Туркий тиллар бирлиги – сабрли дипломатия, чуқур илмий-адабий ҳамкорлик демак

Инсоният тарихидаги ҳар бир ривожланиш босқичида тилнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлган. Зеро, мамлакатларнинг сиёсий ва маданий ҳаётида миллат тилининг нуфузи ҳамиша муҳим ҳисобланган. Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 193 та мамлакат тан олинган бўлиб, аксарият давлатлардаги тиллар ёзма равишда қайд этилмаган. Шунга кўра, Ер юзида тахминан 6900 та тил борлиги айтилади. Бироқ кўпгина мамлакатларда бир нечта тил муомалада бўлиб, бу ўлкаларнинг давлат тили ҳамда адабий тил мезонларига бир қадар таъсир кўрсатади.

Тил географиясига назар солсак, туркий тиллар дунё юзида кенг ҳудудларга тарқалган. Замонлар оша дунё тиллари тарихида бу ўзига хос улкан таъсир доирасини шакллантирган. Ўзаги, илдизи бир бўлган, нафақат ўзининг, балки дунё тилларининг шаклланишига ҳам таъсир ўтказган бу тил туркумининг келиб чиқиши ва ривожланиши тўғрисида бугун ҳам кўп тортишувлар, баҳслар, тугал бир ечимини топмаган масалалар бор. Шу важдан қуйида биз суҳбатга тортган мавзу ҳам сиз ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз. Суҳбатдошимиз — Туркиянинг Анадолу университети профессори, Туркий дунёга оид тадқиқот институти аъзоси, умрини туркий тиллар тадқиқига бағишлаган олим Ферди Бозкуртдир.

— Тил ва ёзув миллатнинг ҳам сиёсий, ҳам маданий ўзлигини белгилайдиган асосий қадриятлардир. Бугун туркий тилларнинг нуфузини ошириш учун, сизнингча, қандай аниқ қадамлар ташланиши лозим? Аниқроғи, туркий тилларнинг мустаҳкамланиши ёки заифлашиши қандай оқибатларга олиб келади?

— Бу савол туркий дунё учун энг стратегик масалалардан биридир. Дарҳақиқат, тил ва ёзув — миллатнинг сиёсий ўзлигини тасдиқловчи ҳужжат, маданий хотирасининг эса калитидир. Бугун туркий тилларнинг нуфузини юксалтириш учун қилинадиган ишлар, менимча, мустаҳкам ва барқарор институционал кўприклар барпо этишдан бошланмоғи керак. Вақтинчалик лойиҳалар эмас, балки узоқ муддатли ва самарали тизимлар яратиш зарур.

Камина илк аниқ қадам сифатида “Халқаро Туркий тиллар кенгаши” каби юқори даражадаги тузилмани тез фурсатда ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман. Бу кенгаш Туркиядаги “TDK” (“Türk Dil Kurumu”), Ўзбекистондаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Қозоғистондаги Тилни ривожлантириш институти, Озарбайжон, Қирғизистон ва бошқа туркий давлатлар тил муассасаларини ягона майдонда жамлаши лозим. Унинг асосий вазифалари умумий терминология базасини шакллантириш, ўзаро тушунарлиликни оширадиган таълим модулларини ишлаб чиқиш ва ягона рақамли тил архивини яратишдан иборат бўлиши керак.

Иккинчи муҳим қадам эса таълим соҳасида институционал ҳамкорликни чуқурлаштиришдир. Туркий тиллар фақатгина ихтиёрий фан даражасида қолмаслиги керак. Бунинг учун университетлар ўртасида “Туркий тиллар учун ягона ўқув дастури” ва “Туркий давлатларнинг ўқув юртларида ўқитувчи алмашинув тизими” каби мукаммал механизм жорий этилиши лозим. Ўқитувчи тайёрлайдиган муассасалар учун умумий аккредитация тизими ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Медиа соҳасида эса туркий тиллардаги контентни жозибали ва жонли шаклда ёш авлодга етказиш учун “Туркий тиллар медиаҳамкорлик тармоғи” каби профессионал платформа яратилиши катта аҳамиятга эга.

Хўш, энди туркий тилларнинг мустаҳкамланиши ёки заифлашиши қандай оқибатларга олиб келади, деган саволингизга, аввало, тилларнинг ривожланиши фақат маданий эмас, балки геосиёсий ва иқтисодий ютуқларни ҳам таъминлайди, деган фикрни илгари сурган бўлардим. Зеро, тил яқинлиги ишончни мустаҳкамлайди, савдо келишувларидан тортиб илмий ҳамкорликкача бўлган барча соҳалардаги харажатларни камайтиради ва самарадорликни оширади. Умумий мулоқот ва билим алмашув макони орқали туркий дунё глобал майдонда анча таъсирчан субъектга айланади. Аксинча, тилларнинг заифлашиши оғир оқибатларга олиб келади. Ҳар бир тилнинг сусайиши ўша халққа хос тафаккур услуби, тарихий ва адабий мероснинг йўқолишига сабаб бўлади. Бу эса ўз-ўзидан маданий қашшоқлашув демакдир. Шу билан бирга, тил алоқалари озайган сари сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик йўллари ҳам тораяди, мулоқот эса бегона тилларга тобе бўлиб қолади. Бу ҳолат умумий манфаатларни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш имкониятларини жиддий чеклайди.

Якдил туриб айтганда, туркий тилларнинг келажаги индивидуал ҳаракатлардан кўра, ушбу тилларга ишонган, режали, молиявий қўллаб-қувватланган ва қатъиятли муассасаларнинг жамоавий ақлий ва амалий ҳаракатларига боғлиқ. Институционал ҳамкорлик қанчалик кучли бўлса, тилларимиз ҳам шунчалик қудратли ва нуфузли бўлади.

— Бугунги кунда туркий давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг кучайиши қувонарли ҳолдир. Бу эса қардошлар ўртасида алифбо бирлигини ҳам тез фурсатда таъминлаш зарурлигини кўрсатади. Сизнингча, ягона туркий алифбога ўтишда нималарга эътибор бериш лозим ва бу жараёнда қандай тўсиқлар бор?

— Сўнгги йилларда туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий яқинлашув тарихий ва тилшунослик алоқаларининг қайта тикланиши нуқтаи назаридан жуда аҳамиятли. Бу жараён умумий мулоқот ва маданий майдонга бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда. Алифбо бирлиги ғояси ҳам айнан шу эҳтиёждан келиб чиқади, чунки ёзув тилнинг моддийлашган шакли ва ўчмас хотирасидир. Бироқ бундай туб ислоҳот ниҳоятда нозик, режали ва узоқ муддатли ёндашувни талаб қилади. Аввало, умумий алифбо барча туркий тил ва шеваларнинг фонетик бойлигини тўлиқ ифода эта олиши шарт. Масалан, қозоқ тилидаги ўзига хос унлилар ёки туркман тилидаги бурун орқали чиқадиган “ŋ” товуши хусусиятлари эътибордан четда қолмаслиги лозим. Яна бир мисол, ўзбек тилидаги “андиша” сўзи билан турк тилидагисининг фарқи катта. Яъни, ўзбек тилида “андиша қилдим” жумласи, “мен тортиндим, инсоф қилдим” маъносида бўлса, туркча синонимида “endişeleniyorum” калимаси “мен хавотир олдим” деган маънони беради. Бу каби мисоллар барча туркий тилларда мавжуд. Кўриниб турибдики, ўзаги бир бўлган қадим туркий тилни нафақат шаклан, балки маъно жиҳатидан ҳам илмий ўрганиш талаб этилади.

Жараёндаги асосий тўсиқлардан бири, алифболарнинг вақт ўтиши билан миллий ўзлик рамзига айланиб кетганидир. Кирилл алифбоси айрим давлатларда бир неча авлоднинг адабий ва расмий хотирасига сингиб кетган бўлса, Туркия учун лотин алифбоси замонавий республика тимсолидир. Ўзбекистон, Қозоғистон каби МДҲ таркибидаги айрим давлатларда кириллдан лотинга босқичма-босқич ўтиш жараёни ҳали давом этмоқда. Шу боис алифбо алмашинуви фақат техник ўзгариш эмас, балки чуқур психологик ва маданий мослашув жараёнидир. Шунинг учун кескин ва мажбурий ўтиш эмас, камида бир неча йиллик ўтиш даврини қамраб олган, босқичли таълим ислоҳотларини ўз ичига олган йўл харитаси зарур. Бу жамиятдаги қаршиликни камайтиради ва авлодлар ўртасида узилиш юзага келишининг олдини олади.

Яна бир жиҳат — улкан техник ва молиявий юкдир. Давлат архивларидан тортиб таълим тизимигача, кўча белгиларидан рақамли платформаларгача, ҳуқуқий ҳужжатлардан нашриёт соҳасигача бўлган барча соҳаларни қамраб олган ўзгариш миллиардлаб маблағни талаб қилади. Шунингдек, алифбонинг “Unicode” тизимида тўлиқ тан олиниши, клавиатуралар, шрифтлар ва дастурий таъминотларда қўллаб-қувватланиши ҳам жуда муҳим. Бу борада туркий давлатларнинг умумий рақамли стандартлар комиссиясини тузиш жараённи анча енгиллаштириши мумкин.

Умумий қилиб айтганда, ягона туркий алифбо сабрли дипломатия, чуқур илмий ҳамкорлик, етарли молиявий таъминот ва кенг жамоатчилик келишуви орқалигина амалга ошиши мумкин. Алифбо бирлиги — тил бирлиги дегани бўлмаса-да, маданий ва интеллектуал алмашувни беқиёс даражада тезлаштирадиган, умумий ўзликни мустаҳкамлайдиган кучли кўприк вазифасини бажаради.

— Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликда олимлар ва ёзувчилар нуфузининг ошиши маданий ҳаётимизда катта адабий жараёнларни юзага чиқармоқда. Бу йўналишда яна қандай янги ҳамкорликларни кўришни истар эдингиз?

— Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги илмий ва адабий яқинлашув умумий туркий маданий маконнинг қайта жонланиши йўлидаги энг умидбахш жараёнлардан биридир. Бу ҳамкорлик нафақат тарихий илдизларни мустаҳкамлайди, балки XXI аср учун янги, динамик фикр муҳитини ҳам яратади.

Аввало, “Умумий академик ва адабий рақамли архив”ни ташкил этиш жуда муҳим деб ҳисоблайман. Бу архив фақат қўлёзмаларни рақамлаштириш билан чекланмасдан, илмий мақолалар, диссертациялар, адабий журналлар, оғзаки ижодий материаллар ва ёзувчилар архивларини ягона очиқ платформада жамлаши дегани. Бу тадқиқотчилар учун беқиёс манба бўлиш билан бирга, ёш авлодни умумий маданий кодлар билан боғлайдиган виртуал кутубхона вазифасини ҳам бажаради. Иккинчидан, университетларимизда айланма асосда фаолият юритувчи қўшма кафедраларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бу кафедралар доирасида ҳар икки мамлакат олимлари навбатма-навбат иш олиб боради, қўшма магистратура ва докторантура дастурлари амалга оширилади. Бу ҳамкорликни вақтинчалик лойиҳалардан доимий илмий марказлар даражасига кўтаради. Шунингдек, “Ўзбекистон – Туркия қўшма илм-фан ва маданият лойиҳалари платформаси”ни яратиш ҳам ниҳоятда муҳим. Бу рақамли платформа орқали олимлар, ёзувчилар, нашриётлар ва маданий муассасалар ўз профилларини яратиб, қўшма тадқиқот ғоялари билан чиқишлари мумкин бўлади. Грантлар, стипендиялар, таржимани қўллаб-қувватлаш дастурлари ва ҳуқуқий маълумотлар шу ерда жамланади. Энг муҳими, бу босқич фанлар устуворлигига асосланган ҳамкорликни рағбатлантириб, чунончи, ўзбек тарихчиси, турк адабиётшуноси ва рақамли гуманитар соҳаси мутахассисини ягона лойиҳа атрофида бирлаштира олади.

Бундай тузилма индивидуал ҳаракатларни тизимли, барқарор ва институционал ҳамкорлик маданиятига айлантирадиган мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, жаҳон сатҳида туркий давлатларнинг тил, алифбо, адабиёт ва маданият борасидаги бирлашуви тили ва ўзаги бир бўлган туркий давлатларнинг ўрнини янада кучли ва мустаҳкам қилади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.

— Сизга ҳам ташаккур.

Суҳбатдош ва таржимон:

Наргиза АСАДОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − seven =