Одамлар нима дер экан?

ёхуд ижтимоий босим ҳақида мулоҳаза

“Reels” айланади. Ранг-баранг мавзулар, ҳайратга солувчи кадрлар кети узилмайди. Ҳар ким ўз дунёқараши, ўз ҳаётидан келиб чиқиб видео улашади. Мана бу ўқувчи ёш бўла туриб, “IELTS” сертификатини олибди, бошқаси оиласи билан хорижга саёҳатга кетибди, яна бири ҳашаматли ресторанда. Ҳозирги даврнинг ўзига хос ҳақиқатига айланган ҳодиса: кимнинг ҳаёти ҳақида билмоқчи бўлсангиз, ижтимоий тармоқларга кирсангиз кифоя. Мен ҳам ўзимча ўйлайман: “Қачон “Reels” оламан? Қачон хорижга сафар қиламан? Қачон ўша имкониятлар менга ҳам насиб қилади?” Кейин устозларимнинг сўзлари ёдимга тушади: “Ҳаётингиздаги ҳар бир майда деталларни ҳам оммага ҳавола қилаверманг. Сизда бор нарса бошқаларда бўлмаслиги мумкин”. Биз ўйлагандан ҳам кўпроқ жамият босими остида яшаймиз. Чунки ижтимоий босим ҳеч қачон “мен келдим” деб эшик қоқмайди: у энг майда одатларимиз, қарорларимиз, ҳатто хоҳишларимиз орасида секин-аста ўсиб боради.

Инсон табиатан тақлидга мойил. Одамлар нимани кийди, қаерга борди, нималарга қизиқди — билмаган ҳолда бу бизнинг танловларимизга ҳам таъсир қилади. Бу ижтимоий босимнинг энг нозик кўринишларидан бири эканини сезамиз. Инсон ўзини кўпинча бошқаларнинг баҳоси, фикри ва қиёслари орқали кўради. Бугун эса бу жараён айниқса тезлашди. Одамлар орасидаги фарқ кучайгани сари солиштириш ҳам ортди. Кимдир бошқалар кийган кийимга қизиқади, кимдир уларнинг саёҳатларига ҳавас қилади, кимдир эса “мен ҳам шундай бўлишим керак” деган ички мажбуриятни ҳис қилади. Бу босимни кучайтираётган энг катта майдон — ижтимоий тармоқлар. “Instagram”, “Tiktok”, “Facebook” ва бошқа платформаларда одамлар ҳаётининг фақат энг ёрқин, энг жилоли қисмларини жойлашади: байрамлар, чиройли фотосессиялар, оилавий йиғилишлар, безатилган дастурхонлар, сертификатлар, ютуқлар, саёҳатлар… Аммо камера орқасидаги меҳнат, чарчоқ, ички курашлар, йиғи, хатолар — ҳақиқий ҳаёт кўринмайди. Кузатувчилар онгида бундай идеал лавҳалар “реал ҳаётнинг меъёри”га айланади. Ва улар ўзини шу суратлар билан солиштира бошлайди. Хавотирли саволлар кўпаяди: “Нега мен ҳам шундай яшамаяпман?”, “Менда нимадир етишмаяптими?”, “Нега бошқалар мендан кўра бахтлироқ кўринади?” Бу саволлар одамнинг ички тинчини емириб боради, борига шукр қилишни унутиб қўяди. Ўз ютуқларини кўрмайди, фақат етишмаётган томонларини ўлчаб юради.

Ижтимоий босим ўқиш жараёнида, ишхонада, маҳаллада, ҳатто таниш-билишлар орасидаги мулоқотларда ҳам намоён бўлади. Масалан, талабалик даврида “у қайси грантни олди?”, “бошқалар қайси курсга қатнаяпти?”, “қайси ишга жойлашди?” каби саволлар бехосдан солиштиришга ундайди. Иш муҳитида ҳам шундай: кимдир кимларгадир эргашиб кийинишга, бошқаларнинг иш услубига тақлид қилишга ёки ўзини мажбурлаб “меъёр”га мослаштиришга уринади. Маҳаллада эса кимнинг фарзанди нечанчи ўринни олди, кимнинг уйи қандай таъмирланди, кимнинг машинаси янгироқ – буларнинг барчаси билиб-билмай инсон ички босимини кучайтиради. Танишлар орасидаги суҳбатларда эса баъзан моддий таққослаш, мавқени солиштириш ёки ютуқларни кўрсатишга интилиш ҳолатлари кўринмас босим манбаи бўлиб хизмат қилади. Энг ачинарлиси, одам кўпинча бундай босимни ташқаридан эмас, ўзининг ичидан сезади. Чунки жамиятнинг “керак”, “шарт”, “бошқалар шундай қилади” деган ёзилмаган қоидалари инсоннинг қарорларини сездирмасдан бошқариб боради. Натижада инсон ўз хоҳишини эмас, атрофнинг кутганини бажаришга мойиллашади.

Ижтимоий босимнинг энг кўп учрайдиган ва энг кучли кўринишларидан бири – бу “одамлар мен ҳақимда нима дер экан?” деган ички қўрқувдир. Инсон кўпинча кийган кийимини, қилган ҳаракатини, айтган сўзини, ҳатто қадам ташлаш усулини ҳам бошқаларнинг баҳоси орқали баҳолай бошлайди. Бу ҳолат қанчалик оддий туйилмасин, аслида, жуда чуқур ички зўриқишни юзага келтиради. Баъзан одам кийимини танларкан, ўзига ёққанидан кўра, бошқаларга қандай кўринишини ўйлайди; бирор тадбирга борар экан, қулайликдан кўра “мос бўладими?” деган ўй устун келади; бирор қарор қабул қилар экан, ички хоҳишидан олдин атрофдагиларнинг мулоҳазасини ўлчайди. Бу эса инсонни ўз ҳаётининг йўловчисига эмас, томошабиннинг нигоҳида яшайдиган актёрга айлантиради. Одамлар нима дер экан, деган фикр ўзи сезмаган ҳолда кундалик ҳаётнинг барча қатламига сингиб боради ва инсоннинг эркинлигини чеклайди. Аслида эса ҳеч ким бошқалар ҳақида ўйлаганимизчалик кўп ўйламайди – ҳар кимнинг ўзи билан овора бўлиб яшайдиган ташвишлари етарли.

Ижтимоий босимнинг энг хавфли жиҳати шундаки, одам аста-секин ўз ҳақиқий “мен”ини йўқотади. Масалан, бир бола ёки қиз дўстлари орасида “трендда бўлиш” талаби кучли бўлгани сабабли ўзи истамаган ҳолда қиммат телефон олишга мажбур бўлади. Аслида оддий, яхши ва ҳамёнбоп телефондан ҳам етарлича фойдаланиш мумкин бўлса-да, атрофдагиларнинг “шунақа телефон бўлмаса, замондан орқада қоласан” деган гаплари уни қарзга ботишга ҳам рози қилади. Бу нафақат молиявий босим, балки психологик чарчоқ ҳам олиб келади.

Мутахассислар таъкидлашича, ортиқча таққослаш руҳий саломатликка энг катта зарбалардан биридир. Чунки инсон солиштириш жараёнида, одатда, ўзидан юқоридагиларни ўлчовга қўяди ва ўзини пастроқ баҳолай бошлайди. Бу эса ўзига бўлган ишончнинг камайиши, ички ноаниқлик, ташвиш ҳолатлари ва руҳий чарчоққа олиб келади. Сериал ва фильмларда кўрсатиладиган мукаммал оила, ҳашаматли ҳаёт, вақтнинг ҳамиша қувончга тўла тасвири — буларнинг барчаси реал ҳаётдан йироқ. Аммо кўпчилик буни унутади ва ўз ҳаётини ана шу “сунъий идеал” билан ўлчай бошлайди. Натижа эса битта: одам ўз ҳаётидан мамнун бўлолмайди.

Баъзан ижтимоий босим одамни ривожлантиришга, ўзини тартибга солишга ва ўзининг тан олмаган имкониятларини очишга ундайди. Масалан, синфда ёки гуруҳда ҳамма инглиз тилини ўрганаётгани, курсларга қатнаётгани ёки сертификат олаётгани одамни ҳаракатга келтириши мумкин. У аслида “кейинроқ бошласам ҳам бўлади” деб юрган бўлса-да, бошқаларнинг меҳнати уни руҳлантиради ва ўзида шижоат топиб ўқий бошлайди. Ижтимоий босим баъзан инсонни масъулиятли бўлишга ўргатади. Бир ҳаракатчан ёки ҳаётга иштиёқи баланд, меҳнат қилишдан, изланишдан тап тортмайдиган инсонларни кўрганимизда, уларнинг энергияси бизга ижтимоий босим сифатида акс этади. Ҳаётимизда ҳар нарсанинг яхши ва ёмон, салбий ва ижобий томонлари бўлгани сингари ижтимоий босимнинг ҳам ҳар иккала таъсири инсон ҳаётига узвий равишда ўз кучини кўрсатаверади.

Баъзан у одамни илҳомлантирувчи, ривожга ундовчи кучга ҳам айланиши мумкин. Масалан, илм излайдиган, меҳнати билан муваффақиятга эришган, соғлом турмуш тарзини танлаган инсонлар бошқаларни ҳам ўзига эргаштиради. Бундай ҳолатда босим эмас — туртки юзага келади. Ижтимоий босимдан қочиб бўлмайди. Биз жамият ичида яшаймиз ва табиийки, унинг сигналларини қабул қиламиз. Лекин энг муҳим жиҳат — бу сигналларни онгли қабул қилиш. Инсон ўз қадриятларини аниқ билса, йўлини бошқаларники билан эмас, кечаги ўзи билан солиштирса, ҳаётининг ритми бошқаларникига ўхшаш бўлиши шарт эмаслигини тушунса, босим куч эмас, воситага айланади.

Ижтимоий босим ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиши мумкин, аммо ҳеч қачон бизни бошқарувчи кучга айланмаслиги керак.

Фарангиз АБРУЕВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − one =