Енгилмас руҳ билан экаверинг сўз
Фозил ФАРҲОД
ТУРКИСТОН
Айтадилар, ёлғиз отнинг чанги чиқмас,
Чанги чиқса ҳамки, дерлар, донғи чиқмас!
Бирлашмаса, катта эл ҳам Ватан бўлмас,
Ватан бўлса ҳамки, ундан кўнгил тўлмас!
Гоҳи мағриб, гоҳ шимолдан ёв келади,
Мудроқ элнинг душманлари дов келади.
Турклар аслан ўр келади, ўр келади,
Ўзи ўжар зўр келади, зўр келади!
Биров унга тегинмаса, у ҳам тегмас,
Худойимдан ўзгасига бўйин эгмас!
Уч юз миллион халқ – қўшин, аскар эрур,
Уч юз миллион халқ – қалқон, лашкар эрур!
Асрамасанг, тинч осмон ҳам мангу эмас,
Фақат ожиз, сотқин одам Ватан демас!
Бола тили чиқиб илк бор – Ватан десин,
Йигит-қизлар номусим, ор – Ватан десин!
Султондан то фаррошгача – Ватан десин,
Устоздан то саррофгача – Ватан десин!
Ёт элларда юрган юртдош – Ватан десин,
Дарди сойдай тошган дарддош – Ватан десин!
Умидсиз-у жондан тўйган – Ватан десин,
Боласини ерга қўйган – Ватан десин!
Кимга бўлса дунёси тор – Ватан десин,
Калимадан аввал сўнг бор – Ватан десин!
Бирлашганни бўлиб бўлмас, барча билсин,
Бу бирликка душманлар ҳам қойил қолсин!
Туронни биз бир неча бор бой бергандик,
Ўшанда, ҳа, еру қуёш, ой бергандик!
Боламиздай асрай олсак, кўнглимиз тўқ,
Бу очунда бошқа Ватан – Туркистон йўқ!
ТУРКИСТОН
Бирлашолсак, Ватан обод, мангу бўлар,
Гўзал Ватан – Туркистондан кўнгил тўлар!
Ватан нима? Тупроқ, сувми, тоғу боғми?
У мусаффо осмон ва ё тинчлик чоғми?
Ватан – миллат, Ватан – миллат, Ватан – миллат,
Ватан – давлат, Ватан – давлат, Ватан – давлат!
Ватан бу – халқ, Ватан бу – халқ, Ватан бу – халқ!
Юрт деса – қалқ, юрт деса – қалқ, юрт деса – қалқ!
