Изланишларда давр нафаси

Публицист ва шоир Ашурали БОЙМУРОДнинг

“Навоийдан наво топдим” китобини ўқиб…

Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, публицистика бугун адабиётнинг, журналистика соҳасининг муҳим жанрларидан бирига айланиб қолди. Зотан, ҳар бир ижодкор ўз фикрини, воқеа ва ҳодисаларнинг асл моҳиятини ишонарли ва ёрқин ифодалаб бера олиши учун ҳам публицистиканинг аҳамияти катта. Чиндан ҳам сўнгги йилларда нафақат журналистларимиз, балки шоир ва адибларимиз ҳам матбуотда долзарб ва салмоқли мақолаларни эълон қилаётганлиги қувонарли ҳол.

Ўзининг ярим асрлик ижодий фаолияти давомида 20 дан ортиқ шеърий ва публицистик китоблари билан ўқувчиларга яхши танилган шоир ва публицист Ашурали Боймурод ўзининг навбатдаги китобини “Навоийдан наво топдим” деб номлабди. Ижодкор ўзи туғилиб ўсган макон тарихини чуқур ўрганган. Тошкент вилояти, Бекобод ва қадимий Далварзин тарихи мўъжизаларини тарихий фактлар, қизиқарли ҳикоялар асосида бадиий тасвирлаган. Хусусан, “Тепаликдаги қўрғон мўъжизалари” номли тарихий мақоласида археолог олимлар олиб борган тадқиқотларга таянади, Далварзин тепаликлари ва у билан боғлиқ бўлган макон манзараларини янгича кашф этгандек бўлади. Мақолада халқимизнинг асрлар бўйи сув тўғрисида орзу қилиб келганлигини улуғ Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони мисолида яна бир бор таъкидлаб, афсонавий Ширинсой, Фарҳод қоялари ҳақидаги халқимиз яратган ривоятларни ишонарли тарзда баён қилган. Мақоладаги “Искандар билан юзма-юз”, “Бобур қадамжолари” каби кичик бўлимлар ҳам ўқувчига қизиқарли маълумотлар бера олади.

Булардан ташқари, китобда ўзи туғилиб ўсган замин билан боғлиқ тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ҳам эътибордан четда қолмаган. Жумладан, “Бузрук бобо зиёратгоҳида” мақоласида айнан ҳозирги кунларимизга мос бўлиб, исломий билимларни тарғиб қилишда, маънавий қадриятларимизни, миллий ғуруримизни юксалтиришда муҳим манба бўлиши шубҳасиз. Ҳозирги кунда Бекобод туманидаги ушбу зиёратгоҳ замонавий услубда қайта таъмирланиб, сайёҳлар учун ажойиб бир масканга айланиб бораётганлиги эътиборга молик.

Китобда улуғ мутафаккир боболаримиз Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига оид таҳлилий мақолаларни ҳам эълон қилганки, уларни ўқиб, буюк аждодларимизнинг турфа дунёси, маърифий-ахлоқий қарашлари кўз олдингизда яққол намоён бўлади. Айниқса, ватанпарварлик, Ватанни севиш ва улуғлаш ғоялари ҳамиша устувор бўлиб келганлигини алоҳида таъкидлайди. Навоий ва Бобурнинг бой ижодий мероси замонамиз ёшларининг юксак маънавий камолотга эришишида муҳим манба эканлигини уқтиради.

Айниқса, “Амир Темур ва Янги Ўзбекистон” мақоласи китобда алоҳида ўрин эгаллайди. Мақолада таъкидланганидек, мамлакатимизда кечаётган бугунги ўзгаришлар, катта бунёдкорлик ишлари айнан Темур бобомиз қилган ишларнинг узвий давомидек кўринади. Худди Амир Темур бобомиз таъкидлаганидек, агарда қудратимизга шубҳа-гумонингиз бўлса, келинг, биз қурган биноларга боқинг.

Тасанно айтгайман миллатимизга,

Шак-шубҳа қолмади қудратимизга, —

дея шоир юракдан ғурур ила куйлайди. Бу ҳайқириқлар миллатнинг дарди, орзу-истаклари, қувончу ташвишлари билан уйғунлашиб кетгандек гўё. Шу ўринда таъкидлашни истардикки, шоирнинг ушбу мақоласи “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йилги 5 апрель сонида чоп этилди. Ушбу мақола Халқаро Амир Темур жамоат фонди томонидан инглиз тилида нашр этилган “AMIR TEMUR’S LEGACY OF WISDOM” китобига киритилганлиги ҳам бежиз эмас.

Муаллифнинг публицистика соҳасида тобора қалами чархланиб бораётганлигини унинг “Жаҳон минбарида жаранглайвер, она тилим!”, “Қўлингга китоб ол!”, “Учинчи уйғониш масъулияти”, “Пўлат шундай тобланди”, “Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо кетмасин”, “Адиблар хиёбонида” сингари қатор мақолаларини ўқиб, яққол ҳис этасиз. Бу китобга кирган очерк ва мақолаларда шоир узоқ тарих манзараларини жонлантиришга ҳаракат қилади. Ёшларни Ватанни севишга, унинг муносиб фарзанди бўлишга даъват этиш баробарида миллий ўзлигимизни, миллатимизга хос фазилатларни, қадриятларни асло йўқотмаслик муҳимлигини таъкидлайди. “Қўлингга китоб ол” мақоласида шундай сатрлар бор:

Мудроқ босма, болажон, уйғон!

Ҳақ йўлини кўрсатар ҳар он,

Агар сўзим келмаса малол,

Қўлингга китоб ол!

“Навоийдан наво топдим” номли тўпламни ўқиб чиқиш асносида шу нарсага амин бўлдимки, унга киритилган ҳар бир мақолада юртпарварлик, ватанпарварлик, ўзи туғилиб ўсган маконга дахлдорлик туйғуси устувордир. Қайси бир мақолани олиб қарамайлик, албатта, унда юрак, қалб ҳарорати, меҳр-муҳаббат ришталари ана шу туйғу билан уйғунлашиб кетади. Шоир ўз устозлари ҳақида салмоқли мақолалар ёзишга ҳам улгурди. Ана шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Пиримқул Қодиров ва Муҳаммад Али ижодларига бағишлаб ёзган “Мумтозлик чўққисини забт этган адиб” ҳамда “Миллат тарихини улуғлаган қалб” номли мақолалари алоҳида эътирофга сазовор.

Ижодкорнинг кўплаб шеърий китоблари борлигини кўпчилик яхши билади. Аммо фикрни публицистикада баён этиш бутунлай бошқача. Шу жиҳатдан китобдан ўрин олган “Учинчи уйғониш масъулияти” номли мақола ҳам алоҳида диққат-эътиборимни тортди. Юртимиз бой маънавий тарихга эга. Туркистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар Абу Райҳон Беруний, ибн Сино, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Мирзо Бобурнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси беқиёс. Айнан ана шундай улуғ боболаримиз туфайлигина Туркистон ва Мовароуннаҳрда дастлабки икки Ренессанс юзага келганлиги инсониятга яхши маълум. Мақолада бу ҳақда атрофлича фикр юритилади. Муаллифнинг шеърий китобларидан бирига киритилган ушбу сатрлар юқоридаги мақолага ҳам кўчиб ўтган:

Мозийдан боқиб турар

миннатдор оғаларинг,

Қуёш сенинг биландир,

кўксингга бос осмонни…

Юксалтирар Ватанни садоқат, вафоларинг,

Ботирларинг қургайдир

Янги Ўзбекистонни!

Эътиборлиси, Ашурали Боймуроднинг ушбу китобига киритилган битикларнинг деярли барчаси республика марказий матбуоти саҳифаларида чоп этилган. Албатта, бу яхши ҳолат. Чунки мақолаларни йиғиб, битта китоб ҳолига келтириш  хайрли ишдир.

Муаллиф тарихий-бадиий публицистика билан биргаликда улуғ боболаримиз Навоий, Бобур, Аҳмад Яссавий сингари зотларнинг ижодини ўрганиб, ўша буюк алломаларимизга эътиқод рамзи сифатида ўз фикр-мулоҳазаларини баён эта олганлиги яхши иш бўлган. Ҳатто улуғ шоирлар ижодидан таъсирланиб ёзган шеър ва ғазаллари ҳам китобнинг мазмун-моҳиятини бойитган. Мақолалар билан шеърий оҳангларнинг бир-бири билан боғланиб кетганлиги эса шоир айтмоқчи бўлган фикрларнинг бардавомлигини кўрсатади. Қолаверса, бу икки жанр бир-бирини янада тўлдириб боради.

Шоир ўз публицистик мақолаларида бугунги давр нафасини, замонамиз қаҳрамонлари ҳаётини бадиий маҳорат билан тасвирлашга, уларнинг ўй ва кечинмаларини, орзу-истакларини имкон қадар чуқурроқ ёритишга ҳаракат қилган. Замонавийлик мавзусидаги мақолаларга тўхталадиган бўлсак, бунга мисол тариқасида китобдан ўрин олган “Пўлат шундай тобланди” ёки “Ер билан тиллашиб…” сингари мақолаларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир. “Пўлат шундай тобланди” мақоласида муаллиф оддий бир ишчи — пўлат қуювчи ҳаёти ва фаолияти мисолида катта бир комбинатнинг оловқалб металлурглари меҳнатини, уларнинг ибратли фазилатларини ёрқин бўёқларда акс эттира олган.

Мақоладаги қуйидаги сўзлар беихтиёр киши диққатини тортади: “Менинг биринчи устозим отамдир, — деди фахр билан Иномжон. — Раҳматли падари бузрукворимнинг бир сўзи сира ёдимдан чиқмайди. Отам шундай деган эдилар: “Пўлат эритувчининг меҳнати ошпазнинг меҳнатига ўхшаб кетади, болам. Ошпаз қозонга қандай нигоҳ ташласа, сен ҳам худди ошпаз сингари ёнаётган печга меҳр билан нигоҳ ташлайсан. Ҳеч бир нарса назардан четда қолмаслиги керак. Масаллиқлар, яъни металл маҳсулотлари бир маромда қиздирилади, тобга келтирилади. Мазали “палов” — сифатли пўлат эритмаси ана шундай олинади. Энг муҳими, юрагинг, қалбинг тоза ва беғубор бўлсин!” Мен ҳамиша отамнинг ана шу ўгитларига амал қилиб яшадим ва кам бўлмадим”.

“Ер билан тиллашиб…” мақоласида эса тинимсиз меҳнат ва изланишлар натижасида катта муваффақиятларга эришаётган Бегматовлар сулоласининг қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари, фермерлик ҳаракатидаги янгилик ва ўзгаришлар, анъаналарга садоқатлилик маҳорат билан қаламга олинган. Умуман олганда, тарихий мавзудаги мақолалар билан замонавий йўналишдаги ҳар бир битикларнинг содда ва равон тилда, ўзига хос услубда ёзилганлиги қувонарлидир.

Шоир ва публицист Ашурали Боймуроднинг “Навоийдан наво топдим” номли янги китоби кўп йиллик ижодий изланишларнинг яхшигина самараси бўлибди. Агар сиз ҳам мазкур китоб мутолаасига киришсангиз, шубҳасиз, фикримизга қўшиласиз, деган умиддамиз.

Муҳаммад КЕНЖА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + sixteen =