сунъий идрокни ривожлантиришга Давлат раҳбари Мурожаатномаси даражасида берилаётган юксак эътибор мазкур технология юртимиз ривожи учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.
Президент Мурожаатномаси — бу фақат йиллик ҳисобот эмас, балки давлатнинг кейинги йил учун белгилаб олган стратегик вазифаларининг муҳим ҳужжати ҳамдир. 2026 йил бўйича режаларнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири — Президент нутқида сунъий интеллект давлат сиёсатининг бошқа муҳим масалалари қаторида, мавҳум кўринишдаги “келажак технологияси” сифатида эмас, балки ҳисоблаш қувватлари, миллий дата-марказлар, тадқиқот лабораториялари, йирик инвестициялар ва турли тармоқларда амалга ошадиган реал лойиҳалар кўринишида тилга олингани бўлди. Бунда “сунъий интеллект” сўзи Мурожаатнома матнида 10 маротаба қўлланилганини алоҳида қайд этиш керак. Мазкур факт ҳам СИ технологиялари давлатимизнинг технологик сиёсатида стратегик ривожланиш режаларининг асосий мақсадларидан бирига айланганини кўрсатади. Глобал технологик рақобатнинг кундан-кун кучайиб бораётганига, жаҳон сиёсатида юз бераётган сўнгги воқеа-ҳодисаларга яқиндан назар ташлаган киши СИ бўйича сиёсатнинг нақадар тўғри, ўз вақтида амалга оширилаётганини тушуниб етади. Зеро, дунё сиёсатида мамлакатлар ўртасида тобора ишончсизлик ҳисси ортиб бораётган, глобал ҳамкорликдан кўра рақобат муҳити ҳукмрон, технологик тараққиёт даражаси мамлакатларнинг ҳаёт-мамотига айланган бир пайтда технологик юксалиш масаласига эътибор ҳар қандай давлат ривожида фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон айни мана шу жараёнларни бугун теран англаб етмоқда. СИ шунчаки технология эмас, иқтисодиётни ҳаракатга келтирадиган, ҳақиқий фойда олиб келувчи стратегик ресурс сифатида қаралмоқда. Фикрларимиз Президент Мурожаатномасида тўлиқ ўз тасдиғини топган. Давлат раҳбари ўз нутқида хизматлар соҳасида “АТ, сунъий интеллект, финтех” каби катта даромад келтирадиган сервисларни кўпайтириш иқтисодиёт ҳажмини ошириш, уни келгуси 5 йилда 240 миллиард доллардан оширишда муҳим ўринга эга эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Бугун сунъий идрок ривожига бўлган катта эътиборнинг асосий сабаби шуки, сунъий интеллект эндиликда “инновациялар витринаси”даги намунавий лойиҳа эмас, балки жамият ҳаётининг муҳим соҳаларида амалий натижа бериши керак бўлган давлат сиёсати инструментига айланмоқда. Энди технология ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб бориши, режалардан амалий натижаларга ўтишимиз керак. Шундай экан, 2026 йил Ўзбекистонда СИ ривожида лойиҳа ва амалиёт бир бутунликда, узвий амалга оширилишини таъминлаш лозим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон рақамли трансформация, айниқса, сунъий интеллект соҳасида сезиларли ютуқларга эришди. Буни нуфузли халқаро ташкилотларнинг ҳисоботлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёргарлик халқаро индексида катта натижа қайд этди. Ватанимиз 2024 йилда мазкур индексда 17 поғонага юқорилаб, дунё мамлакатлари орасида 70-ўринни банд қилган эди. 2025 йилда эса яна 8 поғонага юқорилаб, 62-ўринни эгаллади. Шунингдек, Ўзбекистон Жаҳон банки томонидан тайёрланган “Gov Tech Maturity Index 2025” (Ҳукуматнинг технологик етуклик индекси)да давлат рақамли технологияларининг етуклиги энг юқори бўлган мамлакатларнинг А гуруҳига киритилди. Бунда мамлакатимиз азалдан рақамли давлат хизматлари соҳасида эталон бўлиб келган Жанубий Корея, Австралия, Канада, Япония ва Европа Иттифоқи давлатлари қаторидан жой олди. Мазкур индексда Ўзбекистоннинг эътироф этилиши охирги пайтда давлат бошқарувини рақамлаштиришда эришилган сезиларли ютуқларнинг амалий натижасидир. Мамлакатимизда рақамли давлат хизматлари, электрон ҳукуматни янада ривожлантириш, бу борада сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам СИ ривожи бўйича қатор режалар, катта мақсадлар эълон қилинди. Хусусан:
2025 йилда АТ, финтех, сунъий интеллект каби йўналишлардаги маҳаллий стартапларга хориждан 270 миллион доллар инвестиция жалб қилингани, кейинги йилдан бошлаб “Рақамли стартаплар” дастури кенгайтирилиб, стартап ғоясидан экспортгача кўмаклашадиган янги тизим йўлга қўйилиши маълум қилинди. Хусусий стартап марказларини ташкил этиш истагидагилар учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилиши, ОТМларнинг ўзида қоладиган маблағларнинг 10 фоизи ҳам инкубация марказларини ривожлантиришга йўналтирилиши эълон қилинди.
Давлат раҳбари томонидан 2026 йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та “Дата-марказ”, 2 та суперкомпьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилиши эълон қилингани СИ ривожида айни кутилаётган муҳим янгиликлар бўлди. Сабаби, бу қадамлар технологиянинг мамлакатимизда тезкорлик билан ривожланишида муҳим бўлган инфратузилма масаласини ҳал қилишга катта ёрдам беради. СИ лабораторияси эса тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
Президент нутқида СИ соҳасида изланиш олиб бораётган ёшларни ва уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Рақамли технологиялар маркази ташкил этилиши, унга 200 миллион доллар маблағ ажратилишининг эълон қилиниши соҳа ривожидаги муҳим қадамлардан бири бўлди, деб ишонч билан айта оламиз.
Мурожаатномада, шунингдек, электрон ҳукуматни ривожлантириш, одил судлов жараёнини ташкил этиш каби ишларда сунъий интеллект жорий этилиши эълон қилинди. Президентимиз маърузасида таъкидланганидек:
“2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади. Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари; 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари; 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими; 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади. Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади”.
Мурожаатномада эълон қилинган сунъий интеллект билан боғлиқ муҳим янгиликлардан яна бири — одил судловни ташкил этишда СИни кенг жорий этиш бўлди. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, терговни рақамлаштириш, жиноят бўйича иш юритиш жараёнларида СИ технологиялари жорий қилиниб, инсон омили қисқартирилади. Шу билан бирга суд қарорлари ижросини таъминлашда, мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмларни киритиш ишлари доирасида соҳага сунъий интеллект жорий этилиб, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилади.
Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича Мурожаатномада эълон қилинган бундай муҳим ташаббус ва аниқ режалар шу ўринда қуйидаги хулосаларни қилишга имкон беради:
Биринчидан, СИ сиёсати мавҳум “концепция” кўринишидан амалий ҳаракатлар, аниқ стратегияга асосланган институционал сиёсат даражасига кўтарилмоқда. Баҳоси жуда юқори бўлган дата-марказлар қурилиши ва суперкомпьютерлар харид қилиниши СИни реал тармоқларга олиб кириш учун асосий таянч ресурс бўлиб хизмат қилади.
Иккинчидан, давлат СИни хизматлар иқтисодиётининг юқори даромадли сегменти сифатида кўриб, АТ экспорти ва стартап экотизими масаласига катта эътибор бермоқда.
Учинчидан, СИ энди оддий АТ технология эмас, саноат 4.0, финтех, жамоат хавфсизлиги, транспорт ва ҳатто космик соҳа билан кесишувчи кўп тармоқли стратегик технология сифатида кўрилмоқда.
Мурожаатномада эълон қилинган режалар амалга ошса, 2026 йилда сунъий интеллект соҳасида катта ўзгаришлар юз беришини кутиш мумкин. Айниқса, дата-марказлар ва суперкомпьютерлар ишга тушиши СИ лойиҳаларини фақат хориж платформаларига таяниб эмас, балки ички ҳисоблаш қувватлари асосида синовдан ўтказиш ва амалга оширишга имкон беради. Бу, айниқса, давлат секторидаги махфий маълумотлар (тиббий маълумотлар, хавфсизликка оид маълумотлар) билан ишловчи тизимлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, Президент қарорлари, технологияни ривожлантиришдаги фаол ва марказлашган ёндашув Ўзбекистонда СИни жорий қилишни тезлаштиришга қаратилган кучли сиёсий ирода мавжудлигидан далолат беради. Бундай марказлашган стратегик ривожлантириш бошқа мамлакатларда кузатилаётган фрагментал (узуқ-юлуқ) ёндашувдан фарқли равишда, соҳадаги сиёсатни тезкорлик билан амалга оширишга ва ресурсларни тақсимлашга имкон беради. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистоннинг СИга тайёргарлик масаласида минтақавий етакчига айланаётганини кўрсатади. Бундай ёндашув бошқа давлатларда кузатилаётган мутлақ бозорга асосланган ёки фрагментланган стратегиялардан фарқ қилади ва Ўзбекистонга тегишли сиёсатни амалга оширишда катта афзалликларни тақдим қилади.
Авазбек ШЕРМАТОВ,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими.
