Корея ва Хитой делегациялари иштирокидаги Наврўз тантаналари

Фарғона давлат техника университетида миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрами кенг ва кўтаринки руҳда нишонланди. Тадбир аввалида университет илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Жанубий Кореянинг “AHA Co.,Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги Дога Фарғона давлат техника университетининг “Фахрий профессори” илмий унвони тантанали равишда топширилди.

—       Аввало, бу каби юксак эътироф мен учун катта шараф эканини таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу ишонч ва эътибор менга янада катта масъулият юклайди. Келгусида университет билан илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрмиз. Умид қиламанки, ушбу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиб, илм-фан ва таълим соҳасида янги ютуқларга замин яратади, — деди “AHA Co.,Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги До.

Йиғилишда “AHA Co.,Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги До “ODA” компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 6 та замонавий пресс аппарат университетга олиб келинишини маълум қилди. Шунингдек, ҳар йили 10 нафар талаба учун стажировка-амалиёт грантлари ажратилиши қайд этилди.

Шундан сўнг, Ку Ги До ҳамда Хитойнинг “Lonton” компанияси бошқарув раиси Хэ Шинкай бошчилигидаги делегация вакиллари Наврўз байрами тантаналарида иштирок этди. Факультетлар томонидан ташкил этилган, миллий анъаналар, урф-одатлар, ҳунармандчилик намуналари ва замонавий ёндашувлар уйғунлашган павильонлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Байрам доирасида миллий спорт ўйинлари, сумалак сайли, “Миллий либослар подиуми”, куй-қўшиқлар ҳамда концерт дастурлари ташкил этилди. Шунингдек, таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларга юқори кайфият улашди.

Шоҳсанам Эшматова,

Фарғона давлат техника университети

Ахборот хизмати раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =