“Бомба”ни зарарсизлантирган ёшлар

“Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасидаги “Робот-сапёр” мусобақасидан репортаж

Махсус ажратилган майдон марказида қора лента билан ўралган шубҳали “бомба” турарди. Унинг ёнидаги қизил чироқ милтиллаб, худди ҳақиқий портловчи мосламадек ваҳимали таассурот уйғотарди. Атрофдаги тўсиқлар, паст-баланд йўлаклар ва эстакадалар эса вазифанинг нақадар мураккаблигидан далолат бериб турарди. Томошабинлар нигоҳи майдон четида шай турган роботга қадалган. Оператор бошқарув пультини маҳкам ушлади. Бутун зал бир лаҳзалик сукутга чўмди: фақатгина сонияларнинг тескари ҳисоби эшитиларди.

Робот олдинга интилди. У дастлаб темир тўсиқдан ошди, сўнг нотекис йўлак бўйлаб ҳаракатланди. Камера орқали катта экранга узатилаётган тасвирлар жараённи янада ҳаяжонли қиларди. Робот “бомба”га яқинлашган сари залдаги ҳаяжон янада кучайди. Манипулятор қўли секин узатилди. Зеро, биргина хато бутун вазифани йўққа чиқариши мумкин эди. Ниҳоят, сим узилди. Шу заҳоти зални қарсаклар овози тутиб кетди. Аммо вазифа ҳали тўлиқ якунланмаганди: робот портловчи мосламани эҳтиёткорлик билан кўтариб, финиш томон ҳаракатлана бошлади. Ана шу сониялар “Робот-сапёр” мусобақасининг нақадар мураккаб ва ҳаяжонли эканини намойиш этарди.

Тошкент шаҳридаги “Алпомиш” муз саройида 28-30 апрель кунлари ўтказилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасидаги “Робот-сапёр” мусобақаси тадбирнинг энг ҳаяжонли ва технологик жиҳатдан мураккаб йўналишларидан бирига айланди. “Вазир кубоги” учун ташкил этилган мазкур беллашув ёшларнинг робототехника, муҳандислик ва дастурлаш соҳаларидаги билимларини амалий синовдан ўтказиш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий-техник ишланмаларга кенг йўл очиш мақсадида ташкил этилди.

Фестивалда 10 мингдан ортиқ ёшлар, 100 дан зиёд маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан келган меҳмонлар иштирок этди. Халқаро фестиваль таркибида жами 34 та мусобақа ташкил қилиниб, шундан 8 таси халқаро, 26 таси эса республика миқёсида ўтказилди. Форумлар, семинарлар, кўргазмалар ва хакатонлар фестиваль муҳитини янада бойитди.

“Робот-сапёр” мусобақаси муҳандисликнинг энг мураккаб ва масъулиятли йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор марказида бўлди. Мусобақанинг асосий мақсади — ёшларнинг робототехника ва дастурлашга бўлган қизиқишини ошириш, техник ҳамда амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат. Шу билан бирга, мина ва портловчи мосламаларни хавфсиз масофадан туриб зарарсизлантирувчи роботларни яратишга қизиқишни кучайтириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.

Беллашувда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этди. Расмий сайт орқали 200 дан ортиқ номзод рўйхатдан ўтган бўлса-да, улардан 92 нафари сараланиб, жамоавий тарзда беллашди. Умумий ҳисобда 26 та инновацион ишланма мусобақада синовдан ўтказилди.

Мусобақанинг асосий вазифаси робот-сапёрларни махсус хавфли ҳудуд бўйлаб бошқаришдан иборат бўлди. Иштирокчилар яратган роботлар белгиланган майдон бўйлаб ҳаракатланиб, маълум масофада жойлаштирилган “бомба”ни аниқлаши, унга яқинлашиши ва манипулятор ёрдамида симини узиб, мосламани зарарсизлантириши талаб этилди. Шундан сўнг робот портловчи объектни хавфсиз тарзда олиб, марра майдонигача етказиши керак эди. Жараён анча мураккаб кечди. Йўл давомида роботлар турли тўсиқлар, паст-баланд йўлаклар, эстакадалар ва мураккаб бурилишлардан ўтишга мажбур эди. Шу сабабли ҳар бир жамоа роботнинг юриш механизми, мувозанатни сақлаши, манипулятор аниқлиги ҳамда масофадан бошқарув тизимига алоҳида эътибор қаратди.

Мусобақа уч босқичда ташкил этилди. Дастлаб техник экспертиза жараёнида роботларнинг конструкцияси, камера ва сенсор тизимлари, манипулятор қўли ҳамда масофадан бошқарув имкониятлари текширилди. Кейинги амалий босқич эса энг ҳаяжонли жараёнга айланди. Роботлар махсус майдонда шубҳали объектларни аниқлаш, тўсиқлардан ўтиш, эстакадага чиқиш, объектни манипулятор ёрдамида кўтариш ва уни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш вазифаларини бажарди. Якуний босқичда иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати олдида ўз лойиҳаларини ҳимоя қилиб, роботларнинг техник имкониятлари ва алгоритмик ечимларини тақдим этишди. Савол-жавоб жараёнлари ёш муҳандисларнинг билим, салоҳият ва креатив фикрлаш қобилиятини яна бир бор намоён этди.

Мусобақа якунларига кўра:

1-ўрин — “Сапёрлар” жамоаси (20 миллион сўм);

2-ўрин — “Арлот” жамоаси (15 миллион сўм);

3-ўрин — “Ultimate Robot” жамоаси (10 миллион сўм)га берилди.

Мазкур мусобақа нафақат технологик беллашув, балки мудофаа соҳаси учун инновацион ишланмаларни шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим лойиҳа сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Робот-сапёр технологияларининг ривожланиши келажакда инсон ҳаётини хавфдан асраш, хавфли ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда мудофаа салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

“Келажак муҳандислари” фестивали яна бир бор шуни кўрсатдики, бугунги ёш муҳандисларнинг инновацион ғоялари эртанги технологик тараққиётнинг пойдеворига айланмоқда. Бугун роботни маҳорат билан бошқараётган ёшлар эртага инсон ҳаёти учун хавфли вазиятларни юксак технологиялар ёрдамида бартараф этадиган профессионал мутахассислар бўлиб етишади.

Фарангиз АБРУЕВА,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + ten =