Тафаккур нури қалбни ёритганда…
(Сиёсий фанлар доктори, профессор Тўлқин Алимардонов ҳақида мухтасар сўз)
Инсон умри бир текис кечмайди. Айниқса, илм йўли янада заҳматли, машаққатли йўлдир. Олимлик йўлига кирганларнинг кўпчилиги бундай машаққатни босиб ўтишларига тўғри келган. Тўлқинжон ҳам ана шундай зиёли инсон, билимли олим.
У билан тасодифий танишувимиз бир умрлик ришталар боғланишига сабаб бўлган. Бекатда автобус кутиб турганимда, олдимга бир автомашина тўхтаб, ундан ёшгина йигит тушди. Тўғри олдимга келиб, “домла, юринг”, деб машинасига таклиф қилди.
Кафедрамиздаги ёш ўқитувчилар ва аспирантлардан у ҳақида эшитгандим: талабчан ва яхши ўқитувчи, залворли илмий мақолалар эълон қилган, дея таърифлашганди. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб, ҳозиргина аспирантликдан бўшаш учун ариза ёзганини билдим. Сабаби, у политология бўйича изланишни давом эттиришни истаса, илмий раҳбари тарих бўйича илмий иш ёзиш шартини қўйибди. Охирида билганим, айни пайт ишсиз, бўш экан.
Шу боис унга бизнинг институтда ишлашни таклиф қилдим. Бу пайтда мен ишлаётган факультет Тошкент политехника институтидан ажралиб чиқиб, кимё-технология институтига айланган эди. Тўғри ректор қабулига кирдик. Раҳбаримиз Нодирбек Юсуфбеков анча ўйланиб, рози бўлди. Тўлқинжон билан танишувимиз шу тарзда бошланган эди.
У янги жамоага тезда киришиб кетди. Маърузалар ва тадбирларда ўз ғояларини илгари сурадиган ўқитувчига айланди. Ҳамкасблари орасида ўзини кўрсатгани учун бироз муддат ўтиб, маънавият ишлари бўйича проректор лавозимига тайинланди. Аста-секин йўллари ойдин бўлиб, янада юқори лавозимларда иш олиб борди. Бу орада илмий ишини ҳам институтимизда давом эттирди. Вақти келиб, муносиб ҳимоя қилди.
Унинг чинакам илмий фаолияти шундан кейин бошланди. Ижоди янги поғонага кўтарилиб, “теша тегмаган” мавзуларда концептуал илмий мақолалар, ўқув қўлланмалар ва дарсликлар ёзди. Бугунги кунгача 150 га яқин илмий ва публицистик мақолалар, 10 дан ортиқ услубий қўлланмалар, 7 та монография тайёрлаб, босмадан чиқарди. 10 дан ортиқ шогирдлар етиштирди. “Раҳбарнинг ахлоқий қиёфаси”, “Сиёсат ва ахлоқ мувозанати”, “Эркинлик руҳи”, “Ўчмас шараф”, “Педагогикада тизимли таҳлил асослари”, “Амир Темур империяси”, “Шароф Рашидов”, “Сиёсат фалсафаси” каби фундаментал асарларида масалага замонавий ёндашувни кўриш мумкин.
Муаллифлигида эълон қилинган асарлар, илмий мақола ва услубий қўлланмалар соҳа мутахассислари, талабалар ва ўқувчиларга методологик асос сифатида хизмат қилиб келмоқда.
Унинг фундаментал илмий тадқиқотларидан бири “Амир Темур империяси” асаридир. Адолат юзасидан айтиш лозимки, Амир Темур шахси, унинг марказлашган бошқаруви ва ҳокимият тизимининг барқарор ишлаши тўғрисида кўпгина тарихчилар, етук олимлар ҳам қалам тебратиши жуда мураккаб масала. Бунинг учун у ҳақида дунёда эълон қилинган илмий тадқиқотларни қунт билан ўқиш, ўрганиш, таҳлил қилиш ва ўзининг мустақил фикрини билдириш ҳамда китобхонга борини етказиш зарур. Тўлқинжон мана шу вазифани ортиғи билан бажара олди.
Унинг яна бир ажойиб илмий иши — “Шароф Рашидов” монографиясидир. Бундан олдин “Ўчмас шараф” номли биринчи китобини ҳам эълон қилган эди.
Шароф Рашидов ҳақида китоб ёзиш жуда мураккаб. Чунки бу инсоннинг шахсияти ҳам мураккаб ва зиддиятли. Тўлқинжон китобни таҳлил ва замонавий ёндашув асосида ёзди. Давлат арбоби, халқимизнинг севимли фарзанди сиймосини маҳорат билан гавдалантирди. Айни пайтда асарда ўша давр камчиликларини ҳам рўйирост кўрсатиб берди.
Ҳар бир халқ ўзига хос раҳбарларни етиштиради, деган ғоя китобнинг барча қисмларида очиб берилган. Тўлқинжоннинг фикрича, Шароф Рашидовдек республика етакчиларининг фалсафий ғояларини кўп ўрганиш мақсадга мувофиқ. Бу китоб маълум маънода ана шу заруриятни тўлдирди.
Айтиш мумкинки, у томонидан республиканинг нуфузли журналларида эълон қилинган мақолалар ўқирманларда катта қизиқиш уйғотган. Хусусан, “Ҳақиқатни йўқотган инсон”, “Миллат руҳи ёхуд жавобгарлик масъулияти”, “Адолат туйғуси надур?”, “Шахс тақдири — миллат тақдири”, “Зиёлилик масъулияти”, “Оломон жамияти ёхуд маънавий хасталик аломати нимада?”, “Таниш-билишчилик иллатми?”, “Таълимнинг миллий фалсафаси”, “Стратегия таълимоти”, “Тарих фалсафасида тарихий шахс талқини”, “Ижтимоий фанлар интеграцияси”, “Олимнинг олами”, “Жиноятчи ким?”, “Файласуфнинг табиати”, “Ватанга муҳаббат туйғуси”, “Қалб исёни” каби бир қатор мақолалари эълон қилинган. Бу мавзуларни кўтариб чиқиш учун, энг аввало, ҳаётни, жамиятни, мамлакатимиз ривожланишидаги ютуқлар билан бирга, мавжуд муаммоларни билиш, улар билан нафас олиш, қолаверса, чуқур тарихий фалсафий тафаккур ниҳоятда кучли бўлиши зарур, деб ҳисоблайман. Тўлқин Алимардоновда ана шу фазилатларнинг барчаси мужассам.
“Тафаккур” журналида эълон қилинган “Жиноят жазосиз қолмайди” номли мақоласи 2025 йилда “энг яхши мақола” деб эътироф этилгани унинг маҳорати ва илмий салоҳиятига берилган навбатдаги муносиб баҳодир.
Куни кеча Тўлқинжоннинг яна бир китоби “Янги аср авлоди” нашриётида босилиб чиқди. Китобнинг “Ҳақиқатни йўқотган инсон” деб номланиши муаллифнинг қалбида зиёлилик дарди ва ички изтироб ётганидан далолат беради. Эътиборимни айнан шу мақола кўпроқ тортди. Чунки мақола ниҳоятда мазмунли. Айтиш мумкинки, муаллиф унинг устида анча бош қотирган ва жуда кўп изланган. Шунга асосан, мантиқли ва ўзига хос ғояларни илгари сурган. Шу боис китобхоннинг тафаккурини уйғотишга ёрдам беради. Ўзи, умуман, қаҳрамонимизнинг ҳар бир мақоласини ўқиш янги ғоялар, қарашлар ва тафаккурни уйғотишга ундайди. Албатта, юқоридаги фикрларни ривожлантириш, зикр этилган фундаментал асарлар ва мақолалар ҳақидаги барча фикрларни мазкур мўъжаз мақолага сиғдириш имконсиз. Ёзаман десак, катта асарга татигулик.
Бугун Тўлқинжон 60 ёшга кириб, ўзининг иқтидори, одамийлиги ва олимлик даражасига етиб келди. Мен таниган, билган инсонийлик, забардаст олимлик мақомига кўз тегмасин!
Саъдулла ОТАМУРАТОВ,
Тошкент кимё-технология институти
профессори, фалсафа фанлари доктори,
олий таълим аълочиси.
