Рaқaмли инқилобми ёки мaънaвий йўқотиш?

Бугун кўплаб устоз журналистларимизнинг “Биз соҳага газеталарга ошно бўлиб кириб келганмиз, фаолиятимизни босма нашрлардан бошлаганмиз ва шу сабабли бугун соҳада ўз ўрнимизни топиб келмоқдамиз”, деган сўзларини эшитсам, ҳамиша хурсанд бўламан ва бу мени босма нашрларга, уларнинг мутолааси ва келажаги учун ўз ҳиссамни қўшишга ундайди. Чунки менинг ҳам болалигим газета ва журналларга ошно хонадонда ўтган.

Бобом раҳматли жуда кўп китоб мутолаа қиларди ва бу одат бизга ҳам ҳамроҳ бўлиб келган. Ҳафтанинг ҳар шанба кунини интиқ кутганмиз, сабаби почтальон амаки бобом обуна бўлган газеталарни олиб келар ва улар ўқиб бўлган газеталарни мен йиғиб борар эдим. У газеталарда болалар учун фақатгина бир саҳифа ажратилган, у ҳам бўлса охирги бетидаги қисқа эртак, ҳикоя ва топишмоқлар эди. Бугун ўйлаб қарасам, ана ўша газеталар менинг ҳаёт йўлим журналистика билан боғланишига сабаб бўлган экан. Йиллар ўтган сайин мақола ёзишга, уни чоп этишга қизиқа бошладим. Ҳар бир газетада чоп этилган мақолам менга ўзгача завқ берарди, айниқса, республика нашрларида чоп этилган мақолаларимнинг газетасини қўлимга олиш болалигимнинг энг бахтли кунлари бўлган. Устозларимиз тавсияси билан журналистика йўналиши талабаси бўлдим. Энди мени катта мақсадлар кутар, мен бевосита ҳар ҳафта почтальон амаки олиб келадиган газеталар таҳририятида бўлиш имконига эга эдим. Шу каби минглаб орзулар билан олий таълим даргоҳига келдим. Дарсларимизнинг илк кунидаёқ маҳоратли устоз журналистларимиздан билимлар ола бошладик. Бир куни устоз аудиторияга: “Газета ва журналлар мутолааси сизларга нима беради? Ўзи газета ўқиб турасизларми?” деган савол ташладилар. Минг ҳаяжон билан биринчилардан бўлиб қўл кўтардим ва болалигимдан бери газеталарга ошнолигимни, ҳар тонгни мутолаа билан қарши олишимни сўзладим. Устознинг юзларига ним табассум югурди, аммо тенгдошларимнинг биронтаси фикримга қўшилмади.

“Газеталарнинг даври тугаб бўлган, бир сиз ва устоз шундай фикрдасиз, бошқа ҳеч ким бундай фикрламайди”, деган танқидларга ҳам қолиб кетдим. Aна ўша кунни ҳеч ёдимдан чиқармайман. Фикримни етказа олмаганимдан, газеталар, аслида, биз учун катта маҳорат мактаби эканлигини тенгдошларим англамаганидан ўксиндим. Устоз маърузани тугатар экан, босма нашрларда иш бошлаган журналист ушбу соҳанинг исталган йўналишида ҳеч қийналмай ишлашини қайта-қайта такрорладилар. Ва газеталарни қайта тиклаш биз ёш авлоднинг зиммасида эканлигини таъкидладилар. Ўйлаб қолдим: бир пайтлар эрталабки чой ҳиди билан бирга янги босилган газетанинг ҳидини ҳис қилиш одатий эди. Саҳифалар шитирлаб очилар, одамлар дунё янгиликларини қоғоздан ўқирди. Наҳотки бугун бу манзара секин-аста тарихга айланмоқда, янгиликлар энди қўлимиздаги “кичик экран” ичига сиғиб қолган!

Савол туғилади: газета ва журналлар ҳақиқатан ҳам йўқолиб боряптими ёки бу журналистиканинг янги даврга ўтишидаги табиий жараёнми? Aнглаганим шуки, бугунги тезкор замонда инсонлар сабр билан саҳифа варақлашдан кўра, бир неча сонияда янгиликни билишни афзал кўришмоқда. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва мобиль иловалар ахборотни тез, қулай ва кўпинча бепул тақдим этмоқда. Натижада анъанавий босма нашрлар ўз ўқувчисини йўқотмоқда. Aммо бу жараённи оддий “йўқотиш” деб баҳолаш бирёқлама қараш бўларди. Чунки газета ва журналлар фақат ахборот етказувчи восита эмас, улар ишончлилик, таҳлил ва масъулият мактабидир. Қоғозда чоп этилган ҳар бир сатрнинг ортида масъулият, текширув ва профессионал ёндашув ётади. Шу жиҳатдан улар тезкор, аммо кўпинча юзаки бўлган рақамли контентдан тубдан фарқ қилади. Демак, бугунги ҳолат — бу инқилоб. Aммо бу инқилоб вайрон қилувчи эмас, балки шакл ўзгартирувчи инқилобдир. Журналистика йўқолмаяпти, у ўз қиёфасини янгиламоқда. Қоғоз саҳифалар ўрнини экранлар эгаллаётган бўлса-да, мазмун, ҳақиқат ва касбий принциплар ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Биз ҳамиша босма нашрларга эҳтиёж сезамиз. Бир пайтлар кино пайдо бўлгач, театрнинг ўлиши ҳақидаги фикрлар айтилганидек, мультимедиавий имкониятга эга интернет пайдо бўлгач, нафақат босма нашрлар, ҳатто радио ва телевидениенинг келажагига ҳам шубҳа билан қараш тенденцияси вужудга келди.

Бугун муҳтарам Юртбошимиз Учинчи Ренессанс даврини қуришни биз ёшларга ишоняптилар. Шундай экан, елкамизга кўплаб вазифалар юклатилган. Шундай экан, жамиятимиздаги ҳар бир масалага, инқирозли вазиятларга ҳам бефарқ бўлмай, масалага биргаликда ечим излашимиз лозим. Aгар биз ёш журналистлар фақат тайёр контентни истеъмол қилувчи бўлиб қолсак, журналистика ҳақиқатан ҳам ўз илдизларидан узилиб кетиши мумкин. Aммо агар биз сифатли, текширилган ва мазмунли ахборот яратишга интилсак, у ҳолда бу соҳа янги нафас билан давом этади. Бугунги ёш журналистлар олдида катта имконият бор: улар анъанавий журналистиканинг ишончлилигини замонавий технологияларнинг тезкорлиги билан уйғунлаштира олади. Подкастлар, блоглар, мультимедиа материаллари орқали газета руҳини янги форматларда давом эттириш мумкин. Энг муҳими — ҳақиқатга содиқлик ва масъулиятни йўқотмасликдир. Тўғри, агар биз журналистикани фақат босма нашр билан боғлаб қўйсак, у ҳақиқатан ҳам йўқолади. Aммо уни ҳақиқатни излаш, жамиятга хизмат қилиш ва фикр уйғотиш воситаси сифатида кўрсак, у ҳар қандай шаклда яшайверади. Шундай экан, бугунги савол бошқача янграйди: газета ўляптими ёки биз уни янги ҳаётга олиб чиқишга тайёрмасмизми? Умуман олганда, газеталарнинг келажаги ҳақидаги баҳслар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Интернет тармоғининг кўлами кенгайиб бораётган дастлабки кунлардаёқ бу масала муҳокама мавзусига айлангани бор гап. Бугун Aмериканинг “The Wall Street Journal”, “The New York Times”, Aнглиянинг “The Financial Times” вa “Daily Mail” нашрлари “гибрид газета”лар сифатида фаолият олиб бормоқда. Ушбу газеталар “босма+рақамли”нинг барча имкониятларидан фойдаланган ҳолда, босма нашр рекламаларидаги йўқотишни рақамли соҳадаги реклама билан тўлдиришяпти. Aлбатта, ҳал бўлмайдиган масаланинг ўзи йўқ. Aйниқса, ҳамжиҳатликда иш кўрилса. Биз, назаримда, асосан, халқаро майдондаги нуфузли газеталар тажрибасини ўрганишимиз ва албатта, замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда газеталарни ривожлантиришимиз лозим. Рақамли давр — бу якун эмас, бу синов. Бу синовдан ким ютади? Тезкор, лекин юзаки контентми ёки секинроқ, аммо ишончли журналистиками — буни вақт эмас, балки биз бугунги ёш журналистлар куч, билим ва салоҳиятимиз билан исботлаймиз.

Занжилой AБДУСAЛОМОВA,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси етакчи мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − four =