Зиддият
Ҳушёр бўлинг: “қора юрак”!
“Ярим пиёла сув — пиёланинг ярми бўш” — руҳшунослар одамнинг борлиққа, яъни дунёга назарини аниқлашда бир воқеликка ана шундай икки муносабатдан келиб чиқиб баҳо берадилар: ким оптимист, ким пессимист? Яъни: 1) кимдир эртанги кунга умид билан қарайди; 2) кимдир эса… ҳамма нарсадан мосуво бўлган. Бир тоифа ҳар қандай ҳолатни дунёнинг иши деб билади ва шунга мос равишда интилади: қийинчиликлардан чиқиш йўлларини излайди, нолимайди, чидайди. Бошқаси эса турмуш ташвишларидан чарчаган, қўлини ювиб, қўлтиғига урган, эртага ҳам бирор ўзгариш бўлишига ишонмайди.
Аслида, одамлар тўдасининг икки тоифага бўлиниши (албатта, уларнинг сафида дунёни сув босса, тўпиғига ҳам чиқмайдиганлари ҳам бор) табиий жараён эмас, балки ижтимоий муносабатларнинг ҳосиласидир, яъни инсонлар одамлар дунёсида яшаб, иккига ажраладилар. Шунинг билан гўё тирикчилик аравасини ҳаракатга келтирадиган куч юзага келганга ўхшайди ва шу икки тараф интилишлари моҳиятида олға ёки ортга қадам қўйилаётгани ҳал бўлади. Шак-шубҳасиз, оптимистлар ҳам, пессимистлар ҳам жамиятда тарбияланади ва шаклланади. Уларнинг пайдо бўлиш эволюцияси (тадрижи)ни таҳлил қилиш эса жуда мароқли.
Бир улуғ ёзувчи шундай дастхат қолдирган экан: “Сизнинг учта китобингизга битта китоб бердим” ва изидан яхши тилаклар. Сиз шу битта гапни қандай изоҳлаган бўлардингиз? Тўғриси, шундай савол билан танишларга мурожаат қилдим. Бир гуруҳ “Сизнинг учта китобингиз менинг битта китобимга тенг, дебди” тарзида фикр билдиришди. Жуда озчилик эса “Сиз сермаҳсулсиз, учта китоб чиқарибсиз, мен эса битта; хижолатдаман”, деяпти…” тарзида шарҳлади. Ана шу икки хил ёндашувда, аслида, воқеликка икки хил муносабат ифодаланган: ҳар қандай ҳаракатни яхшиликка қабул қилиш ёки “қилдан қийиқ топиб”, ғаразгўйликка йўйиш мумкин. Дейлик, кимдир бехосдан юзингизга тарсаки тортиб юборди. Акс таъсир қандай бўлади: аксарият тарсакига тарсаки билан жавоб беради. Фақат камгина одам “Бечора, асабий ҳолатда экан, ўзини боса олмади” тарзида мулоҳаза қилиб, жим туришга куч топади. Энди икки муносабатдан қай бирида жамиятга фойда кўпроқ? Ва икки хил муносабатларнинг илдизи қаерда? Яна қизиқ манзаралар кўз олдимизга келади.
Тилимизда “оқ кўнгил” деган ибора бор. Унга зид равишда “қора юрак” деган сўз бирикмаси ҳам мавжуд. Оқ ва қора — зид тушунчалар, бу аниқ; бирида сифатланмиш “кўнгил”, бошқасида “юрак” бўлганида ҳам ўзига хос синоат яшириндир, аммо “оқ кўнгил” ёки “қора юрак”нинг мазмуни аниқ. Бу икки тушунча кеча ва кундуз, иссиқ ва совуқ сингари қарама-қарши маъноларни ифодалайди ҳамда ҳеч қачон истисно тариқасида “оқ юрак” — “қора кўнгил” тарзида қўлланилмайди. Тил қонуниятининг ўзига хос табиий мантиғини акс эттирувчи бундай ҳолатларни шарҳлаш мумкин эмасдир, аммо борлиқни оқ ёки қора рангларда қабул қилишни тушуниш ва тушунтириш мумкин, чунки бу икки нуқтаи назар ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Илм тасдиқлайдики, кишида бундай феъл-атворлар (балки, сифатлар) одамлар дунёсида, атроф-теваракнинг шахс (индивид табиати)га таъсири орқали шаклланади. Бу ҳолни тушуниш учун ибтидога қайтайлик.
Инсон зурриёти ёруғ оламга қадам қўйгач, тириклик оқимига тушади. Зотан, оқимнинг икки қирғоғи бор ва қирғоқлар параллел чизиқлардек бир-бирига кесишмайди. “Қирғоқлар” деганда бир тарафда жами яхшилик ва иккинчи томонда жами ёмонлик жиҳатларни назарда тутамиз. Табиий, ҳеч ким фақат яхши ёки фақат ёмон бўлмайди, унинг табиатида бир жиҳат устун бўлади, холос, чунки у “яхши” ва “ёмон”дан иборат қирғоқлар ўртасидаги оқимда улғаяди. Янги зурриётнинг феъл-атвори, умуман, келажаги оқимнинг қайси қирғоққа (ёки қирғоқнинг) ён босишига (яъни мойиллигига) боғлиқмикан? Ахир ҳар бир нуқтада бу икки ҳолат гўёки нарса ва унинг соясидек бақамти яшайди-ку: худди бир қўлда таёқнинг бир учини, иккинчисида бу томонини тутгандек! Ҳолбуки, ерда ётган нарсани хоҳласак, ўнг қўл, хоҳласак, чап қўл билан олишимиз мумкин. Худди шунингдек, бир воқеликка икки хил ёндашув намоён бўлиши ҳам табиий, ҳатто ғайриихтиёрий (аслида, гап шу ҳақда!) тарзда рўй беради. Олайлик, синфда дарс давом этяпти, кимдир кечикиб келди. Хўш, ўқитувчи қандай муносабатда бўлади? Шу нуқтада вазият иккига ажралади (тўғриси, биз “қора юрак”ни излаяпмиз ва мазкур йўналишда фикр юритяпмиз).
Мактаб ҳаёти ҳаммага таниш, шунинг учун кейинги мулоҳазани шу майдонда давом эттирайлик. Агар ўқитувчи турқини ўзгартирмай, ҳатто гапириб турган бўлса, сўзини ҳам бўлмай, бир ишора билан кечиккан болани ўтирғизиб қўйса, яъни осойишталикка дохил қилмай, болани жойига бориб ўтиришга ишора қилса, олам гулистон. Мабодо, акси бўлса-чи (негаки, педагогикада ўқувчининг ҳар бир ҳаракатини баҳолаб бориш талаб қилинади!), яъни ўзини жиловлай олмай, ўшқириб кетса-чи? Табиий, одатдаги меъёр бузилади, ҳамма чалғийди, кечиккан бола диққат марказига кўчади, кечикиш сабабларини аниқлашга киришиб кетилади ва кераклича танбеҳ билан жараён ниҳоясига етади. Балки шундай батафсил тафтишдан кейин бола қилиғидан пушаймон бўлар, қолганлар ҳам сабоқ чиқарар, аммо бундай “ишлов бериш”лар муттасил давом этса-чи? Бундай кўринишлар, ҳар ҳолда, камёб эмас…
Мактаб — келажак фабрикаси. Унинг “цех”ларида энг ноёб “маҳсулот” (узр!) тайёрланади, яъни келажак, эртанги кун яратилади. Агар истиқбол манфаатидан келиб чиқилса, биринчи талаб — “маҳсулот”лар заха емаган, қийшаймаган, унниқмаган, умуман, тоза ва асил бўлмоғи даркор. Аммо ҳар доим бунга эришиладими?
Гап нимадалигини тўлиқроқ тасаввур этиш учун яна “ўқитувчи-ўқувчи” муносабатига қайтайлик. Демак, мактабнинг асосий вазифаси — боланинг табиий туғма фазилатларига заха етказмаслик, шу аснода унинг ботинидаги қобилиятларини ривожлантириш, камчиликларини бартараф этиш — тўғрилаш талабига хизмат қилишдан иборат. Гапнинг сирасини айтганда, бола мактаб даргоҳидан буюк физик ёки химик (ва ҳоказо), шунингдек, иқтидорли шоир ёки моҳир рассом бўлиб чиқиши мумкин эмасдир, лекин шундай марраларни эгаллайдиган қобилияти уйғониб, шахсиятида ўзига ишончи ортиб ва мақсади йўлида зарур фазилатларни ўзлаштириб чиқиши шарт. Одам бутун умри давомида ўрганади, изланади, барибир сабоқ олишни охирига етказа олмайди. Мактаб босқичи ана шу улуғ йўлнинг биринчи қадами (биз “мактаб”га беҳуда урғу бераётганимиз йўқ, назаримизда, “қораюраклик” эпидемияси шу даргоҳда юқади).
Хуллас, биринчи қадам, яъни ўқитувчининг афв этиши — ўқувчи қалбига дохил қилмаслиги, уни “эзмаслиги”, боланинг оптимист бўлиб вояга етишига хизмат қилиши лозим (шарҳини ўзингиз мулоҳаза қилиб олаверинг). Лекин бу юмушни уддалаш, демак, “оптимист”ларни вояга етказиш осон эмас. Афсуски, кузатишлар келажак вориси бўлиб улғаяётган янги авлодда зарур кўникмалар камол топмаяётганини кўрсатмоқда. Ҳатто мактаб даргоҳини тарк этаётган битирувчиларнинг аксариятида мустақил фикр йўқлигини, ўзининг эртанги ҳаёти юзасидан тасаввурга эга эмаслигини тасдиқламоқда. Нега шундай?
Яна кузатишлар ва таҳлиллар тасдиқламоқдаки, мустақил ҳаётга қадам қўяётган айни даврдаги болаларимиз катта авлодга беписанд қарайди, жиззаки, ҳазилни тушунмайди, яъни юмор ҳисси йўқ. Боз устига фикр доираси тор, ҳаракатида нафрат ва муҳаббатнинг чегараси аниқ эмас, жасорат туйғуси, ғурур ҳисси суст. Воқеликка лоқайд… Бир сўз билан айтганда, улар гўдаклигидаёқ ҳаётдан совиб, “қариб” қоляпти! Энг ачинарлиси — уларнинг аксари “оқ кўнгил” — самимий, содда, беғубор эмас, “қора юрак” — кекчи, ғаразгўй, мунофиқ бўлиб вояга етяпти (афсуски!). Энди бундай ҳолни юзага чиқарадиган илдизлар, оқибатнинг сабаблари ҳақида мулоҳазаларни давом эттирайлик.
Яна “кечиккан бола”га қайтадиган бўлсак, у хатоси туфайли хижолатда эди, муаллимнинг унга муносабати — “жазо бермагани” ўз-ўзига изза бўлди, ичидан уялди ва шу билан ҳамияти уйғонди (бизнингча). Унинг қалбида, айтиш мумкинки, эзгулик уруғи қадалди: “Ҳамма ишни яхшилик билан уддалаш мумкин!”. Энди тескари ҳолатни тасаввур қилинг: етарлича дакки эшитган, кечикканига жазо сифатида қўли кўтариб қўйилган ёки бир-икки шапалоқ еган бола қандай таассурот олади? Тўғри, у энди кечикмайди, аммо бу ҳаракатини ихтиёрий, онгли эмас, қўрққанидан амалга оширади. Бизнинг миллий табиатимизда ана шу усул — “қўрқитиб тарбиялаш” устувор, шундайми?
Дарс давом этади, қўнғироқ чалинади, янгиси бошланади. Яна бир кескин ҳолат: болалар тайёргарликсиз келган. Бошланади “дийдиё” — асаблари қақшаб, чарчаб қолган муаллим синфга заҳар сочади, нафратини чекланмаган миқдорда ишлатади, дарс панд-насиҳат билан ўтади. Панд-насиҳат — тарбиямизнинг иккинчи синалган ва кўп қўлланиладиган усули. “Урсанг — эти қотади, сўксанг — бети қотади” деган гап бор. Бетнинг қотиши — юз қизиллигининг йўқолишими, яъни уят ҳиссининг барбод бўлишими? Энди бир томондан — қўрқоқ, иккинчи томондан — уятсиз одамни тасаввур қилаверинг. Мана, тарбиянинг оламшумуллиги, мактабнинг мўъжизаси… Ҳолбуки, акси ҳам бўлиши мумкин эди — қўрқмас, ориятли!
Ёки оила муҳитини кўз олдимизга келтирайлик. Яна ўша ҳолат: уйда тинчликни сақлаш учун болалар қўрқув гирдобига ташланади. Олабўжи, дўхтир, мелиса… ва ҳоказо нима ваҳимали бўлса, ҳаммаси ёрдамга чақирилиб, боланинг мурғак қалби даҳшат ва ваҳималар бўронига гирифтор қилинади. Шундай бўладики, гўдак шафқатсиз довулга дуч келгандек қақшаб туради, дамини ичига ютади, ҳатто тушларида босинқираб чиқади. Шу воситада “келажак тарбияланяпти”! Ҳолбуки, қўрқувнинг инсон табиатига таъсирини ўрганган олимларнинг таъкидлашича, қўрқув ичидаги одамнинг ҳатто табиий сезгилари ҳам меъёрида ишламас экан: у аччиқми, ширинми — таъмни ажрата олмай қолади, ҳатто қайноқ сувни ичиб юбориб, ҳеч нарсани сезмаслиги мумкин ёки сезгилари ёруғда ёхуд қоронғида яшаётганини фарқлай олмайдиган даражага тушади. Бу аниқ хулоса.
Бир ҳаётий мисол. Тоғларда бўрибосар итлар туғилишидан ертўлаларда парвариш қилинар экан. Биласизми, нима учун? Кучукчалар бўри овозини эшитмаслиги учун, яъни бўрилардан қўрқмас бўлиб вояга етиши учун… Бўрининг увлашини эшитса… қўрқоқ бўлиб қолар экан! (Бу табиий инстинктдан бўлса керак). Ҳайвонда қўрқув ҳисси не қадар кучли бўлишини чўпонлар тажрибада синаган: бўри териси осилган ҳовлига ит киришга ботинмас экан… Мана, аниқ манзара! Энди ҳар лаҳза таҳдид, демак, қўрқув остида улғайган одамни тасаввур қилинг. Аслида, бундай ҳолат умримиз бўйи давом этади, бутун борлиғимиз шундан иборат. Автобусда пайдар-пай эълон янграйди: “Йўл ҳақини тўламаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади…” Уйингизга кунора хат келади: “Иссиқ сувдан қарзингиз туфайли ишингиз судда кўрилади…” Бундай муносабатлар шундоққина турма панжарасини кўз олдингизга олиб келиб қўяди. Энди ўйлаб кўринг: автобусда юриш, совуқ хонада яшаш неча пулга тушади? Ахир биз ўзимиз сезмаган ҳолда эркимизни бой беряпмиз-ку!
…“Қўрқитмай ўстирдим, ботир бўлдингизлар”, дейди достон қаҳрамони болаларига. Қўрқувни билмаган одамгина эркиндир. Эркин одамгина мустақил бўла олади.
Бу масаланинг бир томони, ахир “қора юрак” осмондан тушмайди. Гап бола қалби ҳақида кетар экан, оила муҳитидаги бошқа тартиблар ҳам унга қандай таъсир этиши тарозига қўйилавермайди. Дейлик, фарзандлар кўз олдида эр-хотиннинг жанжаллашиши бола қалбини бутунлай вайрон қилиб юборади. У нафақат ўз яқинларига, балки жами эркак ва аёлларга нафрат билан вояга етади. Ёки улар олдида бўлар-бўлмас гапларни тортинмай гапиравериш, атрофдагиларни ёмон сўзлар билан ғийбат қилиш ёки нуқул ёқимсиз гапларни сўкиниб сўзлаш… гўдакнинг мурғак дунёсини остин-устун қилиб юборади. Бола “Одамлар бир-бирини шунчалик ёмон кўрадими?” деган хулосага бордими, демак, кўчага чиқиб, ҳеч кимга салом бермайди, ҳатто ўқитувчисини ҳам ҳурмат қилмай қўяди.
Панд-насиҳат тинглайвериб чарчаган, қўрқув оламида улғайган, катталарнинг дунёсидан нафратлана бошлаган бола яна уч-тўрт шундай салбий ҳолатлар (масалан, кимнингдир қаллоблик билан бойигани, бошқасининг ҳаром йўл билан мансабга эришгани ҳақидаги суҳбатлар, ёлғончилик, ўғрилик, сотқинлик… сингари ҳолатлар)га дуч келгач, ҳар бир ҳаракатнинг охирида фожиани, яъни қонни кўради. Қизил ранг тўқлашавериб, қорага айланади. Оқибатда унинг ботини, қолаверса, бутун борлиғи қора зулмат билан қопланади. Ана шундай муҳитда вояга етган одамнинг юраги тоза бўладими, бўла оладими? Биз қилғиликни қилиб қўйиб, кейин болаларимизнинг меҳрсизлиги, бебошлиги, гап уқмаслиги… яна юзлаб қусурлари юзасидан шикоят қилиб юрамиз.
Рамзан “қора юрак” аталган одам борлиқни борича кўра олмайди. Худди ширинлик таъмини билмаганидек, зулмат ва ёруғликни ажрата олмаганидек, борлиққа ҳеч бир қўлланмаю дарсликда ёзилмаган ўлчовлар билан баҳо беради. Таъбир жоиз бўлса, унинг назарига борлиқ оёғи осмонда бўлиб кўринади. Унга бировнинг кўмаги ҳақорат, табассуми масхара, хуллас, яхшилиги ёмонлик бўлиб туюлади. Бундай одам билан тил топишиш ҳам, уни тушуниш ҳам қийин. Фақат ўз дунёсида яшайди, ўзи билан ўзи овора. Борлиққа назари эса “Бахт ҳаммага тенг тақсимланган, мен ҳамма қатори бахтли бўлишим керак” деган худбин дунёқараш билан шаклланган ва шундай деб ўйлайди. Ютуққа эришган одамнинг заҳматларини, қийинчиликларини кўрмайди, аксинча, кўр-кўрона унга ҳасад қилади, доимий равишда улар билан курашиб яшайди.
Аммо у — “қора юрак” ижтимоий борлиқ (субъект), биз-сиз билан бир жамоада хизмат қилади, фаолиятга аралашади, ҳатто раҳбарликка даъво қилади. Ўз ниятлари йўлида “қора” ишлардан ҳам воз кечмайди. У ҳатто ташаббускор, янги ғоялар муаллифи, ҳеч ким ботина олмаган юмушни зиммасига олиш билан майдонга чиқиши мумкин. Аммо ўз мезонлари бор: кимнидир зор қақшатиш учун ташаббус билан чиққан; ўртага ташлаган ғояларида эса қандайдир унинг ўзига маълум бўлган хуфиёна (қабиҳ) мақсадлари яширингандир; жасорати эса вайронкорликка, бузғунчиликка йўл очишни кўзда тутгандир… Хуллас, у чақилмас ёнғоқ, тушунарсиз синоат. Бир сўз билан айтганда, жамоага ҳам, жамиятга ҳам “бош оғриғи”га айланган зот ўзимизнинг даврамизда, кўз олдимизда, ҳатто қўллаб-қувватлашимиз туфайли пайдо бўлади.
Энди кимгадир самимий табассумингиз ёқмаётган, кулгингизни “Мени калака қиляпти…” деб тушунган, шодлик кунингизда ғамга ботаётган, ютуғингиздан алам билан йиғлаётган — бутун борлиққа ғазаб билан қараётган одамни учратганингизда, ҳам барбод бўлган болалиги, ноқис тарбияси, дунёга “қора кўзойнак” орқали қарашидан лол қолган ҳолда, унинг борлиғидан нафратланасиз. Яна “дунёни яшнатиш, гуллатиш учун дунёга келган” (азал битиги) бир зотнинг шу кўйга тушганидан раҳмингиз қўзийди. У эса ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, сизнинг меҳрингизни ҳам тушунмайди, аксинча, тишини ғижирлатиб, сизга завол тилайди. Бундай ҳолдан эса ғазабланасиз, аммо уни унута олмайсиз. Зиддиятлар ичида шаклланган бу нусха биринчи ўринда — пессимист, ўзининг ҳам, жамиятнинг ҳам келажагига ишонмайди, қоронғи дунёсида шунчаки тириклиги учун ҳаракат қилади… Жамиятимизда ана шундай “зот”лар онда-сонда бўлса ҳам учраб туради. Бу иллатга чалинган қайнона келинини ўғлидан рашк қилади; ўғил отасига ҳасад билан қарайди; ходим раҳбарининг устидан тинимсиз шикоятлар ёзади… Гапнинг индаллоси — ҳозиргача оқ кўнгил одамнинг кимлигини ҳамма билади, аммо қора юракнинг қилиқлари ўлчамини ҳеч ким ҳисоблаб чиқа олмаган!
Ҳаммамиз муносабатлар қоришиқ дунёда яшаймиз. “Молнинг оласи сиртида, одамнинг оласи ичида” деган мақол бор. Аммо идишнинг ярми суюқликка тўла эканини кўрган одамда эртага унинг тўлишига умид бўлганидек, идишнинг бўш қисмини кўрган одам унинг тўлишини истамаслиги ёки ишонмаслиги, ҳатто кўрмаслиги мумкин бўлганидек, одамлар борлиққа умид ва умидсизлик кўзи билан қаровчи икки тоифага ажралади. Бу — илмнинг хулосаси. Аслида ҳам шундай. Энди қарашлар ажраладиган сувайирғичга тўғри келганда некбинлик (бадбинлик эмас) билан дунёга қараш кўп бўлишини хоҳласак, буни таъминлаш иложи борми? Албатта, бор. Ахир инсоният Тарбия деган муассасани яратди, унга Таълимни ҳамроҳ қилди. Бу воситалар Мактабда бирлашди. Демак, ҳаммасини ана шу келажак устахонасидан кутишга ҳақлимиз. Мактабнинг устунлари ҳисобланган ўқитувчи (муаллим, домла, устоз)нинг зиммасида ана шундай оламшумул юк бор.
Зиддиятлар бир қобиқда улғаяди, лекин бақамти яшаши мумкин эмас. Агар шундай ҳол рўй берса, қора бўёқлар оқликни еб юборади, яъни барбод қилади. Демак, ўртада ўтиб бўлмас девор бўлиши, у эзгу мақсадли одамлар томонидан тикланиши лозим. Дунёни асрашнинг моҳияти шунда. Аслида, келажакнинг тақдири ҳам шунда! Бинобарин, “қора юрак”ларга бепарво бўлмайлик, қўлдан келганча уларнинг кўпайишига тўсиқ қўяйлик!
Ҳаким САТТОРИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
