Ҳам сурурли, ҳам маҳзун суҳбатлар…

(Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, таниқли телережиссёр Қўзижон Ҳакимовни эслаб)

Хотира руҳидаги кўрсатувлар тайёрлаётганимизда, Озод домла (Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов — И.Р.) — ҳеч бири бу қадар мураккаб бўлмаган ХХ асрда яшаб ҳам “…умрида ҳеч кимни ҳеч қачон сотмаган” дея Мақсуд Шайхзодани, унинг машҳур мисрасини эслардилар:

 

Ўлганда юз соат йиғлаб

тургандан, —

Уни тиригида бир соат йўқланг!

 

Кексалик заҳмати ва хасталик азобини ижодни англаш бахти билан енгишга интилган донишманд устоз, охиратингиз обод бўлсин!

Дунёнинг ўткинчилиги-ю, меҳр-муҳаббатнинг буюк тилсимидан огоҳлантирардилар гўё… Орадан деярли қарийб чорак аср ўтган бўлса-да, бу сўзларнинг биллурий жаранги худди кечагидай ёдимда. Ўшанда тушунмаган эканман. Мана, ҳозир кўзимда ёш билан эслаяпман ўша кунларни. Шу кулиб турган Қуёшнинг бир кун келиб, ёниб кетиши-ю, олам зулматда қолиб кетиши, шу чексиз коинотда думалаб-сумалаб, қанчадан-қанча азобу уқубатни-ю хиёнатни, муҳаббатни, инсоний шодликларни юк қилиб чопиб бораётган замин — Ер куррасининг ҳам бир кун келиб, чақмоқ чаққандек портлаб, йўқ бўлиб кетишини… ўйлайман мен ҳам. Мусулмонман ахир, собитман, собирман… Аллоҳим, ўзинг кечир, гуноҳларим бор менинг ҳам эътиқодимда, кемтикларини тўлдир!..

Дунёнинг омонатлигини ўйларкансан, одамлар олдидаги масъулиятни ҳис қиларкансан олтмиш ёш арафасида… Бир оғиз ширин сўз, чиройли табассум сенга юзма-юз бўлган ИНСОН зотига қанчалик куч-қувват, бахт ва ҳаяжон лаҳзаларини келтира олишини, шуни бир умр билмай кўр бўлиб, гоҳида бақрайиб, гоҳида терс ўгирилиб кетганингга, “мағрур”, “ялтироқ”, “биллур” бўлиб яшаш нақадар нотўғри эканлигига афсуслар чекасан… Начора, ортга қайтариб бўлмайдиган нарсалар ҳам бор бу оламда…

Эй, дунёи дун…

Шоир Рамз Бобожон эса: “Хотира — иккинчи умр”, дегувчи эдилар. Чунки хотира билан яшайсан, унга суянасан, мадад оласан. Инсон айнан хотираси туфайли жониворлар дунёсидан фарқланади. Лекин илм-фан буни исботлаган экан. Шундаймикан ўзи? Айтматов асарларида эса бошқа ҳолат… Одамлардан кўра меҳрибонроқ, оқибатлироқ бўрилар…

Турфа одамлар, турли воқеа-ҳодисаларга дуч келганимда, устозимиз Қўзивой акани эслайман. Содда, тўғрисўз, куйди-пишди, меҳрибон инсон эдилар… Соғинаман. Юрагимга оғриқ кириб кетади.

Ўзбек халқи бой маданиятининг ҳақиқий тарғиботчиси, телевидение ривожига садоқат билан хизмат қилган, юзлаб кўрсатувлари Ўзбекистон телевидениеси “Олтин фонди”ига киритилган, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, таниқли телережиссёр Қўзижон Ҳакимовнинг ижодий фаолиятидан, бадиий маҳоратидан қанчалик озиқланган бўлсам-да, бир сатр ҳам қораламаган эканман. Афсуски…

“Устоз отангдан улуғ”… Халқимиз мақолининг туб моҳиятини Афлотунда учратаман: “Отанг сени осмондан ерга туширган, устоз эса сени ердан кўкка олиб чиқади”. Қўзивой ака бизда телевидение истиқболини кўрган, эртанги кунга ишонган — отадай меҳрибон, отадай бағрикенг устоз эдилар.

“Телевидение!” Биз иш жойимиз ҳақида шундай маълумот берамиз. Илгари бу оҳанрабони унча тушунмасдим. Нега бу ерга ҳамма талпинади, дея ўйлардим. Тан олиш керак, телевидение шундай жойки, оддий шифокор ё ўқитувчи меҳнатидан кўра, ҳатто газета ва радиодаги қаламкашлардан ҳам ишингиз тез кўринади. Аслида, ўзингизга юклатилган юмушнигина бажаргансиз, холос. Лекин одамлар сизга катта бир ишни дўндириб қўйган кишидек қарашади…

Тўғри, бугунги кунга келиб, глобаллашув боис биз анъанавий ОАВ янги телекоммуникация воситалари — интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлардан кўп жиҳатларда ортда қоляпмиз. Лекин барибир телевидение — мўъжиза, у хонадонимизнинг азиз меҳмони, уйимиз тўридан пастга тушмайди, кўзни оғритмайди, ишончли, қадрдон! Ахир Тошкентда туғилган у, келажаги анчайин умид уйғотяпти. Ҳар ҳолда, мен шундай умид қиламан. Муҳтарам Юртбошимиз ахир Мурожаатномаларида айтдилар-ку: “Сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсатидан энди ҳеч қачон орқага қайтмаймиз”, деб. Бу сўзлар жаранги ҳали-ҳануз қулоқларимизда. Раҳмат сизга, Президент!

Чиндан ҳам телевидение — мўъжизадир, ахир қаерга борсангиз, дунёнинг қайси давлати, меҳмонхонасига кирсангиз ҳам биринчи бўлиб пультга ёпишмайсизми? Шахсан менда шундай. Озод домла китобни “биринчи мўъжиза” деб атаганлари ҳолда, мен дунёнинг еттинчи мўъжизаси — Миср эҳромлари олдига борганимда, уни тан олган ҳолда, барибир: “Кечиринг мени, Миср эҳромлари, сизларнинг мўъжиза эканингизга шубҳам йўқ, лекин мен учун телевидение — мўъжизадир”, деб баралла айтиб келдим.

Қўзивой акани (у кишини шундай атардик. Аслида, исмлари — Қўзижон — И.Р.) илк бор 1989 йилнинг январида одатдаги ҳафталик мажлисда кўрганман. Озғин юздаги ичига кириб кетган ияклар ниҳоятда жиддий тус берса-да, меҳр-муҳаббат тўла катта-катта кўзлари қиёфани истарали қилиб кўрсатарди. “Эй, кўзингни очиб қара, пушти кўзойнакларингни еч, унга яқинлаша кўрма-я, балога қоласан! Жуда инжиқ, бақироқ одам”, “…бир жанжал кўтарса, телестудиянинг томини кўтариб юборади”, деган огоҳлантиришларни ҳам эшитганман. Лекин ишим юришмай, тушкунликка тушиб юрган кезларимда биринчи бўлиб менга ёрдам қўлини узатган, иш ўргатган ҳам ўша “машҳур жанжалкаш” Қўзивой ака бўлган. Ҳатто мураккаб жанрдаги видеофильмларга сценарийлар ёзишни ҳам ишонгандилар. Ўша йиллардан хотира — талай видеофильмларимиз “Олтин фонд”да қолди. Яна… яна театрлаштирилган катта байрам томошаларини яратиш бўйича шундай кўп маслаҳатлар, тавсиялар, йўналишлар берганлар. Ахир байрам дастурларини 70-90-йилларда улар тайёрлаганлар. “Юлдуз-шоу” эсингиздами 1999 йил Янги йил оқшомига тайёрланган?..

“Илмира, сиз кўрсатувни тайёрлаяпсизми, ёзув жараёни, тафсилотларни, воқеа-ҳодисаларни ипидан-игнасигача хаёлингизга дур маржонлардай тизиб чиқишни ўрганинг. Дафтар тутиб, ҳаммасини ёзиб боринг. Қайта-қайта кўришдан эринманг, монтажда дублларнинг энг яхшисини олишга ҳаракат қилинг”, дердилар. Устозимиз шогирдларининг ҳаммасида нафақат телевидениега, балки ҳаётга ҳам ҳалол муносабатни тарбиялар ва талаб қиларди.

— Байрам дастурларини ёзишда биргина концерт дастурини бир смена ёзган пайтлари ҳам бўлган. Маъмура Эргашева, Шерали Жўраевлар “бошқа ёзманг, чарчаб қолдик” деб ўтириб қолишган пайтлар бўлган, — дея эслаганди устоз Анбара Отамуродова. — Дубль устига дубль… Яхши иш учун вақтни ҳам, соғлиқни ҳам аямасдилар.

Ўзим ҳам гувоҳман. Санъаткорлар йиғлаб ҳам юборишарди баъзан… Асаблар қақшаб кетса-да, ўзлари ҳам, гуруҳ ҳам жойидан жилмасди. Монтаж хонасида қарийб икки кунлаб қолган дамлари ҳам бўлган…

Барча Қўзивой аканинг катта истеъдод соҳиби эканини, телевидение фақат шундай одамлар эвазига яшашини яхши биларди. Лекин 1980 йилнинг Янги йил оқшомида кетиб қолган “сиёсий хато” учун уларни катта идорага “асл айбдор” сифатида олиб боришган ва “қўлидан иш келмаса, бу жойни бўшатиб қўйиш кераклигини уқтиришган” ва ариза ёздириб, кўчага улоқтириб юборишган экан. Ўшанда биринчи инфарктни олган эканлар бечора устозимиз.

Қўзивой ака некбин шахс бўлиб, ҳеч оғриниб гапирмасди. Бу телережиссёр тасвирга туширмаган бирор-бир санъаткор йўқ эди. Ҳамма-ҳаммани… истеъдоди ялт этган қўшиқчи ёки раққоса чиқса, халққа унинг санъатини кўрсатишга интиларди. Чинакам хайрихоҳлик билан қарарди. Лекин инжа кўнгилнинг раъйига қарши борилмасди. Фақат у танлаган одамларгина тасвирга олинарди.

Ўша пайтдан буён ҳали-ҳануз бир афсона юради. 1976 йил. Навбатдаги “съёмка”дан сўнг машҳур бир артист “Халқлар дўстлиги”даги квартираларига олиб бориб, “Жигули”сининг калитини тутқазибди: “Қўзивой ака, сизга раҳмат, сиз туфайли шу даражага етдим, машҳур бўлдим, мен янгисини оларман”.

Режиссёр эса инкор маъносида бош чайқаган…

Шунақанги ҳалол инсон эдилар.

1990 йили устозга “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” деган юксак унвон берилганида ҳаммамиз хурсанд бўлганмиз. Телестудиянинг ҳамма хоналарида байрам бўлиб кетган. Дикторлар ҳам хурсанд, фаррошларгача ҳамма хурсанд бўлган. Ҳамма-ҳаммамиз байрам қилганмиз. Хоналардан фақат яхши сўзлар, тилаклар эшитилган. Ота-онам ҳам: “Ҳақиқий яхши одам олди-да”, дейишган. Шу воқеа чин истеъдоднинг ҳақиқий маънода тан олиниши эди.

1989 йилнинг ноябрь ойидаги воқеани ёдга олай. Мамлакатимизнинг ўша пайтдаги раҳбари Ислом Каримов республика пахта режаси бажарилиши муносабати билан ёзилган байрам дастурининг барча ижодкорларини Марказий идорага таклиф қилганларида, сухандон Раъно Жўраевага қарата: “Эфирдагидан кўра ҳам жозибадор экансиз”, Қўзивой акага эса: “Ҳеч ўзгармабсиз, ўша Қашқадарё театрига янги келган пайтингиз қанақа бўлсангиз, ҳали ҳам шундай қолибсиз”, деган эканлар. Айтишларича, муҳтарам шахснинг бу гапларидан ҳаяжонланиб кетиб, Қўзивой ака ўринларидан туришни ҳам билмай, кейин бу ҳолатни кулиб-кулиб эслаб, “Эсларида эканман!” деб гапираётганда ҳам: “Юртбоши-да… салавотларидан ҳаяжонланиб кетдим…” деб: “Мана, ҳозир ҳам шу воқеани эсласам, оёқларимгача титроқ босади”, дердилар. Аҳ, устозим-а… Шунақа самимий бўлганлар менинг устозим!.. Эътирофдан фахрланар, ишлари халққа манзур келаётганидан хурсанд бўлар, раҳматларни қувониб эшитар, сўнг ўзига хос тарзда алқаб қўярдилар. Назаримда, яна ҳам яхши ишлашни истардилар. Сўнгги йилларда Мустақиллик ва Наврўз байрамларининг трансляцияларида жон-жаҳдларини бериб ишладилар.

Мустақилликнинг ўн тўрт йиллик байрам тантанасида мен ҳам ўша бош майдонда эдим. Улкан саҳнадаги томошани биринчи маротаба кузатардим-у, юрагимнинг бир четида — майдоннинг ёнгинасида турган кўчма телевизион станцияда устозим ишлаётгани, бир вақтнинг ўзида катта майдонни қамраб олиш, бир неча ўнлаб камералар муҳрлаётган тасвирнинг энг гўзали, энг жозибадорини, энг таъсирчанини кўздан қочирмаслик, жуда катта гуруҳни дирижёр сингари бошқариш жараёнининг машаққатини дилдан ҳис қилиб, эзилиб ўтирардим.

Тантана ниҳоясига етиб, майдондан чиқаётганимизда Қўзивой ака кўчма телевизион станциядан чиқиб, бир талай ҳамкасблар даврасида турган эканлар. Гуруҳ ҳам, Қўзивой ака ҳам кўтаринки кайфиятда. Икки ойлик узоқ изланиш ва икки соатлик томоша машаққатларини ортда қолдирган ижодкорнинг бахтли онлари эди бу. Ўша манзарада ўз иши ва ҳаётидан мамнун одамнинг қиёфаси кўриниб турарди.

Шу алпозда мени узоқдан кўриб, қўлларини кўтардилар.

— Қўзивой ака, зўр! — дедим қувонч билан.

— Ҳали кўрмадингиз-ку, — дедилар.

Тушундим, яъни тантанани ҳали телевизор орқали кўрмаганман.

— Яхши чиққан, ишонаман, табриклайман! — дедим бор овозим билан.

Мени жилмайиб кузатганлар. Ҳали ҳам ўша табассумни юрагимнинг бир қатида эслайман. Қандайдир кичик сюжет тайёрлаётган бўлсам-да, ўша табассум мени таъқиб қилаверади. Элбек Мусаев, Любовь Юхнова, Убай Бурҳон, Самад Пўлатов, Баҳодир Муҳамедов, Лариса Иноземцева, Ўрол Ўтаев… О, қанчалар юрагимга яқин эди бу одамлар! Қани улар бугун?..

Барча устозлар сингари шогирдлари билан фахрланарди. Эсимда, шогирдлари Аваз Боқиев ҳақида гапира туриб: “У мендан ўтиб кетди”, дегандилар. Ўз билганларини яширмай ўргатганлари, бағрикенгликлари боисми, кўпчилик уларга эргашарди. Шукрулло Убайдуллаев, Аваз Боқиев, Эргаш Мўминов, Бахтиёр Нуриддинов, Алишер Мадраҳимов, Моҳигул Ҳамроева, Эркин Исомиддинов ва яна ўнлаб ёшлар… Вафотларидан кейин “Қўзивой ака менинг ҳам устозим эди” дейишганида, “Тавба, шунча одамни ортидан эргаштириш бир одамга оғирлик қилмаганмикин?” деган ўй кечганди хаёлимда.

Аслида, Қўзивой ака одам ажратарди. Одамни одамдан ажрата биларди. Шогирдлар ҳалолликдан чекингудай бўлса, исмини тилга олишга ҳам ор қилар, ҳеч гапирмасди.

Устоз шахсий ҳаётда ҳам ўз бахтини топган инсон эди. Рафиқаси Муборак Ҳакимова узоқ йиллар “Ўзбекистон” телеканалининг тонгги дастурида маъмур бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғининг оддий одам эмас, катта шахслигини яхши тушунар, чин дилдан ҳурмат қилиб, эъзозларди.

“Ўғилларингиз яхшими?” — деб сўраган кезларимиз: “Уларни қариган чоғимда топдим”, — деб қувонч билан гапирарди-ю, “Улғайганини кўрармиканман?” дея жим бўлиб қоларди.

…Одам бир кунда ўлмайди, инсон  боласининг ўлими ҳам тилсим. Ҳаммамизни – шогирдлари, ҳали ниҳоятда мурғак фарзандлари-ю, жондан севган телевидениени  ташлаб,  Қўзивой ака тўсатдан вафот этдилар. Пенсияга чиққан биринчи кунларининг оқшомида бўлган бу воқеа… Телевидениени ҳам жуда қаттиқ севиб бўлмаскан… Шунга ҳам йигирма йилдан ортиқроқ вақт ўтибди. Жойингиз жаннатлардан бўлсин, устозим…

Нима ҳам деймиз, ҳаммамиз Яратган илкидаги бир бандамиз. Ҳаёт эса қанчалик ширин, мураккаб ва сирли бўлмасин, инсонга жуда қисқа муддатга берилган. Фақат камдан-кам одамларгина ўзидан чиройли ва муносиб из қолдира олади. Шогирдлар қачон учрашиб қолсак, гапларимиз, албатта, “Қўзижон ака” теварагида айланади. Хотираларга бой, ҳам сурурли, ҳам эзгин суҳбатлардан сўнг ўйланиб қоламан. Устозимга муносибманми? Телевидениега кўз тиккан халққа-чи? Бизни эл-юртга танитган, оқ ювиб, оқ тараган телевидениемиз олдидаги масъулиятни ҳис қиляпмизми?

Шуни унутмасак, бас.

Илмира РАҲМАТУЛЛАЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =