“Табиат эсхонаси”да
(Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли мунаққид
Иброҳим Ғафуровга мактуб)
Ирландиялик машҳур ёзувчи Жеймс Жойс асарларини адибнинг ўз тилида ўқий олганимда, рус тилига ўгирилганларининг ҳам муносиб шайдоси бўлолганимда, сизнинг таржимангиздаги “Улисс”ни қиёсан ўрганардим. Аммо асарни ўқиш жараёнида фақат ўзингизга хос маҳоратни ҳис қиламан ва Жойс ўзбек тилини мукаммал ўрганиб, ўз асарининг ўзбекча қиёфасини кўрганда эди, ундаги топилма иборалар, ташбеҳлардан ҳайратланарди, ишлатилган туркий сўзлар маъносини сиздан сўрарди, деб ўйлайман. Шу маънода биргина “табиат эсхонаси” иборангиз кишини мулоҳазага чорлайди.
Инсон учун табиатнинг қалби бор, хотираси бор. Ташландиқ ер боғ-роққа айланганидан кейин боғбоннинг орзуси ушалади, ҳосил қувончига айланади. Масалан, бугунги кунда ҳам кузатилаётган ҳолат — тайёр боғни арзон-гаровга сотиб олишни истовчилар, боғнинг ўрнига қурилиш қилишни кўзловчиларга бундай орзу-қувонч насиб этадими? Улар табиатнинг қалби ҳақида ўйлайдими? Жойс ана шундай можаролар “табиат эсхонаси”да туради, деган ғояга асосланади. Шунинг учун табиат билан омухта ҳолда қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларидан фалсафий хулоса чиқаради. У қайси воқеани ифодаламасин ва бу воқеа қандай даражада бўлмасин, ўзига хос ҳикматга асосланади. Маҳорат, асосан, ана шу жараёнлар ифодасида кўринади.
Жойс болалигидан одам боласи феълини табиат уйғунлигида ўргана бошлаган ва бу одат кексалигигача сақланган ёзувчи. “Улисс”нинг илдизи ана шу хотиралар, хулосалар заминидадир. Бунга бир мисол. Стивен Сержент деган болага бир мисолни ечиб кўрсатиб, бошқасини ўзи ечишини айтади. Уни зимдан кузатиб тураркан, кўнглидан шундай кечинма ўтади: “Сержент узун, ҳилвироқ ҳарфлар билан мисолни кўчириб ўтирди. Унинг қўли доим бир кўмак кутиб қинғир-қийшиқ сонларни тиришиб қоғозга туширар, рангсиз чеҳрасида билинар-билинмас ориятнинг нимтатир қизиллиги зуҳур қиларди”.
Ёзувчи мисолни дадиллик билан ечолмаётган боладаги “орият” орқали катталар дунёсига назар солади. Болаликдаги маъсумлик улғайганимизда йўқолмаслигини истайди. Унинг мулоҳазаларида болалар ва катталар олами бирлашиб, ажиб тасвирий манзаралар ҳосил қилади. “Мен ҳам шундай эдим, — ўйлайди яна у, — елкаларим шундай пастга букилган, ўмизларим шундай туртиб чиққан эди… Ёнгинамда энкайиб турган болалик. Шундай бир зум енгилгина бўлсин қўл теккизиб қўяй дейсан, нақадар узоқда у. Меники — жуда олис, уники — ғоятда сирли, баайни бизнинг кўзларимиз каби. Қалбларимиз қора қўрғонларида қўрғонланган қайғули хира сиру асрорларимиз, ўз зулмидан чарчаган сирлар; ўз тахту бахтидан ағдариб ташланмоққа муштоқ золимлар…”
Адибнинг “Эркин бўлиш ўзингизга боғлиқ” деган сўзлари ҳам юқоридаги мулоҳазаларнинг мантиқий давомидир. Киши ҳақиқий деҳқон ёки боғбон бўлса, унинг экини, дарахтлари яйраб ўсади, Оллоҳ уни яхши ҳосил билан сийлайди. Бинобарин, инсон ҳар томонлама эркин бўлолса, бирор иллат бандасига муте бўлмаса, келажакда унинг авлодлари ҳам фақат синов учун ато этилган мол-давлатнигина барака деб биладиган бўлади. Қариндош-уруғлари, яқинлари, қўни-қўшниларига нисбатан оқибатли бўладилар. Бундай оила бошлиғи чинакам бахтли, эркини сақлай олган инсондир. Бу масалани жамият миқёсида олсак ҳам моҳият ўзгармайди. Нафс йўлидаги амалдорлар “калласи ғойиб бўлган”лардир. Ундайлардан пул, ҳазм бўлмаган овқатлар ҳиди анқиб туради. Улар учун тарих қулоққа кўп чалинган зарбулмасал, Ватан эса қарзга пул олиб турадиган ғазна бўлиб қолади”.
Жойс қаҳрамонлари ақлли, синчков, айёр, ҳушёр ва ҳозиржавоб. Илгари ҳам айтганимиздек, улар бир-бирларининг устларидан кулишади, камситишади. Аммо сўзларининг бир четида фазилат юлдузи порлаб, қусур тумани уни инсониятга кўрсатмасликка уринади. Ойначага қараб соқол олаётган Бак Маллиган ойначани хизматчи хотин Урсуладан ўмаргани, бу чўрини холаси шаҳвоний васвасалардан сақламоқчи бўлиб хизматига олганини айтиб хохолаб кулади. Ойначага қаттиқ тикилиб қолган Стивен уни кўзларидан нари суриб, суҳбатдошини калака қилишга ўтади.
“— Юзини ойнада кўролмайдиган “Колубанинг қаҳрли нигоҳи” (Оскар Уайльднинг “Дориан Грей” асари сўз бошиси”дан —таржимон изоҳи), — деди у. — Қанийди Уайльд сени кўрсайди”.
Стивен ҳам Маллиганнинг истеҳзоли сўзларига жавоб қайтаради.
“Ўзини орқага ташлаб Стивен бармоғи билан ойначани кўрсатди.
— Бу ирланд санъатининг рамзи, — деди у аламнок, — Чўрининг дарз кетган ойнаси.
Маллиган кутилмаганда дўстига тан берди.
— Сенинг жиғингга тегиш яхши эмас-а, тўғрими? — эркаланди Маллиган. — Уларга (андишаси иллатига озиқ бўлганлар назарда тутилади — И.А.) қараганда қанчалар ақлли эканлигинг бир худога аён”.
Ёзувчининг бу тахлит ифодалари дунёвий аҳамият касб этади. Бунда Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам бирдай кўрасиз. Бунинг ҳосиласи ўлароқ у Стивендай ўз соҳаси — математика фанини чуқур билиш билан кифояланмайдиган, тарих ва сиёсат бобида малакаси бор, ўтмиш ва келажакка теран нигоҳ ташлайдиган, мулоҳазаларида фалсафа ифори анқиб турадиган, ҳар қандай масалада ҳозиржавоб, ўрни келганда ақлли-айёр сифатида намоён бўладиган адабий қаҳрамонлар яратди.
“Риёзиёт белгилари худди шўх ҳабаш ўйинга сакрагандай саҳифа узра ўйноқлашар, — деди Стивен бир ўринда, — квадрат ва кублар ажойиб қалпоқчали кўзбойлоғич ниқоблар кийиб олганга ўхшашарди… Зулмоний зотлар ўзларининг кулгили кўзларида дунёнинг тушуниб бўлмас дилини акс эттирганлар, нур ичида нурланган зулмат ва зулмати қоришмаган нур”.
Жойснинг ўзига хослиги шундаки, бир воқеа баёнида оқ ва қора туйғулар жой алмашиб туради. Гоҳ қоп-қора зулмат ичида қолиб кетгандай бўласиз. Гоҳ ёруғлик нашидасини ҳис қиласиз. Аслида, ҳаёт ҳам шундай эмасми?
Қадрли устоз Иброҳим ака! Сизнинг бундай бетакрор асарлар (хусусан, Фёдор Достоевскийнинг асарлари каби)ни она тилимизга маҳорат билан таржима қилганингиз учун минг бора ташаккурлар бўлсин! Назаримда, Фёдор Достоевский, Чингиз Айтматов, Жеймс Жойс сингари адиблар ҳатто ўзбек тилида ёзганларида ҳам сизнинг улар асарларини қилган таржималарингиз даражасида битишга бўлишар эди. Бунга шубҳам йўқ.
Илҳом АҲРОР.
